Қайднома

Қидирув

Футболчи ва оила: Пеп ва Кристина тарихи

Футболчи ва оила: Пеп ва Кристина тарихи

  11.09.2019 09:16
  0
  541
Футболчи ва оила: Пеп ва Кристина тарихи

Улар 20 йилдан ошдики, биргалар. Кристина ҳаттоки, гоҳида эрини танқид остига олади, агарда қўллаган тактикаси иш бермаса. Гвардиола футболчилик фаолияти давомидаёқ бутун жаҳонни кезиб чиқди. Дейлик, Испания, Италия, Қатар ва Мексикада ўйнади. Мураббийликка ўтгач, бу давлатлар қаторига Германия ва Англия ҳам қўшилди. Хосеп шунингдек, 2012 йили Нью-Йоркда яшаб, ҳордиқ чиқарди. Оддий айтганда, Гвардиола ҳаётидаги энг муҳим барча босқичларда унга бир аёл ҳамроҳлик қилди - турмуш ўртоғи Кристина Серра. Ушбу жуфтликда 3 нафар фарзанди бор. Асосийси, Пеп ҳамиша ўз оиласини ортиқча эътибордан сақлашга уринади. Уй унинг учун стратегик аҳамиятга эга жой саналади. Айтишича, мураббий фақат оила даврасида ўзини мутлақо хавфсиз ва хотиржам ҳис этади.

 

Хосеп турмуш ўртоғи билан 18 ёшида дўконда танишган. У айнан Кристина туфайли модага ҳамнафас кийинишни ўрганди. Танишув чоғи Гвардиола «Барселона»да ҳали деб-ют қилмаганди. 18 ёшли иқтидор эгаси Anonio Miro бренди фотосессиясида суратга тушиш учун Serra Claret дўконига киради ва кассада ишлаётган Кристинани учратади. Ушбу дўкон қизнинг оиласига тегишли эди. Кристинанинг бувиси ва буваси ўтган асрнинг 30-йиллари тўқимачилик фабрикасига асос солишади ва кейинроқ Манрес шаҳрида люкс тоифасига мансуб дўкон очишади. Унда урф бўлган энг сара маҳсулотлар сотиларди. Айни пайт Кристина синглиси Жудит билан Барселона ва Манресдаги 2та Serra Claret дўконини назорат қилмоқда. Кристинага тегишли савдо мажмуасида Dsquared, John Richmond, Philipp Plein ва Herno каби машҳур брендларнинг энг қимматбаҳо маҳсулотларини топиш мумкин. Қисқаси, оилавий бизнесни мерос қилиб олган опа-сингиллар дўконни ҳар томонлама ривожлантиришмоқда, «Инстаграм» орқали янги-янги брендларни жалб этишмоқда. Serra Claret айниқса, «Барселона» вакиллари орасида машҳур. Дейлик, Лионель Месси кўпинча харидларни шу дўконда амалга оширади. Шунингдек, Хави, Андрес Иньеста ва Stone Island ихлосманди Луис Энрике ҳам Serra Claret мижози ҳисобланишади.

Табиийки, Кристина турмуш ўртоғининг кийиниш услуби ва бу борадаги дидига катта таъсир ўтказган. Ҳозирда Пеп доимий равишда модага бефарқ қарамайдиган энг башанг эркаклар рейтингига кирмоқда. Мисол учун, Британиянинг Esquire нашри ҳафталик танловида «Сити» устозини Брэд Питт ва Жаред Лето билан бир қаторга қўйди, The Telegraph эса 2017 йили каталониялик мураббийни жаҳондаги энг олифта 10 нафар эркак рўйхатига қўшганди (ўша рейтингга Райан Гослинг, Том Харди ва Брэдли Купер ҳам киришганди).  Men~s Health эса Гвардиола «Манчестер Сити»сини футболда энг яхши кийинадиган клуб сифатида эътироф этган. Британиянинг GQ журнали ҳаттоки, Пеп нега шунчалик олифта кийинишини аниқлашга уринган. Хулосага кўра, мураббийнинг бу борадаги сирлари оддий: костюм танлашда аввало, ўз гавдасини ҳисобга олади, ёрқин рангли безаклардан асло чўчимайди. У хусусан, кэжуал услуби бўйича шунчаки, даҳо (айниқса, кечки сайр учун шим танлашни қойиллатади). Гвардиоланинг кийиниш услубига Кристина нечоғли таъсир кўрсатишини билиш учун эса «Инстаграм» тармоғига кириб, Serra Claret саҳифасига боқиш кифоя қилади. Дейлик, Пепнинг ҳамхонаси ўтган йил ноябрь ойида эрининг ўша машҳур кулранг кардиган (жемпер-кўйлак)да тушган суратини қўйди ва Herno бренди маҳсулотлари Serra Claret дўконида сотилаётганини билдирди. Яна бир мисол: Кристина Италиянинг Avant Toi бренди маҳсулотларини реклама қилишда турмуш ўртоғининг шарф билан тушган суратларидан ҳам кўп фойдаланади. 

Умуман олганда, Гвардиоланинг аёли - панадаги қаҳрамон. У шу кунга қадар эри билан папараццига тўла Италия, Мексика, Қатар, Нью-Йорк ва Англияда яшади, аммо ҳеч қаерда «кўзга ташлангани» йўқ. Чунки Кристина интервью беришни ҳам, эътибор марказига тушишни ҳам ёқтирмайди. Тўғри, жуфтлик вақти-вақти билан турли тадбирларга бирга ташриф буюради. Кристина шунингдек, фарзандлари Мариус (18 ёш), Мари (16 ёш) ва Валентина (11 ёш) билан ўйинларни бевосита стадионларда кузатишга одатланган. Лекин негадир доимо назардан четда қолади. Пеп «Бавария»да ишлаганида, у Октоберфест тантаналарида ҳам қатнашганди, фақат асосий ролга чиққан эмас. Умуман, жуфтликнинг шахсий ҳаёти ҳақида маълумотлар жуда оз.

El Confidential яқинда Пеп оиласи ҳақида мини-тадқиқот олиб борди. Бироқ айтарли маълумот тўплай олгани йўқ. Ҳар ҳолда, мақолада мураббий атрофидаги кишилар, оила яқинлари ва журналистлар фикри келтирилди, холос. Шунда ҳам ҳеч кимнинг исм-фамилияси ошкор қилинмади. Қисқаси, тадқиқот ёрдамида оддий нарсалар аниқланди:

- Кристина ва Пеп ҳамиша ҳамнафас. Аёл эрининг фаолиятига боғлиқ муҳим қарорларини тўла қўллаб-қувватлайди. Дейлик, у Хосеп ортидан Италия, Мексика ва Қатарга боришда асло иккиланмаган.

- Улар бир-бирларини идеал тарзда тўлдиришади. Пеп камтарин оиладан чиққан бўлса, Кристина бадавлат сулола вакилидир. Аёл эрини ҳар жабҳада энг яхши маҳсулотларни танлашга ўрганган (ҳаттоки, озиқ-овқат масаласида ҳам). Кристина яна саёҳатни хуш кўради, мароқли дам олишни ҳам ўрнига қўяди.

- Озиқ-овқат маҳсулотларини кўпинча Кристинанинг ўзи харид қилади. Жуфтлик гоҳида харидлар ёки элит ресторанда овқатланиш учун бирданига Милан ва Парижга йўл олиши ҳеч гап эмас. 

- Кристина кино ва модага ўзгача қизиқади, эри каби Каталония мустақиллиги ҳаракатини қўллаб-қувватлайди. Дарвоқе, Пеп ҳам яхши кино ихлосманди.

- Пеп «Барселона»даги ишидан кейин маълум муддат танаффус олишга қарор қилганида, Нью-Йоркда яшаш ғояси Кристинадан чиққан. АҚШда улар медиа вакилларидан яшириниб юришган, фарзандлари эса инглиз тилини муваффақиятли ўрганишган. «АҚШга борганимизда, болаларимиз инглизчада бир оғиз гапиролмасдилар. Ярим йилдан кейин эса тилни мукаммал ўзлаштиришди. Ажойиб!» - дея қувончини яширмаганди Гвардиола BBCга берган интервьюсида.

- Кристина медиада атиги 1 марта кўриниш берган. Ўшанда, 2001 йили эри допинг қабул қилганликда айбланган эди (Пеп «Брешия»да ўйнаган вақт қонида кучли анаболик стероид - нандролон моддаси борлиги аниқланганди). «Пеп ушбу машмашалардан жуда кўп азобланди. Унинг ўзи адвокатлар маслаҳати билан гапирмасликни маъқул кўрмоқда. Биз чиндан ҳам, мушкул даврни бошдан ўтказмоқдамиз», - деганди Кристина.

Уй энг хавфсиз жой. Пеп учун оила жуда муҳим ўрин тутишини осонгина фаҳмлаш мумкин. Мураббий ўтган йили октябрда BBC Radio 5 меҳмони бўлиб, таниқли журналист Гильем Балагега эксклюзив интервью берди. Суҳбат ноодатий тус олиб, Хосеп севимли қўшиқларини ҳаётининг муҳим босқичлари билан боғлади. У аввалига Билл Фей ижросидаги The Healing Day таронасини ажратиб кўрсатди. Бу Гвардиола учун идеал қўшиқ. «Ҳар ким ўзича реалликдан қочишга уринади. Лекин мен учун уйдан яхшироқ жой йўқлигини очиқ тан оламан, - дейди Гвардиола. - Фақат оила муҳитида ўзимни мутлақо хотиржам ва хавфсиз ҳис қиламан. Эшикни ёпишим билан билан кўнглим қандайдир енгил тортади. 18-19 йилдан буён ўз ишимни биламан. Анчадан бери шу маромда яшаяпман ва барчасига ўрганиб бўлдим. Бироқ гоҳида қалб сокинликни истайди, шунда дарҳол уйга йўл оламан. Оилам, турмуш ўртоғим, фарзандларим даврасида кўнглим тусаган ишни бемалол қилишим мумкин. Дейлик, қандайдир жинниликка қўл урсам ёки ҳазиллашсам ҳам, ҳеч ким мени муҳокама қилмайди, эртасига суратларимни газеталарда босишмайди. Мана, ҳамхонам Кристина билан ажойиб фарзандларни улғайтиряпмиз. У шунчаки, меҳрибон она эмас, қойилмақом аёлдир. Мюнхен, Манчестер ёки Нью-Йоркка кўчиб ўтишимизни олайлик. Агар Кристина хоҳламаганида, бемалол Испанияда қолиши мумкин эди. Бироқ шуниси борки, оилам ёнимда турмаса, мутлақо ишлолмасдим».

Пеп ва Кристина 2014 йили никоҳдан ўтишган. Қизиғи, яширин маросимда атиги 10 киши қатнашган. Улар бу вақтда 20 йилдан ортиқроқ вақт бирга яшашганди. Тўй маросими учун Матадепера қасри танланган, аммо ҳаммаси камтарона ташкил этилган. Яъни Пеп ва Кристина никоҳ ришталарини боғлашларини сир тутишган. Хуллас, маросимда келин-куёвнинг фақат яқинлари ҳозир бўлишган - фарзандлари, ота-оналари. Улар эртасига Марокашга йўл олишган ва беш юлдузли меҳмонхона - Amanjenaда 3 кун байрам қилишган. Ўшанда режиссёр Давид Труэба, мусиқаси Льюис Льяк ва ўтган асрнинг 80-90-йиллари «Барса»да тўп сурган Гильермо Амор келин-куёв қувончига шерик бўлган.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz