Қайднома

Қидирув

Серҳаракат, сермаҳсул, серхаридор «қария»

Серҳаракат, сермаҳсул, серхаридор «қария»

  27.08.2019 01:16
  0
  441
Серҳаракат, сермаҳсул, серхаридор  «қария»

Замонавий футболда аксарият жамоалар олисни кўзлаб, келажакда кўпроқ манфаат келтириши мумкин бўлган ёш иқтидорларни харид қиладилар. Бошқалар эса ҳар томонлама юксак савияга эришган тайёр ижрочиларга ишонч билдиришади. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам майдонда ва кийиниш хонасида нормал муҳитни ярата оладиган тажрибали ўйинчининг аҳамияти муҳимлигича қолаверади. Шу боис, айрим клублар ўз фахрийларидаги тезкорлик, чидамлилик каби хислатларнинг талаб даражасида эмаслигига кўз юмиб қўя қолишади.

Навбатдаги қаҳрамонимиз эса 36ни уриб қўйганига қарамасдан барча жабҳаларда навқирон касбдошларига ибрат бўладиган савияни намойиш этмоқда. Марҳамат, футбол оламининг энг совриндор вакилларидан бўлмиш Дани Алвеш фаолияти билан танишинг.

Жамоатчиликка Дани Алвеш номи билан танилган Даниэль Алвеш да Силва 1983 йилнинг май ойида Байя штатининг Жуазейру шаҳрида дунёга келди. Футбол сирларини маҳаллий академияда ўрганган бўлажак юлдуз тез орада штатнинг энг йирик клуби эътиборини тортди ва дастлабки профессионал шартномасини имзолади.

2001|2002 йиллардаги дебют мавсумида ҳимоячи ўзини кўрсатиб, 25 марта майдонга тушди ва 2та гол уришга муваффақ бўлди. Бразилия ёшлар терма жамоасидаги мазмунли ўйини эвазига «Севилья» томонидан ярим йилга ижарага олинди. Испанияда ҳам Алвеш ишончли тўп суришда давом этди, Андалусия клуби уни харид қилиш тадоригини кўра бошлади.

2003 йилда иқтидорли ҳимоячи ёшлар терма жамоаси билан ЖЧ ғолибига айланиб, фаолиятидаги илк йирик совринни қўлга киритди. Қўшимчасига, турнирнинг энг ёрқин иштирокчиларидан бири сифатида эътироф этилди. Шундан кейин «Севилья» унинг учун 550 минг евродан воз кечди.

Қисқа вақт ичида «Севилья»нинг асосий ижрочисига айланган ўнг қанот ҳимоячисининг довруғи Европага ёйилди. Ундаги тиришқоқлик, майдоннинг исталган нуқтасига тўпни аниқ етказиб бериш ва тезкор рейдларни амалга ошириш қобилияти Алвешни топ-ўйинчилар қаторига олиб чиқди. Айниқса, грандлар, жумладан, «Барселона»га қарши баҳсларда самарали тўп суриши «Камп Ноу» сари йўл очди.

Андалусия клуби сафида Дани икки марта УЕФА кубоги, бир мартадан УЕФА Суперкубоги, Испания кубоги ва Суперкубоги соҳибига айланди. Бу Каталония гранди таркибида забт этилажак юксак марраларнинг дебочаси эди.

Бразилиялик ҳимоячи чиндан ҳам «Барселона»нинг ички ва халқаро ареналардаги ҳукмронлик даврининг ажралмас қисмига айланди. Ўз чизиғидаги ишончли ўйинлари ва тезкор қарши ҳужумлари билан рақиблари учун даҳшатли тушга айланган, худди икки қалбли арслондек чарчоқ нималигини билмасди. Енгилмас гвардиянинг муҳим аъзосига айланган ўнг қанот қўрғони совринлари сонини 23тага ошириб, янги синовлар сари отланди.

Туриннинг «Ювентус»и афсонавий бразилиялик учун навбатдаги синов бекати бўлди. Алвеш Апеннинда ҳам юксак савиясини намойиш этиб, ҳимоячиларга хос бўлмаган маҳсулдорликни қайд этди - 6та гол ва 7та ассистни ўз номига расмийлаштириши учун 33 марта майдонга тушиш етарли бўлди. Дани Италия гранди ҳимоя чизиғининг гултожига хос виқор билан тўп сурди.

Таъкидлаш жоизки, бразилиялик омилкор стоппер Барселонадан Туринга, у ердан Парижга эркин агент мақомида ташриф буюрди. Ана шу икки мавсум давомида у 26та самарали ҳаракатни (8 гол ва 16 узатма) амалга оширди. Шунингдек, совринлар жавонини тўлдиришни ҳам унутмаган ҳолда, 2та чемпионлик, биттадан Франция Суперкубоги, мамлакат ва Лига кубоклари билан бойитди.

Мавсумлар оралиғида бўлиб ўтган ва «пентакампеонлар»нинг зафари билан ниҳоясига етган «Копа Америка» турнирида ҳам Дани Алвеш энг ёрқин юлдуз сифатида эътироф этилди ва мусобақанинг энг яхши футболчиси унвонига лойиқ топилди. 36 ёшида!

Эътиборлиси, мукаммал ўйнашда давом этаётган ҳимоячи финалда Перу дарвозасига йўл топиб, ғалабага муносиб улуш қўшди. Кейин Париж суперклубини тарк этишини маълум қилгач, топ-клублар ўртасида кескин рақобат юзага келди. Улар орасида «Барса» ва «Юве» вакиллари ҳам бор эди. Шунингдек, «Манчестер Сити», «Тоттенхэм», «Арсенал» ва «Интер» бразилиялик афсонани қучоқ очиб кутиб олишга интиқ туришганди. Аммо қаҳрамонимиз ўз юртига қайтишни маъқул кўрди: 1 август куни «Сан-Паулу» клуби билан 3,5 йиллик шартномага имзо чекди.

Алвеш ҳамон аввалгидек, маҳорат чўққисининг энг баланд нуқтасида. Тўғри, кескинлик ва тезлик бобида озгина пасайиш бўлиши мумкин. Бироқ бу камчиликни футболчи ақлли ўйини ва совуққонлиги билан йўққа чиқармоқда. Замбарак зарбалар ва қарама-қарши қанотга йўлланадиган заргарона узатмалар ҳамон унинг измида.

Ҳа, бундай футболчининг таркибга келиши - шунчаки, савияли харид эмас. Дани - совринларни ўзига асир этадиган оҳанрабо, омад элчиси. Унинг вужудида кўпираётган қон, ураётган юрак ягона мақсадга чорлайди - ғалаба! Уни таркибга жалб этган жамоа яққол етакчи, чинакам жангчига эга бўлади.

Ҳа, адолат юзасидан айтганда, Дани Алвеш майдон ташқарисида ҳордиқ чиқаришни ҳам ўрнига қўяди. Бу борада уни профессионалларга намуна сифатида кўрсата олмаймиз. Аммо бошқа аксарият касбдошларидан фарқли ўлароқ, унинг битта «лекин»и бор: майдонга Алвеш барча бемаъниликларни ўша жойда қолдирган ҳолда тушади.

Бундан ташқари, замонавий футболда қанот ҳимоячилари танқислиги кузатилмоқда. Келинг, бир ўйлаб кўрайлик, ўнг қанот ҳимоячилари тилга олинганда хаёлингиздан кимлар ўтади? Уокер, Киммих, Карвахаль? Хўш, яна-чи?...

Ёзда «МЮ» ғўр Ван-Биссака учун каттагина маблағдан воз кечди, «Барса» Нельсон Семеду ва Серхи Робертолар билан кифояланишга мажбур, «Атлетико» ўнг қанотни ёпиш учун Англияга йўл олди, «Реал» эса рақобатчилардан аввалроқ отни қамчилаб, Одриосолани харид қилди, «Ливерпуль» ўз тарбияланувчиси Трент Александер-Арнольдга ишонч билдиришдан ўзга чора топа олмади.

Узоққа бормайлик, бизга яқин бўлган Украина футболида ҳам ҳимоя чизиғи борасида жиддий муаммо кузатилмоқда. Ўнг қанот ҳимоячиси позицияси анчадан бери миллий терма жамоанинг асосий бош оғриғи бўлиб қолмоқда, мамлакатнинг кўп карра чемпиони «Шахтёр» эса Дарио Срна ўрнига муносиб ўринбосар топа олмаяпти.

Яна Дани Алвешга қайтадиган бўлсак, у қайси жамоа сафидан жой олса ҳам, юксак савияда ўйнаши аниқ. Уни ишончни оқлай олмайди, дейишга асос ҳам йўқ, тил ҳам бормайди. Футболчининг ўзи ҳам бутсаларини михга илиш фикридан йироқ. Чунки олдинда ҳали забт этилмаган мағрур чўққи кутмоқда - совринлар қироли бўлмиш мисрлик Ҳуссам Ҳассаннинг ҳисобида 41та кубок мавжуд. Қаҳрамонимиз Дани Алвешда эса - 40та. У мисрлик касбдошига нафақат етиб олиш, балки ўзиб кетишни мақсад қилган бўлса, не ажаб!

Уткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz