Қайднома

Қидирув

Амайя ГОРОСТИСА: «Муҳими «янги» мақомдан қутулдик»

Амайя ГОРОСТИСА: «Муҳими «янги» мақомдан қутулдик»

  03.09.2019 01:53
  0
  378
Амайя ГОРОСТИСА: «Муҳими «янги» мақомдан қутулдик»

Испаниянинг «Эйбар» клуби президенти Амайя Горостиса жамоанинг янги мавсумдаги мақсадлари ҳақида гапириб ўтди.

— Бош директор лавозимига Хон Андер Уласия келганидан сўнг «Эйбар» қанчалик ўзгарди?

— Унинг тайинланишига сабаб, клуб структурасида директорлар кенгашининг ижро ҳокимлигини оширишдир. Кенгашнинг ҳар бир аъзоси клуб ҳаётида муҳим роль ўйнайди: иқтисод, акционерлик жамияти, суғурта, академия ва ҳаттоки, баск тилини ривожлантириш. Биз ижрочи аппаратни кучайтиришга қарор қилдик. Бу муҳим эди, чунки замон талаби шу.

— Уни ўзингизга ўринбосар сифатида кўряпсизми?

— Ҳозир бу ҳақда ҳеч қандай гап йўқ. Агар келажакда шу савол кўтариладиган бўлса, акционерлар йиғилиши ва директорлар кенгашида кўриб чиқишади.

— Февраль ойида Патрисия Родригес «Эйбар» бош директори лавозимини тарк этди ва «Эльче»да худди шу лавозимни эгаллади. Унинг қарори сизни ажаблантирдими?

— Ҳа, бу кутилмаган бурилиш бўлди. Лекин биз унга келажакдаги ишларида муваффақият тилаймиз. Патрисия — ўз ишининг профессионали ва бебаҳо кадр. Умид қиламанки, унинг ишлари яхши кечади. Ўтган мавсумни муваффақиятли ўтказдик. Яъни, белгиланган вазифа - Примерада қолишни уддаладик. Жадвалдаги ҳолатимиз бор кучимизни кўрсатмайди. Лекин жамоамиз ўзининг энг яхши футболини намойиш қилди, дея оламан.

— Шунга қарамай, «Эйбар» баск жамоалари орасида энг ёмон натижа қайд этди. Ваҳоланки, бир йил олдин қўшнилар орасида энг яхши бўлганди.

— Вазиятлар ҳам ўз ролини ўйнайди. Икки йил олдинги мавсумни биз жуда ёмон бошлаганмиз ва турнир жадвалида қуйи поғоналарда юрганмиз. Якунда эса 9-ўринни эгалладик. Ўтган мавсумда таркиб анча яхши эди. Аммо паст­ки ўринларни эгалладик. Биз лигада жон сақлаб қолиш учун эмас, балки жадвалнинг ўрта қисмлари учун курашишимиз керак.

— «Эйбар» спорт директори Фран Гарагарсанинг айтишича, жамоанинг осонлик билан қилмоқчи бўлган ишлари йилдан-йилга қийинлашиб кетаётган экан.

— Унинг фикрига қўшиламан. Қийинчиликлардан қочиб бўлмайди. Муҳими - уларга бўлган муносабат. Биз «янги» мақомидан қутулдик. Лекин бу Примерада бир умр ўйнаймиз дегани эмас. Қуйи лигага тушиб кетмасликдан суғурталанмаганмиз. Бироқ ҳозирда ҳар бир ҳолатга тайёрмиз. Ҳозирги «Эйбар» етти йил олдин Сегундада ўйнаган «Эйбар»дан фарқ қилади. Иқтисодий ресурс­лар, ҳажм, руҳий ҳолат шулар жумласидандир.

— Бу йил Мендилибар билан янги шартнома тузиш олдинги йилдагига қараганда осонроқ кечди.

— Ҳа, ўтган йили хориждан таклифлар бўлгани боис уни йўқотиб қўйиш хавфи бор эди. Улар бизни асабийлашишга мажбур қилишганди. Бу йил эса ҳаммаси хамирдан қил суғургандек кўчди. Чунки у билан доим мулоқотдамиз, муносабатларимиз яхши. Унутмаслик керак, мураббий асосий фигура. Мендининг биз билан яна бир йил қолгани - омадимиз дейишим мумкин. Ишончим комил, «Эйбар» ва Менди бир-бирига идеал даражада мос.

— Шунингдек, «Эйбар» Фран Гарагарса билан ҳам шартномани узайтирди.

— Музокаралар тинч ўтди. Чунки Франнинг ўзи шундай бўлишини истаганди. Аслида у шартномани янгилашга шошилмаётганди. Чунки муҳим ишлари бор эди. Ўз ўрнида, биз унинг қолишига шубҳа қилмаётгандик. Гарагарса ҳам муҳим фигуралардан биридир. У «Эйбар» учун кўп нарса берди. Ишончим комил, яна шу тариқа ишлашда давом этади.

— Ёзда жамоани етакчи ўйичилар тарк этишди. Клуб раҳбарияти футболчиларни иложи борича қимматроқ сотишни истайди. Иккинчи томондан, уларни куч билан ушлаб тура олмайди. Бу ерда баланс қаерда?

— Уни қидириш керак. Шундай вазиятлар борки, уларни биз назорат қила олмаймиз. Агар футболчимизга бирор жамоа қизиқса, шубҳасиз, ўз қизиқишларимизни ҳимоя қиламиз. Ла Лига ва унинг ташқарисида бизнинг футболчиларни кузатиб бораётган ажойиб жамоалар борлигини билиш ёқимли. Футболчиларни қўйиб юбориш қийин. Лекин биз товон пули борасидаги бандга амал қилишга мажбурмиз.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz