Қайднома

Қидирув

Кўришгунча, Торрес

Кўришгунча, Торрес

  31.08.2019 03:14
  0
  462
Кўришгунча, Торрес

Яқин ўтмишнинг энг машҳур ва энг севимли ҳужумчиларидан бири - испаниялик голеадор Фернандо Торрес ниҳоят, бутсаларини михга илишга қарор қилди. Шу муносабат билан Испания футболини уч афсонаси бир жойга тўпланди. Аниқроғи, Япониянинг Тосу шаҳрида мухлислар «қизил фурия»нинг 2008-2012 йиллардаги етакчилари қандай ҳаракат қилишларига гувоҳ бўлишди. Маълумки, тақдир тақозоси билан ўз вақтида бутун дунёни титратган уч испан - Давид Вилья, Андрес Иньеста ва Фернандо Торреслар фаолиятларининг охирги дамларини Японияда ўтказишга қарор қилишди. Ажойиб кунларнинг бирида эса Торреснинг «Тосу» клуби Иньеста ва Вильяси бор «Виссел Кобе»га қарши майдонга тушди. Айнан шу учрашувдан Торрес фаолиятини якунлашга қарор қилди.

 

- Ўзимнинг хайрлашув учрашувимни ўтказиш учун мос вақтни истадим ва шу кун - энг маъқули, деган қарорга келдим. Қизиғи шундаки, севимли машғулотим билан энг яқин дўстларим гувоҳлигида хайрлашишни ўйламагандим, -  дейди Фернандо Торрес. Эътиборлиси, Торреснинг хайрлашув ўйинига Японияда ҳам муносиб тайёргарлик кўрилди. Футболчи фаолият олиб борган «Саган Тосу»нинг техник ҳомийси кўкрагида F9T белгиси мавжуд махсус футболкалар тайёрлади. Мазкур либос «Атлетико»нинг 1985 йилги эпикировкаси кўринишида яратилган. Зеро Фернандо айнан ўша йилдаги либослар энг чиройли бўлган деб ҳисоблайди.

Афсуски, Давид Вилья бу учрашувда иштирок этмади. Унинг учун ҳам Андрес Иньеста ҳаммасини бажарди. Пенальтини аниқ амалга оширди, ажойиб пас берди. Тўғри, биринчи бўлимнинг ўзидаёқ Андрес жароҳат олиб майдонни тарк этди. «Саган Тосу» эса 1:6 ҳисобида мағлубиятга учради. Жамоанинг ягона голи яна бир машҳур футболчи - Томас Вермален ҳисобига ёзилди. Табиийки, Фернандо қониқарсиз натижадан унчалик хафа бўлмади. Чунончи, ўйиндан сўнг уни Вилья ва Иньеста дўстона маҳкам қучиб қўйишди. Бу ҳали ҳаммаси эмас: Андес Иньеста таъсирчан очиқ хати билан терма жамоадаги дўстини катта футболдан кузатиб қўйди:

 - Бу ажойиб ва айни вақтда, ғалати ҳолат. Профессионал мақомдаги ўйинларим унчалик кўп қолмади. Аммо сени кузатиб қўйиш учун иккимиз ҳам шу ердамиз. Тақдир хайр­лашишимиз учун бизни жаҳоннинг бир бурчагига олиб келиб қўйгани эса ажабланарли. Англияда билан ўтган Евро U-16да жароҳат олиб уйга кетганимни яхши эслайман. Гол уриб, уни менга бағишлаганингни телевизор орқали кўриб, кўзларимга ёш келган. Футбол бизни 20 йилдан бери бирлаштириб турибди. Лекин сен ҳамиша Эль Нино (испанча «болакай» маъносини билдиради) бўлиб қолаверасан. ЖЧ-U17даги муваффақиятсизлик ҳам ёдимда. Ўшанда менинг либосимга «Қачонлардир сен билан ҳақиқий жаҳон чемпионатида ғалаба қозонамиз» деб ёзгандинг. Испанияга боргач, ўша либосни сенга кўрсатаман. Сен - хазинасан. Ваҳоланки, дўст­лигимиздан каттароқ бойлик йўқ. Биз бўлингандик, лекин ҳамиша бирга бўлганмиз. Дўстлигимиз кийим-кечак ва клублардан юқорироқ бўлган. Сен Мадридда, мен Барселонада яшардик. Аммо ҳеч қачон душман бўлмаганмиз. Шунчаки, турли либослардаги дўстлар эдик. Бу ажойиб саёҳат бўлди. Сен билан сайёранинг ҳар бир бурчагида бўлдик. Мана қара, бугун Тосуда футбол ўйнаяпмиз. Сен бу ерда мен ва Давид Вилья билан учрашасан. Кейин уйингга борасан ва оиланг бағрига отиласан. Бу лаҳзалардан роҳатлан ва бахтли бўл. Ҳаммаси қизиқ. Фернандо, сен ҳали кетганинг йўқ, лекин ҳозирданоқ сени соғина бошладим.

Чиндан ҳам, ажойиб ва таъсирчан сўзлар. Тўғри, Торреснинг Япониядаги саргузаштини эсда қоларли деб бўлмайди. Дейлик, у илк мавсумда учта гол урди. Жамоаси эса қуйидан бешинчи ўринни олди. Иккинчи мавсум ҳам шунга ўхшаш - «Саган» лигада қолиш учун кураш олиб бормоқда. Торрес эса иккита гол урди.

Goalпорталининг хабар беришича, «Саган»нинг олдинги бош мураббийи  Массимо Фиккаденти Фернандо Торресни майдонга туширишни истамагани учун лавозимидан четлатилган. Кейинроқ Фиккадендининг ўрнини бошқа бир мураббий - Луис Каррерас эгаллади. Аммо унинг қўли остида ҳам Фернандо тўпурарлик қобилиятини тўлиқ намойиш қила олмади. Аслида футболчи Японияга мамлакат чемпионати савиясини ошириш учун келганини айтганди. У танлов вақтида ҳаттоки Европа клубларидан бўлган таклифларни ўрганиб ҳам чиқмаганди. Шубҳасиз, Осиёда уни ҳамиша ҳурмат қилишади. Аммо афсуски, Торреснинг Япониядаги фаолияти ўзи кутгандек бўлмади.

- Бунга қадар бирор марта ҳам лигада қолиш учун курашмагандим. Ҳар доим совринлар учун курашадиган клублар сафида ўйнаганман - деганди ўкинч билан Торрес. Бу эса айни ҳақиқат. Чунки биз Торрес мисолида мудом ғалабани ўз томонига оғдира оладиган сермаҳсул ҳужумчини кўришга одатланганмиз. Ким билади дейсиз, эҳтимол яқин орада мураббий-Торрес яна совринлар учун курашни бошлар?.. Ҳозирча эса собиқ ҳужумчига иккитагина сўз айтамиз, холос: «Кўришгунча, Фернандо...»

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz