Қайднома

Қидирув

ЭЛДОР СУЮНОВ: «Футболимизда аниқ тизимни йўлга қўйиш керак»

ЭЛДОР СУЮНОВ: «Футболимизда аниқ тизимни йўлга қўйиш керак»

  26.08.2019 09:21
  0
  340
ЭЛДОР СУЮНОВ: «Футболимизда аниқ тизимни йўлга қўйиш керак»

Кузда терма жамоаларимиз учун масъулиятли ўйинлар бошланади. Ўсмирлар ва ёшлар термалари Осиё чемпионати саралаш баҳсларида иштирок этишса, миллий жамоамиз 2022 йилги Қатар мундиали йўлида илк қадамини ташлайди. Тўғри, биринчи турдаги рақиб - Фаластин, аммо бу хотиржамликка берилишга асос бўлолмайди. Боиси, футбол ҳозир барча давлатларда ривожланган. Яқинда терма жамоамиз посбони Элдор Суюнов билан суҳбатлашганимизда, мазкур учрашувда Ўзбекистон яққол устун эканини таъкидлади.

- Элдор, сизнингча, Фаластин термасига қарши баҳсда Ўзбекистон яққол фаворитми?

- Шубҳасиз. Ўзбекистон барча томонлама рақибдан устун. Тўғри, фаластинликларга паст назар билан қараш яхши оқибатларга олиб келмайди. Агар жаҳон чемпионатида иштирок этишни хоҳласак, бу каби баҳсларда чиройли ўйнаб, ижобий натижага эришишимиз лозим.

- Нима деб ўйлайсиз, шунча вақт ўтганидан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг ўйин услуби, оптимал тактикасига эга бўлдими? Ёки ҳали қилинадиган ишлар кўпми?

- Таъкидлаш жоизки, биз мураббий нимани истаса, шуни бажаришга, у танлаган услуб асосида ўйнашга ҳаракат қиляпмиз. Қолгани кейинги ўйинлар давомида кўзга ташланади. Шунингдек, навбатдаги ўқув-машғулот йиғинлари ҳам айни вақтда қандай ҳолатда эканлигимизни кўрсатиб беради.

- Гуруҳдаги қайси рақиб бизга кутилмаган совға тайёрлаши мумкин?

- Барча жамоалардан хавф кутса бўлади. Муҳими, уларга тўғри муносабатда бўлиш даркор. Чунки замонавий футболда ҳамма термалар ҳимояланиш ва ҳужум қилишни ўзлаштириб олган.

- Сингапур, Фаластин, Яман билан кечадиган учрашувларда жамоа аввалги ҳимоявий ўйиндан воз кечиб, ҳужумкорликка эътибор қаратса керак?

- Ушбу саволга яхшиси, бош мураббий жавоб бергани маъқул. Қандай ўйин намойиш этишимиздан қатъий назар, фақат ғалаба илинжида майдонга тушамиз.

- Нима учун аутсайдер терма жамоалар Ўзбекистон билан ўйинда ўз уйида йирик ҳисобда мағлуб бўлади-ю, сафарда жиддий қаршилик кўрсатади...

- Чунки меҳмонда ўйнаш футболчиларни босимдан халос қилади, эркинроқ тўп суриш имконини беради. Мухлислар қаршисида эса ҳаяжон бўлади, футболчилар майдонда ютқазиб қўймаслик хаёлида ҳаракат қилишади.

- Бугунги кунда терма жамоада Денис Иванков ҳам ишлаяпти. Уни аввалдан биладиган кипер сифатида, ушбу мутахассиснинг ишига қандай таъриф берасиз?

- Ҳар бир мураббийнинг ўзига яраша дунёқараши мавжуд. Шахсан мен учун ўзим билан барча мутахассислар билан ишлаш қизиқ бўлган. Жумладан, Пётр Гизимчук, Анвар Рашидов... улардан кўп нарсани ўрганса бўлади. Денис Иванков билан ҳам анча йилдан бери ишлаб келмоқдаман. Дастлаб биринчи лигада «Машъал» таркибида унинг қўл остида шуғулланишни бошлагандим. Кейинчалик «Насаф» таркибида олий дивизионда дебют қилдим. Иванков тажрибали мутахассис, устозимдан менга берган сабоқлари учун умрбод миннатдорман.

- Суперлига баҳслари ҳам қизғин кечмоқда, аммо пешқадам - «Пахтакор» билан иккинчи ўриндаги жамоа ўртасидаги очколар фарқи катталашиб кетди. Сизнинг­ча, жамоангиз чемпионликни деярли расмийлаштирдими?

- Ҳа, ҳозирги кунда орадаги фарқ йириклашди. Аммо бизнинг бўшашишга ҳаққимиз йўқ, боиси, яқин таъқибчиларимиз ҳам ҳали таслим бўлишмади. Уларнинг охиригача курашишларига ишончим комил.

- Жароҳат олган, қийналган пайт­ларингизда футболни тарк этишни ўйлаганмисиз?

- Жароҳат - футболнинг бир қисми. Футболчи соғлиғини тиклаб, янада кучли бўлиб қайтишга интилади. Аммо оғир жароҳатлар катта футбол билан хайрлашишга олиб келади, шунисидан Яратганнинг ўзи асрасин. Саволингизга келсак, энг мураккаб даврларда ҳам футболга бўлган меҳр кучлилик қилиб, миллионлар ўйинини тарк этишни хаёлимга келтирмаганман.

- Нима учун ҳозир футболчиларнинг жароҳатдан тузалиши қийин бўляпти? Бу ҳолатни нима билан изоҳлаш мумкин?

- Ҳаммаси лат еган жойнинг тикланишига боғлиқ. Ҳар бир жароҳатнинг тузалиш муддати бор: тўрт, олти ой, баъзан бундан ҳам кўпроққа чўзилади. Барчаси футболчининг сабр-матонати, иродасига боғлиқ. Унда яшил майдонга қайтиш истаги қанчалик юқори бўлса, жароҳатдан тикланиш жараёни ҳам шунчалик тезлашади.

- Жаҳон футболида кенг тарқалган витамин таъминоти бизда унчалик ривожланмаган. Бу жараён «Пахтакор»да ва терма жамоада қандай йўлга қўйилган?

- Тўғриси, мен тўп сурган жамоаларда бу каби муаммоларга дуч келган эмасман. Ҳамма жойда шарт-шароитлар турлича, кимдир буни муҳим деб билади, айримлар эса, аксинча. Витамин билан тўйинтириш - бу жамоаларнинг ички масаласи. Фаолиятим давомида бу каби муаммоларга йўлиқмаганим сабабли аниқ фикр билдиришим қийин. Айни пайт «Пахтакор» клуби ва миллий термамизда витамин таъминоти тўлиқ йўлга қў-йилган.

- «Бухоро» ва АГМКга қарши кечган баҳсларда жамоангиз осон ғалабаларга эришди. Рақибдан шундай суст ўйинни кутганмидингиз?

- Негадир жамоамиз йирик ҳисобда ғалаба қозонса, кўпчилик рақибнинг кучсиз эканлигини таъкидлайди. Аслида, вазиятга бошқача нигоҳ билан қараш керак. Дейлик, биз рақибларимизга нисбатан яхши ўйин намойиш этганимиз сабабли ҳам ишончли ғалабаларга эришдик. Бор гап шу.

- Август ойида «Пахтакор-79» хотирасига бағишлаб кўплаб тадбирлар ўтказилди...

- Дарҳақиқат, ўзбек халқининг севимли жамоаси билан юз берган мудҳиш воқеанинг 40 йиллигига бағишлаб бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Марҳум «пахтакорчилар»га атаб фильм суратга олинди, афсоналар ўртасида шоу дастурлари ташкил этилди. Албатта, хал-қимиз ўз суюклиларини ҳеч қачон унутмайди. «Пахтакор»нинг бугунги авлод вакиллари эса марҳум футболчилар ҳурмати ҳамиша муносиб тўп суришга ҳаракат қилишади.

- Агар ўша машъум воқеа содир бўлмаганда, «Пахтакор» улкан натижаларга эришиши, шу тариқа ўзбек футболи ҳам анча ривожланган бўлармиди...

- Албатта. 1979 йили ўзбек футболи жуда катта жудоликка учраганди. Улар ҳаёт бўлишганида, футболимиз учун кўп нарса беришарди. Юртимизда миллионлар ўйини янада гуллаб-яшнаган бўларди.

- Кичик ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз ўз вақтида керакли натижаларга эришишди. Ўсмирларимиз қитъа чемпионлигини нишонлашди, жаҳон чемпионатидаги иштироклар ҳам ёмон чиқмади. Лекин негадир ривожланиш жараёни миллий жамоага келганда тўхтаб қоляпти? Сизнингча, бунга нима сабаб бўляпти?

- Ёшлар, ўсмирлар футболи билан катта футбол ўртасидаги фарқ катта. Ўша сиз айтаётган футболчилар орасида ёшлигида яхши натижага эришиб, катта футболга ўтолмай қолганлари кўп. Бу нима билан боғлиқ? Менимча, ўсмирлар ва ёшлар мураббийлари натижа йўлида иқтидори юқори, лекин жисмоний имконияти паст бўлган футболчилар ўрнига жисмонан бақувват йигитларни термага жалб қилишган. Қолаверса, миллий термамизнинг натижалари кўп жиҳатдан ички чемпионат савиясига боғлиқ. Суперлига баҳслари қанчалик кучайса, бош жамоамизнинг жаҳон ареналаридаги ютуқлари ҳам шунчалик кўпаяверади.

- Демак, сизнингча, ҳамма гап мураббий ва у танлаган тактикага боғлиқ, шундайми?

- Бундай демаган бўлардим. Зеро, исталган тактик усулда натижа кўрсатиш мумкин. Биринчи навбатда, футболимиздаги тизимни тўғри йўлга солишимиз керак. Шундагина ижобий натижаларга умид боғласак бўлади.

- Қатар, Япония, Жанубий Корея каби термалар ниманинг эвазига муваффақият қозонишмоқда?

- Уларда аниқ тизим ва босқичма-босқич ўсиш бор. Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги мусобақаларда улардан устун келамиз. Лекин олимпия ва миллий жамоа даражасига етганда, ғалаба қозонишимиз қийинлашади.

- Яъни, футболимизда аниқ тизим йўлга қўйилмаган шу пайтгача...

- Менимча, вазиятни ўнглаш вақти келди. Авваллари фақат натижа учун ишланди, энди сифатга ҳам эътибор қаратиш керак. Яна бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиманки, Токио Олимпиадаси йўлланмаси учун курашадиган термада 23 ёшгача бўлган футболчиларни мажбуран, рақобатсиз ўйнатишмоқда. Чунки регламент-да шундай белгилаб қўйилган. Бу нотўғри. Ҳеч нарсани сунъий тарзда кучайтириб бўлмайди.

- Ички чемпионатимизда тўп сураётган легионер дарвозабонлар ҳақида фикрингиз қандай? Бир вақтлари хорижлик киперларни таркибга киритиш тақиқланганди...

- Легионер дарвозабонлар керак, қачонки маҳаллий футболчиларимиздан бир бош устун бўлсагина. Акс ҳолда, ўзимиздан етишиб чиқаётган умидли киперларга кўпроқ ишонч билдириш фойдалироқ бўлади. Ҳам ўша жамоа учун, ҳам футболимиз ривожи учун.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz