Қайднома

Қидирув

Фамилияси таниш, чеҳраси янгилар…

Фамилияси таниш, чеҳраси янгилар…

  14.09.2019 01:38
  0
  406
Фамилияси таниш, чеҳраси янгилар…

Машҳур собиқ футболчиларнинг энг истиқболли фарзандларидан янги тўлқини. «Олма дарахти тагига олма тўкилади» - бу мақол бежиз пайдо бўлган эмас. Лекин ушбу тушунчага қарши чиқадиганлар ҳам кўп, барибир. Зеро, ҳар бир таниқли шахс фарзандига отаси каби юксак марраларни забт этиш насиб этавермайди. Футбол мисолида кўрсак, ҳар икки қарашни тасдиқлайдиган мисоллар етарлича топилади. Дейлик, айрим юлдузларнинг ўғиллари ота изидан бориб, ҳаттоки, уни ортда қолдиришган. Янги мавсумда ҳам Жастин Клюйверт, Тимоти Веа каби иқтидорли ёшларнинг янги тўлқини билан танишсак, ажабмас.

Ди Мажио Райт-Филлипс. Футбол олами афсонавий Иан Райт фарзандлари дебютидан аллақачон ҳайратланиб бўлди. Энди навбат унинг неварасига. Ди Мажио - вақтида «Манчестер Сити», «Челси» ва «Куинз Парк Рейнжерс» жамоаларида тўп сурган машҳур вингер Шон Райт-Филлипс ўғли. Шу ой 18 ёшини қарши оладиган иқтидорли йигитча айни пайт «Сити» ёшлар жамоасида ўйнамоқда. У ёшлар ўртасидаги Англия кубоги турнирида ўзини кўрсатишга улгурди. Ди Мажио «шаҳарликлар»-нинг асосий таркибига кира оладими? Ҳозирча аниқ гапириш қийин, лекин Райт-Филлипслар оиласи вакилларининг туғма истеъдодини ҳеч ким инкор этолмайди.

Хефрен Тюрам. Лилиан Тюрамнинг тўнғич ўғли - Маркус профессионал футболга ўтган йили қадам қўйди. Ҳозирда унинг ишлари чакки эмас, ҳар ҳолда, бир уринишда кўзга ташланди. Мана, навбат Маркуснинг укаси - Хефренга келган кўринади. Гап «Монако» академиясида ўқиган ярим ҳимоячи ҳақида кетмоқда. Лекин кичик Тюрам июнь ойида «Ницца» сафига қўшилди. Дарвоқе, Хефрен ўтган мавсум Тьерри Анри ишончи туфайли ЧЛда дебют қилди. «Ницца»да ҳам унга катта умид боғлашмоқда: «Жамоамиз ёш йигитларга ҳамиша ишонади. Хефрен буни билади ва биз билан юксалишига шубҳаланмаяпти», - дейди клуб техник директори Жиль Гриманди.

Лука Зидан. Мухлисларнинг Лука Зиданга эътибор қарата бошлашганига кўп бўлди. Ахир йигитчанинг фамилияси ўта жарангдор. Лука отаси Зайниддин Зидандан фарқли ўлароқ, дарвозабонликни танлаган ва ҳозирча асосан «Кастилья» («Реал» ёшлар жамоаси)да ўйнади. Унга шунингдек, бош жамоанинг расмий ўйинида кўриниш бериш ҳам насиб этди. Мисол учун, ўтган мавсум «Уэска»га қарши кечган баҳсда «Қироллик клуби» дарвозасини айнан Лука Зидан қўриқлади. Ўшанда у 2та гол қўйиб юборган бўлсада, мадридликлар якунда ғалаба қозонишди - 3:2. Лука мавсум-2019Ғ2020ни Сегунда иштирокчиси -  «Расинг» сафида бошлади. Бу унинг учун янги даражага кўтарилиш имконияти, албатта.

Даниэль Мальдини. Мальдинилар сулоласининг футболдаги учинчи авлоди бўй кўрсата бошлади. Даниэлнинг отаси Паоло ва бобоси Чезаре вақтида Италия миллий жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилишган, акаси - Кристиан эса бир неча мавсумдан буён Италия қуйи дивизионларида ўйнамоқда. Аслида ака-ука Мальдинилар фаолияти «Милан»да бошланди. Даниэль ҳамон «рассонерлар» сафида ва мавсумолди ўртоқлик баҳсларида майдонга ҳам тушди. Аниқроғи, ҳужумда тўп сурадиган кичик Мальдини «Бавария» ва «Бенфика»га қарши кечган учрашувларда қатнашди.

Жо ван дер Сар. «МЮ» ЧЛ-2017|2008да зафар қучганида, дарвозабон Эдвин ван дер Сар ғалабани 10 ёшли ўғилчаси Жо билан бирга нишонлаганди. Ўша болакай ҳозир 21 ёшда ва профессионал футболчи. Вақтнинг жуда тез учишига қаранг... Жо ван дер Сар яқинда Голландия чемпионати учинчи дивизионида ўйнаётган «Вутбалверенигинг Нордвейк» жамоаси аъзосига айланди. У бунга қадар «Аякс» «АДО Ден Хааг» ва «РКК Валвейк» клубларида кўриниш берганди.

Келвин Йебоа. Фаолияти давомида «Айнтрахт», «Лидс» ва «Гамбург» тарихида катта из қолдирган Тони Йебоанинг ўғли - Келвин профессионаллик сари қадам ташлашга тараддуд кўрмоқда. 19 ёшли йигитча ҳозирча Австриянинг «Ваттенс» клуби ихтиёрида. Тироль клубининг мамлакат чемпионати олий лигаси йўлланмасини қўлга киритишига катта ёрдам берган кичик Йебоа ёзда «Вест Хэм» эътиборига тушди, лекин АПЛ томон юришга шошилмади, чоғи.

Андри Гудйонсен. Эйдур Гудйонсен  1996 йили отаси ўрнига майдонга тушиш асносида дебютини бошқача нишонлаганди. Ҳозирда унинг иккинчи ўғли Андри катта умид уйғотмоқда. Эйдурнинг тўнғич фарзанди - Свеинн эса «В» серияда «Специя» учун ўйнамоқда. У катталар футболида чамаси 50та ўйин ўтказишга улгурди. 17 ёшли Андри акасидан истеъдодлироқдек. Ҳарқалай, «Реал» ёшлар тизимида шуғулланиб, секин-аста асосий жамоа савиясига яқинлашмоқда.

Льюис Уокер. Бу йигитча ҳам худди Даниэль Мальдини каби йиллар давомида энг яхши устоз - ўз отаси Дес Уокерга қарши кўп бора ўйнади. У тажрибали собиқ ҳимоячи билан олиб борилган ишлар кучли ҳужумчи сифатида шаклланишига ёрдам беришидан умидвор. 20 ёшли йигитнинг акаси Тайлер ҳам гол уришни ёқтиради. Дарвоқе, тўнғич Уокер апрель ойида «Куинз Парк Рейнжерс»да илк бора кўриниш берди. Диққатга сазовор томони, унинг дебюти отасининг қадрдон жамоаси - «Ноттингем Форест»га қарши ўйинга тўғри келди. «Тушунарлики, отам вақтида буюк ҳужумчиларга қарши ўйнаган. Демакки, у кучли форвард бўлишга қандай хислатлар кераклигини яхши билади» - дейди Льюис.

Макси Тайнио. Катта Тайнио худдики кеча «Тоттенхэм»да ўйнаб юрганди (аслида бунга кўп бўлди), энди эса ўғли Англия футболини забт этиш уринишини бошламоқчи. Финляндиялик собиқ ярим ҳимоячининг зурриёди ҳам айнан марказий зонада тўп суради. Макси 15 ёшидан буён «шпорлар» сафида шуғулланмоқда. Қисқаси, кичик Тайнио учун бош жамоадаги дебют вақти тобора яқинлашмоқда. Чунончи, «Тоттенхэм» бош мураббийи Маурисио Почеттино ёшларга ҳамиша катта ишонч билан қарайди.

Уилл Яаскеляйнен. Финляндия футболининг яна бир вакили. Уилл -  «Болтон»да афсона даражасига кўтарилган ўша машҳур Юсси Яаскеляйнен ўғли. 21 ёшли йигит футбол сирларини «Болтон»да ўрганди, лекин 2017 йили «Крю Александра» сафини тўлдирди. У хусусан, ўтган мавсум жамоанинг асосий таркибига кира бошлади.

Жонатан Клинсманн. Жонатан машҳур фамилияси туфайли катта босимга учраши тайин. Ваҳоланки, у Юрген Клинсманн ортидан бормади, яъни ҳужумчиликни эмас, дарвозабонликни танлади. Кичик Клинсманн Швейцариянинг «Санкт-Галлен» жамоаси билан шартнома тузишига қадар «Герта»да ўйнаганди. Жонатан халқаро миқёсда АҚШ ёки Германия миллий жамоасида ўйнаш ҳуқуқига эга. У ёшлар ўртасидаги бир қатор турнирларда америкаликлар шарафини ҳимоя қилди, лекин катталар футболида танловини ўзгартириши ҳеч гап эмас.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz