Қайднома

Қидирув

Ҳақиқий интрига - «қуйи»да

Ҳақиқий интрига - «қуйи»да

  25.08.2019 01:12
  0
  394
Ҳақиқий интрига  - «қуйи»да

Жорий йилги Coca Cola Суперлига баҳслари айни авж палласига кириб боряпти. Жамоалар учун ҳар бир очконинг қиймати ўта юқори. Боиси, қўлга киритилган ёки йўқотилган очколар уларнинг турнир жадвалидаги ўрнига таъсир кўрсатади. Фақатгина «Пахтакор» рақибларидан катта фарқ билан олдинда бор-япти. Мантиқан олиб қаралса, «шерлар» чемпионликни расмийлаштиришга жуда яқин. «Локомотив» бош мураббийликка Самвел Бабаян тайинланганидан кейин ҳам барқарорликка эришолмаяпти. Вадим Абрамовнинг ёш, шижоатли таркибга эга жамоаси «Бунёдкор» ҳам мавсумни муносиб тарзда ўтказишга интилмоқда. Келинг, ҳозир юқоридагилар эмас, балки жадвалнинг қуйи поғоналаридан жой олган жамоа-лар ҳақида суҳбатлашсак.

«Бухоро» элита билан хайрлашадими? Шошманг! Чемпионат якунига қадар учрашувлар кўп эканлиги инобатга олинса, бу клубнинг кучлилар сафида қолиш эҳтимоли бор, албатта. Аммо ўтаётган вақт ва йўқотилаётган очколар жамоани борган сари жарликка етаклаб бормоқда. Муҳсин Муҳаммадиев ҳар қанча тажрибали мураббий бўлмасин, жамоавий ўйин шакллантирилмас экан, ижобий натижадан умид йўқ. Эҳтимол, ҳозирги ҳолатда тожикистонлик мутахассисдан натижа талаб қилиш ноўриндир. Ахир у жамоани ўзи мураккаб ҳолатда қабул қилиб олди.

«Бухоро»нинг муаммолари кеча ёки бугун бошлангани йўқ. Ўтган мавсум якунларига кўра футболчилар олдида катта қарздорлик юзага келди ва бу масала жорий йил бошида ҳал этилди. Селекция ишлари кўнгилдагидек амалга оширилмади, ҳатто жамоа ўзаги ҳам сақлаб қолинмагач, янги мавсум бир қатор янги футболчилар билан бошланди. Албатта, бундай шароитда жамоавий ўйинни йўлга қўйиш, барқарорликка эришиш учун маълум вақтга эҳтиёж туғилади.

Таъкидлаш жоизки, вазиятнинг бундай тус олишига биринчи навбатда Бахтиёр Ашурматовнинг истеъфоси сабаб бўлганди. Жамоага мавсум бошида етарли даражада тайёргарлик кўра олмагани панд беряпти, ёзги трансфер ойнаси вақтида таркибга жалб этилган легионерларнинг нималарга қодирлигини эса кейинги турларда кўриб оламиз. Улар жамоа­га мослашиб олишгунича иккинчи давранинг ярми ортда қолган бўлади. Балки ФИФА кунлари муносабати билан юзага келадиган танаффус уларга фойда келтирар. Агар Муҳсин Муҳаммадиев «Бухоро»да қолишни истаса, бу борада жиддий бош қотиришига тўғри келади.

Биринчи даврада легионер танловида хатога йўл қўйган «Қўқон-1912» ҳал қилувчи босқичда маҳаллий ва иқтидорли ёшларга ишонч билдирмоқда. Бу қарор натижаларда ҳам ўз аксини топмоқда. Жамоа аста-секин чиройли ва тартибли футбол намо-йиш этяпти, ўйинчиларда биринчи даврада етишмаган омил - мотивация кўзга ташланмоқда. Демак, қўқонликлар ҳали «оқ байроқ»ни кўтаришгани йўқ. Агар ҳаммаси шу йўсин давом этса, «Қўқон-1912» турнир жадвалининг ўрта поғоналарига кўтарилиб олиши мумкин. Бунинг учун эса жамоа аъзоларидан ҳар бир баҳсда ишончли тарзда ўйнаш талаб этилади.

Албатта, бу клубдаги ижобий ўзгаришларда ёш футболчиларнинг ҳам ҳиссаси йўқ эмас. Айниқса, «Пахтакор»­дан келган Собит Синдоров, Жаҳонгир Аҳмадов ва Ҳожимат Эркиновлар ўзларини кўрсатишга астойдил ҳаракат қилишяпти. Футболимизнинг умидли вакиллари ғалабага чанқоқ, жисмонан бақувват. Ўтган давр мобайнида Қўқонга янги қон зарурлиги кўп бор таъкидланди. Мана, кўриняптики, маҳаллий иқтидорлар кўп нарсага қодир эканини исботлашди. Боз устига, Ҳожимат Эркиновнинг кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига муҳим учрашувлар олдидан фақат ва фақат фойда келтиради.

17-турдан сўнг яна турнир жадвалининг пастки қисмига «шўнғиган» АГМК менинг фикримча тўғри йўлдан кетяпти. Клубда ишлар профессионал даражада ташкил қилинган. Айрим ишқибозлар жамоанинг биринчи даврадаги натижалари боис Миржалол Қосимовнинг истеъфосини тахмин қилишди ҳам, бироқ клуб раҳбарияти мураббийга ишонч билдиришда давом этмоқда. Бу энг мақбул танловдир. Кўряпмиз, аксарият клублар мураббий алмаштириш билан бирор нарсага эришаётгани йўқ, аксинча, вазият ёмонлашмоқда. Клуб мутасаддилари шу омилларни ўйлаган бўлсалар, ажабмас. «Кончилар» ўйин бобида ҳеч бир рақибдан ортда қолишаётгани йўқ, шунчаки, омад улардан очиқчасига юз ўгиряти, десак муболаға бўлмайди. Чунки шундай ўйинлар бўляптики, АГМК футболчилари ҳатто пенальтидан унумли фойдалана олишмаяпти. Мавсум аввалида Миролюб Костич, Марко Зочевичлар айтарли бирор каромат кўрсатолмадилар. Одатда, легионер танлашда ўта синчков, эътиборли бўлган, «Етти ўлчаб, бир кес» мақолига амал қиладиган Миржалол Қўшоқович бу сафар бироз адашди. Демак, Олмалиқ жамоаси бу йилни жамоавий футболни шакллантириш йўлида «қурбон» қилади. Кейинги мавсумда эса жамоа ўзагини сақлаб қолган ҳолда натижаларни яхшилашга ҳаракат қилишади. Асосийси, АГМК бу йилги Суперлигани муносиб тугатиб олса бўлгани.

Чемпионат давом этар экан, демак ҳар бир жамоанинг тақдири ўз қўлидадир. Зеро, Вадим Абрамов таъбири билан айтганда: «Ҳозирги замонавий футбол ўзгарувчан, бугун ютиб турган жамоа эртага мағлуб бўлиши мумкин. Биргина хато барча меҳнатларингиз, қўлга киритган совринларингизни ювиб кетиши мумкин».

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz