Қайднома

Қидирув

Футболимиз мустақиллиги – муаммолардан устун

Футболимиз мустақиллиги – муаммолардан устун

  04.09.2019 01:28
  0
  397
Футболимиз мустақиллиги – муаммолардан устун

Президентимизнинг «Ўзбекистон» анжуманлар саройида ташкиллаштирилган байрам тантанасида сўзлаган нутқида бир улуғвор тушунча бошқа жиҳатлардан баланд мақомда янгради. Бу катта ҳарфлар билан ёзиладиган ҚАТЪИЯТ тушунчасидир! Ўзи танлаган йўлнинг тўғрилиги ва холислиги ҳамда юксак ижобий натижалар келтиришига ишонган БУТУН ШАХС ВА ТАРАҚҚИЙПАРВАР РАҲБАРгина шундай қатъият билан сўзлайди. Байрам оқшоми қатъият билан ушбу мулоҳазаларни ёзар эканмиз, «Демак, бу сафар жаҳон чемпионати финал босқичида бош жамоамиз ҳам майдонга тушади» қабилидаги ёруғ ишонч кўнглимизни нурлантирди. Миллий жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер эса «Ўзбекистон-24» телеканалига интервью берар экан, яна бир бора такрорлади: «Албатта, жаҳон чемпионатига борамиз!» Қатъиятни қаранг!

 

Ҳа, аргентиналик мутахасис бош жамоамиз билан мундиал финал босқичи йўлланмасини қўлга киритишга заррача шубҳаланмаяпти. Назаримизда, у ҳам йигитлардек кучга тўлмоқда, ғайратланмоқда, ёшариб бормоқда. Купернинг келишига қанча инжиқлик билан муносабат билдирган бўлмайлик, биз ҳам бу ажиб ва тотли хулоса оғушида яшамоқдамиз. Гап Эктор Куперда ҳам эмас, чоғи. Футболимиз муҳитида ўзи шундай ҚАТЪИЯТ руҳи кезиб юрибди.

Сезиб турибмиз, терма жамоамиз таркибидаги янги авлод вакилларининг ютуқлари мухлисларни орзулар осмонига олиб чиқмоқда. Сармаст сузаверишсин фараҳбахш орзулар осмонида. Ахир қачонгача шубҳа-гумонлар заминида диққинафас бўлиб ётишади? Ғалаба қозониш пайти келди, ўзбек футболи! Зафарларни олқишласин, энди ўзбек футболи муҳити ҳам! Бу муҳит ўз вақтида Миржалол Қосимов, Нўъмон Ҳасанов, Анвар Солиев каби футболчилар авлодига охиригача ишонолмаганди. Шундай ишончсиз кайфият билан Сервер Жепаров, Александр Гейнрих, Темур Кападзе  - «олтин авлод» вакиллари фаолиятларини натижасиз якунлашди. Фикримизча, Одил Аҳмедов бундай якунга кўнмайди. Унинг ҳозиргача мамлакатимизда бирор футболчи қўл урмаган ишни бошлагани, яъни шахсий академиясини очгани ҳам комил ишонч билан сўзлашимизга изн беради. Зеро, катта ишлар катта натижалар сари етаклайди. Қолаверса, Элдор Шомуродовнинг Россия ПЛда тўпурар бўлишга қатъий аҳд қилгани ва бу йўлда дадил қадам ташлаётгани наинки, Одил Аҳмедов, балки бошқа футболчиларнинг ҳам кучига куч қўшиши аниқ. «Ростов»­нинг «Локомотив»га қарши ўйинидан аввал мухлислар Шомуродовдан «хет-трик» қайд этишини сўрашди. ЕЧЛ гуруҳ босқичида «Ювентус», «Атлетико» ва «Байер» каби кучли жамоалар билан тенгма-тенг курашиш учун чоғланаётган «Локо» дарвозасига Москвада 3та гол уриш осонми? Ҳаттоки, ҳамюртимизнинг ютуқларидан қувонаётган баъзи мухлислар «Сўров-илтимосда ҳам қандайдир мантиқ бўлиши керак. Элдорга гап йўқ! Лекин ундан имконсиз ишни талаб қилмайлик. Буниси ортиқча!» - де­йишди совуққонликни унутмаган ҳолда. Кўпчилик эса қатъият билан футболчимиздан байрам туҳфасини кутди. Элдор - юрагида ўти бор ўзбек ўғлони, у эл-юрт сўровини шараф билан уддалади. Қойил! Офарин! Элдор қайд этган «дубль» биз учун «покер»дан ҳам зиёда ва қадрлироқ. Омон бўлсак, унинг ижросида «хет-трик»ни ҳам кўрамиз.

- Бугун менинг ҳаётимда «покер! -  дея завқ-шавқ билан ҳайқирди доимий мухлисимиз Ғуломжон ака Ҳамидов. «Қанақа «покер?» - шошиб сўрадик у кишидан. Жавоб биз кутгандан ҳам аълороқ ва шукуҳлироқ бўлди: «Турон ФА академиги бўлдим. Бу - бир! «Голлар гулдуроси» номли китобим нашрдан чиқди. Бу - икки! Истиқлолимизнинг шонли 28 йиллик байрамини тароватли «Шаҳанд» сиҳатгоҳида нишонлаяпман. Бу - уч! Ниҳоят, Элдорнинг 2та голи! Буниси - тўрт! Китобимда «Балли, Элдор» номли шеър бор. Шуни мақолангиз ичида келтиринг. Кўпчилик ўқисин. Фаластин термасига қарши учрашув олдидан Элдорни шеър билан қўллаб-қувватлайлик. Шунда у ҳам шер бўлиб ўйнайди!»

 

 Балли, Элдор!

Истеъдоди «ярқ» этиб,

Дон бўйида очилди.

Мухлисларнинг олқиши,

Боши узра сочилди.

 

Инжиқ мураббий Карпин,

Ана, унга тан берди.

Қаранг, ўзбек ўғлони,

«Ростов»да кўкрак керди.

 

Ўйнаб тез-тез урар гол,

Элдор - голеадор.

Фахрланиб сўзлайман:

- Элдор, сенда бир гап бор!

 

Қақшатдинг «дубль» билан,

Сурия термасини.

Тўхтатиб қўйдинг ҳатто,

ЦСКА кемасини.

«Ростов»да бўй ростлаган,

Виктор Понедельник ҳам.

Унинг йўлини берсин,

Қаддингни эгмасин ғам.

 

Ака-ука Шацких, 

Довруғ солди бир маҳал.

Энди навбат сенгадир,

Номинг ёзилсин зарҳал.

 

Эктор Купер умидвор,

Зўр голлар уришингдан.

Элдор, болам, яшавор,

Гол уриб туришингдан!

Сайхунободдан қадрдонимиз Аҳмаджон ака Алламуродов шукуҳ билан қўнғироқ қилдилар: «Набирам Мухлиса доира чалишга уста. У «Ниҳол» Давлат мукофоти билан тақдирланди. Элдорнинг 2 голини шарафлаб, у доирасини шундай чалдики, беихтиёр кўзларим ёшланди. Мен учун, минглаб мухлислар учун бундан ортиқ бахт борми?! Аллоҳ насиб этса, ЖЧ-2022да, Қатарда доира зарби голли зарбаларни шарафлайди. Фаластин термасини эса, албатта, тор-мор этамиз!»

Эътибор беряпсизми, бугунги қатъиятнинг кучига?! Бу куч шундай шиддат билан олға бормоқдаки, энди уни бирор антиҳаракат тўхтатолмайди. Чунки бу куч, бу қатъият мустақиллик туйғуси ила тўйинган. Ҳа, муаммолар етарли бўлса-да, футболимиз мустақил! Мустақил юртнинг мустақил футболи муаммолардан устун!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz