Қайднома

Қидирув

Омадсизлар шоуси ёки эрта хурсандчиликнинг "асорати"

Омадсизлар шоуси ёки эрта хурсандчиликнинг "асорати"

  07.09.2019 06:24
  0
  563
Омадсизлар шоуси ёки эрта хурсандчиликнинг

Аввалги ҳафта ЕЛ гуруҳ босқичи йўлланмаси тақдирига ойдинлик киритган ўйинлардан бири ва Болгария чемпионатида ажиб воқеликлар кузатилди. Ҳар иккиси гол урган футболчига боғлиқ. Бири хурсандчиликдан ўзига «сиғмади» ва қизил карточка олди, иккинчиси, шунчаки, шошқалоқлик қилди...

«Антверпен» - АЗ ўйинининг 73-дақиқаси. Мезбонлар вакили Ламкель Зе ҳисобни очди ва уни нишонлаш учун трибуна томон югурди. Унинг хурсандчилигини тушуниш мумкин эди: биринчи ўйин самарали дуранг натижа билан тугаганди. Хуллас, «Антверпен»нинг гуруҳ босқичига чиқиш эҳтимоли кескин ошганди. Бироқ АЗ ихтиёрида ҳали чамаси 20 дақиқа вақт бор эди. Боз устига, Ламкелнинг хурсандчилиги ва югуришини ҳакам тўхтатиб қолди. «Твиттер»да ёзишларича, у голни чамаси 1,5 дақиқа нишонлади. Футболчи бу орада чиройли шоу ҳам уюштирди: марказий чизиқ томон яқинлашиб, ўз футболкасини трибунага кўз-кўз қилди. 2007 йили Лионель Месси, кейинроқ Криштиану Роналду ҳам шундай хатти-ҳаракатни амалга оширишганди. Фарқи шуки, Ламкель Зе футболкасини ўз жамоаси тарафдорлари эмас, аксинча, рақиб мухлисларига кўрсатди. Балки улар хотирасида қолишни ўйлагандир. Хуллас, рефери бунга чидолмади ва «қаҳрамон»ни ўйинда иккинчи марта сариқ карточка билан «сийлади». Камига «Антверпен» вакилларидан яна бири олдинроқ майдондан четлаштирилганди. Якунда Ламкель фанатлар олқиши остида кийиниш хонасига йўл олди. Кейин эса... Эҳ, бечора Ламкель, у ўйин қўшимча бўлимларга чўзилиши ва «Антверпен» учун аламли тарзда якунланишини билмаганда...

****

Болгария элит дивизиони старт қисмидаёқ етакчилик учун жиддий кураш бошланди. 7та турдан кейин «Левски» 1-ўринда бормоқда, уни «Лудогорец» таъқиб этмоқда. Агар «Лудогорец» 25 август куни ўз майдонида «Славия»ни енгганида, пешқадамликни ўз томонига оғдирарди. Бироқ... Ваҳоланки, «Славия» ўйиннинг ярмини озчилик бўлиб ўтказди. Аниқроқ айтсак, меҳмон жамоа дарвозабони анча эрта қизил карточка олди. Мезбонлар шунда ҳам рақиб дарвозасини ишғол этиш имконини тополмадилар. Тўғри, иккинчи бўлимда майдонга тушган бразилиялик ҳужумкор ярим ҳимоячи Вандерсон орадан 15 дақиқа ўтиб, гол урди ва дарҳол трибуна томон югурди. Чунончи, мухлислар орасида унинг турмуш ўртоғи ҳам ўтирганди. Хоним ҳам бироз пастга тушди ва футболчига бўса тортиқ этди. Энг қизиғи, бу вақтда ўйин давом эттирилди. Гап шундаки, рефери Вандерсон голини «офсайд» туфайли ҳисобга олмади ва «Славия» футболчилари тўпни дарҳол ўйинга киритишди. Шу тариқа «Лудогорец» маълум муддат майдонда 10 киши бўлиб қолди. Энг асосийси, кейинроқ гол урилган вазиятда ўйиндан ташқари ҳолат бўлмагани аниқланди. Умуман, учрашув 0:0 ҳисобида тугади ва «Лудогорец» 1-ўринга кўтарилиш имкониятини қўлдан чиқарди. Ҳозирда «Левски» атиги 1 очко олдинда.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz