Қайднома

Қидирув

Евротур: ТОПлар энди тулиқ таркибда

Евротур: ТОПлар энди тулиқ таркибда

  29.08.2019 09:07
  0
  397
Евротур: ТОПлар энди тулиқ таркибда

Ниҳоят, ўтган ҳафтанинг дам олиш кунлари Италия «А» сериясида ҳам янги мавсумнинг илк учрашувлари ўтказилди. Натижада кучли чемпионатлар бешлиги тўлиқ кўринишга келди.

Англия. Фақат «Ливерпуль» йўҚотишларсиз

Учинчи турда тақвим мусобақани муваффақиятли бошлаган икки етакчини ўзаро беллашишга мажбур этди. Табиийки, «Энфилд»даги сўнгги 3 учрашувни ўз фойдасига ҳал қилган мезбонлар майдонга фаворит мақомида тушишди. Аввалги мавсумда ўз дарвозаларидан 5та тўп ўтказиб юборган меҳмонлардан эса реванш олиш иштиёқи кутилганди. Бироқ ўйин кескин курашлар остида ўтган бўлсада, «қизиллар» устунлиги яққол сезилиб турди. Ана шу устунлик танаффусга чиқиш арафасида ўз ифодасини топди - 41-дақиқада бурчакдан узатилган тўпни Жоэль Матип дарвозага жойлаб қўйди.

Иккинчи бўлимда эса Муҳаммад Салоҳ ўз қанотида 2 марта «тўпчилар»нинг янги аъзоси Давид Луизни танг аҳволга солиб қўйди. Аввалига бразилиялик ҳимоячи рақибини ушлаб қолишдан ўзга чора топа олмади, жабр­ланувчи эса пенальтини голга айлантирди. Иккинчи уринишда ҳужумчи Луизни алдаб ўтиб, ўзининг иккинчи голини амалга оширди.

Фақат шундан кейингина 3 тўп фарқи билан олдинга ўтиб олган Клопп шогирдлари бироз хотиржамликка берилишди. Меҳмонлар эса ҳеч бўлмаганда йирик ҳисобдаги мағлубиятдан қутулиб қолиш мақсадида олдинга интилишди ва 85-дақиқада Лукас Торрейра Адриан дарвозасига жавоб тўпини киритди.

Таъкидлаш жоизки, ўша вазиятда дарвозабон қўпол хатога йўл қўйди - ван Дейк томонидан оширилган тўпни у ўнг ёки сўл томонга бемалол тепиб юбориши мумкин эди. Аммо у Торрейрани нишонга олди. Бундан таш­қари, 1-бўлимда ҳам Адриан шундай хатога йўл қўйган, бироқ Обамеянг қулай вазиятдан фойдалана олмаганди. Хуллас, 3:1 ҳисобида зафар қучган «Ливерпуль» 100 фоизли натижа билан яққол пешқадамга айланди. «Арсенал» эса ўз ўрнини «Манчестер Сити»га бўшатиб берди.

Аввалги турда «Тоттенхэм»ни енга олмаган чемпион Борнмутга фақат ғалаба илинжида келганлигини яшириб ўтирмади ва 1-бўлимдаёқ 2 тўп фарқи билан олдинга чиқиб олди. Серхио Агуэро ва Раҳим Стерлинг ўз номларини таблога ёздириб қўйишди. Мезбонлар вакилининг жавоб тўпидан кейин ўйинга интрига қайтгандек эди. Бироқ кучларнинг тенг эмаслиги Агуэронинг иккинчи голи билан ўз исботини топди.

Турнинг кутилмаган натижаси «Олд Траффорд»да қайд этилди. Очиғи, стартда «Челси» дарвозасига 4та жавобсиз гол урган жамоадан нафақат стадиондаги, балки бошқа мухлислар ҳам навбатдаги ғалабани кутишгани аниқ. Ўйин чиндан ҳам мезбонлар устунлиги остида кечди. Сульшер шогирдлари кўплаб хавфли вазиятларни яратишди, ҳатто пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Аммо ҳисобни асосан ҳимояланиш билан банд бўлган меҳмонлар очишди - бўлим ўрталарида юзага келган ягона имкониятни Жордан Айю голга айлантирди.

Албатта, танаффусдан кейин «қизил иблислар» суръатни оширишди, ҳужумлар сони ва савияси кучайди. Аммо тўп меҳмонлар дарвозасига киришни истамади. Ниҳоят, 69-дақиқада майдон эгалари мувозанатни тиклаш учун қулай имкониятга эга бўлишди. Бироқ Маркус Рашфорднинг «нуқта»дан йўллаган зарбасидан сўнг тўпга дарвоза тўсини тўсиқ бўлди. Бир йўналишдаги ҳужумлар фақат 89-дақиқада ўз самарасини бериб, Даниэль Жеймс ҳисобни тенглаштирди. Лекин ўша оқшом «МЮ»га очко олиш насиб этмади - қўшимча вақтнинг сўнгги дақиқасида «Пэлас» вакили ван Анхольт ўйиндаги 2-вазиятни гол билан якунлади.

Шунингдек, аввалги турда амалдаги чемпионни сулҳ тузишга мажбур этган «Тоттенхэм» ўз майдонида «Ньюкасл»га имкониятни бой бергани (0:1) ҳам тур сенсацияси бўлди.

Испания. «Реал»да ҳам йўҚотиш

«Сантьяго Бернабеу»да камтарин «Вальядолид»ни қабул қилган «Реал» ўз майдонидаги илк учрашувда мухлисларга ғалабани совға қила олмади. Аслида, ўйин мезбонлар устунлигида ўтди, меҳмонлар тинмай ҳимояланишди. Лекин тўп худди сеҳрлангандек дарвозага аниқ етиб бормади. Захирадан майдонга тушган Лука Йович эса дарвоза тўсинини нишонга олди. Вақт эса шафқатсиз равишда камайиб борарди. Бундай вазиятларда кўпинча Карим Бензема ўзини кўрсатарди. Бу гал ҳам тажрибали француз бир неча ҳимоячи қуршовидан аниқ зарба йўллашни уддалади. Аммо Зидан шогирдлари керакли натижани ушлаб қола олмадилар - меҳмонларнинг оз сонли қарши ҳужумларининг сўнггиси Тибо Куртуа дарвозасининг забт этилиши билан интиҳо топди.

Мавсумни аламли мағлубият билан бошлаган «Барселона» стартдаги омадсизликдан тегишли хулоса чиқара олгани «Камп Ноу»даги баҳсда исботланди. Жумладан, Антуан Гризманн «дубл»га эришиб, Каталонияга шунчаки сайрга келмаганини исботлади. Шу тариқа мезбонлар аввал ҳисобни тенглаштириб, кейин олдинга чиқиб олишди. Перес, Альба ва Видалнинг голларидан кейин ҳисоб йириклашди. «Бетис» ўйинчиси Мороннинг аниқ зарбаси эса ўйиндаги охирги гол бўлди - 5:2.

Дастлабки турни зафар билан якунлаган «Севилья» («Эспаньол» - 2:0) ва «Атлетико» («Хетафе» - 1:0) ғалабали юришни давом эттиришди. Эътиборлиси, Гранада ва Леганесдаги ягона голлар бу икки жамоага етакчиликни тақдим этди.

Германия. Аввал «дубль», энди «хет-трик»

Гельзенкирхенда меҳмон бўлган «Бавария» стартдаги дуранг («Герта» - 2:2) аламини маҳаллий «Шальке»дан олди. Жамоанинг польшалик ҳужумчиси Роберт Левандовски эса «хет-трик»ка эришиб, учрашувнинг бош қаҳрамони ва тўпурарлар рўйхати етакчисига айланди. Таъкидлаш жоизки, Левандовски ўз голларини 3 хил шароитда амалга оширди: аввал пенальтини, кейин жарима зарбасини қойилмақом тарзда бажарди. Учинчи голини эса Кингсли Коман узатмаси эвазига урди. Бу Робертнинг Бундеслига доирасидаги 13-«хет-трик»и бўлди. Дарвоқе, бундан 4 йил муқаддам польшалик мерган бир учрашувда «Вольфсбург» дарвозасини 5 марта ишғол этганди.

Бундеслига грандининг азалий таъқибчиси - Дортмунд­нинг «Боруссия»си Кёльн сафарида муҳим 3 очкони қўлга киритди - 3:1. Ваҳоланки, 70-дақиқага қадар мезбонлар 1:0 ҳисобида олдинда боришаётганди. Англиялик вундеркинд Жейдон Санчо мувозанатни тиклагач, меҳмонлар янада фаоллашдилар. Натижада, Ҳакими ва Алькасерлар биттадан гол уришди.

«РБ Лейпциг»нинг шиддатини аввалдан тахмин қилиш қийин эмасди. Аммо камтарин «Фрайбург», «Вольфсбург» ва «Байер» ўз мухлисларини хурсанд қилишди. Қизиғи шундаки, етакчилар бешлигининг 4 вакили навбатдаги 3 очкони сафар беллашувларида қўлга киритишди.

Италия. ОҚ йўл, «А» серияси!

Таъкидлаб ўтганимиздек, Италия чемпионатида ҳам муросасиз курашлар бошланди. Пармадаги илк учрашувда чемпион «Ювентус» маҳаллий жамоани синовдан ўтказди. Сафардан зафар билан қайтиш учун туринликларга ягона гол кифоя қилди. Уни жамоа фахрийси Жоржо Кьеллини бурчакдан узатилган тўпни дарвозага йўллаш орқали амалга оширди. Кейинчалик Роналду ҳам мезбонлар дарвозасини забт этди. Бироқ ҳакам бу голни баҳсли «офсайд» туфайли инобатга олмади.

Флоренцияда бўлиб ўтган «Фиорентина» - «Наполи» қарама-қаршилигида мухлислар нақ 7та голга гувоҳ бўлишди. Тенг курашлар остида кечган қизиқарли беллашувдаги ҳисоб майдон эгалари томонидан 9-дақиқада очилди. Лекин тезкор голга меҳмонлар 2 аниқ зарба билан жавоб қайтариб, танаффусга ғолиб мақомида йўл олишди.

Иккинчи бўлимда кураш янада кескинлашди. Аввалига мезбонлар мувозанатни тиклаган бўлишса, 4 дақиқадан сўнг Кальехон яна меҳмонларни олдинга олиб чиқди. Бироздан кейин яна ҳисоб тенглашди. Аммо танаффус арафасида пенальти эвазига устунликни таъминлаган Инсинье яна бир марта муваффақиятга эришди ва ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди - 3:4.

Милан ва Рим грандлари чемпионатни турлича бошладилар. «Рома» ўз уйида «Женоа» билан жанговар (3:3) дуранг билан кифояланишга мажбур бўлди. Меҳмонлар учун рисоладаги натижа. Бироқ «бўрилар» маҳаллий тиффозини ранжитишди. «Лацио» эса аксинча, Генуяда «Сампдория» дарвозасига 3та жавобсиз гол урди. Удинега сафар қилган «Милан» мезбонлар қаршилигини енга олмади. Боз устига, ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборди - 0:1. Ўз майдонида «Лечче»ни қабул қилган «Интер» дебютантни қийинчиликсиз маҳв этди (4:0).

Франция. «Монако» - «Қизил»лар Қурбони...ми?

Таажжубки, жорий мавсум князлик клуби учун ўта омадсиз кечмоқда. Дастлабки 2 турда қизил карточкалар туфайли майдонда озчилик бўлиб тўп сурган жамоа бу гал нақд ғалабани қўлдан чиқарди. Ваҳоланки, ўз майдонида камтарин «Ним»ни қабул қилган «Монако» танаффусга қадар рақибини 2 марта ўйинни майдон марказидан бошлашга мажбур этган, ўз мухлисларини илк ғалабага ишонтириб улгурганди. Лекин 56-дақиқада ҳимоячи тўғридан-тўғри қизил карточка билан жазоланиб, майдонни барвақт тарк этди. Бу ноҳақлик мезбонлар руҳиятини тушириб юборди. Натижада, ташаббус меҳмонлар томонига ўтиб, улар 2 тўп фарқини йўққа чиқаришди.

Бошқа учрашувларга тўхталадиган бўлсак, аввалги турда чемпионни маҳв этган «Ренн» бу сафар Страсбург­дан ишончли ғалаба билан қайтди. Меҳмонларнинг 16 ва 54-дақиқаларда урган голларига майдон эгалари жавоб қайтара олмадилар.

Шу куни «ПСЖ» ўз майдонида «Тулуза»ни 4та гол билан «сийлади» ва учинчи поғонага кўтарилиб олди. Тўғри, айрим сабабларга кўра ўз учрашувларини ўтказа олмаган «Лион» ва «Ницца»да пешқадамга етиб олиш имконияти бор. У ҳолда «ПСЖ» бир поғона пастга тушади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz