Қайднома

Қидирув

Бош жамоамизда якуний машғулотлар қизғин...

Бош жамоамизда якуний машғулотлар қизғин...

  03.09.2019 10:08
  0
  294
Бош жамоамизда якуний машғулотлар қизғин...

Суперлига жамоалари ФИФА кунлари муносабати билан маълум муддатли танаффусга чиқди ва энди бор эътибор миллий терма жамоамизга қаратилиши ўз-ўзидан аён. Бинобарин, бизни олдинда ўта масъулиятли учрашувлар кутяпти. Хусусан, футболчиларимиз 5 сентябрь куни Фаластин терма жамоасига қарши кечадиган ўйин билан ЖЧ-2022 сари юришни бошлайди.

Терма жамоа йиғинига Суперлига клубларидан чақирилган футболчилар миллий чемпионатнинг 18-тури ниҳоясига етгач, эртаси куни, яъни  28 августда «Жар» стадиони захира майдонида машғулотларга киришишди. Хуллас, биринчи куни мураббийлар асосан маҳаллий лига вакиллари билан иш олиб боришди. Легионерлардан биргина Санжар Шоаҳмедов бор эди. Зеро, хорижда ўйнаётган бошқа футболчиларимиз клублари дам олиш кунлари навбатдаги ўйинларда майдонга тушди. Улар кечадан эътиборан терма жамоа ихтиёрига етиб кела бошлашди. Таъкидлаш жоиз, бош жамоамиз 3 сентябрга қадар айнан пойтахтимизда шуғулланади. Иккинчи кунги машғулотлар эса Чиғатой футбол мактаби қошидаги сунъий қопламали майдонда олиб борилди. Бунинг ягона сабаби шуки, миллий жамоамиз сафардаги илк учрашувда айни шундай майдонда ҳаракатланади.

Россия ОАВ диққат марказида турган Элдор Шомуродов ҳам таркибга кеча қўшилди. Айни пайт ажойиб спорт формага кирган Элдордан бўлажак ўйинларда  умидимиз катта, албатта. Ажабмас, у «Ростов»да бошлаган голли сериясини давом эттирса. Йиғинга жалб этилган футболчилар рўйхатига назар солсак, бир қатор янги номларни кўрамиз - Санжар Шоаҳмедов, Азиз Ғаниев... Ҳа, улар барчага яхши таниш, лекин Эктор Купердан илк марта чақирув олишди. Шунингдек, аввалги ўртоқлик учрашувлари ва йиғинларда қатнашган Қувондиқ Рўзиев, Достон Иброҳимов, Ботирали Эргашев, Остон Ўрунов ҳам бор.

Умуман, 5 сентябрь куни ОФК миқ­ёсида ЖЧ-2022 саралаши иккинчи босқичи старт олади. Жумладан, «D» гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон миллий жамоаси Фаластин термаси меҳмони бўлса, сингапурликлар ўз майдонларида яманликлар билан куч синашадилар. Терма жамоамиз ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов ЎФА расмий сайти вакиллари билан суҳбатда тайёргарлик жараёни ҳамда олдинда турган учрашув борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди. «Мана, ЖЧ-2022 саралаши иккинчи босқичига қаратилган тайёргарликка киришдик.  Таркибдаги барча йигитлар йиғинга яхши кайфиятда етиб келишмоқда ва муҳим ўйинга жиддий ҳозирлик кўришмоқда. Гуруҳимиз ҳақида гапирсак, рақиблар орасида Саудия Арабистони термасини фаворит сифатида эътироф этиш керак. Шунингдек, бизнинг жамоа ҳам фаворит, албатта. Табиийки, фақат 1-ўринни эгаллаш ва кейинги босқичга ортиқча ҳисоб-китобсиз чиқиш учун кураш олиб борамиз. Лекин гуруҳдаги қолган рақибларга ҳам беписанд қарамаслик лозим. Мисол учун, Фаластин терма жамоаси қандай ўйин кўрсатишини олдиндан тахмин қилиш қийин. Шундай экан, бўлажак ўйинларга тўлиқ куч билан жиддий тайёргарлик олиб борамиз.

Йиғин бир ҳафта давом этади ва шундан сўнг Фаластинга йўл оламиз. Ўйлайманки, илк баҳсга муносиб тайёргарлик кўриш учун вақт етарли. Албатта, бутун саралашни муваффақиятли ўтказиш ва жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қиламиз».

Биз эса навбатдаги машғулотлар якунига етгач, «Бухоро» сафидаги ўйинлари билан кўзга ташланган ва муҳим голларга муаллифлик қилган Достон Иброҳимовга бир неча савол билан юзландик.

- Достон, бош жамоа йиғинига 2-марта жалб этилдингиз, ваҳоланки,  олимпия термаси аъзоси саналасиз. Таассуротлар қандай, аввалги йиғин ва ҳозиргиси ўртасида қандай фарқ сезилмоқда?

- Миллий жамоадан чорлов олиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Албатта, жаноб Купер ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қиламан. Машғулотлар рисоладагидек, барчаси режа асосида олиб борилмоқда - хато ва камчиликлар устида ишлаяпмиз, жамоавий ҳаракатларни янада такомиллаштиришга уриняпмиз. Насиб этса, Фаластиндан ғалаба билан қайтиб, халқимизга қувонч улашамиз. Тушунарлики, терма жамоа клубдан кескин фарқланади, бунда футболчилар қисқа муддатда ўзаро чиқишиб кетишлари керак. Ўйлайманки, бизда бу борада катта муаммо туғилмайди. Ҳар ҳолда, ҳамма бир-бирини жуда яхши билади. Энди барчасини майдонда исботлаш қолди...

- Фаластин термасини ўрганиш жараёни қандай кетяпти? Рақибнинг кучли ва заиф томонлари ҳақида тушунча борми?

- Табиийки, ҳар қандай рақиб ўйи­нида хато-камчиликлар бўлади. Бусиз иложи йўқ, менимча. Албатта, рақибнинг устун томонларини баҳс давомида йўққа чиқариб, камчиликларидан унумли фойдаланишга уринамиз. Фаластин термаси савия бобида пастдек кўринаётган бўлсада, асло хотиржамликка берилмаймиз.

Демак, 3 сентябрда сафарга отланадиган термамиз аъзолари орадан 2 кун ўтиб, Ал-Рам шаҳридаги «Файсал Ал-Ҳусайн» стадионида жаҳон чемпионати-2020 квалификацион босқичи ҳисобидан илк учрашувда майдонга тушишади. Ўйиндан аввал кўплаб мутахассислар икки жамоа имкониятларини чамалаб, Ўзбекистон термаси ортиқча муаммосиз ғалаба қозонишини тахмин қилишмоқда. Ўйлаймизки, юрт­дошларимиз миллионлаб мухлислар умидини сўндирмай, ортга чиройли ютуқ билан қайтишади. Зеро, дастлабки турдаги ижобий натижа келгусида футболчиларга ўзига хос ишонч бағишлаши турган гап. Миллий жамоага бошланажак йўлда омад ва зафарлар тилаймиз!

 

Дарвозабонлар

Санжар Қувватов («Пахтакор»)

Элдор Суюнов («Пахтакор»)

Ботирали Эргашев («Динамо»)

Ҳимоячилар

Егор Кримец («Пахтакор»)

Анзур Исмоилов («Локомотив»)

Достон Турсунов («Ренофа Ямагучи», Япония)

Ислом Тўхтахўжаев («Локомотив»)

Шароф Муҳиддинов  («Насаф»)

Фаррух Сайфиев («Пахтакор»)

Даврон Ҳошимов («Локомотив»)

Ҳожиакбар Алижонов («Пахтакор»)

Ярим ҳимоячилар

Одил Ҳамробеков («Пахтакор»)

Одил Аҳмедов («Шанхай СИПГ», Хитой)

Икром Алибоев («Сеул», Жанубий Корея)

Азиз Ғаниев («Насаф»)

Остон Ўрунов («Локомотив»)

Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

Санжар Шоаҳмедов («Теренггану», Малайзия)

Достон Иброҳимов («Қизилқум»)

Қувондиқ Рўзиев («Қўқон-1912»)

Достон Ҳамдамов («Пахтакор»)

Ҳужумчилар

Элдор Шомуродов («Ростов», Россия)

Игорь Сергеев («Пахтакор»)

Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив»)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz