Қайднома

Қидирув

Шомуродов - собиқ вингер, у рақибни дриблинг туфайли алдаб ўта олади...

Шомуродов - собиқ вингер, у рақибни дриблинг туфайли алдаб ўта олади...

  30.08.2019 08:50
  0
  1042
Шомуродов - собиқ вингер, у рақибни дриблинг туфайли алдаб ўта олади...

Элдор Шомуродов - жорий мавсумда РПЛ кашфиётларидан биридир. У дастлабки етти турда бешта гол урди. Ўтган мавсумда эса (26 учрашув) - фақат учта тўп киритганди. Унинг ўсишини нафақат «Ростов»­дагилар пай­қашди, балки ўзбекистонлик ҳужумчига ЦСКА ҳам қизиқиш билдирди, «Галатасарой» скаутлари шахсан Шомуродовнинг ўйинини кузатиш учун Россияга ташриф буюришди. Бундай клублар эътибори - илтифот. Лекин Элдор ҳозирча ҳеч қаерга кетмоқчи эмас.

Шомуродов эътиборини «Ростов»га қаратгани ҳақида бир неча бор гапириб ўтди. Агенти эса ЦСКА билан боғлиқ хабарларни қуйидагича изоҳлади: «Бу Россиянинг обрўли клубларидан бири. Лекин биз РПЛдан тушадиган таклифларни кўриб чиқмаймиз. Йигитчанинг мақсади - ўз кучини Европада синаб кўриш. Шундай таклифлар ҳам бор. Лекин биз «Ростов»ни ҳурмат қиламиз. Футболчини қачон сотишни улар ҳал қилишади».

Шомуродовнинг кетишига Валерий Карпин ҳам қарши. Айни пайтда Элдор унинг учун асосий фигуралардан бирига айланган. Карпин уни Миранчук ва Азмун билан бирга лиганинг энг иқтидорли футболчиларидан бири деб атади. «Мен учун Шомуродов 50 миллион евро туради. Мавсум давомида 20та гол уриш учун унда имкониятлар етарли. Айни пайтда ишлари юришмоқда ва шундай ишлашда давом этиши керак», - деб қўшиб қўйди.

Шубҳасиз, Карпин Шомуродовга таъсир ўтказмоқда. Футболчининг ўзи ҳам ривожланишида Карпиннинг қўли борлигини таъкидламоқда. «Мураббий сифатида Карпин - топ. Тактик ва жисмоний тайёргарликлар борасида, айниқса. Унинг қўл остида ҳимоя ва қарши ҳужумларда яхши ишлайдиган бўлдим. Назарий машғулотларда у баъзан топ-клубларнинг қандай ўйнашлари, ҳимоядан қандай чиқишлари ва қай тарзда ҳужум қилишларини кўрсатиб беради. Бу эса бизга ёрдам бермоқда», - дейди Шомуродов.

Карпин билан ишлагунга қадар Шомуродов бошқача футболчи эди. Биринчидан, у асосан ҳужумнинг қанотида ўйнарди. Иккинчидан, Кучук даврида Шомуродов деярли ўйнамаган ва РПЛга мослашиши узоқ давом этганди. Бунга қадар у Ўзбекистон чемпионатида «Бунёдкор»нинг юлдузи эди. У ерда осон бўлган: очиқ футбол, рақиблар жипс ҳолда кутиб олишмайди. Шомуродов дастлабки вақтларда янги лигада қийналганини айтиб ўтганди.

Ўтган мавсумда Шомуродов Сигурдарсоннинг ортида «ўтирарди» ва асосан захирадан майдонга тушириларди. Карпин ўшандаёқ Элдорда ҳақиқий ҳужумчини кўрди, кучли томонларини билди. У футболчини сўнгги дақиқаларда аниқ мақсад билан туширарди - рақиб зонасида босим ўтказиши учун. Иккинчи бўлим охирларида Шомуродовнинг голлари эвазига «Ростов» «Спартак»ни мағлуб этиб, «Краснодар» билан дуранг ўйнаганди.

Бу ёзда Карпин Сигурдарсонни захирага ўтқазиб қўйди ва Кьяртанссонни «Рубин»га бериб юборди. Шомуродов асосий футболчига айланди. Унинг муҳимлиги туфайли жамоа беш йиллик янги шартнома имзолади.

Умуман олганда, футболчининг ривожланишида Карпиндан бошқаларнинг ҳам ҳиссаси бор. Шомуродовга яқин бўлган инсонларнинг «Гол»­га маълум қилишларича, унинг «ярқираши»да Ўзбекистон терма жамоасининг қишдаги ўйинлари ҳам сабаб бўлган. У терма жамоаси сафида 4та ўйинда 4та гол урганди. Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон термасининг қишдаги ўйинлари ёрдам берди. Айнан ўшандан сўнг Шомуродов «Ростов»нинг асосий таркибида тушиб, гол ура бошлади.

Шомуродов тўпсиз кўп меҳнат қилади. Ортга тез-тез қайтади, ҳимояда жамоадошларига ёрдам беради. Бу ўйинлари орқали у тўпсиз ишлашга уста бўлган Роберто Фирминони эслатиб юборади. Тўғри, Элдор ақлли прессингни ҳам ўзлаштириши керак.

Ҳужумчининг тўпсиз ишлашини рақамларда кўрсатиб бўлмайди. Аммо эътиборимизни бошқа бир статистика тортди. Шомуродов Марков ва Шейдаев билан ҳужумчилар орасида тўпни олиб қўйиш борасида етакчилик қилмоқда.

Унинг яна иккита эътиборга олинмайдиган жиҳатлари бор: Шомуродов доимий равишда рақиб ҳимоячиларидан бирини ортидан эргаштириб юради. Бу билан вингерлар учун эркинлик яратади. Худди плеймейкерлар сингари рақибнинг чизиқлари орасида тўпни яхши қабул қилади.

Ўтган мавсумда Шомуродов асосан «симёғоч» вазифасини бажарганди. Яъни, юқоридан келган тўплар учун кураш олиб борган ва жамоадошларига ташлаб берган. Бу йил эса роли ўзгарди. Эндиликда тўпни оёғида кўпроқ олиб юрмоқда. Қўшимчасига у яхшироқ очилиб, вазиятлардан фойдаланмоқда. Тинимсиз гол ураётгани буни тасдиқлайди. Шомуродовнинг очилишни қай тарзда ўзлаштирганини «Урал»га урган голидан кўриб олса бўлади. Тўп жарима майдонига узатилаётганида Шомуродов тўпга ўзини созлаб, югуриш траекториясини ўзгартирди. Бу ҳақиқий жарима майдонидаги ҳужумчининг вазифасидир. Икарди ва Игуаин каби футболчилар бунга яққол мисол бўлишади. Бундай вазиятларда ҳимоячилар ўрниларида қотиб қолишади. Чунки ҳужумчининг қай тарафга югураётганини англамай қолишади. Жорий мавсумда у бешта голининг иккитасини айнан шундай тарзда урди. Яна иккита голини эса жарима майдонида рақибни алдаб ўтиб урди. Умуман олганда, Шомуродов - собиқ вингер. У рақибни дриблинг туфайли алдаб ўта олади.

Шомуродовни ажойиб ҳужумчига айлантирга энг муҳим жиҳати - у жамоадошларига вазиятларни юзага келтириб беради. Жорий мавсумда Элдор битта голга ассистентлик қилди. Аммо «Ростов» урган 12та голдан 9тасида иштирок этди. Айни пайтда у РПЛда паслар бўйича ва жамоадошларига вазиятлар яратиб бериш борасида энг яхши ҳужумчи бўлиб турибди.

Шомуродов Торрес ва Дрогбани ўзининг кумирлари деб атайди. Торресга у тезлик борасида ўхшаб кетади. Дрогба билан эса ўхшаш жиҳатлари кўп: рақиблар учун ёқимсиз, шерикларига вазиятлар яратиб беради ва тўпсиз яхши ишлайди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz