Қайднома

Қидирув

Қилдан қийиқ қидириб ёки Рунининг антиқа қарори ҳақида

Қилдан қийиқ қидириб ёки Рунининг антиқа қарори ҳақида

  01.09.2019 03:40
  0
  462
Қилдан қийиқ қидириб ёки Рунининг антиқа қарори ҳақида

Замонавий футболнинг ёрқин ҳужумчиларидан бири бўлган Уэйн Руни кутилмаганда «Ди Си Юнайтед»дан воз кечиб, Чемпионшип вакили - «Дерби Каунти»да тўп суришга қарор қилди. Шунингдек, у янги жамоада қайси рақам остида майдонга тушишини ҳам эълон қилди ва Англиядаги жиддий шов-шувнинг сабабчисига айланди. Гап шундаки, Руни 32 рақамини танлаган ва у «Дерби Каунти»нинг ҳамкори бўлмиш 32Red букмекерлик компанияси номига мос тушганди. Мана шу ўхшашлик учун Уэйн букмекерлик муассасасини инсофсизларча овоза қилишда айбланмоқда.

Мазкур айблов бўйича суриштирув ишларини АФА янги йилнинг январида, трансфер амалга оширилганидан кейин бошлайди, унгача «Ди Си Юнайтед» сардори АҚШ пойтахтидаги фаолиятини давом эттиради.

Ҳа, Англия терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар уммон ортидаги 1,5 йиллик сермаҳсул иштирокдан кейин 2-дивизион вакили либосида ўйновчи мураббий мақомида майдонга тушади. Трансфер борасида томонлар келишувга эришишган. Ҳужумчининг янги рақамига қайтсак, Руни 32 рақами билан шу пайтгача тўп сурган эмас. Бунга ҳеч ким эътибор бермаслиги ҳам мумкин эди. Бироқ мазкур трансферга «Дерби Каунти»нинг ҳамкори - 32Red компанияси бош-қош бўлганди. Бундан ташқари, букмекерлар футболчи билан шартнома имзолаганлар. Унга кўра, Уэйн Англияда 32Red элчиси вазифасини ҳам адо этади.

Мана шу келишув Англияда ўзига хос реклама айёрлиги сифатида баҳоланмоқда. У букмекерлик қимор бизнесига оид мавжуд қоидаларга зид деб баҳоланмоқда. Клублар ҳомийларига футболчилар либосларида ҳажми 100 см. кв.дан катта бўлмаган ёзувлар рухсат этилади. Руни футболкасидаги улкан рақам эса бошқа логотиплардан яққол ажралиб туради ва ҳужумчи қайси фирмани овоза қилаётганига ишора бўлади.

Уэйн Руни ўз юртида Британиянинг собиқ спорт вазири Ричард Каборн томонидан танқид қилинди. Букмекерлик конторалари рекламасига оид мувофиқлаштирувчи ҳужжатларга 2005 йилда шу вазир имзо чекканди. Каборн ўз ватандошини юз бериши мумкин бўлган нохуш ҳолатлардан огоҳлантирди: «Бу келишувни ўта ақлли деб бўлмайди. Умуман, уни одамийликдан узоқроқ дейиш мумкин. Рунида ҳам фарзандлар бор, бу рақам энг яхши ечим эмаслигини тушуниши лозим. Ҳозир букмекерлик компаниялари ўзларини ўзлари овоза қилишмоқда. Рунининг ҳаракати футбол мутасаддиларига ҳам, ҳукумат раҳбарларига ҳам ёқмайди». Букмекерлик компаниялари рекламаларини футбол анжомларидан бутунлай олиб ташлаш таклифини олға сураётган амалдаги спорт вазири Розена Эллин-Хан Рунининг рақами хусусида қуйидагича фикр билдирди: «Бунга ўхшаш алоқаларни назорат қилишнинг иложи бўлмай қолди. Футболчилар номлари қимор ўйинлари номига айланмоқда. Уэйн Рунининг «Дерби Каунти»га ўтишига шароит яратган ҳомий муаммони янада мушкуллаштирди».

Футболчининг ўзи гап-сўзларга ортиқча эътибор бермаяпти: «Очиғини айтганда, футболкамдаги рақамнинг мен учун аҳамияти йўқ. Фаолиятим давомида турли рақамлар - 18, 8, 9, 10, 23дан фойдаланганман. Энди 32ни танладим. Мен учун Англияга қайтиб, янги жамоамга ёрдам бериш муҳимроқ».

«Дерби Каунти» президенти Мел Моррис ҳужумчининг фикрини маъқуллаб, Руни жамоанинг ўйин савияси ва тижорий имкониятларини оширишини таъкидлади. Айтиш жоизки, АПЛ вакилларининг ярми, Чемпионшипда тўп сурадиган 24 жамоанинг 14тасида букмекерлик компаниялари бош ҳомий вазифасини бажаришмоқда. Матбуотда таъкидланишича, 32 рақамини танлаган Руни амалдаги қонунларни бузган-бузмаганлигини АФА текшириб кўриш ниятида. Бироқ бу жараён январь ойида, ҳужумчи можарога сабаб бўлган рақам остида майдонга тушганидан кейин бошланиши мумкин. Бунгача ассоциация воқеалар ривожини кузатиш билан кифояланишга мажбур.

Рунининг «Ди Си Юнайтед»дан «Дерби Каунти»га ўтиши 6 август куни маълум бўлганди. Табиийки, хабар кўпчилик футбол мухлислари учун чинакам сюрприз бўлди. Боиси, Англиянинг етакчи тўпурари уммон ортида ҳам сермаҳсул ўйин кўрсатаётган, пойтахт клубининг сардори эди. Уэйн 1 йил ичида 43 марта майдонга тушиб, 23та гол ва 14та самарали узатмани амалга оширган, шедевр мақомидаги голлари европалик мухлислар эътирофига сазовор бўлганди.

Аммо ёзда Британия ОАВда Рунилар оиласи «сеҳрли диёр»нинг қоқ юрагида ўзини бахтли ҳис эта олмаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Кейинчалик футбол юлдузининг ватанга қайтиш режаси маълум бўлди. Шундан кейин шу пайтгача Рунига умуман нотаниш бўлган «Дерби Каунти»нинг қизиқиши хусусидаги гап-сўзлар юзага келди. МЛС юлдузининг Чемпионшипга қайтиши спорт нуқтаи назаридан ортга қайтишни англатсада, молиявий жиҳатдан Руни сезиларли ўсишга эришади. Келишувга биноан, Руни Англияда ҳафтасига 100 минг фунт мояна олади. Бу АҚШдаги маошидан анча кўп деганидир. Чемпионшипдаги ўртача иш ҳақи эса 5 бараварга озроқ.

АҚШдаги самарали фаолиятнинг барвақт якунланишига асосий сабаблардан яна бири - мураббийлик соҳасига босқичма-босқич ўтиш имкониятидир. Уэйн «Дерби»да тўп суриш билан биргаликда бош мураббий Филип Коку штабида фаолиятини бошлайди. Шу тариқа ҳужумчи янги соҳада қимматли тажрибага эга бўлиб боради. Тўғри, Руни янги жамоадаги дебютини ярим йилдан кейин нишонлайди. Бунгача у МЛСда мавсумни якунлайди ва «Дерби Каунти» билан 1,5 йиллик шартнома мажбуриятларини бажаришга киришади. Дарвоқе, томонлар розилиги билан бу муддат яна 1 йилга узайтирилиши мумкин.

У.Умаров тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz