Қайднома

Қидирув

Павел Бугало: «Уюшқоқлик бўлмаса қийин...»

Павел Бугало: «Уюшқоқлик бўлмаса қийин...»

  30.08.2019 05:42
  0
  608
Павел Бугало: «Уюшқоқлик бўлмаса қийин...»

Барчага маълум, ҳар мавсум якунида миллий чемпионатимизнинг энг яхши мураббийи ва футболчиси аниқланади. Футболчилар ўртасидаги сўровда кўпинча олдинги чизиқ вакиллари ёки ҳужумкорликка мойил ярим ҳимоячилар ғолиб чиқишлари ҳам ҳаммага аён ҳақиқат. Лекин 1996-1997 йилларда бошқача бўлганди - энг яхши футболчига аталган соврин дарвозабон Павел Бугалога топширилган. Умуман, маҳаллий миқёсда афсонага айланган собиқ кипернинг ўзбек футболи тараққиёти йўлида қилган ишлари таҳсинга сазовор. Павел вақтида миллий жамоамизнинг асосий дарвозабони ҳисобланган, бироқ кейинчалик кетма-кет жароҳатлар таъсирида ўз ўрнини Евгений Сафонов ва Алексей Поляковга бўшатиб берганди. Алоҳида айтиш керак, Бугало нақ 43 ёшигача яшил майдонда ҳаракатланди. Ўйлаймизки, собиқ кипернинг турли мавзуларга доир фикрлари кўпчиликни етарлича қизиқтиради.

 

- Павел, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг навбатдаги йиғинига 3 нафар дарвозабон таклиф этилди. Сизнингча, бу рақобат муҳитини шакллантиришга етарлими? Дейлик, сиз ўйнаган даврда киперлар ўртасидаги рақобат қандай эди?

- Саволингизга бошқа ракурсдан жавоб бераман. Ҳозирда миллий жамоа дарвозасида авлодлар алмашуви жараёни кузатилмоқда. Дейлик, Игнатий Нестеров бош жамоа билан хайрлашиш арафасида турибди, энди унинг ўрнига иқтидорли ва юқори марраларни кўзлаётган Элдор Суюнов, Санжар Қувватов, шунингдек, Ўткир Юсупов ва Ботирали Эргашевдек иқтидорли йигитлар ўзаро рақобатлашишади. Уларни терма жамоада малакали мутахассис Денис Иванков шуғуллантирмоқда. Бу мутахассис номзодлар билан клуб миқёсида ҳам ишлаган ва уларнинг потенциали, нималарга қодир эканликларини яхши билади. Умуман, йиғинга чақирилган киперлар ўз жамоаларида барқарор ўйин намойиш этишмоқда. Қисқаси, Купер ва унинг штаби бежиз шу йигитларга ишонч билдирмаяпти. Ўйлайманки, рақобат даражаси ҳам чакки эмас. Яна шуни айтишим керак, Ўзбекистон миллий жамоасида дарвозабонлар ҳамиша муҳим ролга эга бўлишган. Рақобатсиз ўсишнинг иложи йўқ. Катта футболнинг асосий шарти ҳам шу. Яъни ҳар бир позиция учун 2-3 нафар тенг кучли футболчи даъвогарлик қилиши керак. Мен ўйнаган даврни олсак, Олег Беляков, Евгений Сафонов ва Алексей Поляков каби киперлар билан курашишимга тўғри келган. Шундай йигитлар билан битта жамоада ўйнаганимдан фахрланаман. Чунончи, уларнинг ҳар бири ўзига хос рақобат тақдим этган.

- Поляков миллий жамоамизга Миржалол Қосимов ташаббуси билан чақирилгани ростми?

- Тўғриси, бу борада аниқ маълумотга эга эмасман. Фақат шуни айтишим мумкинки, терма жамоа бош мураббийи лавозимига Владимир Сальков тайинлангач, ўзига хос маҳаллийлаштириш жараёни бошланган эди. Дейлик, ўша даврда Поляковдан ташқари, Москванинг «Локомотив» клуби вакиллари - Владимир Маминов ва Олег Пашининга ҳам Ўзбекистон фуқаролиги берилганди. Бундан наф чиққанми? Ҳа, ҳар ҳолда, Поляков маҳаллий киперларга етарлича рақобат туғдирганди.

- Айни пайт АГМКнинг натижалари яхши эмас, шунга қарамай, клуб раҳбарияти Миржалол Қосимовга ишонч билдирмоқда...

- Бу саволга жавоб бериш менинг ваколатимга кирмасада, шахсий дун­ё­қарашимдан келиб чиқиб, ўз фикримни баён этаман. Тўғри, натижалар билан мақташнинг иложи йўқ, лекин жуда ёмон ҳам эмас. Жамоа янгитдан шакллантирилмоқда, мавсум бошида кўп нарса ўзгарди. Таркиб ўзаги қайта бунёд этилди. Бундай ҳолатда ҳар қандай мураббийга 1-2 йил керак бўлади. Ахир Москва ҳам бир зумда қурилмаган-ку. Албатта, шаклланиш жараёни мураббийлар штабидан улкан меҳнат талаб қилади. Раҳбарият Миржалол  Қосимовга ишоняптими, уни қўллашимиз керак. Бинобарин, Қосимов футболчи сифатида ҳам, мураббийликда ҳам катта тажриба тўплаган, оғир синовларни бошидан ўтказган. Муҳими, бунга қадар қаерда ишламасин, фақат яхши натижаларга эришган, бир қатор совринларга эга чиққан. Миржалол футболчилардан аввало, охиригача курашишни сўрайди. Ўзи ҳам шу тамойилга амал қилади. Демоқчиманки, унинг АГМКда ўз анъа­насини давом эттириши ва ютуқларга эришишига ишонаман.

- Бўйи баланд Евгений Сафоновнинг реакцияси чакки эмасди, бироқ у пастлатиб йўлланган тўпларни қайтаришда муаммоларга учрарди. Унинг кейинги тақдиридан бохабармисиз?

- Дарҳақиқат, Женянинг бўйи 2 метрдан ортиқ эди. Муҳими, у жисмоний ҳолатини барқарор ушларди, ҳар доим максимал куч билан ўйнарди. Юқорилатиб берилган зарбаларни осонгина бартараф этарди, пенальти тўсишда ҳам ўзини кўп бора кўрсатган. Бироқ бундай узун бўй билан пастга йўналтирилган тўпни ушлаб қолиш ёки қайтариш ўта мураккаб иш. Сафонов фаолиятининг энг яхши қисмини «Шинник» жамоасида бошдан кечирганини биламан. Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаси тарихида ҳам ўзига яраша из қолдирди, Дейлик, Ж.Корея, Япония, Саудия Арабистони термаларига қарши кечган учрашувларда етарлича голлар қўйиб юборган бўлсада, катта тажриба тўплади. Унинг Россия чемпионатида барқарор ўйнагани замирида терма жамоамизда орттирган тажрибаси ўрни катта.

- Айтишларича, 2000 йилги Осиё кубогидан олдин терма жамоада молиявий муаммолар юзага келган ва шунинг ҳисобига мукаммал тарзда тайёргарлик олиб борилмаган. Лекин таркибда ўта кучли ижрочилар жамланишганди. Натижа эса...

- Ўша натижани молиявий муаммоларга боғлаш нотўғри. Зеро, бизга пул тўлашмаса ҳам, ҳар доим Ватан учун боримизни беришга тайёр эдик. Юрий Саркисян ҳурматга лойиқ ажойиб инсон. У билан ишлаш қизиқарли эди. Терма жамоа таркибида энг кучли футболчилар йиғилишгани ҳам рост - Игорь Шквирин, Миржалол Қосимов, Сергей Лебедев, Максим Шацких, Николай Ширшов, Бахтиёр Ашурматов... Фикримча, ўша жамоа уюшқоқлик паст­лиги туфайли шармандаликка учраган. Қолаверса, мусобақага бир неча ҳафта қолган вақтда йиғилгандик. Қисқаси, бир йил олдин Махмуд Раҳимов бошқарган жамоа ва Осиё кубоги финал босқичига борган терма ўртасида катта фарқ бор эди. Афсус, шундай ажойиб ўйинчилар билан ҳеч нимани қойиллатолмаганмиз...

- Футболчилик фаолиятингиз давомида турли авлод вакиллари билан бирга ўйнадингиз. Хўш, қайси даврдаги терма жамоани энг кучлиси сифатида таърифлайсиз?

- Ҳа, кўплаб футболчилар билан бирга ҳамкорлик қилдим. Футбол бир жойда тўхтаб турмайди - у доимий ҳаракатда. Ҳар бир даврда термада ўзига хос етакчи ва махоратли футболчилар ўйнашган. Шахсан мен учун 1994 йили Хиросимада Осиё ўйинлари ғолибига айланган жамоа алоҳида ўрин тутади. Бу энди ўтмиш, ҳозир келажак ҳақида бош қотиришимиз керак. Олдинда катта йўл турибди, ўйлайманки, улкан иштиёққа эга термамиз азалий орзумизни амалга оширади.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz