Қайднома

Қидирув

«Қалдирғочлар» қайтишди

«Қалдирғочлар» қайтишди

  05.09.2019 09:09
  0
  439
«Қалдирғочлар» қайтишди

Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби ҳақида мавсум аввалида турли миш-мишлар тарқалди, жамоанинг ҳатто қуйи лигага тушириб юборилиши мумкинлиги айтилди. Шунга қарамай, клуб бош директори Улуғбек Мирзаев вазиятни ўнглаш учун бор маҳоратини ишга солди.

Гарчи «Бунёдкор» аввалгидек молиявий томондан ўта барқарор бўлмасада, мураббийликка Вадим Абрамов тайинланди, таркибга бир қатор тажрибали футболчилар қўшилди. Бироқ турли гап-сўзлар тинмагач, кўрикдаги машҳур ўйинчиларнинг аксарияти молиявий бақувват, ўз олдига жиддий мақсадлар қўйган клубларга йўл олишди. Абрамов эса «Бунёдкор» академияси тарбияланувчилари билан янги мавсумга ҳозирлик кўрди. Coca Cola Суперлига-2019 баҳсларига қуръа ташлаш маросимида «қалдирғочлар»нинг кучлилар сафида қолиши ойдинлашди. Мазкур жараёнга ПФЛ вакили Диёр Имомхўжаев қуйидагича изоҳ берди: «Яхши бир клубни сақлаб қолиш учун принципларимиздан воз кечдик».

Миллий чемпионатимиз яна аввалгидек икки даврали тизимга қайтди. «Бунёдкор» қишки трансферлар вақтида фаол бўлмади, очиғи, ҳаттоки, Суперлига жамоалари орасида охирги бўлиб тайёргарликка киришди. Тажрибали футболчилар Лутфулла Тўраев, Анвар Ғофуров, Мурод Зуҳуров, шунингдек, ўтган йили ўринбосарлар таркибида тўп сурган ёшлар билан машаққатли йўлга чиқилди. Дастлабки турларда Вадим Карленович шогирдлари бироз қийналишди. Жиззахда аламли тарзда мағлубиятга учрашди, пойтахт дербисида «Пахтакор» устунлиги яққол сезилди. Бироқ кейинчалик Фарғонада «Навбаҳор» билан бўлган баҳс «қалдирғочлар» учун бурилиш нуқтасига айланди. Ўша учрашувда ажойиб ўйин кўрсатган «Бунёдкор» футболчилари якунда ғалабани ўз томонларига оғдиришди.

Шундан сўнг ёш иқтидорларнинг ўзига бўлган ишончи ортиши натижасида кетма-кет ғалабалар қўлга киритилди. Футболчилар мураббий услубига мослашиш билан бирга, жамоавий ўйинни ҳам шакллантириб боришди. Бироқ апрель ойи охири, май ойи бошларида клуб Сергей Лушан билан ўзаро зиддиятга борди. Асосий муаммо - пул масаласи. Икки томон ўртасидаги можаро сабаб «Бунёдкор» офислари муҳрланди, клубга тегишли мулкдан фойдаланиш тақиқланди. Жамоа мутасаддилари мазкур масаланинг ҳам ечимини топишди. Тез орада бари изига тушди, яна кетма-кет очколар жамғарилди.

Ёш, шижоатли футболчилар билан «Локомотив»га қарши сафар учрашувида дуранг қайд этилди. Ҳар йили ўзбек футболига янгидан-янги истеъдодларни тарбиялаб берадиган «Бунёдкор» бу йил ҳам ўз одатига содиқ қолган ҳолда омма эътиборига Жасур Жалолиддиновни танитди. Ҳали мактаб ёшида бўлган бу йигитчага мураббий ҳар бир турда имконият беряпти. У, албатта, билдирилаётган ишончни ортиғи билан оқламоқда. Шунингдек, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси аъзоси, ўтган мавсум Ёшлар лигасида тўпурарлик салоҳиятини намойиш этган Миржаҳон Мираҳматов ҳам жамоанинг алмаштириб бўлмас ҳужумчисига айланди. Тўғри, ўз вақтида Миржалол Қосимов уни захирадан майдонга туширарди, бироқ Миржаҳонга ўз иқтидорини тўлиқ юзага чиқариши учун вақт етишмади.

Очиғи, даставвал Вадим Абрамов шогирдларидан ҳеч ким бу каби чиройли ўйин ва натижани кутмагани табиий. Ҳатто, айрим мутахассислар жамоани юқори олтиликдан «тушириб юборишга» ҳам улгуришганди. Лекин Абрамов ўз сўзини айтмоқда. Ҳозирда иккинчи поғона учун курашаётган жамоанинг муваффақият сирларидан яна бири - бу академия. Таркибдаги 90 фоиз футболчи клуб академиясида ягона фалсафа, замонавий технологиялар, янги ғоялар остида камол топди.

Иккинчи даврага тайёргарликни Белоруссиянинг Минск шаҳрида олиб борган «Бунёдкор» ўз сафини Евгений Чумак, Дмитрий Островский, кейинчалик Санжар Турсунов ҳамда Шоҳруҳ Гадоев сингари юқори тажрибага эга футболчилар билан бойитиб олди. Эътибор беринг, энди «қалдирғочлар» бироз бошқача услубда тўп суришяпти. Яъни, биринчи бўлимни рақибга қўйиб бериб, юқоридан тўп узатмалари орқали ҳужумни ривожлантиришяпти. Учрашувнинг қолган қисмини эса ўз услубларида ўтказишяпти. Қарангки, бу услуб ўз натижасини беряпти.

«Металлург», «Сўғдиёна»га қарши кечган учрашувлардаги ғалаба омили ҳам аслида шу. Назарий жиҳатдан жамоанинг Осиё Чемпионлар Лигасига йўлланма олиш эҳтимоли бор. Лекин бу борадаги асосий рақобатчилари билан очколари орасидаги фарқ катта эмаслиги инобатга олинса, бу ҳақда сўз юритишга ҳали эрта.

Аммо Вадим Абрамов бошчилигидаги жамоа жорий мавсумнинг ўтган даври мобайнида шуни исботладики, бажариб бўлмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Айни пайт Суперлигадаги ҳар бир клуб «Бунёдкор»га жиддий рақиб сифатида қарамоқда. Бетакрор мухлислар ва ёш иқтидорларга эга жамоа ҳозирги барқарорликни йўқотмаса, албатта, кўзлаган мақсадига эришади.

Ўз мухбиримиз.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz