Қайднома

Қидирув

Асосийси – ривожланиш стратегияси!

Асосийси – ривожланиш стратегияси!

  04.09.2019 03:02
  0
  384
Асосийси – ривожланиш стратегияси!

Таниқли мутахассис Алишер Никимбаевнинг фикрича, футбол клубида аниқ ривожланиш стратегияси бўлмас экан, унинг олдинга силжиши мушкул. Дарҳақиқат, шундай. Қатарда ишлаётган ҳам­юртимиз «Навбаҳор»даги сўнгги ўзгаришларга муносабат билдириб, айнан ривожланиш стратегияси муҳим ўрин тутишини яна бир бора эслатди. 

- Жорий ҳафта Андрей Канчельс­киснинг «Навбаҳор»га қайтиши футболимиздаги энг асосий янгилик бўлди. Клуб раҳбарияти ўз хатосини тан олгани ва адолат тантана қилгани ҳақида юзлаб изоҳ (коммент)ларни кўрдим. Агар мураббий ёки клуб томондан қарасангиз, ҳаммаси аслида шу изоҳларда ёзилгандек кўринади. Бироқ бу ҳикояда учинчи томон - Журжевич (Деян Журжевич - «Навбаҳор» собиқ устози) ҳам бор. Уни қандай сабаб билан ишдан бўшатишди? Аввалги мураббийнинг ҳайдалиши хато эканлигини тан олишгани сабабми? Ҳа, Журжевич қўл остидаги «Навбаҳор»нинг натижалари на раҳбарият ва на мухлисларни қониқтирди, аммо мавсум ўртасида жамоани қабул қилган мураббийдан нима хоҳлайсиз? Серб олдига қандай вазифалар қўйилганди? Уларни талаб қиладиган вақт келганмиди?

Шу ерда ўтган йили кузатилган Илҳом Мўминжоновнинг истеъфосини эслаш мумкин. Агар охирги 10 ойда Наманган клубида юз берган 3та истеъфони таҳлил қилсак, битта умумий тенденцияни кўрамиз: барчаси кутилмаган ва эҳтиросга боғлиқ қарорлар натижаси...

«Навбаҳор»да мураббийларнинг кетма-кет алмашишлари клубда ҳеч қандай ривожланиш стратегияси йўқлигини кўрсатади. Кадрлар бўйича асосий қарорлар ҳиссиётларга берилган ҳолда қабул қилинмоқда. «Навбаҳор»даги баъзи тузилмалар клубнинг вазифа ва мақсадларини тушунмаяпти. Ўша Канчельскис Россия ОАВга берган интервьюсида клубга зарар келтиришсада, шахсий вазифаларини ҳал қиладиган одамлар борлиги ҳақида гапирганди. Инсайдерларнинг тасдиқлашларича, қишда клубнинг ички трансферлар ойнасидаги фаолиятидан Канчельскис умуман қониқмаган. Ҳа, «Навбаҳор» юқорироқ ўринларга муносиб. Аммо клуб раҳбарияти стратегик ривожланиш режаси устида ишламаса, ўтган йилги натижа ҳам кам такрорланадиган якун бўлиб қолиши мумкин.

Шахсан мен учун намуна сифатида футболи ривожи ҳақида ҳақиқатан ҳам, қайғурган вилоят ҳокими - бу Нуриддин Зайниев. Афсуски, у ҳозир орамизда йўқ. Зайниев даврида «Насаф» ва «Машъал»да катта ривожланиш кузатилганди, охирги йиллардаги муаммоларга қарамай, бу клублар ҳозиргача  фойда бермоқда. Нуриддин Зайниев футболни фақат камера олдида ёки сўзларда яхши кўрмаган. Мисол учун, унинг ОФК кубоги финали олдидан «Қувайт» клуби машғулотини кузатгани келганини яхши эслайман: махсус ложадан жой олиб, ҳеч кимга кўринмаслик учун чироқни ўчириб қўйишни сўраган.

Нуриддин Зайниев яна футболчилар маошини ҳеч қачон кечиктирмаган. Ҳа, футболчилар нима хоҳлашса, шуни сўрашлари мумкин, аммо сўнгги сўзни клуб раҳбарияти айтади. Тўлай олмайсизми - шартнома тузманг, имконингиз борми - маошни ушлаб қолманг. «Навбаҳор» мухлислари ва шахсан Андрей Канчельс­кисни янги босқич бошланиши билан табриклайман. Бу босқич аввалгисидан узоқроқ давом этади, деб умид қиламан. Менга 3 йиллик шартнома ҳақида гапирманг. Канчельскиснинг илк шартномаси ҳам ярим йиллик эмасди, ҳар ҳолда...

***

- Ҳафтанинг иккинчи муҳим янгилиги - бу «Локомотив» дуранги туфайли «Пахтакор» ўртадаги фарқни 15 очкога етказгани. Чемпионат тугашига 8та тур қолганини ҳисобга олсак, «Пахтакор» 2015 йилдан сўнг биринчи совринини қўлга киритиши учун яна 10 очко тўпласа, бас. Бу клубнинг янги раҳбарияти ва Шота Арвеладзе учун биринчи соврин бўлади. Айтганча, қаранг, клуб эгалари ривожланиш стратегиясини сабр билан амалга оширишмоқда. Бошқа қизиққон клуб эгаси икки йилда ҳеч нарса ютмаган (айниқса, 2018 йили кубок финалидаги мағлубиятдан сўнг) мураббийни ҳайдаб, футболчи ва мураббийлар қанча маош олишаётганини ҳисобларди. Аммо «Пахтакор»да ҳаммаси бошқача. Клубда йиллаб қилинган меҳнат самарасини сабр билан кутишади. «Пахтакор» жорий йил Ўзбекистон футболи тарихида илк маротаба «требл»га эришиши ҳам мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz