Қайднома

Қидирув

Юрген Клопп: «Ван Дейк – бебаҳо ҳимоячи»

Юрген Клопп: «Ван Дейк – бебаҳо ҳимоячи»

  13.09.2019 12:43
  0
  471
Юрген Клопп: «Ван Дейк – бебаҳо ҳимоячи»

«Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клопп ўйиндан олдинги одатий матбуот анжуманини ҳам табиий равишда «қизитиб» юборади ўз-ўзидан. Зеро, немис мутахассиси журналистларнинг ҳар қандай мавзуга дахлдор саволларига рўй-рост жавоб беришга одатланган. Клоппнинг таъкидлашича, шогирдлари - Алиссон ва Виржиль ван Дейк ҳақли равишда евромавсум лауреатлари бўлишди. У жумладан, голландиялик футболчининг айни пайт жаҳоннинг энг кучли ҳимоячиси эканлигига заррача шубҳаланмаслигини билдирди.

Алиссон ва ван Дейк совринлари

- Бу йигитлар хизматларига яраша мукофотланишди - барчаси ҳаққоний. Дейлик, ҳозирги ҳолатда жаҳон футболида Вирж (ван Дейк) олдига тушадиган ҳимоячининг ўзи йўқ. Унинг ўз амплуаси бўйича тенгсиз эканлигига заррача шубҳа йўқ. Қисқаси, ван Дейк жаҳон даражасидаги чинакам ҳимоячи, яна буюк ўйинчи! Унга ҳурматим жуда баланд. Чунки ҳамиша ўз салоҳиятини оширишга интилади ва бошқа футболчиларнинг ҳам олдинга силжишлари учун катта туртки беради. Ишонинг, бундай иш фақат энг кучли футболчи қўлидан келади. Агар ихтиёрингизда шундай кучли, жуда-жуда тезкор, техник салоҳияти ривожланган марказий ҳимоячи бўлса, бундан фақат ютасиз, айтарли ҳеч нимадан чўчимайсиз...

Таркиб ротацияси

- Ротация жараёни жамоа учун нақадар муҳим эканлигини айтишим шарт эмас. Жумладан, мен бунга 100 фоиз эҳтиёж сезаман. Биласизми, дастлабки 4 ҳафта мавсумнинг энг муҳим палласи ҳисобланади. Бу вақтда таркиб масаласида кенг кўламли ўзгаришларга қўл уриш ярамайди. Бироқ халқаро ўйинлар туфайли юзага келган танаффусдан кейин ҳаммаси бошқача бўлиши турган гап. Ҳозирдан таркибга маълум даражада янгилик олиб кириш хусусида бош қотиряпман. Фақат бу доимийлик касб этмаслиги тайин. Умуман олганда, ҳар бир ўйин арафасида ротация устида кўп ўйлаймиз. Чунки жамоадаги барча футболчиларга эҳтиёжимиз борлигини аввало, уларнинг ўзлари теран тушунишлари шарт. Оддий айтганда, ротация кийиниш хонаси муҳитини барқарор равишда яхши ушлаб туриш нуқтаи назаридан ҳам жуда зарур. Муҳими, йигитларимиз жамоага керак эканликларини билишади ва бизда ички муҳит масаласида қандайдир муаммо йўқ.

Деян Ловрен келажаги

- Одатда матбуот анжуманларида трансферлар ҳақида гапиришни хоҳламайман. Деянга келсак, ўтган мавсум ихтиёримда 4 нафар марказий ҳимоячи бор эди, бироқ шунда ҳам муайян даврда бу позицияда Фабиньодан фойдаланишимизга тўғри келди. Демоқчиманки, Ловренга ҳам эҳтиёжимиз бор - у керакли ўйинчи.

«Терф Мур»га сафар

- Очиғи, ушбу арена сафар ўйини учун энг қулай жойлар сирасига кирмайди. Биз олдин ҳам бу ерда ўйнаганмиз - иссиқ, шамол, ёмғир... Қисқаси, ҳеч қачон осон бўлмаган - мураккаблик туғдирадиган стадиони. Қолаверса, «Бернли» футболчилари уй аренасида ҳамиша ақлга сиғмайдиган даражада катта иш бажаришади. «Терф Мур»нинг нозик томони айнан шу ҳолатга ҳам боғлиқ. Дейлик, аввалги мавсум «Бернли» майдонида ҳаммаси ўта кескин тус олган ва ҳаттоки, рақиб устози Шон Дайч билан баҳслашишгача боргандим. Муҳими, ўзаро ҳурматни сақлаган ҳолда. Эсимда, ўша учрашувдан сўнг сиз - журналистлар Шон билан дўстлашолмаслигим ҳақида ёзгандинглар. Ҳақиқат шуки, биз бир-биримизга муносиб рақибмиз. Ўхшаш томонимиз ҳам бор - эҳтиросларимизни асло яширолмаймиз (АПЛ 4-туридан ўрин олган «Бернли» - «Ливерпуль» ўйинида Клопп жамоаси муаммосиз ғалаба қозонди - 3:0).

Бобби Дункан ҳақида

- Бобби - чинакам умид уйғотаётган ёш футболчилардан бири. Унга дарҳақиқат, алоҳида эътибор қаратяпман. Дункан ҳақида бош гап айтолмайман. Биламан, баъзан шартномаларга боғлиқ вазиятлар муайян муммоларни келтириб чиқаради. Тушунинг, бу ҳар қандай футболчи учун мутлақо оддий ҳолат. Ёш ўйинчилар эса алоҳида эътиборга эҳтиёжмандлар. Боббининг ўзи билан гаплашдим, албатта. У мавсумолди йиғинларида чакки ишлагани йўқ, лекин бошқа гап йўқ.

Ғалабали серия

- Очиғи, серия ҳақида ўйламагандим, ҳаттоки, бу ҳақда билмасдим ҳам. Чунончи, бор эътиборни фақат навбатдаги баҳсга қаратишни маъқул кўраман. Оддий ифода этганда, охирги 12та ўйинда қўлга киритилган ёки кейинги 20та баҳсда олиниши зарур саналган очколарни санамайман. Бунинг ўрнига навбатдаги рақиб ҳақида бош қотираман.

Жердан Шакири имконияти

- Шак жуда яхши шуғулланмоқда. Аслида унинг машғулотларда ниманидир исботлаши шарт эмас, фақат ўз даражасини ушлаб турса, бас. Шакири бизга керак. Асосийси, у буни билади. Жердан энг бахтиёр футболчими? Бундай бўлмаса керак. Бахтиёр эмаслигини намойиш этяптими? Йўқ. Шунчаки, сидқидилдан ишлаяпти. Чунки ҳар лаҳзада жамоага ёрдами зарур бўлиб қолиши мумкинлигини билади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz