Қайднома

Қидирув

Эътироф:Совуқ серияга нуқта!

Эътироф:Совуқ серияга нуқта!

  01.09.2019 09:54
  0
  367
Эътироф:Совуқ серияга нуқта!

«Астон Вилла» сардори АПЛда ўзи иштирок этган кетма-кет 20та ўйинда мағлубият аламига чўмган футболчи сифатида чемпионат антирекордчисига айланган эди. Ўтган жума оқшоми бу нохуш серия ниҳоят, хотима топди. Жек Грилиш - бугунги «Астон Вилла»нинг бош юлдузи. У охирги 2та трансферлар бозори пайти АПЛ етакчиларидан таклифлар олган бўлсада, Бирмингем клубига содиқ қолди. Грилишнинг орзуси - Англия Премьер-лигасида айнан «Вилла» билан шов-шув кўтариш...

«Астон Вилла» Чемпионшипдаги 3 мавсумдан кейин АПЛга қайтганида, Грилиш мислсиз таъсирли гаплари билан мухлисларни қаттиқ ҳаяжонга солганди: «Очиғи, ҳозир тилимни айлантиролмаяпман. АПЛ чиқиш мен учун ҳаёт мазмунидир. Жуда оғир ўйин ўтказдик. Клубимиз қаерда ўйнаши кераклигини яхши биламиз. «Вилла» лигадан тушиб кетгач, қолиш борасида заррача шубҳаланмагандим. Мана, яна юқорига қайтяпмиз. Бир умрлик жамоамни Премьер-лига сари бошлаганимдан бахтиёрман».

Жек Грилиш ва «Астон Вилла» ҳамкорлиги - бу бутун бир тарих. Энди энг ёрқин фактларга эътибор қаратамиз:

1. Жек яқинда жисмоний имконияти чекланган ва янги ногиронлар аравачасига эҳтиёж сезган клуб мухлисларидан бирига 8,5 минг фунт миқдорида хайрия қилди.

2. «Бирмингем»га қарши кечган ва «Вилла»нинг ғалабаси билан тугаган ўйинда рақиб жамоа мухлиси майдонга югуриб тушиб, Грилишни урган эди. Футболчи ўйиндан кейин вазиятни хотиржамлик билан изоҳлади: «Омадим келди, хайриятки, унинг қўлида қурол йўқ экан. Яхшиямки, барчаси шундай ҳолатларда эмас, майдонда - бевосита ўйинда ҳал этилади».

3. Грилиш ўтган ёз «Тоттенхэм»дан аниқ ва манфаатли таклиф олган бўлсада, «Вилла» билан шартномасини узайтирганди. «Жонажон клубимни ҳеч нарса билан алмаштирмайман. Эсимда, болалигимда хонамнинг деворлари «Астон Вилла» афсоналари суратлари билан лиқ тўлган эди. Жамоа менинг ёрдамимга муҳтож бўлиб турган пайт ўзимни бошқа томонга уришим сира ярашмайди...», - дея изоҳ берганди Грилиш ўз қарорига.

4. Жек АПЛга қайтишини ҳаётдан кўз юмган бувисига бағишлади.

Қарангки, АПЛдаги битта омадсиз серия шундай футболчи билан боғлиқ. Грилиш мамлакат элит дивизионидаги дебютини мавсум-2013|2014да нишонлаганди. У шундан кейин «Эвертон»га қарши кечган баҳсгача АПЛ доирасида яна 19 марта майдонга тушди. Хуллас, «Вилла» Жек иштирокидаги 20та ўйинда ҳам мағлубиятга учраганди. Мана, бирмингемликлар «Эвертон»­ни 2:0 ҳисобида енгишди ва сардорнинг хунук серияси 21-учрашувда тўхтади. Бошқача айтганда, Жек Грилиш 1567 кун бадалига АПЛда илк марта ғалаба нашидасини сурди.

Айни пайт ижтимоий тармоқларда Грилишга боғлиқ ҳолат кенг муҳокама қилинмоқда. Турли муносабатлар орасида ҳазилга йўғрилганлари ҳам бор:

- Жек Грилиш АПЛда қаторасига 20та ўйинни бой берди, кейин эса «Эвертон» келди...

- «Астон Вилла» АПЛда охирги марта ғалаба қозонганида, Жек Грилиш ҳали болакай эди...

Ж.Бобохонов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz