Қайднома

Қидирув

Милан Митрович: «Бақоев футболдан завқ олишни ўргатди»

Милан Митрович: «Бақоев футболдан завқ олишни ўргатди»

  31.08.2019 09:17
  0
  742
Милан Митрович: «Бақоев футболдан завқ олишни ўргатди»

Сўнгги пайтларда ажойиб ўйин намойиш этаётган, мухлис ва мутахассислар эътиборини тортаётган жамоалардан бири - бу Жиззахнинг «Сўғдиёна» клубидир. Ҳақиқатан ҳам, Улуғбек Бақоев мураббийлик лавозимига тайинлангач, ўйин билан бир қаторда натижалар ҳам ижобий томонга ўзгарди. «Бўрилар» ҳар бир турда ўз рақибларига муносиб кураш тақдим этишмоқда, ҳатто кучли жамоаларни очкосиз қолдиришни уддалашяпти. Амалдаги чемпион «Локомотив» мағлуб этилди, Ўзбекистон кубогида «қалдирғочлар» билан тенгма-тенг баҳс олиб боришди. Албатта, эришилаётган муваффақиятларда барча футболчилар қатори дарвозабон Милан Митровичнинг ҳам ҳиссаси бор. «Бунёдкор»га қарши кечган мамлакат кубоги чорак финал учрашувидан сўнг айнан «Сўғдиёна» легионерини суҳбатга тортдик.

 

- Милан, кубок учрашувида жамоага ғалабани сақлаб қолиш учун нима етишмади?

- Тезкор гол урдик. Албатта, бу ишимизни бироз енгиллаштирди. Дейлик, дастлабки бўлим ўрталарига қадар учрашув тизгинини ўз қўлимизда ушлаб тура олдик. Аммо кейинчалик хотиржамликка берилишимиз оқибатида рақиб томонидан жазоландик. «Бунёдкор» футбол 90 дақиқа давом этишини исботлаб берди. Агарда ўйин бошидаги ҳолатни сақлаб қолганимизда, сиз билан ҳозир ғалабани муҳокама қилаётган бўлишимиз мумкин эди. Менимча, ютуқни бой беришимизга диққат-эътиборимизни қочирганимиз сабаб бўлди. Иккинчи бўлимда рақиб тўп киритган вазиятларда бироз дадилроқ бўлганимизда, ўйин биз хоҳлаган сценарий остида ўтарди.

- Учрашув бош ҳаками Азиз Асимов шу куни тушунарсиз қарорлари билан икки жамоа футболчилари ва мураббийларининг асабийлашишига сабабчи бўлди. Сизда ҳам ҳакамларга нисбатан эътирозлар борми?

- Ҳакамларга эътироз билдирилгани билан фойдаси йўқ. Уларнинг ишини баҳолайдиган, муҳокама қиладиган махсус қўмита бор. Биз фақат футбол ўйнашимиз, ортиқча нарсаларга эътибор бермаслигимиз лозим.

- Дастлабки турлардаги «Бунёдкор» билан ҳозиргисининг фарқини сездингизми?

- Деярли ҳеч қандай тафовут сезмадим, очиғи. Янги футболчилар келганидан хабардорман, бироқ биз ҳам сафимизни тажрибали ўйинчилар эвазига бойитиб олдик. Рақибимиз иккинчи даврада бироз бошқачароқ ўйин услубида тўп сураётганини, ҳар қандай ҳолатда сюрприз тайёрлашини билган ҳолатда мураббийимиз тезкор гол уриш кераклигини уқтирганди. «Бунёдкор»да ёш, ўта шижоатли футболчилар йиғилган. Деярли барчаси бир академия тарбияланувчилари саналгани учун бир-бирларини жуда яхши тушунишади, иккинчи бўлимда ҳам тактиканинг тезкор ўзгаришига тайёр туришганди. Умуман, ушбу жамоанинг айрим учрашувларда ноодатий тарзда тўп сураётганини ҳисобга олмаганда, бошқа ўзгаришларни пайқамадим.

- Кубок беллашувида гувоҳ бўлдикки, «қалдирғочлар» кўп ҳолларда сиз қўриқлаётган дарвозани узоқдан «ўққа тутиш»га уринишди. Айтинг-чи, бу каби ҳолатларда Суперлига жамоаларидаги яна қайси футболчилардан хавф кутиш мумкин?

- Ҳа, бундай ўйинчилар етарлича топилади. Славко Лукич, Азиз Ғаниев, Шароф Муҳитдинов кабилар исталган вақтда кутилмаган зарба билан рақиб дарвозасини ишғол қилишади. Дарвозабонларга бундай вазиятларда ўта қийин бўлади. Улар йўллайдиган зарбалар оддий бўлмайди, тўп траекторияси ҳам ўзгариб кетади, натижада унинг йўналишини топа олмайсиз. Юқорида келтирилган футболчилар бизга шу каби ажойиб голларни уришган. Қўшимча сифатида айтишим мумкинки, яхшигина дриблинг, тезкорлик ва индивидуал ҳаракатлар эвазига рақибини мураккаб аҳволга соладиган ўйинчилар ҳам етарли Суперлигада. Мисол учун, бугунги кунда «Пахтакор» сафида ўйнаётган Драган Черан ва Жалолиддин Машарипов киперлар учун ноқулай футболчилар ҳисобланишади.

- Қизиқ, мавсум аввалида ўртамиёналар қаторида юрган жамоа, яъни «Сўғдиёна» эндиликда юқори ўринлар учун курашяпти. Бундай ўсишнинг сабаби нимада?

- Дарҳақиқат, жамоамиз дастлабки турларда турнир жадвалининг пастки поғоналарида жойлашган эди. Аммо Улуғбек Бақоев келганидан сўнг жамоада кўп нарсалар ўзгариб кетди. Тактикамиздан тортиб, ҳар бир ўйинга тайёргарлик жараёни ҳам янгиланди. Гапнинг очиғи, Бақоев келганида руҳий ҳолатимизни яхши деб бўлмасди, йигитларда иштиёқ сўнганди. Ушбу мутахассис илк келган куниёқ йигитларга футбол ҳақиқий эркаклар ўйини эканлиги, ундан завқ олиб тўп суришимиз лозимлигини таъкидлади. Кўряпсиз, энди биз Суперлига жадвалининг юқори поғоналарида юрибмиз.

- «Дарвозабон ярим жамоа» деган гап бор. Мағлубиятли ўйинлардан кейин аксарият ҳолларда айбни посбонга ағдаришади. Сизнингча, бу тўғрими?

- Ҳақиқатан ҳам, бой берилган ўйинлардан кейин, айниқса, мухлислар шу заҳоти айбдор шахсни излашга тушади ва бу кўпинча посбонлар бўлади. Дарвоза чизиғи майдондаги энг ўзига хос ва қийин позициядир. Кипер 90 дақиқа мувозанатни сақлаб туриши учун ўйиннинг дастлабки сонияларидан то ҳакамнинг финал ҳуштаги чалингунча ҳушёр бўлиши талаб этилади. Майдонда ҳар бир ўйинчининг ёнида шериги бўлади, агар хато қилса, жамоадоши тузатиб кетади. Аммо дарвозабоннинг ортида ҳеч ким бўлмайди. Аслида, ғалабани ҳам, мағлубиятни ҳам бутун жамоа қабул қилади ва буни тушуниш лозим.

- «Сўғдиёна» маълум муддат инқироз кўчасига кириб қолганди. Оқибатда, жамоа кетма-кет мағлубиятларга учради. Охир-оқибат мураббий алмашди. Хўш, аслида беқарорлик нимадан бошланганди?

- Тўғри айтдингиз. Аввалига барча ишларимиз рисоладагидек кетаётганди. Қишда Туркияда ўқув-йиғин машғулотлари олиб борилди. Илк турда ажойиб ғалабани тантана қилдик. Кейин эса қарийб йигирма кунлик танаффус юзага келди. Оралиқдаги узилиш зараримизга ишлади, шекилли, ҳар ҳолда, жамоамизнинг аксарият футболчилари жисмоний формани йўқотиб қўйишди. Кейин «Насаф», сўнгра «Сурхон» билан учрашувларда натижа кўнгилдагидек чиқмади. Мураббий Сергей Лушан кетаётганда аҳволимизга ҳавас қилиб бўлмасди. Хайриятки, Улуғбек Бақоев шундай мураккаб жараёнда бизга керакли мотивацияни бера олди.

- «Локомотив»га қарши ўйинда бир қатор ажойиб сейвларингиз билан жамоангизни муқаррар голлардан қутқариб қолдингиз. Рақиб сафида маҳоратли футболчилар кўплигини инобатга олсак, аниқ қайси ўйинчидан хавф кутгандингиз?

- Амалдаги чемпион билан бир ой ичида иккита ўйин ўтказдик. Бу каби юқори даражадаги рақибга қарши қандай тўп суриш кераклигини мураббийимиз машғулотлар жараёнида тушунтириб ўтди. Тошкентда кечган баҳсда дарвозамни яхши қўриқлаганимга қарамасдан, сўнгги сонияларда тўп ўтказиб юбордим. Жиззахда эса бизга бироз енгил бўлганди, боиси, рақибнинг кучли ва кучсиз томонлари тўлиқ ўрганиб чиқилганди, айниқса, қайси ўйинчидан қандай хавф кутиш мумкинлиги борасида кўрсатмалар олгандик. Ўйиндан олдин одатдагидек тайёрландим, рақиб иккита тенг кучли таркибга эгалиги сабабли ҳар бир футболчисини синчковлик билан ўрганиб чиқдим.

- Келинг, суҳбатимизни Сербия футболи мавзусида давом эттирсак.

- Менинг юртимда футбол биринчи рақамли спорт тури ҳисобланади. Ўз вақтида «Црвена Звезда»нинг УЕФА Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққанини кўпчилик яхши билади. Мана, терма жамоамиз ҳам маълум муддатли танаффусдан кейин яна мундиалда иштирок этди. Бу албатта, мамлакатда футболга бўлган эътибор юқори эканлигидан далолат беради. Қарийб дунёнинг барча ҳудудларида сербиялик футболчиларни учратиш мумкин. Бунинг ягона сабаби - бизда селекция ишлари яхши йўлга қўйилган. Академия ва мактабларда болалар 5 ёшдан миллионлар ўйинига меҳр қўяди. Ва мавсум якунида 100га яқин иқтидорли футболчилар янги даражага кўтариладилар. Сербия, Словакия, Хорватияда жуда кучли жамоалар жам бўлган. «Динамо Загреб», «Слован» кабилар шулар жумласидандир. Уларнинг таъсирида миллий терма жамоа ҳам кучайиб боради.

- Дарҳақиқат, Сербия терма жамоаси жаҳон чемпионатида гуруҳдан чиқишга яқин келганди...

- Жудаям кучли квартетдан жой олдик. Ҳамюртларим муносиб иштирок этишди, деб ўйлайман. Аммо уларга ачинишдан бошқа чорамиз йўқ. Ҳали олдинда катта мусобақалар кўп. Европа чемпионати ва жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида термамизга ишонч билдирамиз.

- «Реал Мадрид»нинг янги аъзоси Лука Йович гранд жамоа сафида ўз ўрнини топиб кета олармикан?

- Ҳа, Лука серб миллатига мансуб. Болалигидан иқтидорини намоён этиб, мамлакатимизнинг йирик клубларидан бири - «Ред Стар» жамоасида порлаган. Сўнг уни агентлар «Бенфика»га таклиф қилишди. Афсуски, у ерда ўзини кўрсата олмади. Ахир 17-18 ёшли боладан нима ҳам кутиш мумкин? Охир-оқибат у Франкфуртга йўл олди ва Бундеслигада юқори савиядаги ҳужумчи эканлигини исботлади. Менимча, Зидан унга 90 дақиқа имкон бермайди. Бироқ Йович вақт ўтиши билан «Реал» услубига мослашиб боришига ишонаман.

- Лука серб футболининг янги юлдузими?

- Менимча, шундай. У ўз устида ишлашдан тўхтамаса, янада юқори чўққиларни забт этишга қодир. Лука каби ёшларнинг етишиб чиқаётгани мамлакат футболининг келажаги порлоқ эканидан далолат.

- Милан, самимий суҳбат учун ташаккур. Мухлисларга айтадиган сўзингиз бўлса, марҳамат.

- Эътибор қаратиб, интервьюга таклиф қилганингиз учун сизга ҳам раҳмат. Ишқибозлардан ҳар доим жамоамизни қўллаб-қувватлашларини сўраб қоламан. Уларсиз футбол ўз жозибасини йўқотиши турган гап.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz