Қайднома

Қидирув

Фалсафа асоси – дунё ўрганиш…

Фалсафа асоси – дунё ўрганиш…

  06.09.2019 01:26
  0
  499
Фалсафа асоси – дунё ўрганиш…

Кристиан Штрайх - Бундеслигада ишлаётган энг зўр ва ўзига ишонган мураббийлардан бири. У имкон топиши билан рюкзакни орқалаб, саёҳатга отланади, экология хусусида қайғуради ёки шогирдлари даврасида сиёсатни муҳокама қилади. Унинг фалсафаси - футбол орқали дунёни ўрганиш ва ўргатиш. Спорт нуқтаи-назаридан олсак, Кристиан 3та хислати билан бошқа мураббийлардан яққол ажралиб туради:

1.  Садоқати кучли. Штрайх 1995 йилдан буён «Фрайбург» тизимида ишламоқда. У аввалига клуб ўсмирларига устозлик қилди, кейин бош мураббий ассистенти ролини бажарди ва 2011 йилга келиб, бошқарувни бевосита ўз зиммасига олди.

2. Натижалари яхши. Штрайх 2011|2012 йиллар мавсумида «Фрайбург»ни аутсайдерлар сафидан олиб чиқди, кейин Германия чемпионатида 5-ўринни банд этиш орқали ЕЛ йўлланмасини таъминлади.

3. Мослашиш қобилияти зўр. Штрайх имконияти чекланган шароитда ёшларни тарбияламоқда, «Фрайбург»ни катта харажатсиз элит дивизионда сақлаб қолмоқда.

 

Мураббийнинг ҳаётий позицияси ҳам ўзига хос - футбол воситасида сирли дунёнинг янги қирраларини кашф этади ва билганларини шогирдларига ўргатади. «Футбол - шунчаки, оддий ўйин эмас, у дунё халқларини бир-бирига яқинлаштирувчи ўзига хос восита. Мана, буни болалар жамоаси мисолида ҳам кўриш мумкин: таркибда Сенегалдан ҳам, Швейцариядан ҳам болалар бор. Ўйиндан кейин улардан ким яхшироқ тўп сургани ҳақида сўрасангиз, сенегаллик швейцарияликни мақтайди, у эса африкалик дўстини. Бундай аҳилликни кўргач, ўз-ўзидан завқинг ошади, кўпроқ ишлашинг, кўпроқ яшагинг келади. Бунга қадар рюкзакни елкамга илган ҳолда, жуда кўп дунё кездим. Хусусан, Марокаш, Ҳиндистон, Индонезияда альпинизм билан шуғулландим. Пляж футболини ўрганиш баҳонасида ҳам бу кўҳна оламнинг янги-янги қирраларини кашф этдим. Шунчаки, тўп сурганимиз эмас, вақтни жуда мазмунли ўтказганимиздан танам яйради. Мусулмонлар, ҳиндулар ва мен - христиан... Барчамиз баб-баравар, эҳ, қандай ажиб кунлар», - деганди Кристиан ўз интервьюларидан бирида.

Штрайхни одатда «Бундеслига виждони», дея улуғлашади. Бу бежиз эмас. Мураббий шундай жарангдор мақомга муносиб ишларни бажарди. Дейлик, Кристиан ўйиндан олдинги одатий матбуот анжуманларида Германиядаги қочоқлар, инсон ҳуқуқлари хусусида очиқ-ойдин фикр билдириб, клубларни ирқчиликнинг барча кўринишларига қарши аёвсиз курашишга чақиради. Фрайбург нашрларидан бирида ҳаттоки, мураббий учун махсус рукн очилган: «Штрайх ҳафтаси». Унда стадионлардаги аёллар, Рим Папаси, немис грамматикаси ва бошқа мавзуларга оид қизиқарли маълумотлар билан танишиш мумкин. Қолаверса, Кристиан шогирдларини футбол сирларидан бохабар қилиш билан чекланиб қолмайди, уларнинг ҳар томонлама етук инсон бўлиб улғайишларига алоҳида аҳамият қаратади. Шу сабаб ҳам, «Фрайбург» кийиниш хонасида турли мавзулардаги баҳс-мунозаралар тинмайди. Мана, ҳужумчи Нильс Петерсоннинг бу борадаги гапларига эътибор беринг: «Биз кўпинча фақат рақиблар таркибини эмас, балки Дональд Трамп ва Режеб Эрдоган каби сиёсат олами вакилларини ҳам муҳокама қиламиз. Жамоамизда америкалик ва 2 нафар турк футболчиси бор. Уларнинг фикрлари билан танишамиз. Яқинда ўзим ҳам сиёсий мавзуда маъруза ўқисам керак».

Кристиан Штрайх «Фрайбург» академиясидаги 13 йиллик фаолияти давомида сезиларли ислоҳотларни амалга оширди. Жумладан, хорижлик талабаларни жалб этиш тизимини йўлга қўйди. Даргоҳда нақ 40 нафар мутахассис фақат тарбияланувчиларнинг янги муҳитга мослаштириш билан шуғулланади. «Фрайбург» - интернационал жамоа. Унинг сафида европаликлардан ташқари, корейслар, америкалик ва австралияликлар тўп суришмоқда. Яқинда иккинчи жамоа таркибига Қозоғистон вакили қўшилди. Штрайх ўз фаолиятини академияда тарбияланувчиларга сингдирган 3та жиҳат - жисмоний тайёргарлик, ҳушёрлик ва ҳурматга асосланган ҳолда олиб боради. Буни ҳужумчи Винченцо Грифо оддий ва лўндагина ифодалайди: «Штрайх - иккинчи ота. «Фрайбург»да 20 ёшли футболчидан ҳам 100 фоиз фидойилик кўрсатиш қатъий талаб этилади. Ўйинлардан кейин шундай чарчоқни ҳис қиламизки, майдонда рақиблардан гўёки, 10 километр кўп югургандекмиз. Ана шу паллада кийиниш хонаси бурчагида мураббий пайдо бўлади: «Винс, италияликлар Рождествони қандай нишонлашарди?» Хуллас, Кристиан зарур пайт кайфиятни кўтарадиган сўзларни топа олади».

Бундеслига мураббийининг ҳар бир уй учрашуви ва машғулотлар базасига велосипедда қатнашига нима дейсиз? Албатта, ўзи истаса, бемалол автомобилидан фойдаланиши мумкин. Лекин Штрайх аввало, ўз саломатлиги ва экология хусусида қайғуради. Бундан ташқари, уйи стадиондан атиги 300 метр узоқликда жойлашган. Энг асосийси, Кристиан ўз шаҳрининг намунали фуқароларидан биридир. Фрайбургни Германиянинг экологик пойтахти сифатида таърифлашади. Шаҳар билан номдош жамоа эса мамлакатда биринчи бўлиб ўз стадиони томига қуёш батареяларини ўрнатди. Мураббий шогирдлари билан ишлаш жараёнида соғ-лом турмуш тарзи - тўғри овқатланиш ва табиатни асрашга оид мавзуларни ҳам асло унутмайди. Масалан, гўштни минглаб километр узоқликдаги дўконлар эмас, яқинроқ ҳудуддан харид қилиш кераклигини уқтиради. Бу масалада мураббий яхшигина тажрибага эга. Чунки болалигида отасининг гўшт дўконида ёрдамлашиб, харидорлар билан муомала маданиятини тўлиқ ўзлаштирганди. Хуллас, Штрайх ўз билимини аввалига академия тарбияланувчилари, кейин эса  футболчиларга сингдирди. Диққатга сазовор яна бир факт - Кристиан немисчадан ташқари, яна 3та тилни мукаммал ўзлаштирган. Умуман, германиялик мутахассис аслида немис тили ва тарих ўқитувчиси ҳисобланади. Сўзлари барчага тушунарли бўлиши учун эса асосан Баден шевасида гапиради. Чунончи, Кристиан мамлакатнинг жануби-ғарбидаги Вайль-на-Рейне шаҳрида дунёга келган. У учун анъанавий немис тилида сўзлашиш - телбалик. Ҳар ҳолда, Штрайх ҳаммабоп шева воситасида мулоқот қилиш орқали ўзини танитиш ва ўзгаларни осон танишга интилади: «Бу ўзини овоза қилиш ҳаракати эмас, балки фикринг тушунарли бўлишининг энг осон ва содда усули. Шундай кишилар билан суҳбатлашсангиз, уларнинг ким ва қаердан эканликларини дарҳол билиб оласиз».

Штрайх инглиз, француз ва испан тилларини билади ва жаҳонгашталикни ҳам ўрнига қўяди. «Хорижий давлатларга борсам, ўзимни бошқача ҳис этаман. Германиядан ташқарида ҳаттоки, ҳидим ҳам, кулиш ва йиғлашим ҳам ўзгача», - дейди мураббий. У мактабдаги таҳсилдан ке-йин немис тили ва адабиётини, тарихни ўрганган ва ўқитувчи дипломини олганди. Кристиан кўп ва равон гапирадиган кишилар сирасига кирсада, диққат марказига тушишни асло ёқтирмайди. Мисол учун, «Фрайбург» бош мураббийи лавозимидаги 5 йиллик юбилейи муносабати билан мухбирлар Штрайхдан фикр олмоқчи бўлишганида, у илтимосни рад этиб, машғулотга йўл олганди: «Агар мураббийлик фаолиятимни тугатишни истасам, 8 ҳафтадан кейин одамларда савол туғилади: «Ўзи анави Штрайхнинг исми нима эди?» 4 ойдан кейин эса улар шундай дейишади: «Фрайбург»да машғулотларга доимо велосипедда келадиган ғаройиб бир мураббий ишлаганди...».

Кристиан Штрайх чиндан ҳам, ёрқин ва равон нутқ соҳиби: «Футбол девонаси? Бу иборани хуш кўрмайман. Тўғри, бироз такаббур эканлигимни инкор қилолмайман. Шунчаки, шахсимни севимли касбим орқали ифодалашни истайман. Шу сабабли мураббийликни танладим. Агар дурадгорликни ихтиёр этганимда, ҳозир ёғочларни меҳр билан рандалаётган бўлардим. Бу касб билан кўпчиликнинг эътиборини тортиш қийин. Ахир ҳамма ҳам стол ёки стул оёқларининг нафислигига эътибор қаратавермайди... Якшанба куни оқшом вақтига тўғри келган ўйинларга ҳамиша спортчилар либосида йўл оламан. Чунки якшанба - мен учун байрам. Аммо ЕЧЛ доирасидаги учрашувларга барча мураббийларнинг шундай либосда боришлари одат тусини олгач, спорт костюмидан воз кечдим. Чунки кимдир «Штрайх ўзини ЕЧЛ мураббийига ўхшатмоқда!» қабилида гапиришини истамайман».

Таъкидлаш жоиз, ҳар жабҳада ўз фалсафасига таяниб иш кўрадиган Кристиан Штрайх қўл остидаги жамоа Бундеслиганинг янги мавсумини анча муваффақиятли бошлади - экологик тоза Фрайбургда меҳмон бўлган «Майнц» ўйин давомида 3та гол қўйиб юборди - 3:0. Қизиғи, Штрайх шогирдлари йирик ҳисобли ғалабани таъминлаган 3та голни атиги 6 дақиқа (82, 84 ва 86) ичида уришди. 2-турда эса фрайбургликлар «Падерборн» майдонидан ишончли ғалаба билан қайтишди - 3:1. Хуллас, «Фрайбург»га жиддийроқ эътибор қаратиш вақти келган кўринади.

 

Кристиан Штрайх фикрларидан иқтибос

- Сиз 1523та учрашув ҳақида гап очдингиз (Новицкининг МБАдаги натижаси)... Кейин 10000 мартадан ортиқ тўпни илиб олишни... Мазкур рақамлар кишини ўйлашга мажбур этади: спортчининг ёши нечада? Нима, у 340 ёшдами?

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz