Қайднома

Қидирув

Евротур: Шоу ва сенсациялар тури

Евротур: Шоу ва сенсациялар тури

  05.09.2019 02:59
  0
  448
Евротур: Шоу ва сенсациялар тури

Ортда қолган «уик-энд» европалик мухлисларга чинакам шоу беллашувларини тақдим этди. Италия ва Германия грандлари иштирокидаги баҳслар ўта сермаҳсул кечди, Англия, Испания ва Франция майдонларидаги қарама-қаршиликлар кутилмаган натижаларга бой бўлди.

Англия. ЁлҒиз «Ливерпул»нинг иши - 100

4-тур якунидан кейин «Ливерпуль» турнир жадвалидаги етакчилигини давом эттирмоқда. Бу гал Юрген Клопп шогирдлари Бёрнлида мезбонлар дарвозасига жавобсиз 3та гол уришди. Меҳмонлар фаоллиги билан бошланган беллашувнинг 33-дақиқасида ҳисоб очилди - бурчакдан йўлланган тўп ҳимоячиларга кўмаклашиш мақсадида ортга қайтган ҳужумчи Крис Вуднинг оёғига тегиб, дарвозанинг олис бурчагидан жой олди. Садио Маненинг аниқ зарбасидан кейин эса меҳмонлар 2 тўп устунлигида танаффусга йўл олишди.

Беллашувнинг иккинчи ярми ҳам вице-чемпионнинг назорати остида ўтди, жамоа кўплаб хавфли вазиятларга эга бўлди. Бироқ фақат бир марта Фирмино дарвозани забт этди. Мезбонларнинг барча ҳаракатлари эса зое кетди. Шу тариқа «қизиллар» қаторасига 4 марта зафар қучиб, АПЛ доирасидаги ғалабалар сериясини 13тага етказишди. Эътиборлиси, сериянинг барча учрашувларида жамоа ҳеч бўлмаганда 2 марта ўз рақиблари дарвозаларини ишғол этган.

Амалдаги чемпион «Иттиҳод»да «Брайтон»ни қабул қилиб, ҳар бўлимда 2тадан гол урган ҳолда ортиқча муаммоларсиз навбатдаги ғалабани расмийлаштирди. Ўйин­даги ҳисоб асосан яратувчанлик билан шуғулланадиган Кевин де Брюйненинг тезкор голи билан очилди. Танаффусга чиқиш арафасида фарқни оширган Агуэро иккинчи бўлимда «дубл»ни расмийлаштирди. Ниҳоят, 79-дақиқада Бернарду Сильва якуний ҳисобни ўрнатди - 4:0.

Лондоннинг 3 номдор жамоаси ва «МЮ» учун тур омадсиз ўтди. Сульшер шогирдлари Саутгемптонда «авлиёлар» қаршилигини енга олишмади. Ваҳоланки, ўйин уларнинг фаоллиги билан бошланган ва Жеймснинг тезкор голи ғалаба сари қўйилган қадамдек туюлганди. Лекин мезбонлар бунга рози бўлишмади ва иккинчи бўлимда мувозанатни тиклашди. Шундан кейин ташаббус яна меҳмонлар томонига ўтди, майдон эгалари асосий эътиборни ҳимоя ва тезкор қарши ҳужумга қаратишди. Тез орада қўполликка йўл қўйган Кевин Дансо ўйиндан четлатилгач, сон жиҳатидан устунлик ҳам «МЮ» томонига ўтди. Бироқ мезбонлар жарима майдончаси олдидаги 20 дақиқалик қамал самара бермади. Охир-оқибат, томонлар 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекишга мажбур бўлишди.

«Челси»нинг навбатдаги қоқилиши янада аламлироқ бўлди. Чунки ўз майдонида дебютант - «Шеффилд»ни қабул қилган «кўклар»дан мухлислар фақат ғалаба кутишганди. Аввалига ҳаммаси Фрэнк Лэмпард жамоаси учун рисоладагидек сценарий асосида кечиб, мезбонлар дастлабки 45 дақиқани 2:0 ҳисобида ўз фойдаларига ҳал қилишди. Аввалги турда «дубл»га эришган 21 ёшли Тэмми Абраҳам бу ўйин­да ҳам 2 марта меҳмонлар посбонини ранжитди. Аммо танаффусдан кейин тезкор гол дебютантга қўшимча куч бағишлади. Натижада мезбонлар минимал устунликни сақлаб қолиш мақсадида ҳимоя­вий услубга ўтиб олишди, улар дарвозаси олдидаги босим эса кучайиб борди. Ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганида «Шеффилд» вакилининг чап қанотдан йўллаган тўпи Курт Зуманинг оёғига тегиб, рикошет ёрдамида дарвоза бурчагидан жой олди. Шу тариқа «Челси» нақд ғалабани бой берди.

«Эмирейтс»да кечган «Арсенал» - «Тоттенхэм» баҳсида ҳам деярли шундай манзара ва айни ҳисоб (2:2) қайд этилди. Фарқи шуки, бу ўйинда меҳмонлар биринчи бўлимда 2та гол уришган, лекин танаффус арафасида мезбонлар уни қисқартирган эдилар. Иккинчи бўлим кутилганидек майдон эгаларининг устунлигида ўтди. Унаи Эмерининг кўрсатмалари ва ўйинчи алмаштиришлари эвазига ҳужум фақат Уго Льорис дарвозаси томон уюштирилди. Бироқ франциялик жаҳон чемпиони бир неча марта ўз жамоасини муқаррар голлардан сақлаб қолди. Фақат Обамеянгнинг яқин масофадан йўллаган тўпини қайтара олмади. Йўқотилган 2 очко «тўпчилар»ни 3-поғонага кўтарилиб олиш имкониятидан маҳрум этди.

Испания. Дуранглар синдроми

Ла Лига фаворитларининг аксарияти ҳам бу турда сулҳ билан кифояланишга мажбур бўлишди. Жумладан, «Севилья» ўз майдонида «Сельта»га 1 очко совға қилиб, ўзи 2 очкодан маҳрум бўлди. Қизиғи шундаки, беллашув тақдири охирги 10 дақиқаликда ҳал бўлди. Аввалига 81-дақиқада мезбонлар вакили Васкес ҳисобни очди. Аммо маҳаллий мухлислар ҳали голни нишонлаб улгурмасдан, меҳмонлар мувозанатни тикладилар. Голни Суарес амалга оширди.

Памплонада чемпионга қарши майдонга тушган «Осасуна» дастлабки дақиқаларни ўта фаол ўтказиб, тез орада олдинга чиқиб олди - ҳисоб 7-дақиқада Роберто Торрес томонидан очилди. «Барселона» эса 45 дақиқа ичида талаб даражасида тўп сура олмади. Танаффусдан ке-йин Эрнесто Вальверде ўйинда бурилиш ясаш мақсадида 16 ёшли иқтидор соҳиби Ансу Фатини майдонга туширди. Буни қарангки, атиги 5 дақиқадан сўнг ёш футболчи мувозанатни тиклаш билан дебют голини нишонлади. Шунингдек, Фати «Барса» тарихидаги энг ёш (16 йил, 304 кун) футболчи мақомига эга бўлди. Бироздан кейин 53-дақиқада Рафинья ўрнини эгаллаган Артур меҳмонларнинг иккинчи голини амалга оширди.

Афтидан, шундан кейин «кўк-анорранглилар» минимал устунлик ғалаба учун етарли деб ҳисоблашдими ёки хотиржамликка берилишдими, ҳар ҳолда, ташаббусни майдон эгаларига бериб қўйишди. Мезбонлар эса мағлубиятдан қутулиб қолиш мақсадида ҳужумни кучайтиришди ва якунда ўз мақсадларига эришишди - ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолган паллада Жерар Пике жарима майдончаси ичида тўпни қўли билан тўхтатиб қолишга мажбур бўлди. Торрес пенальтини аниқ бажариб, «дубль» муаллифига айланди. Оқибатда, чемпион сўнгги 6 йил ичида илк бор «Осасуна»ни енга олмади.

Жароҳатлар хуружини бошдан кечираётган «Реал» яна ўз мухлисларини ранжитди. Бу гал жамоа Вильярреалда майдон эгаларини енга олмади. Аниқроғи, навбатдаги мағлубиятдан қутулиб қолди. Таажжубки, 1 ой муқаддам Мадридни тарк этишга яқин турган Гарет Бэйл ўзининг «дубл»и билан халоскорга айланди. Яъни, 2 марта мувозанатни тиклади. Аввалига уэльслик ҳужумчи Дани Карвахалнинг узатмасидан унумли фойдаланди, кейин ажо-йиб рейд эвазига дарвозани ишғол этди. Лекин ҳисобни тенглаштирган ҳужумчи эҳтиросларини жиловлай олмай, 2 дақиқа ичида 2 марта сариқ карточка билан жазоланди ва майдонни тарк этди. Таъкидлаш жоизки, ўз ўйинини топа олмаётган Тибо Куртуа бу учрашувда ҳам юксак савияни кўрсата олмади.

«Ванда Метрополитано»даги «Атлетико» - «Эйбар» беллашуви нафақат Ла Лига, балки топ-бешлик миқёсида ҳам энг йирик сенсацияга айланишга яқин турганди. Чунки дастлабки 19 дақиқа ичида «матрасчилар» ўз дарвозаларидан 2та гол ўтказиб юборишганди. Фақат шундан кейингина мезбонлар уйғонгандек бўлишди: 27-дақиқада ҳисобдаги фарқ қисқарди, 52-дақиқада эса ҳисоб тенглашди. Лекин асосий вақтнинг сўнгги дақиқасига қадар тенглик сақланиб турди. Ана шу паллада захирадан майдонга тушган Томас аутсайдер дарвозасига учинчи голни уриб, баҳсга мантиқий якун ясади. Таъкидлаш жоизки, Диего Симеоне даврида «Атлетико» шу пайт­гача 19 дақиқа ичида 2та гол ўтказиб юбормаганди. Хуллас, катта қийинчилик билан бўлсада, жамоа ғалабали серияни давом эттириш имкониятига эга бўлди.

Ўз майдонида «Реал Сосьедад»ни қабул қилган «Атлетик» ва «Мальорка»ни синовдан ўтказган «Валенсия» ортиқча қийинчиликларсиз навбатдаги 3 очкони қўлга киритишди. Қайд этилган ҳисоб ҳам бир хил - 2:0. Фар­қи шуки, бильбаоликлар голни ўйиндан амалга оширишди, Валенсияда эса ҳакам 2 марта меҳмонларни пенальти билан жазолади. Ҳа, айтганча, «нуқта»дан зарба йўллашда хатога йўл қўймаган Дани Парехо ўз фаолиятида илк бор бир учрашувда 2та пенальтини голга айлантирди ва бу борада сўнгги 10 йилликнинг энг яхши тўпурарига айланди. У 23та 11 метрли зарбани аниқ бажариб, Ариц Адурисдан 2 очкога ўзиб кетди.

Германия. Дебютантдан «тарсаки»

Берлинга Бундеслига дебютантини синовдан ўтказиш учун йўл олган «Боруссия Д» «Унион»нинг қақшатқич зарбасига дуч келди. Ваҳоланки, пойтахт клуби аввалги 2 турда бор-йўғи 1 очкога эга бўлган, ўз дарвозасидан 5 марта тўп олиб чиққанди. «Дортмунд» эса пойтахтга 100 фоизли натижа билан ташриф буюрганди. Ўйиннинг биринчи ярми томонларнинг гол алмашуви билан якунланди - Бюльтернинг аниқ зарбасига Алькасер жавоб қайтарди.

Кўпчилик мухлислар танаффусдан кейин Люсьен Фавр шогирдларидан ҳужумкор ўйин кутишганди. Бироқ амалда «Унион» ғалабага эришди, шу оқшом «дубл»га эришган Бюльтер бош қаҳрамонга айланди. Кейинчалик Андерссоннинг аниқ зарбаси масалани узил-кесил ҳал қилди.

Шу куни «Бавария» «Альянц-Арена»да «Майнц»ни хоккейча (6:1) ҳисобда таслим этди. Аслида беллашув 1-турдаги каби омадсиз бошланган, мезбонлар 6-дақиқадаёқ гол ўтказиб юборишганди. Бироқ мувозанатни тиклаш учун ярим соат сарфлаган Нико Ковач шогирдлари кейинчалик меҳмонлар дарвозасига голлар ёмғирини ёғдиришди. Эътиборлиси, 6та голни 6 нафар футболчи амалга оширди.

Бу турга қадар «Дортмунд» каби йўқотишсиз келган «РБ Лейпциг» ғалабага («Боруссия М» - 3:1), «Вольфсбург» ва «Байер» дурангга (мос равишда «Падерборн» - 1:1 ва «Хоффенхайм» - 0:0), «Фрайбург» эса мағлубиятга (1:2) имзо чекди. Шу тариқа Лейпциг клуби якка пеш­қадам бўлиб олди.

Италия. Туринликлардан икки хил

томоша

«А» сериянинг 3-турида мухлислар 2та ўзига хос шоу гувоҳига айланишди: Туриндаги фаворитлар тўқнашувида «Ювентус» ва «Наполи» 7та гол совға қилишди, Пармадаги «Аталанта» - «Торино» жуфтлигининг туҳфаси бироз камтарроқ - 5та гол. Бу икки беллашувда Турин вакиллари зафар қучишди. Одатда, ғолиблар муҳокама қилинмайди, лекин бетараф мухлис сифатида бир жиҳатга эътиборингизни тортишни лозим топдик. Бизнингча, «Ювентус»дан кўра камтарин «Торино»нинг ғалабаси аҳамиятлироқ. Биринчидан, 3 тўп фарқи билан олдинга чиқиб олган чемпион рақибига мувозанатни тиклаш имконини берди. Иккинчидан, Кулибалининг кулгили хатоси бўлмаганида, «Кекса синьора» етакчилар сафида бўлмасди. Ва ниҳоят, учинчи сабаб шуки, «Торино» сафарда ўтган мавсумни фаворитлар кушандаси мақомида якунлаган «Аталанта»ни ишончли тарзда маҳв этди - икки марта ҳисобда олдинга чиқиб олди, рақиби тенглаштирди, учинчи голдан кейин ғалабани ушлаб қолди. Шу боис, 2 тур якуни бўйича «Торино»нинг натижаси ишонарлироқ кўринмоқда.

Аввалги турда дебютант «Лечче» дарвозасига 4та жавобсиз гол урган «Интер» бу турда «Кальяри» меҳмони бўлиб, Лукакунинг пенальтидан урган голи эвазига нав­батдаги ғалабани расмийлаштирди - 2:1.

«Милан» эса Чалханоглунинг ягона голи эвазига мавсумдаги дастлабки ғалабасини нишонлади ва барча кўрсаткичлар бўйича рақиби «Брешия» билан тенглашиб олди.

Римнинг икки жамоаси ўзаро баҳсда муроса йўлини танлашди - 1:1.

Франция. «Ренн»да ҳам маҒлубият

4-турдан кейин Лига 1да ҳам мағлубият аламини тотиб кўрмаган жамоа қолмади - ўз уйида «Ницца»ни қабул қилган «Ренн» 1:2 ҳисобидаги мағлубиятини тан олди. Қизиғи, мезбонлар Бенитеснинг автоголи эвазига олдинга чиқиб олишганди. Бироқ меҳмонлар танаффусдан кейин ўйин тизгинини ўз қўлларига олишди ва тез орада пенальти эвазига жавоб тўпини киритишди. Асосий вақт тугаган паллада таблода 1:1 ҳисоби порлаб турганди. Ҳакам томнидан қўшиб берилган вақтнинг 2-дақиқасида Коли мезбонлар дарвозасини забт этиб, жамоасига муҳим ғалабани тақдим этди.

«ПСЖ» Мецдан ишонарли (2:0) ғалаба билан қайтди, «Анже» эса Парижда «Дижон»дан шундай ҳисобда устун келди. Шу тариқа турнир жадвали бошқаруви очколари сони тенг бўлган квартет тасарруфига ўтди.

Ўз майдонида «Бордо»ни енга олмаган «Лион (1:1) 1-ўринга кўтарилиб олиш имкониятини йўққа чиқариб, 7 очколи жамоалар гуруҳи етакчисига ажратилган 5-поғонани банд этди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz