Қайднома

Қидирув

«ҚУРОЛЛИ ЗЎРАВОНЛИКНИ ТЎХТАТИНГ»...

«ҚУРОЛЛИ ЗЎРАВОНЛИКНИ ТЎХТАТИНГ»...

  26.08.2019 05:08
  0
  344
«ҚУРОЛЛИ ЗЎРАВОНЛИКНИ ТЎХТАТИНГ»...

АҚШ чемпионатининг 25-туридан ўрин олган «Ди-Си Юнайтед»га қарши учрашувда «Филадельфия Юнион» ярим ҳимоячиси Алехандро Бедойя ҳукумат маъмурларига мурожаат қилиб, мамлакатда юз бераётган оммавий отишмаларга чек қўйилишини талаб қилди. Сал аввалроқ Эль-Пасо ва Дейтон шаҳарларида бўлиб ўтган қуролли тўқнашув кўпчилик қатори Бедойяни ҳам қаттиқ ранжитганди. Ўзининг аниқ зарбаси билан ҳисобни очган футболчи майдон четида овоз кучайтиргични қўлига олдида, конгресс аъзоларига юзланди. Шу тариқа Алехандро бир сутка ичида бўлиб ўтган 2та қирғинбарот отишмага ўз муносабатини билдирди. Пенсильвания жамоаси бош мураббий Жим Кёртин ва футболчилар касаба уюшмасининг ижрочи директори Боб Фуз ҳам ярим ҳимоячи билан ҳамфикр эканликларини маълум қилишди.

Кун давомида амалга оширилган 2та хунрезлик мамлакатнинг айрим штатларида ўқотар қуролларнинг чекланмаган миқдорда сотилишидан норози бўлган аҳоли қатлами нафратини жунбушга келтирди. Оммавий намойишларга спорт юлдузлари ҳам жўр бўлишди. 3-дақиқада ҳисобни очган Бедойянинг чиқиши ўша ердаги кишилар кайфиятининг ифодаси бўлди. Жамоадошлари билан голни нишонлагач, жамоа сардори майдон четидаги ТВ овоз кучайтиргичини қўлига олди ва ҳукумат раҳбарларини мавжуд қонунчиликка тегишли ўзгаришлар киритишга даъват этди: «Эй, конгресс аъзолари, ҳозирнинг ўзидаёқ керакли чора-тадбирларни кўринг! Қуролли зўравонликларга чек қўйинг! Фурсатни бой берманг!»

«Филадельфия Юнион» жамоаси сардори ўйиндан кейинги интервьюсида ўз чиқиши ва нуқтаи назарига изоҳ берди. Унинг айтишича, юз берган фожиа ўзгаришлар зарурлиги хусусида ўйлашга мажбур этган. Шунингдек, у норозилик акцияси аввалдан режалаштирилмаганини таъкидлаб ўтди.

«Шунга ўхшаш хунрезликларнинг тез-тез такрорланаётгани ваҳшийликдан бошқа нарса эмас. Бундай жирканчликка жим қараб туролмайман. Ҳа, мен оддий спортчи, футболчиман. Лекин биринчи навбатда инсонман, фарзандларим бор. Шундай нуқтаи назар фақат менда эмаслигига ишончим комил. Қандайдир ўзгаришларни амалга ошириш вақти келди. Уни кечиктириб бўлмайди. Афсуски, биз бундай қон тўкишларга эътибор бермайдиган лоқайд мавжудотларга айланиб қолдик. Бу ўта кенг кўламдаги ўта жиддий муаммодир», - деди Алехандро. Гувоҳлик беришларича, футболчининг чақириғи кўпминг кишилик стадионга эшитилмаган. Лекин марказий каналларнинг бирида онлайн тарзда эфирга узатилган. Чунки овоз кучайтиргич бевосита телетрансляция тизимига уланган экан. «Филадельфия Юнион» бош мураббийи Жим Кёртин ўз шогирди фикрини тўла-тўкис маъқуллашини билдирди. Унинг фикрича, қурол ишлатиш орқали амалга оширилаётган жиноятларнинг кўпайиб бораётгани сабабли ҳам амалдаги қонунчилик замон талабига жавоб бера олмай қолган.

«Бу мамлакатда нималарнидир ўзгартириш зарурлиги аниқ. Шу сабабли муаммони тўғри тушунадиган, ўз сўзига жавоб бера оладиган барча кишиларнинг фикрига қўшиламан ва қўллаб-қувватлайман. Алехандро шундай инсон. Атрофимизда юз бераётган воқеаларга у бефарқ эмас, уларга чек қўйилишини истайди. Қисқаси, бу юртимиз бошига тушган улкан кулфат. Уни тезроқ бартараф этиш чораларини кўриш лозим», - деди мураббий «Вашингтон Пост» мухбирига.

Футболчилар касаба уюшмаси вакиллари ҳам бош мураббий билан ҳамфикр эканликларини изҳор этишди: «Ўтган дам олиш кунида юз берган фожиадан кейин МЛСнинг барча ўйинчилари номидан Алехандро Бедойяни қўллаб-қувватлашимизни маълум қиламан. У ўзининг сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланиб, барчанинг эътиборини энг долзарб муаммога жалб этди. Унинг ўйиндан кейинги интервьюсида билдирган фикрини такрорлайдиган бўлсам, чемпионат иштирокчилари - футболчилар. Бироқ биринчи навбатда, улар  -инсонлар», - деди ташкилотнинг ижрочи директори Боб Фуз.

Тўғри, айрим кишилар Бедойя футбол учрашувида ҳукумат раҳбарларига ақл ўргатгани учун жазоланиши мумкинлиги хусусида хавотир билдиришди. Бироқ ярим ҳимоячи бу борада ташвишланишнинг ҳожати йўқлигини, ўз муносабатини билдириш ўзи учун муҳимлигини маълум қилди.

«Филадельфия Юнион» сардори майдондаги жасурлигидан ташқари, Америка жамоатчилигида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўладиган долзарб мавзуларда ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини эмин-эркин баён этиши билан ном қозонган. Жумладан, у инсон ҳақ-ҳуқуқларининг поймол этилиши ва оммавий қатлларга қарши дангал чиқишларни амалга оширган.

«Яна «бизнинг ўйларимиз ва ибодатларимиз» қабилидаги мулоҳазаларга тез-тез гувоҳ бўляпман. Қуруқ сафсатадан фойда йўқ. Назаримда, Америка жамоатчилиги антиутопик жамиятга айланиб қолмоқда. Дадилроқ қарорлар қабул қилинг! Сабримиз тугади!» - деб ёзди футболчи «Твиттер»даги саҳифасига. Унинг фикрича, келажакда фожиаларга йўл қўймаслик учун бир қатор кескин чоралар кўрилиши лозим. Жумладан, ўқотар қуролни сотиб олмоқчи бўлган шахснинг ким эканлиги, ўтмиши ва табиатини синчковлик билан ўрганиш, савдо жараёнини қатъий назорат остига олиш, шунингдек, махсус солиқ тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ.

Ҳа, 3 ва 4 август кунлари бир неча соат фарқи билан содир этилган оммавий қирғин АҚШнинг Эль-Пасо ва Дейтон шаҳарларида камида 30 кишининг ҳаётига зомин бўлди, 50дан ортиқ киши турли даражада жароҳат олди. Биргина 2019 йилнинг ўзида АҚШдаги қуролли тўқнашувлар сони 250тадан ошиб кетди.

Бедойя - Техас ва Огайодаги можаролардан сўнг ҳукумат маъмурларини жиддий танқид остига олган ёлғиз спортчи эмас. МБА вакили «Бостон Селтикс» баскетболчиси Энес Кантер қурол-яроғ савдосига чек қўйилишини талаб қилди. Америка футболининг таниқли ўйинчиси Эд Рид ўзининг танқидий фикрларини уни Миллий футбол лигасининг шон-шуҳрат Залига қабул қилиш тантаналари пайтида изҳор этди: «Биласизми, руҳий хасталиклар сайёрамиздаги энг йирик муаммолардан бири ҳисобланади. У кўплаб кишиларнинг ёстиғини қуритмоқда. Шу сабабли охирги кунлардаги оммавий отишмаларда ҳалок бўлганлар ҳаққига ибодат қилиб, дуода бўлдим. Бу - бутун мамлакат миқёсида ечимини кутаётган энг муҳим муаммодир».

МФЛнинг «Даллас Ковбойз» клуби соҳиби Жерри Жонс ҳам юз берган фожиага бефарқ эмаслигини билдирди: «Табиийки, ҳаммамиз вазиятни ўнглаш хусусидаги ўй-хаёллар билан бандмиз. Ватандошларим фикримга қўшилишларига ишонаман. Эль-пасолик мухлисларимиз мусибатига шерикмиз. Бундай қуролли зўравонликларга барҳам бериш учун жиддий чоралар кўриш пайти келди».

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz