Қайднома

Қидирув

Канчельскис ва Беленков нима учун «Навбаҳор»га қайтишди..?

Канчельскис ва Беленков нима учун «Навбаҳор»га қайтишди..?

  03.09.2019 08:20
  0
  847
Канчельскис ва Беленков нима учун «Навбаҳор»га қайтишди..?

«Навбаҳор»да шу йил 22 июнь куни бош мураббий ўзгарганди - россиялик Андрей Канчельскис ўрнини сербиялик Деян Журжевич эгаллади. Таъкидлаш жоиз, наманганликлар Канчельскис раҳбарлигида жорий мавсум Сoca Cola Суперлигада 11та ўйин ўтказиб, ўртача статистика қайд этишди - 3та ғалаба, 6та дуранг, 2та мағлубият, тўплар нисбати - 16-12. Хусусан, «Насаф» сафарда 21 йиллик танаффусдан сўнг мағлубиятга учратилди (1:0), «Сурхон»нинг мағлубиятсиз серияси Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида тўхтатилди (3:0). Шунингдек, жамоа Тошкентда «Пахтакор»га 0:2 ҳисобида ютқаза туриб, якунда дурангга эришди - 2:2. Аммо қаторасига 4та учрашувда дуранг натижа қайд этилгани ва 11-турдан кейин «Навбаҳор»нинг «Пахтакор»дан 12 очко ортда қолгани клуб раҳбариятига ёқмади. Шу тариқа россиялик мутахассис истеъфога чиқарилди ва унинг ўрнига Журжевич таклиф этилди. Сербиялик мутахассис олдига ҳам жорий мавсум ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилди. Бироқ...

«Лочинлар» Деян Журжевич қўл остида Cola Суперлига доирасида 5та ўйин ўтказиб (12-турда «Бухоро»га қарши кечган баҳсда жамоани Мустафо Байрамов, 13-турдан ўрин олган АГМК билан баҳсда эса Дурбек Умаралиев майдонга олиб тушганди), жуда паст натижа кўрсатди - 1та ғалаба, 1та дуранг, 3та мағлубият, тўплар нисбати - 1-3. Қолаверса, «Нав­баҳор» Ўзбекистон кубоги ва Лига кубогидан тушиб кетди. Табиийки, бундай салбий натижалар клуб раҳбариятини асло қониқтирмади. Хуллас, яқинда Деян Журжевич ҳам истеъфога чиқарилди ва Андрей Канчельскис ортга қайтарилди. 28 август куни Намангандаги «Марказий» аренасида ўтказилган таништирув маросимида Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳам иштирок этди. Вилоят раҳбари ўз чиқишида Наманганда футболга меҳр кучлилиги, «Нав­баҳор» мухлислари содиқ эканликларини таъкидлаб, уларга миннатдорчилик билдирди. У шунингдек, «Навбаҳор» олдига катта вазифа қўйилгани, аммо биринчи даврада дуранг натижа кўпайиб кетгани боис, Андрей Канчельскисга жавоб берилгани, бу эса хато бўлиб чиққанини таъкидлади. Хайрулло Ҳайитбаевичнинг айтишича, Деян Журжевич билан шартнома ўзаро келишувга биноан бекор қилинди. Вилоят раҳбари якунда Канчельскисни «Навбаҳор»га хуш қайтибсиз», дея қутлади ва эндиликда жамоанинг ҳар бир ўйини мухлислар учун байрамга айланиши, яқин 3 йилда вилоятдан иқтидорли футболчилар етишиб чиқиши, ушбу жараёнда россиялик мураббий ҳам фаол иштирок этишига умид билдириб, мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами билан барчани қизғин табриклади. Асосийси, «Нав­баҳор» футболчилари Канчельскис қайтганидан хурсандлар. Бу сафар россиялик мутахассис билан бежиз 3 йиллик шартнома тузилмади. Канчельскис ҳам ўз навбатида, Наманганга қайтганидан хурсанд эканлигини яширмади, мухлисларга ажойиб қабул учун миннатдорчилик билдирди ва бўлажак ўйинларда ишончни оқлаш йўлида бор салоҳиятини ишга солишини таъкидлади.

Клуб раҳбариятида ҳам ўзгариш бор: шу кунгача вице-президент сифатида фаолият юритган Бахтиёр Усмонов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. Эндиликда вице-президент ролини тадбиркор Ойбек Саматов бажаради. Маросим якунида «Навбаҳор»дан ҳомийлик ёрдамини аямаётган барча шахслар, жумладан, тадбиркор Қудратбек Абдуллаев ва «Ўзагрокимёҳимоя» ДАК бошқарув раиси Олим Исаевга миннатдорчилик изҳор этилди.

Дарвоқе, «лочинлар» қисқа таътилдан сўнг 1 сентябрь куни ўз қароргоҳларида тўпланишди ва эртасига машғулотларни бошлаб юборишди. Жараённи Канчельскис бошчилигидаги штаб назорат қилмоқда. Хусусан, Андрей Антанасович билан бирга истеъфога чиқарилган ёрдамчи мураббий Алексей Беленков ҳам ортга қайтди. У 1 сентябрь куни Наманганга етиб келди. Машғулотларда россиялик легионерлар - Игорь Голбан, Иван Соловьёв ва Александр Касьян ҳам иштирок этишмоқда. Сербиялик Славко Лукич эса  жамоа сафига кеча қайтди. У яқин кунларда умумий маш­ғулотларга қўшилади. Тожикистонлик ярим ҳимоячи Амирбек Жўрабоев эса Тожикистон термаси ихтиёрида бўлиб турибди ва клубга ФИФА кунларидан кейин қайтади.  

Славко Лукич, Абдужамол Исроилов ва Азим Аҳмедов жароҳат туфайли жамоага ёрдам беролмаётгандилар. Cola Суперлига 11-тур доирасида АГМКга қарши кечган баҳсда сафдан чиққан Абдужамолнинг оёғидаги гипс 30 август куни олинди ва у 2 сентябрдан якка тартибда шуғуллана бошлади. 23 ёшли ярим ҳимоячига боғлиқ яна бир янгилик шуки, у яқинда фарзандли бўлди. 14-турдан ўрин олган «Навбаҳор» - «Қизилқум» учрашувида жароҳатланган 30 ёшли Славко Лукич ҳам гипсдан қутулди ва 2 сентябрдан машғулотларга киришди. Тажрибали ярим ҳимоячи Азим Аҳмедов эса чамаси 10 сентябргача даволанади. Унинг 15 сентябрь кунига белгиланган «Навбаҳор» - «Пахтакор» ўйинида майдонга тушиши эҳтимоли юқори.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz