Қайднома

Қидирув

Америкача муваффақият тарихи

Америкача муваффақият тарихи

  08.09.2019 01:21
  0
  537
Америкача муваффақият тарихи

Эден Азардек юлдуз ўрнини тўлдириш масъулиятини ўз зиммасига олган америкалик Кристиан Пулишич болалик давридаёқ Британия ҳавосидан баҳраманд бўлганди. Бироқ «Челси»нинг эътиборини қозониш учун у Дортмундда бор куч-маҳоратини сарфлашига тўғри келди.

Англия сафари

Пулишич 1998 йилда АҚШнинг Пенсильвания штатида, футболчилар оиласида дунёга келди. Келли ҳамда Марк Пулишичлар ўша даврда Жорж Мейсон университетида футзал билан шуғулланишгани боис, Кристиан тўп билан жуда барвақт ошно тутинди. АҚШ ва Англия ўртасидаги илмий ҳамкорлик доирасида оила Оксфорд яқинидаги Тэкл қишлоғига кўчиб ўтди. Ўғлидаги футболга бўлган кучли қизиқиш Маркни маҳаллий клублар билан мулоқотга чорлади. Шу тариқа 7 ёшли Кристиан «Брекли Таун» мактаби тарбияланувчисига айланди.

Фарзандининг имкон қадар нуфузлироқ масканда сабоқ олишини истаган Марк айнан шу мактабни танлаган ва ҳар куни 1 соат вақтини борди-келдига сарфлашга рози бўлганди.

8 ёшгача бўлган болалар мураббийи илк машғулотдан кейин Кристианга юксак баҳо берганди: «Ўша пайтда бу болакайни кўрганингизда эди... Унинг маҳорати, ҳаракатлари, айниқса, иштиёқи тенгдошларидан яққол ажралиб турарди. Мен уни ҳеч иккиланмай қабул қилдим».

Уйга Қайтиш

Гарчи Кристиандаги футболга бўлган муҳаббат Англияда уйғонган бўлсада, тўп билан у ўз юртида танишганди. Оксфордшир сафаридан бир йил аввал маҳаллий академияда сабоқ олгани сабабли, яна ўша масканга қайтди. Болакай академия директори ва унинг мураббийи Стив Кляйн кўз ўнгида улғайган бўлсада, ноёб иқтидорига устози фақат ўсмирлик чоғида амин бўлди. «13-14 ёшли пайтида Кристианнинг маҳорати тўла-тўкис бўй кўрсатди. У ҳар икки оёғи билан тўпни моҳирона бошқарар, тезлиги жуда юқори эди. Ўйинни ўқий олиш бобида доимо тенгдошларидан олдинда юрарди», - дея хотирлайди мураббий.

Пулишич «Барселона», «Челси», «Порту», ПСВ ҳамда «Вильярреал» машғулотларида иштирок этди. Шунингдек, АҚШ терма жамоаси эътиборини тортди. 2012 йилда 13 ёшли Кристиан 15 ёшгача бўлган терма жамоа таркибидан жой олиб, 2 йил ичида 28 марта халқаро ареналарда майдонга тушди ва 21та гол урди.

Европа саргузаштлари

Икки йиллик ана шу фаолият Кристианни бутун дунёга танитди: 16 ёшли иқтидор соҳибини Европанинг номдор клублари ўзларига таклиф этишди. Катта Пулишич номдор «Барселона»дан кўра камтарин, лекин ишлов кўрмаган олмосни бебаҳо жавоҳирга айлантира олиши билан донг таратган «Боруссия Д»ни афзал кўрди. Охир-оқибат, 2015 йилнинг февралида Кристиан Германиянинг 8 карра чемпиони тасарруфига ўтди ва 17 ёшлилар жамоасига қабул қилинди. Унинг маҳорати 19 ёшгача бўлган футболчилар жамоаси бош мураббийи Марк-Патрик Мейстерни ҳам лол қолдирди: «Кристиан ўзининг юксак савиясини дастлабки ўйиндаёқ намойиш этганди. Кейинчалик Дэвид Вагнер, Юрген Клопп ва Томас Тухель каби профессионаллар ҳам унинг ноёб иқтидор, ўзгача менталитет соҳиби эканлигини эътироф этишди».

Фарзандининг бегона ўлкада ўз ўрнини осонроқ топишига кўмак бериш учун Марк ҳам Дортмундга ташриф буюриб, мураббий сифатида клуб тизимидан жой олди. Шунингдек, Кристиандаги немис тилини тезроқ ўзлаштиришга бўлган иштиёқ ҳам сезиларли ёрдам берди.

«Менга Кристиан хусусида савол беришганида, беихтиёр Сон Хюн Мин ёдимга келади. 2009 йилда мен «Гамбург»да ишлаганман. Ўша пайтда биз Жанубий Корея футбол ассоциацияси билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган ва 3 нафар иқтидорли ёшларни бир йиллик муддатга малака ошириш учун қабул қилгандик. 16 ёшли Мин ўшанда «Гамбург»­дан жой олган, немис тилини тушуниш ва ўзлаштириш учун кўп тер тўкканди», - деганди Мейстер.

2018 йилнинг ноябрида, яъни Лондонга йўл олишидан икки ой аввал Пулишич АПЛда жанг қилишга тайёр эканлигини билдирди. Футболчининг эътирофи асоссиз эмасди. Албатта, Эден Азардек рамз ўрнини тўлдириш осон эмас. Лекин кўпчилик мутахассислар, жумладан, «кўклар»нинг ашаддий мухлисларидан бири бўлмиш Алекс Голдберг америкалик иқтидор соҳиби «Челси»га жуда мос эканини алоҳида таъкидлади: «Сир эмаски, жамоа ҳозир жанговар ҳолатда эмас. Азардан жудо бўлгани етмагандек, трансфер мавсумида иштирок этиши ҳам тақиқланди. Бироқ шундай вазиятда ҳам Пулишич ишонч­ли тўп сурмоқда. Энг муҳими, у энди 20га чиқди ва юксак даражадаги ўйин тажрибасига эга».

Голдбергнинг фикрича, АПЛнинг кўзга кўринган жамоаларидан бирида олинган бебаҳо тажриба эвазига Кристиан яқин келажакда АҚШ термасида мўъжиза яратади: «Ўйлашимча, бу футболчининг мақоми ва маҳорати «Челси»да янада юксалади. Бу эса АҚШ термасининг савиясини оширади. Бундан ташқари, Пулишичнинг америкалик ёш футболчиларга ибрат бўлаётгани янада аҳамиятли. У ёшларга муваффақият йўлини кўрсатиб бермоқда».

Дарҳақиқат, футбол оламида юксак савиядаги ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Уэстон Мак-Кенни ва Тимоти Веалар шулар жумласидандир. Агар Пулишич «Челси»да муносиб ўрнини топа олса, нафақат ўзи, балки уммон орти футболи учун буюк ишни амалга оширган бўлади.

Исроил РАҲИМОВ тайёрлади. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz