Қайднома

Қидирув

Футболчи ва оила: Намунали жуфтлик

Футболчи ва оила: Намунали жуфтлик

  28.08.2019 01:14
  0
  538
Футболчи ва оила: Намунали жуфтлик

Улар бир-бирларига нисбатан ўта меҳрибон, оила қуришганига эса 9 йилдан ошди. Гап АПЛнинг мем-афсонасига айланган Питер Крауч ва унинг кечиримли ҳамхонаси Эбби Клэнси ҳақида кетмоқда. Жорий мавсум Англия элит лигасига бесўнақайроқ Питер етишмаслиги аниқ. Тўғрироғи, мухлислар унинг ўхшовсиз гавдаси, ажиб голлари ва доимий ҳазилларини қўмсашса керак. Умуман, футбол билан хайрлашган бўйдор Крауч ҳаётда ҳам худди шундай - ҳамиша қандайдир қизиқарли ҳангомалар марказига тушиб туради. Питернинг оиласида ҳам кўпинча хушчақчақлик ҳукмрон...

 

Питер Крауч британиялик топ-модель Эбби Клэнси билан 13 йил олдин танишганди. Бўйи теракдек узун ҳужумчи 2006 йили Ливерпулдаги барлардан бирида уюштирилган кечага боради ва у ерда Эббини топади. «Танишувимизда ҳеч қандай романтик тарих йўқ. Питерни илк марта кўрганимдаёқ дарҳол ёқтириб қолган ва бир-биримиз учун яралганимизни тушунган эдим» - Эбби матбуот вакиллари билан гаплашганида, шу гапларни кўп такрорлайди. Ҳурлиқо модель гапида муболағаси йўқ - жуфтлик ўша илк танишувдан буён бирга. Питер ва Эбби 2010 йили турмуш қуришди ва ҳозирда 3 нафар фарзандни улғайтиришмоқда.

Ваҳоланки, иккиси ташқи кўриниш бўйича мутлақо бошқа-бошқа «олам». «Агар футболни танламаганимда, ким бўлардим? Бу дунёдан бўйдоқ ўтардим...!» - Краучнинг ушбу гапи бежиз кенг ёйилиб кетмаган. Ҳаммаси ўз-ўзидан тушунарли - Питер чиндан ҳам, хушбичим эркаклар тоифасидан анча йироқ. Бўйи (201 см.) ўта баландлиги ҳам майли, ориқлигидан суяклари шундоқ кўриниб туради. Ҳар ҳолда, унинг мушакларига ҳаттоки, яна бир озғин футболчи - Анхель ди Мария ҳам ҳавас қилмаслиги аниқ. Боз устига, Питер юз тузилиши билан ҳам мақтанолмайди - соф провинциалча кўриниш. Умуман олганда, Крауч ёшлигида айнан беўхшов гавдаси туфайли роса қийналган ҳам. «Мактаб давридаёқ ташқи қиёфамга қаратилган турли-туман калакаларга кўникиб улгурганман. Тўғри, ўшанда барчасини жиддий қабул қилиб, роса сиқилардим. Энди эса мазахларга мутлақо бефарқ қараяпман», - деганди Питер ўз интервьюларидан бирида.

Эбби эса турмуш ўртоғининг тамомила акси: хушқомат малласоч, саҳналар ва телевидение юлдузи. У модалар дунёсига Питер билан танишишидан олдин қадам ташлаганди. Дейлик, идеал қоматга эга Эбби 2006 йили Британияда жуда оммалашган Next Top Model реалити-шоусида ғолиб чиққан. Қолаверса, сурати ўша вақтдаёқ журналлар муқовасига туша бошлаганди. Яна бир томони, Клэнси хонимнинг даромади ҳам чакки эмас. 2015 йили Sper~s Magazine Эббининг бойлигини 3,2 млн. фунтга баҳолаганди. Тўғри, у бу борада эридан анча орқада. Собиқ ҳужумчи «Сток Сити»даги 8 йиллик фаолиятининг ўзида тахминан 15 млн. фунт топган. Лекин Клэнсининг моддий ҳолати ҳам кўпчиликда ҳавас уйғотиши турган гап.

Эбби эридан 5 ёш кичик (Питер 39, Эбби эса 34 ёшда). Хонимнинг бўйи 175 сантиметр бўлса, эриники 2 метрдан баланд. Қисқаси, шуларни назарда тутсак, Эбби ва Питер ўртасидаги иттифоқ ғайриодатийдек кўринади. Бунга ҳаттоки, Буюк Британия шаҳзодаси ҳам эътибор қаратган экан. Краучнинг ўзи BBC эфирида бу ҳақда ҳикоя қилиб берганди: «Шаҳзода Гарри билан учрашганимда, у мендан турмуш ўртоғимни қандай топганим ҳақида ҳам сўради - «Питер, тўғрисини айт, Эббини ўзингга қандай қаратгансан?» Шаҳзода ҳазил тариқасида қизиққани аниқ, аммо жуда ғалати ҳолатга тушиб қолгандим, барибир. Кейинчалик барчасини Эббига айтиб берганимда, у хандон отиб кулиб юборди». Клэнси хоним турмуш ўртоғининг ташқи қиёфасидан асло уялмайди, аксинча, бўйи баландлигидан ўзгача завқланади: «Бир қарашда муҳаббат. Ҳа, Питерни илк марта кўрганимдаёқ қандайдир бошқача туйғуни ҳис этгандим, бу севги экан... Айниқса, Питнинг баланд бўйи ёқиб тушганди. Унинг олдида мутлақо хотиржам тураман. Мени худди улкан тош девор ўз ҳимоясига олгандек». Ўз ўрнида таъкидлаш керак, Эбби футболга мутлақо бефарқ қарайди.  Ҳа, у эрини мудом алоҳида қўллаб-қувватлаб турарди, аммо футбол дунёси янгиликларига асло қизиқмасди. Ҳозир ҳам шундай. Дейлик, Питер иштирокидаги ўйинлар воқеаларини унча яхши эслолмайди. У олдин ҳам гоҳида эрининг ўйини борлигини унутиб қўярди. Питер бу борада шундай деганди: «Бир сафар ўйин бошланишига 15 дақиқача вақт қолганди. Қўққисдан телефоним жиринглади. Қарасам, Эбби қўнғироқ қилибди. Биласизми, у жавоб беришим билан сўради: «Пит, қаердасан?» Ҳа, Эбби кўпинча ўйинлар санасини эсидан чиқариб қўярди». Крауч эса ҳамхонасининг иши туфайли бир неча марта ноқулай аҳволга тушган, гарчи доимий фотосессияларга кўникиб улгурган бўлсада. Зеро, баъзида рашки қўзғаб, жазавага тушади. Мисол учун, Эбби 2013 йили «Юлдузлар билан рақс» ток-шоусининг британча талқинида иштирок этганида, Питер ўзини қўярга жой тополмаганди. Краучнинг тан олишича, ушбу шоу ҳақидаги қўпол ҳазиллар унга сира тинчлик бермаган. Боз устига, Эбби шоуда жисмонан чиниққан, мушаклари бақувват йигит билан жуфтлик ҳосил қилганди. Хуллас, бундай ҳолат Питерга асло ёқмаган ва у катта жанжал ҳам кўтарган. Ҳозир эса собиқ футболчи Эббининг ўша шоуда жуда зўр рақс тушганини таъкидлайди. Рашк туфайли юзага келган жанжални эса аллақачон унутган. Жуфтлик ўртасидаги аҳиллик, бардавом муҳаббатнинг асосий сири нима? Ҳар иккисининг айтишича, бунда иш билан доимий бандлик ҳам катта аҳамият касб этади. «Менда ҳам, унда ҳам кўп вақт ва куч оладиган иш бор. Хуллас, уйга чарчаган ҳолатда қайтамиз ва жанжалашишга мадоримиз етмайди...», - дея ҳазиллашганди Питер. Алоҳида таъкидлаш керак, жуфтликнинг ўзаро соғлом муносабатида айнан ҳазил-мутойибанинг ўрни катта. Клэнси хонимнинг бу борадаги изоҳига қаранг: «Биз шунчаки, эр-хотин эмас, балки қалин дўстлармиз. Шунинг учун ҳеч қачон бир-биримизга ўта жиддий муносабатда бўлмаймиз».

Энди ўзига хос топишмоқ: Крауч 2017 йили севишганлар байрамида Эббига нима совға қилган? Вариантлар ҳам бор:

1). Бриллиант кўзли узук

2). Ариана Гранде ижросида махсус шахсий концерт дастури

3). Футбол ўйинида амалга оширилган «хет-трик»

4). Ҳеч нарса

Тўғри жавоб ҳаттоки, Клэнсини ҳам ҳайратга солганди. «Ҳафта давомида нима билан шуғулландим? Ҳеч иш қилганим йўқ, совға ҳам олмадим, шунчаки, байрам арафасида Эббининг ғазабига учрамаслик ҳақида ўйлаб, бирор ишга қўл урмадим. Эбби ижтимоий тармоқларда бошқа футболчиларнинг ҳамхоналари ва қаллиқлари билан гаплашиб туради. Унинг айтишича, дугоналари севишганлар куни уйғониб, ўзларини чиройли шарлар, гуллар ва қимматбаҳо парфюмерия воситалари орасида кўришибди. Хуллас, у мендан байрамга қандай совға ҳозирлаганимни сўради, ҳаттоки, тезроқ тортиқ этишимни талаб қилди. Шунда Эббига Питер Краучнинг ҳамхонаси бўлиш ўз-ўзидан катта совға эканлигини тушунтиришга уриндим. Тўғри, у мени эшитишни ҳам хоҳламади. Тан оламан, бу сафар режам ўзим кутган натижани бергани йўқ», - деганди собиқ ҳужумчи ўшанда байрамдан кейин. Клэнси эса барчасига ўша йилнинг май ойида, «Ювентус» ва «Реал» ўртасидаги ЕЧЛ финал ўйини ўтказилган куни жавоб берди. Кўпчилик ўша «қайноқ» ўйинни яхши эсласа керак. Крауч эса эслолмайди, чунки у финални кўриш ўрнига аёли билан моделларга бағишланган ток-шоуни томоша қилишдан ўзга чора тополмаганди. «Негадир айнан ўша куни мен учун биринчи рақамли шоуни Пит билан бирга кўришни хоҳладим. Шу туфайли унинг ЧЛ финалини ўтказиб юборишига тўғри келди. Гарчи ўзи бирор марта нолимаган бўлсада, ўшанда унга бироз ачингандим ҳам», - дея жавоб зарбаси билан мақтанган эди Эбби. Эҳ, бечора Питер, вақтида бирор совға берсанг, пулинг камайиб қолармиди? Ўзингга жабр қилибсан...

Умуман олганда, Эбби хоним интервью бериш чоғи турмуш ўртоғи устидан енгил кулиш ва ҳазиллашишни хуш кўради: «Яширмайман, Пит уй ишларига асло ярамайди. Ҳаттоки, либосларини бирор марта тартибга солмайди. Унга гапириш имкониятини бериш хавфли. Тўғри, инсоф юзасидан айтишим керак, эрим битта уй юмушини дўндиради - куйган лампочкани алмаштиришни!» Питер ҳам уй-рўзғорга боғлиқ қизиқарли воқеалар билан ўртоқлашиш имконияти туғилса, бундан унумли фойдаланади. 2016 йилнинг 26 декабрь куни унинг клуби - «Сток Сити» сафарда «Хаддерсфилд» меҳмони бўлди. Питер масофа нисбатан узоқлиги туфайли эртароқ йўлга тушишни режалаштириб, Эббидан вақтлироқ уйғониб, Рождество дастурхони ёзишини илтимос қилади. Бироқ бефойда. «Турмуш ўртоғимга одатдагидан эртароқ туриш ғоясини айтганимда, бу унга асло ёққани йўқ. Ҳаттоки, мени телбага чиқариб қўйди: «Нима, картошка тозалаш учун эрталаб соат 9да уйғонишим керакми? Йўқ, сен ақлингни йўқотибсан...», - деган Питернинг қўшимча қилишича, Эбби авваллари бунчалик қайсар бўлмаган, фақат вақт ўтгани сайин ўзгариб борган. Муҳими, Клэнси қайсарликни ўрнига қўйсада, анча кечиримли аёлдир, Питер ҳам шундай. Жуфтликнинг муҳаббати ҳозирга қадар 2 марта жиддий синовга юз тутди. Биринчиси ЖЧ-2006 вақтида юз берган. Ўшанда Питер ва Эббининг ўзаро муносабатлари энди-энди ривожланаётганди. Хуллас, Англиянинг News of the World нашри Эббининг кокаин ҳидлаётган суратини чоп этади ва унинг гиёҳванд моддаларга тобе эканлиги ҳақида ёзади. Буни кўрган Питер табиийки, Эбби билан алоқани бутунлай узишга қарор қилади, фақат кейинчалик бироз «юмшаб», моделдан изоҳ сўрайди. Сурат ҳақиқий эди. Қолаверса, Эбби аср бошида Genie Queen поп-гуруҳида ижод қилган даври бир неча марта кокаин истеъмол қилганини тан олиб, барчаси ўтмишда қолганини айтади. Шу тариқа Питер яна Эббининг ёнига қайтади. Кейинги синов Крауч билан боғлиқ. 2009 йили таблоидларда бўйдор футболчи дўстлари билан Мадридга боргани ва у ерда енгилтак аёл билан кўнгилхушлик қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳаттоки, унинг испаниялик Моника Минтга бир соат учун 800 фунт тўлагани қўшимча қилинди. Матбуотчилар кейинчалик уни излаб топиб, воқеа тафсилотларига қизиқишди. Хуллас, Моника барчасини тан олди. Айтишича, у Питерни таниган, аммо Эбби билан унаштирилганини билмаган экан. Моника яна ҳайратини ҳам яширмаганди: «Питер - аҳмоқ. Шундай чиройли ва хушқомат қаллиғи бўла туриб, нега эгри йўлдан юради...?» Эбби эса шундай бемаъниликдан кўз юмиб, Питерни кечирди. «Хиёнатни кўтариш осон эмас, бироқ инсон камчиликлардан холи эмас, агар кечиримли бўлмасак, ким биландир муносабат ўрнатиш мушкул», - деганди модель. Шу тариқа улар ажрашиш ўрнига никоҳдан ўтишди. Тўй маросими 2010 йил ёзда авлиё Мария Магдалина ибодатхонасида ташкил этилди. Унда жумладан, Genie Queen гуруҳи ҳам қатнашди. Эбби ўтган ёз тўйнинг 7 йиллигига бағишлаб «Инстаграм»да ўта таъсирли пост қолдирди: «Бундан 7 йил олдин бир умрлик муҳаббатим, бутун борлиғим ва асосий илҳом манбаим билан турмуш қургандим. Шундай инсонсанки, қариликни ҳам сен билан қарши олишни, ҳамиша бирга кулиш ва йиғлашни ҳамда мудом ҳамнафас бўлишни истайман. Болакай, ҳамиша биргамиз».

 

Питер Крауч жорий йил январда «Бернли» билан қисқа муддатли шартнома тузиш асносида АПЛга қайтганида, Эбби яна бир хушхабарни эълон қилди - у 4-фарзандига ҳомиладор экан: «Кимгадир «хет-трик» ҳам камлик қилади...».

Ҳа, Краучнинг футболчилик фаолиятида барчаси идеал бўлмагандир, аммо умр йўлдоши борасида омади чопгани тайин.


А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz