Қайднома

Қидирув

Азиз Ҳайдаров: «Клубда яхши ўйнаганлар термада йўқолиб қолиши мумкин»

Азиз Ҳайдаров: «Клубда яхши ўйнаганлар термада йўқолиб қолиши мумкин»

  05.09.2019 00:49
  0
  738
Азиз Ҳайдаров: «Клубда яхши ўйнаганлар термада йўқолиб қолиши мумкин»

Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчиси Азиз Ҳайдаров Coca Cola Суперлига-2019 биринчи даврасидан сўнг футболчилик фаолиятини якунлаб, Ўзбекистон футбол ассоциациясида иш бошлаганидан кўпчиликнинг хабари бор. Гарчи орадан қисқа вақт ўтган бўлсада, сезиларли ўзгаришлар амалга оширилди, айниқса, кичик ёшдаги терма жамоаларимизга эътибор кучайгани диққатга сазовор. Улар учун яхши савиядаги ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилмоқда. Ижобий ҳолатлар талайгина бўлишига қарамай, қиладиган ишлар кўп. Буни легионер сифатида узоқ муддат хорижда тўп сурган Азиз Ҳайдаров ҳам биз билан суҳбатлашиш асносида алоҳида таъкидлади.

- 2008-2009 йилларда Ўзбекистон чемпионати анча кучайган, лигада Ривалдо, Денилсон каби легионерлар тўп суришганди. 2011 йили Қатарда ўтган Осиё кубогида терма жамоамиз ярим финалга қадар етиб борганди. Футболимиз, ўз навбатида, чемпионатимизнинг ҳозирги савиясига қандай баҳо берасиз?

- Ўша пайт «Бунёдкор» жуда кучли бўлган ва барча ўйинларда осон ғалабаларга эришган. Бу эса термага жабр бўлган. Сабаби, чемпионатда битта кучли клуб бўлиб, қолганларининг савияси паст бўлса, бу миллий жамоага фойда келтирмайди. Бугунги кунда чемпионатимиз савияси яхши, мисол сифатида барча ўйинларнинг телевидение орқали намойиш этилаётганини кўрсатиш мумкин. Аввалари фақат пойтахтдаги баҳсларгина жонли эфирда намойиш этиларди. Энди вазият ўзгарди, мухлислар ўша Қашқадарёдаги Ҳумоюн Муртазоев ёки АГМКдаги Зафар Полвоновни танишмоқда. Бир пайтлари терма жамоага чақирилмаганимда, мен ҳам ранжиганман. Лекин мураббий қарорини ҳурмат қилганман. Олдинги жаҳон чемпионатига чиқа олмаслигимизда, аввало, мураббий ва футболчилар, ЎФФ (ҳозирги ЎФА), шунингдек, журналистларнинг ҳам айби бўлган. Ўзим ўша пайт ўйинчи эдим. Футболчилар ОАВ вакиллари туфайли юлдузга айланиши ёки бир зумда обрўсини бутунлай йўқотиши мумкин. Футболчилар матбуот вакиллари билан бирга ишлашлари, барча бир ёқадан бош чиқариши мақсадга мувофиқ.

- Ҳозирги кунда Ўзбекистон ёшлар ва ўсмирлар термаларидаги футболчиларнинг ёши билан боғлиқ ҳужжатлар устида қандай ишлар олиб борилмоқда?

- Ушбу масалага жиддий ёндашилмоқда. Айни пайт мазкур термалардаги барча футболчилар ўз ёш тоифасида тўп суряпти. Бироқ бу борада амалга ошириш керак бўлган чора-тадбирлар бисёр. Мисол учун, аввалги йилларда навқирон футболчилар кичик ёшдаги термаларда ажойиб ўйин намойиш этишди. Мен 1994-1995 йилларда туғилганларни назарда тутяпман. Лекин ҳозир қани улар? Нима учун кейинчалик катта жамоаларда тўп суришмади? Аниқ жавоб йўқ. Турли йўллар билан жалб этилган ёш иқтидорлар ҳозир яшил майдонда эмас, деярли 90 фоизи катта футбол билан хайрлашган. Борингки, ўз ёшида бос-қичма-босқич кўтарилганлар, жумладан, Икром Алибоев, Қувондиқ Рўзиев каби футболчиларгина миллий жамоа даражасигача етиб боришди. Шунинг учун энди буёғига ҳужжатлаштиришда ҳар бир нарса инобатга олинади.

- Бош мураббий Эктор Куперга Рустам Ашурматов ва Ҳумоюн Муртазоевларни термага таклиф этмаганлиги борасида жуда кўп саволлар берилди...

- Мураббийни ҳам тушуниш мумкин, унинг ўз услуби, қарашлари мавжуд. Клубда потенциалини тўлиқ кўрсатаётган футболчи термада йўқолиб қолиши ҳеч гапмас. Масалан, Месси «Барселона»да афсона, барқарор ўйин намойиш этади. Лекин Аргентина термасида ундай эмас. Хўп, Рустамни олайлик, у охирги Осиё ўйинларида қандай ўйнади, кўрдингизми? Ёмон, жуда ёмон. Унинг шахсий муаммолари бор эди, Жанубий Кореяда ўзини кўрсата оляпти. Демак, навбатдаги йиғинга чақирилиши мумкин. Ёки нима учун Игорь Сергеев таклиф этилди? У ҳозир ажойиб формада, сўнгги жаҳон чемпионати саралашида қандай аҳволда эди: катта руҳий зарбага учраганди, ҳатто майдонга тушишни истамаётганди. Лекин уни мажбуран таркибга киритишди. Жаноб Купер нима қилаётганини жуда яхши билади.

- Саудияликларнинг машҳур футболчиси Сами ал Жабр «Ўзбеклар 70 дақиқадан сўнг футбол ўйнамайди» қабилида фикр билдириб, жисмоний имкониятларимизни паст баҳолаганди. ЖЧ-2018 саралашининг охирги турида, Тошкентда Жанубий Кореяга қарши кечган баҳсда бизга айнан шу камчилик панд бердими?

- Корейслар билан баҳсдан аввал бизга малакали руҳшунос керак эди, боиси, йигитлар деярли чарчаб бўлишганди. Очиғи, Жанубий Корея иккинчи бўлимда биздаги чарчоқни сезган ҳолда кетма-кет ҳужумлар ташкил қилганди.

- Нима учун хориждаги кучли жамоаларнинг ўзбек футболчиларига талаби пасайди? Ваҳоланки, ОК-2011дан сўнг таркибнинг ярми кучли клублар сафига қўшилганди.

- Чиндан ҳам, ўзбекистонлик футболчиларга ҳозирда эҳтиёж кам. Мен буни уларнинг ўзига ҳам айтганман. Масалан, БААда ўтган Осиё кубогида термамиз аввалгидек ёрқин ўйнамади, бироқ мураббий имзоси борлиги билиниб турди. Австралия билан 120 дақиқа тенгма-тенг кураш олиб бориш осонмас. Агарда ўтган мусобақада юқори ўринларни қўлга киритганимизда, балки, чет эл клубларидан чорлов бўлармиди...

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz