Қайднома

Қидирув

Дебютант учун омадсиз якшанба

Дебютант учун омадсиз якшанба

  06.09.2019 09:59
  0
  411
Дебютант учун омадсиз якшанба

Янги мавсумда Туркиянинг «Ризеспор» клуби таркибига қўшилган голландиялик Мустафо ал Кабир учун 25 август оқшоми ўта хосиятсиз келди. Аввалига жамоанинг янги аъзоси машғулот базасида унутиб қолдирилди, кейин Мустафони стадионга киритишмади. Ниҳоят, у майдонга тушди-ю, 8-дақиқада жароҳат олиб, майдонни тарк этди.

Кўнгилсизликлар 2-тур учрашуви бошланишидан бирмунча аввалроқ бошланди. Ўз майдонида «Сивасспор» билан куч синашиш учун «Ризеспор» автобусда стадионга йўл олди. Салонда ал Кабирнинг йўқлигини ҳеч ким сезмади - уни машғулот базасида унутиб қолдиришганди. Мазкур эътиборсизликни изоҳлаш учун клуб хизматчиларида ягона рўкач - Мустафонинг ёзги трансфер дарчасида жамоага келганлиги эди.

Футболчининг бахтига, ўйин бошланишига анчагина вақт бор бўлиб, Мустафо таксида стадионга етиб олди. Бироқ у ерда навбатдаги тўсиққа дуч келди - соқчилар бирор-бир ҳужжати бўлмаган йигитчани ичкарига киришига имкон беришмади. Ал Кабир қўриқчилар ҳузурида қанча ушланиб қолгани маълум эмас, лекин бир амаллаб жамоадошларига қўшилиб олди.

Хуллас, Мустафо кийиниш хонасида айни пайтида пайдо бўлди ва «Сивасспор»га қарши баҳсни бошланғич таркибда бошлади. Аммо шундай кўргуликка учрашдан кўра учрашувга кечикиб келгани ва захирада қолгани яхшироқ бўларди. Боиси, ўйиннинг 8-дақиқасида у рақиб футболчиси томонидан амалга оширилган қўпол «подкат» оқибатида ўта жиддий жароҳат олди. Оёғи синган ал Кабирни замбил ёрдамида майдондан олиб кетишди.

Туркия ОАВнинг маълумотларига кўра, футболчи ками билан 6 ой давомида майдонга туша олмаслиги мумкин. Яъни, мавсумнинг асосий қисмини ўтказиб юборишга мажбур.

Мустафо ал Кабир 30 ёшда. У «Урал» жамоасида тўп сураётган Отман ал Кабирнинг акаси ҳисобланади. «Ризеспор» - Мустафонинг фаолиятидаги тўртинчи турк жамоаси. Бунгача у «Генчлербирлиги», «Антальяспор» ва «Анкарагюжю» клублари шарафини ҳимоя қилган. Бундан таш­қари, ал Кабир Япония, Швеция, Италия, Голландия ва Саудия Арабис­тони клубларида тўп сурганди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz