Қайднома

Қидирув

РПЛ жамоаларида мукофот пули қанча: Яна шомуродвонинг "чўнтагини ковлаймиз"-ми?

РПЛ жамоаларида мукофот пули қанча: Яна шомуродвонинг "чўнтагини ковлаймиз"-ми?

  10.09.2019 22:32
  0
  607
РПЛ жамоаларида мукофот пули қанча: Яна шомуродвонинг

Россияда «Зенит», «Ростов» ва «Спартак» клублари футболчилари ҳаммадан кўпроқ мукофот пули олишлари мумкин. Хўш, РПЛ жамоаларининг ғалабаси, дуранги ва турнир жадвалидаги ўрни қандай баҳоланади? «БИЗНЕС Online» журналистлари айни шу масалага қизиқиб, Россия чемпионати жорий мавсумида иштирокчиларга қанчадан мукофот пули белгиланганини кўриб чиқишди. Айтиш жоиз, РПЛда янги тенденция вужудга келмоқда - клублар футболчиларни алоҳида ўйинлар эмас, балки мавсум учун қўйилган вазифанинг нечоғли бажарилишига қараб, рағбатлантиради.

ЭНГ ҲОТАМТОЙИ  - «ЗЕНИТ»

Олинган маълумотларга мувофиқ айтсак, РПЛда белгиланган мукофот миқдори бўйича «Зенит» олдига тушадиган жамоа йўқ. Питерликлар 1та ғалаба учун ўйинда майдонга тушган футболчиларга 9 минг евро (чамаси 656 минг рубль)дан беришади. Қайдномага кирганлар эса 4,5 минг евродан олишади. Принципиал ўйинлар (мисол учун, «Спартак»ка қарши баҳс)даги ғалабанинг баҳоси 2 баравар баланд.

«Зенит» раҳбарияти ЕЧЛ учун алоҳида тизим белгилаган бўлиб, футболчилар бу турнирдаги 1та ғалаба учун нақ 18 минг евродан олишади. Умуман олганда, Питер клуби анча ҳотамтой. Мисол учун, бирор жамоа захирада қолган футболчига ғалаба билан тугаган ўйин учун 4,5 минг евро бермайди.

«СПАРТАК»: ҲИСОБ-КИТОБ МАВСУМ ЯКУНИДА

«Спартак» жорий мавсумдан мукофот тизимини ўзгартирди. Бунга қадар асосий таркибнинг ҳар бир футболчиси ғалаба учун дарҳол 5 минг евро оларди. Энди клуб мавсум якунидагина ҳисоб-китоб қилади. Шунда ҳам «оқ-қизиллар» кучли учликка кирсалар. Тушунарлики, янги стратегия харажат миқдорини камайтиришга қаратилган. Хуллас, агар «Спартак» якунда 1-ўриндан жой олса, жами мукофот суммаси 20 баравар кўпайтирилади. Мабодо клуб кумуш медалга эга чиқса, унда футболчилар йиғилган суммани 15 баравар кўпайтириб олишади. «Бронза» ютилган тақдирда якуний миқдор 10 карра оширилади. Албатта, асосий таркиб ва захира футболчиларига тегадиган бонус миқдорида катта фарқ бор. «Спартак» чемпионликни тантана қилганидан кейинги икки мавсумда тегишлича 3 ва 5-ўринни банд этди. Клуб раҳбариятининг фикрича, футболчиларни турли натижалар учун бир хилда мукофотлаш тўғри эмас. Янгича ёндашув эса - мотивация манбаи. Зеро, футболчилар чемпионат финишида турнир жадвали юқори қисмида туриш учун ғалаба қозониш баробарида барқарор ўйнаш кераклигини яхши билишади.

 

«РУБИН»: ОЛДИН БОР ЭДИ, ҲОЗИР ЙЎҚ...

Қозонда ҳам футболчиларни мавсум якунидаги натижага қараб рағбатлантиришади. Бу қарорни ўтган йили клуб бош директори Рустем Сайманов ойдийгина изоҳлаганди: «Ғалаба учун мукофот - бу мутлақо нотўғри. Ҳарқалай, биз учун шундай. Энди бошқача йўл тутамиз: ЧЛга чиқиб, клуб учун пул ишладингми, мукофот ол, ЕЛ йўлланмасини қўлга киритдингми, марҳамат, фақат озроқ. Ҳеч қаерга чиқмадингми, унда рағбат йўқ. Нега тўлашимиз керак? Дейлик, «Амкар» ёки «Анжи» устидан қозонилган ғалабалар ва турнир жадвалидаги 10-ўрин учунми?» Айни пайт «Рубин» ва футболчилар ўртасида келишув бор. Унга кўра, мукофот пули миқдори якуний жадвалдаги ўринга боғлиқ бўлади. Тўғри, ҳозирча муайян сумма белгиланган эмас. Эҳтимолки, бунга еврокубокларга қўйилган тақиқ сабабдир. Зеро, «Рубин» 4 ёки 5-поғонадан жой олган тақдирда ҳам ЕЛда қатнашолмайди.

Ваҳоланки, Қозон жамоаси Хави Грасия даврида мукофот бериш бобида РПЛ етакчилари қаторида эди. Маълумотларга мувофиқ, рағбатлантириш тизими 3та тоифани ўз ичига олган:

s «Олтин» - «Зенит», ЦСКА, «Спартак», «Локомотив», «Краснодар» ва «Ростов» клублари билан ўйинлар. Ғалаба учун - 20 минг доллар (ҳар бир футболчига), дуранг учун - 10 минг доллар

s «Кумуш» - «Ахмат», «Урал», «Амкар» ва «Крилья Советов» клублари билан ўйинлар. Ғалаба учун - 15 минг доллар (ҳар бир футболчига), дуранг учун - 7,5 минг доллар

s «Бронза» - «Уфа», «Анжи», «Оренбург», «Томь» ва «Арсенал» клублари билан ўйинлар. Ғалаба учун - 10 минг доллар (ҳар бир футболчига), дуранг учун - 5 минг доллар. Бироқ ҳеч бир футболчи якунда белгиланган мукофот пулини тўлиқ олмаган.

 

ФАҚАТ ЯКУНИЙ НАТИЖАГА ҚАРАБ...

Умуман, РПЛда якуний натижага қараб, иш тутадиган жамоалар сони тобора ошмоқда. Хусусан, «Краснодар» футболчилари фақат ЧЛга йўл олишсагина, мукофот олишади. Бунда ҳар бир футболчига 1,5 млн. рублдан тўланади. Камтарона бонус. Ўзи «Краснодар» сиёсати сал бошқача: маош катта, мукофот кам. ЦСКА раҳбарияти клуб кучли учликка кирсагина футболчиларни алоҳида рағбатлантиради. Тўғри, тўлов масаласида муаммо бор: «армиячилар» мавсум-2015|2016даги чемпионлик учун ҳалигача мукофот пули олишмаган. «Динамо»да ҳам ўз тизими мавжуд. Агар жамоа еврокубокларга чиқса, ҳар бир футболчи ўйинлари сонидан қатъий назар, йиллик маошининг 50 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ олади.

 

«РОСТОВ»: ҒАЛАБА УЧУН ЯРИМ МИЛЛИОН

Бошқа клубларда эски тизим ҳамон амалда: футболчилар билан ҳар бир ўйин учун алоҳида ҳисоб-китоб қилинади. Элдор Шомуродовнинг клуби - «Ростов» энг катта бонус жамғармасига эга иштирокчилардан биридир. Зеро, Валерий Карпин жамоаси еврокубокларга талпинмоқда ва айни пайт кучли учликда бормоқда. Рақамларда айтсак, «Ростов» футболчилари кучли рақиб устидан қозонилган ғалаба учун 500 минг рублдан олишади. Дуранг натижа баҳоси бунинг ярмига тенг. Дарвоқе, «Ростов» ўтган мавсум муҳим ғалабаларга икки ҳисса кўп ажратганди, энди бундай тажрибадан воз кечилди. «Оренбург» ҳам бу борада анча сахий: клубнинг бош ҳомийси «Газпром» ғалабани 450 минг, дурангни эса 150 минг рублга баҳолаган. «Локомотив» футболчилари эса фақат ғалаба учун пул олишади (350 минг рублдан), дурангдан эса уларга моддий наф йўқ. Шунинг баробарида «темирйўлчилар» жорий ЧЛдаги 1та ғалаба ортидан 700 минг рублга бойиш имкониятига эгалар. «Локо» раҳбарияти яна якуний турнир жадвалидаги ўринга қараб ҳам бонус ажратишни мўлжаллаб қўйган. РПЛ дебютанти «Сочи» ғалаба учун 350 минг рублдан, дуранг учун 150 мингдан беради. Эслатиш ўринли, бу клуб бизнесмен Борис Ротенберг лойиҳаси ҳисобланади.

Ғалаба учун 300 минг рубль (ҳар бир футболчига) - бу РПЛ ўртамиёналари учун меъёрий баҳо. Ҳар ҳолда, «Арсенал», «Крилья Советов», «Урал», «Уфа» ва «Тамбов»да мукофот миқдори шунча. Бу клублар дуранг учун ўйинчиларга 100-150 минг рубль тўлайди. Фарқи шуки, «Арсенал» аъзолари топ-клубларни мағлуб этишса, икки ҳисса кўп олишади. «Уфа» эса мукофотнинг ярмини беради, қолганини мавсум якунида вазифа бажарилган-бажарилмаганига қараб, тўлайди. «Тамбов» ҳам худди шу тизимга амал қилади: футболчилар мукофот пулидан бир қисмини ўйин якунида олишади, холос. Белгиланган суммани тўлиқ ўзлаштиришлари учун эса жамоа лигадан тушиб кетмаслиги керак. Лига бўйича энг кичик мукофот жамғармаси «Ахмат»га тегишли. Чеченистон клуби вакиллари уй учрашувидаги ғалабага 150 минг, сафардаги ютуқ учун эса 250 минг рублдан олишади. Грознийдаги дурангга бонус йўқ, меҳмондагисига тўлаш-тўламасликни «Ахмат» раҳбарияти ҳал қилади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz