Қайднома

Қидирув

Жасур Яхшибоев: «Пахтакорга» юқори савияда қайтмоқчиман»

Жасур Яхшибоев: «Пахтакорга» юқори савияда қайтмоқчиман»

  10.09.2019 01:44
  0
  572
Жасур Яхшибоев: «Пахтакорга» юқори савияда қайтмоқчиман»

Аввал хабар қилинганидек, миллий жамоамиз қатори, олимпиячиларимиз ҳам айни кунларда Токио-2020 Олимпиадасига йўлланма берувчи Таи­ланддаги Осиё чемпионатига тайёргарликни давом эттиришмоқда. Мазкур йиғин доирасида Эрон олимпия термаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда Любинко Друлович шогирдларининг функционал ҳолатини текшириб олишни мақсад қилган. Кучли рақиб билан баҳсдан олдин термамиз аъзолари ТТЙМИ стадионида «Локомотив» U-21 жамоасига қарши назорат учрашувида майдонга тушишди. 1:1 ҳисоби қайд этилган мазкур баҳсда ОТЖнинг ягона голига муаллифлик қилган Жасур Яхшибоевни ўйиндан кейин суҳбатга тортдик.

- Жасур, маълум вақтдан сўнг яна олимпия терма жамоасига жалб этилдингиз... Тайёргарлик жараёнида қандай ўзгаришлар бор?

- Тўғри айтасиз. Орадан анча вақт ўтиб, яна навбатдаги ўқув-машғулот йиғинига жалб этилдим. Эрон билан бўладиган учрашувга тайёргарлик ишлари яхши олиб борилмоқда. Чунки термада ҳамма профессионал, ўз ишининг усталари жам бўлган. Шунинг учун бизда бу борада муаммо йўқ деярли. Айрим янги чақирилган футболчиларни айтмаганда, жиддий ўзгариш йўқ. Ҳамманинг ўз иши, вазифаси бор. Лекин футболчилар анча вақтдан бери йиғилмагани учун бироз тушунмовчилик бўлади, аммо бу вақтинчалик. «Локомотив» ўринбосарлари билан учрашув шунинг учун ташкил этилди, деб ўйлайман.

- Бугунги баҳс расмий мақомда бўлмагани, назорат ўйини эканлиги учун ҳам футболчилар ўйинга бироз хотиржам ёндашишгандек таассурот уйғонди...

- Йигитлар йиғилишганига кўп бўлмади, рақиб таркиби ҳам ёшлардан иборат бўлсада, муносиб кураш таклиф қилди. Ўзимизни етарли даражада тайёрлай олмаганимиз учун бироз қийналдик, бироқ иккинчи бўлимда босимни ошириш ҳисобига тўп киритиб, дурангни таъминладик. Яна бир бор қайтараман, йигитларнинг ўзаро чиқишиб кетишлари учун вақт зарур. Терма футболчилари ихтиёрида доим фурсат кам бўлади, ана шу қисқа вақт ичида натижа кўрсатишимиз талаб этилади.

- «Пахтакор»да Шота Арвеладзе сизга етарлича ишонч билдирмади. Рақобатни бой бериб қўйиш натижасида, иккинчи даврани АГМКда ўтказяпсиз... Олмалиқ жамоасида аввалги спорт формангизга қайта олишингизга ишонасизми?

- Жароҳат туфайли кўп учрашувларда «Пахтакор»га ёрдам беролмадим. Албатта, мураббийнинг ишончи ҳам бу жараёнда муҳим роль ўйнайди. Шота Юстинович менга имкон бермади, де-йиш фикридан йироқман. Ахир ярим йилга яқин футбол ўйнаганим йўқ. Кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида АГМКга келдим, ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман. Бунинг учун Миржалол Қўшоқовичга раҳмат айтаман. Насиб қилса, бу йил ўзимни астойдил кўрсатиб, «Пахтакор»га юқори савияда қайтаман. Мен у ердан буткул кетганим йўқ, АГМКда фақат ижара асосида тўп суряпман.

- Эрон билан баҳсда жамоа қандай кайфиятда тўп суриши мумкин?

- Форслар билан аввал ҳам тўқнаш келганмиз. Дастлабкиси 2016 йили Баҳрайндаги ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида бўлган. Шунингдек, ўтган йили Темур Кападзе бошқарувида Ўзбекистон миллий жамоаси билан Теҳрондаги «Озоди» стадионида ўртоқлик учрашувида куч синашганмиз. Аммо ҳозир уларда ҳам мураббий алмашган. Карлуш Кейрушдан кейин бельгиялик Марк Вильмотс ишлаяпти. Унинг услуби олимпия терма жамоасига ҳам таъсир кўрсатади. Умуман олганда, улар билан қандай ўйнашни яхши биламиз.

- Яқинда Олимпиадага йўлланма берувчи Осиё чемпионатига қуръа ташланади. Ўзбекистон биринчи саватчадан ўрин олган... Қайси рақиблар бизга рўбарў бўлишини истайсиз?

- Менинг хоҳишим ҳеч нарсани анг­латмасада, фикрларимни билдириб ўтаман. Тахминим бўйича биз «А» гуруҳидан жой эгаллаймиз. Бу дегани бизга гуруҳга Осиё грандлари, кучли термалар тушади. Нима бўлган тақдирда ҳам бизнинг ўз мақсадимиз, йўлимиз бор. Вазифа - Токио Олимпиадасига чиқиш. Демак, ҳеч қандай рақибни танламасдан, ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил курашамиз.

- Бу галги қитъа биринчилигида ўртага Олимпиада йўлланмаси тикилгани учун Жанубий Корея, Япония, Эрон каби жамоалар жиддий қаршилик кўрсатишлари турган гап...

- Билсангиз, Хитойдаги Осиё чемпионатида биз Япония, Жанубий Кореяни мағлуб этиб, финалга чиқдик. Ҳал қилувчи баҳсда бизга рақиблик қилган Вьетнамда ҳам футбол йилдан-йилга ўсяпти. Хавотир олишга асос йўқ. Тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасига боришимиз шарт. Ундан ўзга натижа асло қониқтирмайди. Турли баҳоналар ўтмайди, олимпия термаси учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган, демак шунга яраша ўйин кўрсатишимиз керак.

АБДУЛАЗИЗ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz