Қайднома

Қидирув

16 ёшли ўсмир Ансу Фати дебюти ва...

16 ёшли ўсмир Ансу Фати дебюти ва...

  07.09.2019 12:02
  0
  454
16 ёшли ўсмир Ансу Фати дебюти ва...

Унинг кечқурун «Камп Ноу»да майдонга тушиши учун ота-онасидан алоҳида рухсат сўрашга тўғри келди. Гап «Барселона»нинг «Бетис»га қарши ўйини (5:2) 78-дақиқасида Карлос Перес ўрнига майдонга тушган Ансу Фати ҳақида кетмоқда. Дебют вақти йигитча 16 ёшу 298 кунлик эди. «Барса» мухлислари бундай ёш дебютантни узоқ 1941 йилнинг октябридан буён кўришмаганди. Ўшанда 16 ёшу 280 кунлик Винсенс Мартинес «Реал» билан ўйинда майдонга тушган экан. «Бетис»га қарши баҳс олдидан клубнинг собиқ дарвозабони Виктор Вальдес «Инстаграм» орқали Фатини алоҳида руҳлантирди: «Сен учун ушбу аҳамиятли кунда барчаси яхши бўлишига тилакдошман. Бу шунчаки, футбол ва гол уриш эканлиги кўпроқ ўйла. «Камп Ноу» муҳитидан завқлан, болакай. Агар дебют қилсанг, ишончим комил, стадион сени осмонга кўтаради. Ҳамиша кучли ва тезкор бўл, Ансу». «Инстаграм» тармоғида Фатининг ўз  саҳифаси обуначилари сони эса, 100 минг нафарга етди. Майдонга тушишига қадар бу миқдор анча кам эди. Умуман, Ансу шахсига қизиқиш мислсиз даражада ошиб кетди. Хўш, бу йигитча ким ўзи?

 

Гвинея-Бисауда туғилган Ансу Фати 10 ёшидан буён «Барселона» тизимида шуғулланмоқда. Marca наш-рида ёзилишича, африкалик болакай ҳар бир ёш тоифасидаги жамоаларда академия мураббийларини чинакамига ҳайратлантирган. Ҳозирда Фати учун 2022 йилгача мўлжалланган янги шартнома тайёр. Унга мувофиқ, томонлар келишув муддатини автоматик равишда 2 йилга узайтиришлари мумкин. Диққат қилинг, ўсмир йигит трансферига белгиланган товон пули оз эмас, нақ 100 миллион евро! Демакки, «Барселона» унга келажак умиди сифатида қарамоқда. Фатининг ёзда «МЮ» эътиборига тушгани бежиз эмас, албатта. Ўнг оёғида самарали тўп сурадиган йигитча чалғитувчи «9-рақам» позицияси ёки қанот ҳужумчиси сифатида ўйнаш салоҳиятига эга. «Барса» машғулотларида мураббийлар Ансуни ҳаттоки, Лионель Месси позициясида ҳам синаб кўришган. Эҳтимол, келажакда аргентиналик юлдуз ўрнини айнан шу футболчи босар, тўғри, бунга ҳали анча бор.

Фати дебют ўйинида анча асабийлашди, лекин у жуда бахтиёр. «Ҳаяжон таъсиридами жуда асабийлашганим рост. Дебютим ҳақида нимадир дейишим қийин, фақат барчага - клуб, мураббий ва мени яхши қабул қилган мухлисларга миннатдорчилик билдираман, холос. Яна шу клубга келишимга имкон яратган ота-онам - оиламга ҳам чексиз раҳмат», - деди ёш дебютант ўйиндан кейин». «Барселона» бош мураббийи Эрнесто Вальверде эса Фатининг қисқа муддатли ўйинига яхши баҳо берди: «Ансунинг ижобий хислатлари кўп. Дейлик, у жуда тезкор ва бўшлиқдан самарали фойдаланади. Биламан, Фати ҳали жуда ёш. Дейлик, менинг давримда дебютини нишонлаган энг ёш футболчи бўлди. Лекин биз неча йилдирки, жамоадаги бошқа футболчилар ёшига қарамаяпмиз. Шундай экан, Ансунинг паспортига ҳам ёпишиб олмаймиз»».  AS нашри Фатини ёшлар лигасининг ўтган мавсуми бош кашфиёти сифатида эътироф этганди. Зеро, йигитча нақ 15та гол урганди. Испания паспортига эга йигитча тўпни ҳар икки оёғи билан бирдек яхши назорат қилади, гарчи ўнг томони кучлироқ бўлсада. 

Отасининг айтишича, Ансу бутун ҳафта давомида хотиржам ухлолмаган, бемалол тамадди қилмаган. Умуман, бутун оилада қандайдир таранглик ҳолати ҳукм сурган: «Гапиришга сўз тополмаяпман. Қаерда турганимизни тўлиқ англолмаяпмиз. Ҳар ҳолда, бу мен учун ақлга сиғмас ҳодиса», - деди Бори Фати ўйин чоғи. Табиийки, йигитчанинг яқинлари аввалига унинг майдонга тушишини катта ҳаяжонда кутишди, кейин эса тинмай қўллаб-қувватлашди. Энг қизиғи, «Барселона» раҳбарияти Ансуни «Бетис» билан ўйин қайдномасига киритиш учун унинг ота-онасидан алоҳида рухсат олишга мажбур бўлди. Гап шундаки, агар махсус ҳужжат бўлмаса, балоғатга етмаган футболчилар кечки вақтга тўғри келадиган Примеро учрашувларида қатнашолмайдилар.

Хўш, Ансу Фати ким? «Барса»нинг Гвинея-Бисаудан топган ва ҳали тўлиқ сайқалланмаган «бриллианти». Эътиборлиси, ФИФА вақтида унинг футбол фаолиятини тақиқлаб ҳам қўйганди. 16 ёшли иқтидор тарихи 2002 йили Гвинея-Бисау пойтахтида бошланган. Фатилар оиласи кенжа ўғил туғилганидан бир неча ой ўтиб, Испанияга йўл олади. Ўша вақт Бори Фати икки ўғли - Браим ва Ансу яқин келажакда «Барселона» либосини кийишини ҳаттоки, хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. Ака-укалар иқтидорини биринчи бўлиб, «Севилья» скаутлари илғашади. Шу тариқа Андалусия клуби аввалига Браим, кейин эса Ансуни ўз академиясига қабул қилади. «Барселона» эса орадан маълум вақт ўтгач, таклиф билан чиқади ва Фатилар оиласи бундай имкониятни қўлдан чиқаришни хоҳламай, дарҳол Каталония пойтахти томон ошиқади. Ёшлар жамоалари одатда анъанавий 11x11 формати эмас, балки болаларни маълум вақт ортиқча юкламалардан асраш учун 7x7 шаклида ўйнайди. Бунинг натижасида битта тоифадан иккинчисига ўтганда, футболчиларнинг заиф томонлари яққол кўринади. Яъни 7 кишилик жамоада ёрқин ўйнаган айрим болалар стандарт футбол чизмасида шунчаки, йўқолиб қолишади. Қисқаси, 9-12 ёшида катта келажакка умид уйғотган иқтидорлар энг жиддий синовга дуч келишади. Бунда айниқса, африкалик футболчилар анча қийналишади. Зеро, уларнинг табиий жисмоний кўрсаткичлари нисбатан тез юксалади ва европалик тенгқурларидан осонгина устун келишади. Бироқ 16 ёшдан кейин негадир ўсишлари секинлашади ва европаликлар олдинга ўтиб кетишади. Мураббийлар болалар футболида чинакамига порлаган Ансу Фатининг ҳам бирдан «сўниб» қолишидан хавотирланишгани бор гап. Лекин ёш гвинеялик бир уринишда барча хавотирларни парчалаб юборди. Яъни у 11x11 форматига қадам қўйгач, тинмай гол ура бошлади. Натижада Каталонияда Ансуга япониялик Такефуса Кубо қатори Ла Масия бағридаги «бриллиант» мақомини беришди. Фати — тезкор қанот ҳужумчиси. Айниқса, техник салоҳияти ва тўп узатиш, шунингдек, голга тортадиган вазиятларни нозик илғаш хусусияти ривожланган. Мураббийларнинг айтишларича, йигитча ҳужумда ҳар қандай позицияга осонгина мослашиш баробарида жамоасига ҳимояда ҳам ёрдам бериши мумкин. Шубҳасиз, бундай иқтидор бошқа клублар эътиборини ҳам тортган. Бори Фатининг тан олишича, «Реал» нисбатан манфаатли таклифни илгари сурган, лекин «Барса» раҳбарияти гвинеяликни Кубо йўлидан бормасликка кўндирган. «Барселона»да қол, шунда асосий жамоада ўйнайсан»  — ёзда айтилган шу гаплар ўлароқ, Ансу клубини ўзгартирмади. Лекин унинг ўзи ҳам шунчалик эрта дебютни кутмагани аниқ.

Аслида Ансу Фати 2014 йили футболдан бутунлай узоқлашиши ҳам ҳеч гап эмасди. Ўшанда хорижлик ёш ўйинчилар билан шартнома тузиш қоидаларини бузгани туфайли «Барселона»га трансфер тақиқи қўлланилганди. Қолаверса, ёшлар жамоаси вакилларининг «Барса» сафига қўшилишларига рухсат берилмади. Жумладан, Фати ва Кубо ҳам қора рўйхатга тушишганди. Каталония клубининг масала юзасидан берган барча апелляциялари натижасиз якунланди ва бир қатор ёш футболчилар орзуларидаги жамоадан кетишга мажбур бўлишди. Айтишларича, ФИФАга аноним эътирозни айнан «Севилья» ёзган экан. Муҳими, барчаси Фати учун хайрли хотима топди - ФИФА тақиқи гвинеяликни четлаб ўтди ва у Каталонияда қолди.

Ҳа, Фати фақат иқтидори ҳисобига «Барса» тарихида Ла-лига ўйинида қатнашган иккинчи ёш футболчига айлангани йўқ. Унинг эрта дебютида вазият тақозосининг улуши каттароқ. Ҳар ҳолда, Усмон Дембеле, Лионель Месси ва Луис Суареснинг тенгданига сафда эмасликлари гвениялик йигитчага йўл очгани айни ҳақиқат. Лекин битта фактдан кўз юммаслик керак: Вальверденинг «Барса Б»дан бирор ҳужумчи чақирмай, ёшлар жамоасидаги 16 ёшли йигитчага эътибор қаратгани кўп нарсани англатади. Эътиборлиси, Ансу ўйиннинг эртасига мактабга бориш учун барвақт туриши керак эди. «Ўғлим «Барселона»да дебют қилди. Энди хотиржам ўлсам ҳам бўлади», — деди Бори Фати «Бетис»га қарши ўйиндан кейин ҳаяжон билан. Уни тушуниш қийин эмас: ҳаттоки, Лео Месси ҳам расмий ўйиндаги дебютини 17 ёшида нишонлаганди, ахир...

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz