Қайднома

Қидирув

Футболчи ва оила: Роналду ва Жоржинья қандай оила қуришганди?

Футболчи ва оила: Роналду ва Жоржинья қандай оила қуришганди?

  07.09.2019 09:32
  0
  865
Футболчи ва оила: Роналду ва Жоржинья қандай оила қуришганди?

Криштиану Роналдунинг ҳозирги ҳамхонаси Жоржинья Родригес вақтида оддий сотувчи-консультант сифатида ишларди, энди у футбол дунёсининг энг машҳур хонимлари қаторида ҳамманинг диққат марказида. Дейлик, The Sun нашри яқинда «Ювентус» етакчисининг қаллиғини суҳбатга чорлаб, унинг шахсий ҳаёти нечоғли ўзгаргани билан қизиқди. Жоржинья ўз навбатида, Роналду билан қандай танишгани ҳақида ҳам гапириб берди.

Криштиану билан муносабати

- Шунчалик машҳур инсоннинг жуфти бўлиш осон эмас, лекин асло нолимайман ва бугунги ҳаётимни дунёдаги ҳеч нарсага алмаштирмаслигим ҳам аниқ. Демоқчиманки, Роналдуга нисбатан туйғуларим ҳар қандай босимдан кучли - бунга заррача шубҳа йўқ. Ўйлайманки, биз биргаликда янада кучлимиз ва бир-биримиздан илҳомланамиз. Кимнидир ром этиш ва орзу қилиш — бу жуда муҳим. Доимо Криштиану қалбига йўл топиш, ҳамиша уни бахтиёр ҳолатда кўришни хоҳлайман. Табиатан романтика хушториман, бу ҳолатим умр йўлдошимга ҳам хуш ёқади.

Машғулоти

- Йўқ, уйда кўп вақт ўтказолмайман. Лекин имкон туғилиши билан фарзандларим ёнига талпинаман ва уларга иложи борича кўпроқ вақт ажратишга ҳаракат қиламан. Шахсий брендимнинг реклама ишлари ҳафтада 2 кунга чўзилади. Қолган вақтда хотиржам ҳолда ёлғиз ўзим суратларни саралайман. Асосий машғулотим шу.

Пулга муносабати

- Моддий бойлик — бу яхши, лекин фикримча, ҳаётимиздаги асосий нарса пул эмас. Мисол учун, бир неча ой олдин отам ҳаётдан кўз юмди. Ўша лаҳзаларда пул бахт кафолати эмаслигини янада теранроқ англадим. Тушунарлики, қадрдонларим, яқинларим соғ-саломат ва бахтиёр бўлишлари учун ҳар қандай моддий манфаатдан осонгина воз кечаман. Одамлар мислсиз даражада кўп пул топишгани, бироқ уларни беҳуда сарфлашганига қанчадан-қанча мисоллар бор. Бойлик келган вақт инсон ўзлигини йўқотмаслиги, совуққонликни сақлаб қолиши шарт. Зеро, ҳаёт турли синовлардан иборат, улардан омон ўтиш учун эса, аввало, инсонийлик хислатлари зарур.

Роналду билан танишуви

- Биз қандай танишганмиз? Айтиш мумкинки, бу тасодиф самараси. 2006 йили модалар фестивалида йўлларимиз кесишди. Ўша тадбирда Gucci фирмасининг сотувчи-консультанти сифатида қатнашгандим. Аслида биринчи учрашувда Криш билан тузукроқ гаплашмаганман ҳам. Орадан бир неча кун ўтгач, биз яна тасодифан учрашиб қолдик ва бу сафар ишдан кейин унга бироз вақт ажратдим. Қисқаси, бирга сайр қилиш баҳонасида хотиржам муҳитда яқинроқ танишдик. Ўша учрашувдаёқ Криштиану мен истаган йигит эканлигини тушундим. Ҳа, бу бир кўришда севиб қолиш эди...

Оила муҳити

- Менинг уйим - бу оилам турадиган жой. Ҳаётимдаги энг мароқли лаҳзалар? Қачонки, Криштиану ва фарзандларимиз билан бир жойда тўплансак, чинакамига яйрайман. Бундай онларни ҳеч нимага қиёслаб бўлмайди. Дейлик, ҳафталик режа тузишда, аввало, оилам қизиқишларини эътиборга оламан. Оила қадриятларини эъзозлашни Испания шимоли-ғарбидаги Хакада жойлашган мактабдаёқ ўрганганман. Биринчи шартномага имзо чекишимга қадар, яъни 15 ёшга тўлгунча ўша мактабда таҳсил олганман. Шундан кейингина Мадридга кўчиб ўтдим ва муҳаббатимни учратдим.

Қад-қомати

- Болаликда жуда озғин эдим ва ҳамиша бироз тўлароқ бўлишни орзу қилардим. Энди эса барча моделлар озғин... Ҳозирги қоматим аввало, ўзимга ёқади. Ахир бунда сунъийлик йўқ, ҳаммаси табиий... Қандайдир сир борми? Ўрта ер денгизи парҳезига риоя қиламан. Жумладан, таомномамда гўшт маҳсулотлари ва сабзавотлар алоҳида ўрин тутади. Шунинг баробарида баъзан парҳездан четга чиқиб, ширинликлар ва ёғли таомлар истеъмол қилишим ҳам мумкин. Лекин меъёрли унутмайман. Бордию, ширинликларни кўпроқ есам, дарҳол спорт залига югураман ва тўпланган калорияни тугатмагунимча у ердан чиқмайман. Хушқомат бўлиш орзусидаги қизларга қандай маслаҳатлар бера оламан? Ҳар бир аёл — ўзига хос хилқат. Демоқчиманки, ҳар кимда фақат ўзига ярашадиган такрори йўқ чиройи бор. Аёллар аввало, ўзларини яхши кўришлари ва шахсий чиройларини максимал даражада қадрлашлари керак.

Жоржина Родригес 2017 йилнинг 12 ноябрь куни Криштиану Роналдуни қизалоқ (исми Алан) билан сийлади. Португалиялик юлдузнинг қолган 3 нафар фарзандини суррогат оналар дунёга келтиришган: кичик Криштиану, шунингдек, эгизаклар Ева ва Матео.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz