Қайднома

Қидирув

Зидан гвардияси жангга тайёрми?

Зидан гвардияси жангга тайёрми?

  01.09.2019 22:44
  0
  385
Зидан гвардияси жангга тайёрми?

Мадриднинг «Реал»и ҳар трансфер ойнаси очилганда топ харидорлар қаторида тилга олинади. Маркетингни яхши тушунган Перес бобонинг 2000 йилда президентлик курсисига келиши ҳамда «Реал»­ни молиявий инқироздан олиб чиққанини кўплар ҳали унутишга улгурмаган, назаримда. Шу аснода, мутасадди раҳбар «Янги порлаётган юлдуз сотилади», деган жойда ҳозиру нозир бўлган ва балки шу сабаб кўпинча аслида 30 миллионга баҳоланадиган футболчининг нархи бирдан юқорилаб кетади. Энг салбий жиҳати шуки, «Реал» ОАВ томонидан шунчалар кўп бора тилга олинадики, ҳаттоки, «Галактикос»га нейтрал қарайдиганлар, бора-бора уни хушламай қўйишади. Биргина «Неймар трансфери»ни олайлик. Ўқиганингиз ҳамоно «оббо» деган бўлсангиз ажаб эмас!

Гап бу ҳақда эмас. Гап Зиданнинг «Реал»га қайтгани ва трансферлар борасида тўлиқ назоратни қўлга олишида. ОАВда берилган маълумотлар орасида Зиданнинг мураббийлик постига қайтишида энг қатъий талаб қилган шартларидан бири - бу трансферлар назорати. Хабарингиз бор, Перес юлдузларни сотиб олишни ёқтиради, лекин бу кўпинча мураббийларга катта муаммо келтириб чиқарган. Бир қатор топ юлдузлар, аммо уларни 11таликка тўғри жойлаштиришнинг кўпинча иложи бўлмаган. Бу санъат шу пайтгача фақатгина «Мистер Картошка» - Висенте Дель Боскенинг қўлидан келган, холос.

Шу ўринда бир қатор саволлар туғилади: Зиданнинг «гвардия»си янги жангга тайёрми?

Мавсумга тайёргарлик чоғида айнан «Атлетико Мадрид»дан қабул қилинган мағлубият кўпларни хавотирга солди. Рақиб Мадриднинг бошқа жамоаси экани бир томон, ҳисоб эса бошқа томон - 7:3. «Тамом, Зидан кетади», «Реал бу йил ҳеч нима ютмайди», «Азар Роналду эмас», «Зидан тасодифан 2,5 йилда 9та кубок олган» ва ҳоказо.

Янги ёки футбол ҳақида чуқур билимга эга бўлмаганлар учун бу тўғри позиция. Уларни тушуниш мумкин, аммо таҳлил ҳозирча шуни кўрсатмоқдаки, «Реал» мавсумга 70-80 фоиз тайёр! Хавотирли 30-20 фоизлар мавжуд. Булар:

Ҳужум чизиғида футболчилар ҳаддан зиёд кўп: Бензема, Бэйл, Винисиус, Родриго, Мариано Диас, Васкес, Азар. Франциялик мураббий одатда бир дона соф ҳужумчи билан ҳаракатланишини инобатга олганда, бу салмоқли сон. Бензема, Азарга асосий таркиб эшиклари очиқ, аммо қолганлар-чи?!

Таянч ярим ҳимоясидаги ягона Каземиро. Кўпчиликда савол туғилиши мумкин, «Модрич, Кросслар-чи?» Улар ҳам бу нуқтада ўйнашади, аммо «тоза таянч ярим ҳимоячи» рақиб ҳужумларини бузиш, 90 дақиқа, керак бўлса, 120 дақиқа майдонда ҳаммадан кўп югуриб, «қора иш»ни бажаришини инобатга олса, Каземиро жароҳатланса, Зидан муқобил ўйинчига эга эмаслиги бор гап. Кросс ва Модрич бу нуқтада ўйнаб кўришган, аммо бу уларнинг кучли нуқталари эмас. Улар тўп узатиш бўйича уста, таянч ярим ҳимоячиси бўлиш алоҳида касб! Погбанинг Манчестерни тарк этиши ҳақидаги гап бутун ёз болалади-ю, аммо ҳақиқат шуки, у ҳамон «қизил иблислар»нинг 6-рақамли футболчиси.

Мақолани ўқиётганлар орасида «Бу асосий муаммо эмас», дейдиганлар топилади, албатта. Ҳеч қайси фикр мутлақ хато бўлмаслигини тарих аллақачон исботлаган. Ишонинг, сизнинг фикрингизда ҳам жон бор! Мавсум энди бошланмоқда. Жароҳатлар, дисквалификация ҳамда январдан кейин мавсумнинг энг қизғин палласи бошланганда, Зиданнинг Роналдусиз «Реал»ига объектив баҳо берса бўлади. «Сельта» устидан меҳмонда қозонилган ғалаба, Бейлнинг голли узатмаси ва 10 футболчи билан баҳсдан 3 очко олиб кетган топ клуб учун одатий кўрсаткич! Топ клуб ютиши керак, тамом. Бошқа гаплар баҳона ва ортиқча! Аммо келинг, якуний хулосани февралда ёхуд мавсум охирида берсак.

Шуниси аниқки, Зидан бу мавсум бошқа тактика танлайди. Уч йил кетма-кет Чемпионлар Лигаси чемпионлигини ушлаб туриш учун француз мураббийида бир мавсумда камида 50та гол урадиган ҳужумчи бор эди. Бу жамоа эса, бир футболчига таянишдан воз кечишга мажбур, чунки улар таркибида бундай футболчи йўқ. Азарнинг келиши муаммоларни ҳал қилмайди, шунчаки, Зидан қўллашга уринаётган 3-5-2 тактикасига мос келиши катта устунлик.

Мавсум энди бошланди. Футбол театри энди бошланади. Бемалол ўрнашиб олинг. Ишонинг, бу йил кўплаб сюрпризлар гувоҳи бўламиз...

Беҳруз БОЗОРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz