Қайднома

Қидирув

Инсофсизлик ва юзакилик - футболимизнинг икки душмани

Инсофсизлик ва юзакилик - футболимизнинг икки душмани

  30.08.2019 01:22
  0
  466
Инсофсизлик ва юзакилик - футболимизнинг икки душмани

Муҳтарам мухлис! Ўйлаймизки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги кунлардаги улуғвор огоҳлантиришларини сиз ҳам жон қулоғингиз билан тинглагансиз. Давлатимиз раҳбарининг жон куйдириб, тўлиб-тошиб айтган сўзлари, ишончимиз комилки, футболимиз мутасаддиларини ҳам сергаклантирган. Ўзгача ҳолатни онгу шуур қабул қилолмайди. Кадрлар масаласида, мактаб ва таълим мавзусида дилдан тилга кўчган оғриқлар футбол соҳасига ҳам бевосита дахлдор.

Тўғри, футболимизда муаммолар кўп. Улар аста-секин бартараф этилмоқда. Лекин инсофсизлик ва юзакилик шунчаки муаммолар сирасига кирмайди. Инсофсизлик ва юзакилик - футболимизнинг жуда катта икки душмани! Аввалроқ таниқли футболчилар: Жалолиддин Машарипов, Икром Алибоев, Қувондиқ Рўзиев ўзларини қийнаган инсофсиз ва юзаки муҳит хусусида очиқ-ойдин сўзлашганди. Яқиндагина эса Андижон вилояти ҳокими футболчиларни эътиборни суистеъмол қилмасликка чорлади.

Қаранг, шу пайтгача муаммо маблағга бориб тақаларди. Орзу-мақсадлар, режалар маблағ етишмаслиги сабаб амалга ошмасди. Энди эса вазият ўзгарди. Кўз ўнгимизда Наманган ва Андижон вилояти ҳокимлари футболимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишга интилишмоқда. Намангандаги «Марказий» стадион қайта таъмирланиб, майдон чими янгиланди. «Навбаҳор» таркиби бошқа клублар ҳавас қиладиган легионерлар билан кучайтирилди. Хўш, бунга жавобан «лочинлар» лагерида қандай муносабат кўзга ташланмоқда? Мухлисларнинг очиқ яраларига тегишни истамаймиз. Бироқ ўз майдонида, минглаб мухлислар кўз ўнгида кетма-кет «Қизилқум», АГМК ва «Насаф»га ютқазган жамоани инсофга, фаол ўйнашга чорламаслик мумкинми?! Тақдир Ўзбекистон кубоги ярим финали йўлида «Навбаҳор» учун яна қандай енгиллик яратиши керак эди?! «Насаф» тақдир ҳукмига бўйсуниб меҳмонда ўйнади. Эътиборлиси, Рўзиқул Бердиев жамоаси сафарда сурур билан тўп сурди, мағлубият ҳақида ўйламади. Наманганга ҳар доим хавотир билан келадиган жамоа нега бу сафар чўчиб ўтирмади ва ҳужум кетидан ҳужум уюштираверди? «Навбаҳор» нега голли вазиятлардан фойдаланолмади? Бу саволларнинг жавоби жуда оддий: «Қизилқум» ва АГМКнинг Намангандаги ғалабалари бошқа клубларнинг «Навбаҳор» уй учрашувлари ҳақида шаклланган олдинги оловли таассурот ва тасаввурларини ўзгартириб юборди. «Бўлди, «Навбаҳор»дан чўчишнинг ҳожати йўқ!» - деган хаёлга боришмоқда улар. Рўзиқул Бердиев эса худди шу фикрни бироз маданийроқ қилиб айтди-қўйди.

«Лочинлар»нинг ачинарли аҳволига жиддий сабабларни рўкач қилиш ноўрин. Айбдор - «Навбаҳор»! Икки қанотига инсоф куч берадиган «лочин» учинчи марта ҳам ўз майдонида ютқазишни асло истамайди. У шундай парвоз қиладики, парвоз шиддатидан «аждарлар» ажабланишади. Биз ҳозир шундай ёзмоқдамиз. «Поезд» эса аллақачон кетиб бўлди. «Аждарлар» «лочинлар» парвози шиддатини сезишмади ва ажабланишмади. Инсоф бўлмаса қийин. Акс ҳолда, 17 миллиард сўм сарфланган майдон, кечирасиз-у, сув кўрмаган тақир ерга ўхшаб кўзга хунук кўринармиди? Энг ками 10 миллион сўм маош олаётган футболчи қандай қилиб ўз устида ишламаслиги, ғалаба учун жонини жабборга бермаслигини тушуниш жуда-жуда мушкул.

Футбол дунёсида шундай ўйинлар бўладики, уларнинг натижаси учун фақатгина тақдир ҳукми жавобгар. «Кристал Пэлас» дарвозасига пенальтидан гол уролмагани Маркус Рашфорднинг, 2-голни ўтказиб юборгани де Хеанинг маҳоратсизлигидан ва инсофсизлигидан далолат бермайди. Ҳали де Хеанинг ажойиб «сейв»ларига, Погба ва Рашфорднинг пурвиқор тарзда амалга оширилган пенальтиларига кўп бора гувоҳ бўламиз. Тақдир, барибир, «МЮ»ни сийлайди. Чунки «қизил иблислар» инсофсизлик ва юзакиликни ёқтиришмайди. Улар футболга меҳр қўйган болалар ва ўсмирларни йиғлатишмайди. Зеро, болалар ва ўсмирлар кўз ўнгидаги адолатсизлик - чидаб бўлмас виждонсизлик, инсофсизлик! Юқори Чирчиқлик, нав­кентлик, косонлик ёшларнинг кўзини ёшлатганлар фан олимпиадасида билимсиз ўқувчисини, «Ёш китобхон» танловида нолойиқ иштирокчисини ҳимоя қилган ўқитувчи-ҳакам каби жамият ҳамда тараққиёт учун хавфли одам ҳисобланади.

«Чарм тўп - 2019» мусобақасининг республика босқичида қатнашаётган «Шодлик», «Оққамиш», «Навкент» жамоалари шаънига нисбатан ижтимоий тармоқларда бир қанча эътирозлар янгради. Бизнингча, бу эътирозларга «Йиқилган курашга тўймас» қабилида қараб бўлмайди. Ютқазиш алами ва адолатсизликка нисбатан норозиликни бир-биридан фарқлаш у қадар қийин иш эмас. Бунинг учун ёшларнинг юракдан қайнаб чиқаётган сўзларини тингланса, бас! Собиқ «Дўстлик» жамоаси стадиони яқинида яшовчи, газетамиз ва «МЮ» мухлиси Дониёрбекнинг бемисл фиғон билан айтган сўзларига тоқат қилишимиз қийин бўлди. У эса Тошкент вилояти «термаси» билан тўқнашган «Нурафшон» маҳалла жамоаси болаларининг адолат истаб мўлтираган кўзларига боқиб туролмайди. «Равшан Эрматов ҳеч бўлмаса, шу болаларнинг ҳузурига бориб, «Нима гап ўзи?» деса бўлади-ку! Президентимиз Мўйноққа бориб халқ дардига қулоқ тутганда, у киши адолат назорати учун беш-ўн қадам юрсалар бўлади-ку!» - деди у азбаройи асабийлашганидан.

Адолат истаётган футбол аҳлига юзланинг, мутасаддилар! Инсофсизлик ва юзакиликдан юз ўгиринг, футболдан нон топаётганлар!

Муҳаммадвали МАМАТВАЛИЕВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz