Қайднома

Қидирув

Қимматбаҳо "яссибош" ёхуд Гарри Магуайр билан яқиндан танишамиз...

Қимматбаҳо "яссибош" ёхуд Гарри Магуайр билан яқиндан танишамиз...

  26.08.2019 03:58
  0
  432
Қимматбаҳо

«Лестер» ҳимоячиси Нил Коллинз бисоти ҳозирча 3 соврин ва 1 башоратдан иборат. Қуйи лигаларнинг кубоклари футбол мухлислари ўртасида кучли қизиқиш уйғота олмайди. Аммо ҳимоячининг ўз жамоадоши - Гарри Магуайр хусусидаги башорати ўзининг аниқлиги билан барчани ёқа ушлашга мажбур этмоқда.

«Гарри хусусида мурожаат қилган барча қизиқувчиларга унинг 3-4 йилдан кейин қайсидир топ-клуб сафидан жой олишини айтгандим. Шундай ўйинчининг грандлар эътиборидан четда қолганига ишона олмасдим. Масалан, «Ливерпуль» ва «Арсенал»­дан садо чиқмади. Ваҳоланки, у ҳозирнинг ўзида уларнинг энг яхши ҳимоячиларидан ишончлироқ ўйнаётганди. Ҳозирча топларнинг кўзлари уйқуда, яна икки йилдан кейин улар Гарри учун катта маблағ сарфлашга мажбур бўладилар», - деганди 2017 йилнинг баҳорида Коллинз ўз жамоадоши хусусида. Ёзда ҳимоячига «Тоттенхэм»дан «совчи» келди. Бироқ у Почеттинонинг таклифини рад этиб, «Лестер»га йўл олди.

Магуайрнинг бу қарорини англаш учун донишмандларга хос ақл талаб этилмайди - «тулкилар» сафида қироллик мақоми нақд эканлиги, Лондонда эса у Тоби ва Вертонгенлар чангида қолиб кетишини аввалдан аниқ ҳис этганди:

«Мен АПЛда қолишни истардим. «Халл» Чемпионшипга тушиб кетгач, мақсад сари интилиш лозимлигини тушундим. Тез орада «Тоттенхэм» мени Лондонга таклиф этди. Бироқ асосий таркибдан жой олиш кафолатланган жамоага ўтишни мақсад қилгандим. Шуларни ҳисобга олган ҳолда «Лестер»га розилик бердим».

Коллинз ва Магуайр «Шеффилд»­да танишишганди. Нилнинг айтишича, Гаррига кўзи тушгач, у ҳайратдан қотиб қолган: «У мени ўзининг улкан гавдаси билан лол қолдирганди. Унинг футболчи бўлишига ишонмагандим. Лекин асосий жамоага келганидан кейин, 10 дақиқа ичида фикрим тамоман ўзгарди - баҳайбат гавдали йигитча тўпни моҳирлик билан бошқарарди. Гарри мен ўйнаган жамоалардаги энг бақувват футболчи бўлса керак. Шуни унутмангки, 18 ёшли иқтидор соҳибини таърифлаяпман».

Ҳа, чиндан ҳам Коллинзнинг эътирофида муболаға йўқ - Чемпионшипнинг 2011|2012 йиллар мавсуми илк турида Магуайр рақиб жарима майдончасига ёриб кириб, тўпни боши билан «Олдхэм» дарвозасига «михлаб» қўйганди. Ваҳоланки, бундан бир йил муқаддам у «Шеффилд» ўйинларини оддий мухлислар сафида кузатиб ўтирарди. Ўша учрашув фақат гол туфайли Гаррининг хотирасига муҳрланган эмас - танаффусдан сўнг майдонга тушган ҳимоячи Крэйг Белламини ўта қўполлик билан тўхтатиб қолган ва таниқли рақибидан тегишли жавоб кутганди. Бироқ Крэйг ёш футболчининг дадиллигига юксак баҳо берганди: «Ажойиб «подкат», йигитча!»

Кейинги уч мавсумни Магуайр «Шеффилд» қироли сифатида ўтказди, мунтазам равишда жамоадошлари орасида йилнинг энг яхши ўйинчиси бўлди ва Чемпионшип рамзий термасидан ўрин олди. 2014 йилда эса ёш иқтидор соҳиби мамлакатнинг бош аренаси - «Уэмбли»да тўп суриш шарафига муяссар бўлди - 90 мингдан ортиқ мухлис қаршисида у бўлажак жамоаси, яъни, «Халл Сити»га қарши курашди.

Янги жамоага ўтганидан кейин ҳимоячи ОАВ эътиборини тез-тез ўзига жалб эта бошлади, мухлислари кўпайди. Жумладан, 2016|2017 йиллар мавсумида у афсонавий Гари Линекер 20 йилдан бери олиб бораётган шоу дастурининг қаҳрамони бўлди. 2017 йилда ҳимоячи Англия терма жамоасидан таклиф олгач, Коллинз яна собиқ жамоадоши шаънига нав­батдаги мақтовини йўллади: «Англия ва Шотландия ўртасидаги ўртоқлик учрашувини кузатар эканман, Гарридек футболчи ҳар қандай рақибга жиддий муаммолар туғдира олишига амин бўлдим. У тўпни моҳирлик билан ҳимоядан олдинги чизиққа етказа олади, Рио Фердинанд ўз фаолиятини якунлаганидан кейин терма жамоага айнан шу жиҳат етишмаяпти. Ана шу бўшлиқни Гарри тўлдира олишига монеълик қиладиган бирор-бир сабабни кўрмаяпман».

Фердинанд ва Магуайр услубидаги яқинлик фақат Коллинзнинг эътирофларида акс этган эмас. Гарри ўсмирлик чоғидан бери Жон Терри ва Рио Фердинанд ўйинларидан андоза олишга интилган, уларни устоз сифатида ҳурмат қилади: «Мен бу икки марказий ҳимоячини, айниқса, Рио Фердинандни узоқ вақт кузатиб келганман. Чунки улар тўпни ҳимоя чизиғидан ўта усталик билан олиб чиқадилар, ҳар қандай вазиятда тўғри ечимни топа оладилар. Уларни ўз даврининг энг сара ҳимоячилари деб биламан».

Евро-2016 турнирида ҳам Гарри мухлислик мақоми билан кифояланишга мажбур бўлди. Унинг россиялик мухлислар билан «сан-ман»га борганлиги хусусида маълумот йўқ. Лекин жамоаси нимчорак финалда Исландияга имкониятни бой берганига бевосита гувоҳ бўлганди. Ортда қолган икки йил ичида Магуайр ўз позициясининг етук ижрочиси даражасига кўтарилди ва Гарет Саутгейт жамоасидан ҳақли равишда жой олди. Натижада англиялик мухлислар ўртасида қизғин баҳсга сабаб бўлган мавзу пайдо бўлди: нима учун Смоллинг, Жонс ва Кэйхиллар тўп сурадиган ҳимоя марказида ҳеч ким танимайдиган «Лестер» вакили майдонга тушмоқда? Мазкур савол жавобини улар 2017|2018 йиллар мавсуми кўрсаткичлари билан танишиш орқали топишди. Унга кўра, Гарри ҳар бир учрашувда ўз рақибларини ўртача 51 марта алдаб ўтган. Бу борада у Давид Сильва, Фирмино ва Кейнни ортда қолдирган. Тўғри, юқори прессингга асосланган услубда самарали алдамчи ҳаракатларни амалга ошириш имконияти ҳужумчиларда озроқ бўлади. Лекин нима бўлганда ҳам, марказий ҳимоячининг натижаси таҳсинга лойиқ.

Ажойиб дриблинг ва аниқ узатмаларни амалга оширадиган ижрочи борасида муаммога дуч келган бош мураббий марказий ҳимоячилар триоси ва Хендерсон кўмагида ўзига хос ромбни шакллантирди. Мазкур квартетда тўпни олдинга олиб чиқиш ва кескин узатмалар билан таъминлаш вазифасини Саутгейт Магуайрга юклади. Уни талаб даражасида уддалаш орқали Гарри жамоанинг ҳал қилувчи ўйинчиси мақомига кўтарилди.

Магуайрнинг техник имкониятларига асосланган тактик услуб ўз самарасини берди. Ҳимоячи нимчорак финалда 68, чорак финалда эса 60 марта рақиб ўйинчиларининг узатмаларини эгаллаб олиб, ҳужумларини йўққа чиқарди. Яъни, терма жамоа умумий кўрсаткичининг тахминан 20 фоизи унинг ҳисобига тўғри келди. Демак, инглизлар амалга оширган ҳужумларнинг 1|5 қисмига Гарри дирижёрлик қилди.

Россия мундиалида ҳимоячи фақат шу билан чекланиб қолмади: Швеция дарвозасини боши билан ишғол этиб, бир йўла 2та дўстона қитмирликка йўғрилган саволга муносиб жавоб қайтарди. Учрашувдан бир кун аввал «Халл» «Твиттер»га Магуайрнинг Чемпионшипдаги голини жойлаб, остига шундай савол қўйганди: «Буни такрорлаш мумкинми?» Тўпни шведлар дарвозасига михлаган ҳимоячи қувлик билан жавоб қайтарди: «Нима дейсиз, гол маъқулми?»

Ғалабадан кейинги матбуот анжуманида Магуайрнинг журналистлар билан мулоқоти пайтида залга кириб келган Жейми Варди ярим ҳазил, ярим чин мурожаати билан анжуманга жон киритди: «Мен Варди Ньюс вакили Жеймиман. Айтинг-чи, бошингизнинг диаметри қанча?» Гарри бу саволни самимий табассум билан йўққа чиқарган бўлсада, «Яссибош» лақабини қабул қилишга мажбур бўлди.

Яқин ўтмишдан ҳозирги воқеликка қайтсак, Магуайр Ван-Биссака, Линделёф ва Шоулар билан ҳамкорликда «Челси»га қарши старт беллашувини аъло даражада ўтказди. Ваҳоланки, Сульшер унинг биринчи турда майдонга тушиши хусусидаги саволга аниқ жавоб бермаганди.

Ҳимоячининг ўз савиясига мос гранд сафидан жой олиши у билан ёнма-ён тўп сураётган жамоадошлари билан таққослаш имконини берди. Шу йўл орқали Гаррининг кучли ва заиф жиҳатлари аниқланди.

Ижобий сифатлари

1. Мукаммал дриблинг ва узатмалар аниқлиги

Ҳимоячи узатмаларининг ўртача узунлиги - 22,45 метр. Бу кўрсаткич «МЮ»нинг энг яхши ҳимоячиси - Виктор Линделёф натижасидан 2,5 метрга яхшироқ. Чизиқлараро узатмалар бўйича ҳам устунлик Гарри томонида - 9,71га 7,4.

2. Бош билан ўйнаш

Жисмоний етуклик ва позицияни тўғри танлаш маҳорати Гаррини жарима майдончаси ҳукмдорига айлантиради. Ҳимояда у ҳар қандай рақибни бемалол жиловлай олса, ҳужумда стандарт вазиятлар учун қўшимча вариантларни яратиш имконини беради.

Заиф сифатлари

1. Чопқирлиги билан мақтана олмайди

«Лестер»га қарши беллашувнинг (2:0) танаффусида «Манчестер Сити» устози Гвардиола де Брюйнега қуйидагича кўрсатма берганди: «Магуайр тез чопа олмайди. Сен кўпроқ унинг ҳудудида ўйна ва бу камчилигидан унумли фойдалан. Тезлигинг ҳисобига бўшлиққа эга бўласан».

2. Ҳимоя баландлиги ўртасидаги тафовут

«Лестер»нинг ҳимоя қўрғони дарвозадан 41,6 метр узоқликда бошланарди. Ўзининг «автобус» услуби билан ном қозонган Моуриньо ҳудудни 43,1 метрга кўтарди. Сульшер эса ҳимоячиларни яна 5,6 метр юқорироқдан ҳимояланишга ўргатди. Гаррининг тез югура олмаслиги рақибларнинг чопқир ўйинчилари имкониятларини яна оширади.

87 млн. эвазига манкунианлар сафини тўлдирган ҳимоячининг трансфери қанчалик омадли эканлигини мавсумдаги ўйинлар белгилаб беради, албатта. Бу давр ичида Гарри янги муҳитга мослашиб, янада самаралироқ тўп суриши кутилмоқда. Ҳозирча Саутгейтнинг унга берган таърифи билан кифояланишга мажбурмиз: «У шундай қудратлики, ҳар икки жарима майдончалари ичида тўпни оҳанрабодек ўзига тортиб туради».

Дарҳақиқат, Магуайр «МЮ»да ҳам «Лестер»даги фазилатларини тўла намойиш эта олса, энг сара ҳимоячилар сафига кўтарилишига шубҳа йўқ. Унинг иштироки «қизил иблислар»ни кутилмаган омадсизликлардан, мухлисларни эса Видич ва Фердинандлар соғинчидан халос этади.

Содиқжон РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz