Қайднома

Қидирув

“Машъал” Супер-лигага ягона номзод...ми?

“Машъал” Супер-лигага ягона номзод...ми?

  13.09.2019 08:08
  0
  408
“Машъал” Супер-лигага ягона номзод...ми?

Муборакликлар учун уй ёки сафарнинг фарқи қолмади, фақат очко тўплаш билан “овора”. Кеча, мамлакат миллий чемпионатининг Про А лигасида навбатдаги 19-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Тўрт ўйиннинг бирортасида ҳам мезбонлар очко йўқотишмади. Турнинг марказий учрашуви дея баҳоланган “Машъал” ва “Шўртан” жамоалари ўртасидаги баҳсда майдон эгалари ташаббусни қўлга олган ҳолда, рақибини 2:0 ҳисобида мағлуб этишнинг уддасидан чиқди. Бу билан муборакликлар яқин таъқибчиси ҳисобланган ғузорликларни тўрт очкога ортда қолдиришга муваффақ бўлишди.   Аслида, иккала жамоа ҳам ўз даврида миллий чемпионатимизнинг энг юқори лигасида фаолият олиб борган, совринли натижалари билан мақтана олмасаларда, профессионал клуб сифатида шаклланишни қойиллатишган. Табиий ва сунъий майдонлар дейсизми, машғулотлар майдонларининг кўплигини айтасизми, маъмурий биноларининг ва ишга муносабатнинг халқаро талаблар даражасигача олиб чиқилганини дейсизми, хуллас шароит ва профессионаллик бўйича ҳозирги Суперлига талабига жавоб бера оладилар. Фақат уларнинг “тақдирига” Про лигада ўйнаш битилган экан. Мана, ҳар иккаласи ҳам қуйи лигада энг кучлилар сифатида юришини давом эттиришяпти.   Айниқса, “Машъал” жамоасининг юртимиз футболи ривожига қўшган ҳиссаси катта эканлигини ҳеч ким инкор эта олмаса керак. Мамлакатимизда болалар футбол академиясининг чинакам профессионал даражада шаклланиши айнан “Машъал”да кузатилганди. Узоқ йиллар “Машъал” футбол “фабрикасида” “ишлаб чиқилган” футболчилар турли терма жамоалар сафида юрт шаънини муносиб ҳимоя қила олдилар. Орадаги кичик танаффус эса “Машъал”нинг ҳурматига “соя солгандек” тасаввур уйғота бошлади. Лекин клуб мутасаддилари ҳар қандай қийинчиликларга қармай ўз юришида давом этишди. Мана, кўриб турганингиздек, Муборак томонлардан яна “қуёш” чиқиши тобора яқинлашяпти. Фақат Супер лигага, шунда ҳам ўз меҳнатлари билан чиқишни ният қилган муборакликлар учун айни пайтда ўйинларнинг уй ёки сафарда эканлигини фарқи қолмади. Беш турки, ўз майдонида “Хоразм” билан очко улашганини инобатга олмаганда бошқалардан ҳали очко йўқотмади. Кеча бўлиб ўтган турда эса асосий рақиби – “Шўртан”ни ҳам “таслим” эта олди. Бу билан чемпионлик сари навбатдаги дадил қадамини ташлаш баробарида яқин таъқибчисини сезиларли фарқ билан ортда қолдиришга муваффақ бўлди.   Фарғона томонлардаги антиқа воқеалар ҳамон давом этяпти. Бир пайтлар нафақат Фарғона вилояти ёки водийнинг, ҳатто Республиканинг фахри ҳисобланган “Нефтчи”нинг бугунги аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди. “Нефтчи”нинг кўп йиллик базаси бўлган, фақат машғулотлар учун фойдаланган, ҳатто ўринбосарлар ўйинларини ҳам ўтказишга лойиқ кўрмаган “Қиргили” стадиони бугун “Нефтчи”нинг асосий маскани. Бу ерда шунингдек, Про А лигада совриндорлар қаторида юрган “Истиқлол” ҳам фойдаланади. Шаҳардаги ҳайҳотдек “Истиқлол” стадиони эса ҳувиллаб ётибди. Ҳар қандай иншоот, агар ундан фойдаланилмаса, “чироғини ёқиб турмаса”, кўп ўтмай нурай бошлашини, охир-оқибат вайронага айланишини наҳот вилоят мутасаддилари билишмаса. Вилоят ҳокимлиги тасарруфидаги бу стадиондан вилоят ҳокимияти, шахсан вилоят ҳокими фақат пуллик мақсадда фойдаланишини яширмаяпти. “Нефтчи” ҳам, “Истиқлол” ҳам, марҳамат, пулини тўлаб қўйсинда стадионда ўйин ўтказаверсин. Ваҳоланки, “Нефтчи”нинг ҳам, “Истиқлол”нинг ҳам “ортиқча харажатларга” маблағи йўқлигини, футболчи ва мураббийларига аранг маош етказиб бераётганини, ҳатто “Нефтчи”нинг футболчиларидан катта миқдордаги қарзлари борлигини ўша мутасаддилар билмайди дейсизми? Билишади, лекин нимагадир муаммоларнинг олдини олишга шошилишмаяпти...   Кеча “Нефтчи” айнан шу “Қиргили”да “Оқ-тепа”ни қабул қилди. Бир қарашда ўйин тенг курашлар остида ўтгандек бўлди, аммо ҳисобда барибир мезбонлар устунлик қилишди. “Истиқлол” эса сафарда “Хоразм” меҳмони бўлди ва имкониятни бой берди. “Шердор” ва “Ифтихор”нинг ўйини фақат тўплар нисбатига хизмат қилди. Про Ага “адашиб” чиқиб қолган, нолойиқ хатти-ҳаракатлари билан нафақат ўз жамоаси футболчию мураббийларини, балки мутасадди ва мутахассисларнинг ҳам “қонини ичаётган” “Ифтихор” кимдан нечта гол ўтказиш манбаига айланиб қолди. Рақиблар уларнинг дарвозасини имкони етганича эмас, балки истаганича гол уришни одатга айлантириб бўлишди. “Бундай жамоа кимга керак”, деган саволлар ҳаммада ҳам бор, лекин жавоб берадигани йўқ...   Кеча бўлиб ўтган ўйинлар натижалари:  
19-тур   “Нефтчи” – “Оқ-тепа” – 3:0 “Шердор” – “Ифтихор” – 7:2 “Машъал” – “Шўртан” – 2:0 “Хоразм” – “Истиқлол” – 3:1.  

19-турга келиб “Машъал” жамоаси 40 очко тўплаган ҳолда якка пешқадам бўлиб олди. “Шўртан” ва “Истиқлол” жамоалари 36 очко билан иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаб туришибди. Тўртинчи ўринда бораётган “Нефтчи”да 33 очко бор. Бешинчи ўринда 31 очко билан “Хоразм”, олтинчи ўринда эса 27 очко билан “Оқ-тепа” жамоалари боришмоқда. Турнир жадвалининг сўнгги поғоналари “Шердор” (11 очко) ва “Ифтихор” (5 очко) жамоаларига тегишли.   Мусобақа тўпурарлар баҳсида ҳамон Шерзод Темиров (“Шўртан”) бормоқда – 12 та тўп. Сарвар Жуманиёзов (“Хоразм”)да 10та, Сардор Сотволдиев (“Истиқлол”)да эса 9та гол бор.   Лиганинг навбатдаги тур ўйинлари 18 сентябрга белгиланган.


 

Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА 

 


Манба: uza.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz