Қайднома

Қидирув

Тайёрмисиз, ёшлар

Тайёрмисиз, ёшлар

  15.09.2019 03:49
  0
  335
Тайёрмисиз, ёшлар

Ҳозирги кунда барча кичик ёшдаги терма жамоаларимиз муҳим мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиш учун сўнгги ўқув-машғулот йиғинига киришишган. Азамат Абдураимов бошчилигидаги U-16 терма жамоаси шу ойда пойтахтимизда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати саралашидан аввал БАА билан ўртоқлик учрашувида иштирок этди. Дастлабки баҳсда мамлакатимиз келажаги бўлган ўсмирлар ўз тенгқурлари устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Йил бошидан буён бирор-бир юқори савиядаги турнирда қатнашмаган терма аъзоларига охирги ойларда эътибор кучайди. Худди шу гап Отабек Ғуломхўжаев устозлик қилаётган ёшлар терма жамоасига ҳам тааллуқли.

2020 йилги Осиё чемпионатига йўлланма берувчи саралаш баҳсларини терма жамоамиз ноябрь ойида Саудия Арабистонида бошлайди. Рақиблар эса жиддий - Ҳиндистон, Афғонистон ва мезбонлар. Кўриб турибсизки, жамоаларнинг ҳар бири ўз кучи ва услубига эга.

8 сентябрдан Тошкентда тайёргарликка киришган ёшлар термаси аъзолари биринчи кунда асосан тўп билан ишлашди, чаққонлик ва эпчилликни оширувчи машқларга урғу беришди. Олимпия терма жамоаси билан бирга йиғинда иштирок этаётган Жасур Жалолиддинов ҳам ёшларимиз ихтиёрига етиб келди. Қувонарли томони, таркибдаги айрим футболчилар Суперлига жамоалари сафида бир нечта ўйинларда майдонга тушишга улгуришди. Ёш бўлишларига қарамай, етакчи мақомига эришишди. Дейлик, Абдувоҳид Неъматов «Насаф» клуби ва олимпия терма жамоасининг асосий посбони саналади. Шунингдек, иккинчи даврада «Қўқон-1912» таркибида пайдо бўлган Ҳожимат Эркинов ҳам мунтазам ўйин амалиётига эга. Жасур Жалолиддинов ҳақида ортиқча тўхталмаймиз. Аммо ҳам олимпия, ҳам ёшлар термалари, клубидаги тинимсиз йиғинлар Жасурбекни толиқтириб қўймаса бўлгани.

Машғулотлар жараёнида мураббий асосий эътиборни шогирдларининг кайфиятини кўтаришга қаратмоқда, машғулотларни улар билан тенгма-тенг олиб бораётгани эътиборга молик. Отабек Ғуломхўжаевга яқиндан ёрдам бераётган Дониёр Усмонов, Сарвар Ҳайдаров, Илнур Сигабатуллинлар ҳар бир ўйинчи билан индивидуал тарзда машқ олиб боришмоқда. Иордания билан ўртоқлик баҳсидан сўнг жамоа октябрь ойида Таиланддаги турнирда иштирок этиши кўзда тутилган. Тайёргарлик ишлари, футболчиларнинг функционал ҳолати айнан бош мураббийга аён. Шунинг учун бир қатор саволлар билан узоқ муддат «Бунёдкор» академиясида тажриба орттирган мутахассис Отабек Ғуломхўжаевга юзландик.

- Осиё чемпионати саралаш босқичи учрашувларига ҳозирлик қандай кетяпти?

- Мавсум бошида тузилган дастур асосида навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини бошлаб олдик. Режага мувофиқ, Тошкентда жамланиб, Иорданияга йўл оламиз ва у ерда иккита ўртоқлик учрашувида ўйинчиларни яна бир бор кўздан кечириш имкони бўлади. Бир нарсани алоҳида таъкидласам, ўтган ойда Тожикистонда ташкил этилган CAFA CUP мусобақаси биз учун айни муддао бўлди. У ерга деярли иккинчи таркибимиз билан ташриф буюрдик, бундан кўзланган мақсад захирадагиларнинг асосий ўйинчиларимиз билан қай даражада рақобатлаша олишини аниқлаш эди. Хулоса шуки, ҳозирги кунда Тожикистонга борган футболчиларнинг маҳорат ва жисмоний имконияти асосий футболчилар билан рақобатлашишга етади.

- CAFA CUP турнири ҳимояда хатолар етарли эканлигини кўрсатди...

- Албатта, марказий ҳимоядагилар позицион жиҳатдан яхши ўйин кўрсатишди, аммо қарши ҳужумларда қўпол хатога йўл қўйишди. Яъни, тўлиқ жамоавий ҳужумга ўтганда, прессинг қилганимизда, рақибнинг тезкор ҳужумларига мослаша олмаяпмиз. Мазкур йиғинда шулар устида ҳам ишлаймиз. Иорданияга кетишдан аввал Про-лига вакили «Зомин» билан назорат ўйини ташкил қилинади.

- Оптимал таркибни аниқлаб олдингизми?

- Аввалги йиғинда иштирок этганлар асосий таркибга даъвогарлардир. Жасур, Абдувоҳид, Ҳожимат, Руслан кабилар терма етакчилари. Клубида ўзини тўлиқ кўрсатган футболчи термада аксинча ҳолатда бўлиши мумкин. Клуб ва терма жамоанинг талабларида фарқ бўлади. Лекин таркибни деярли аниқлаб олганман.

- Жасур Жалолиддинов олимпия жамоаси билан эди. Энди эса уни ёшлар термаси машғулотларида кўряпмиз. Бу унга ортиқча босим ўтказмайдими?

- Менимча, бунинг ёмон жойини кўрмаяпман. У ютуқлардан ҳаволаниб кетмаслиги лозим, ҳали камчиликлари бор. Ўз устида ишлашдан тўхтамаслигини хоҳлайман. Шахсан ўзим уни жиддий назоратга олишга ҳаракат қиламан. Жасурни илк бор Самарқанддаги мусобақада кўргандим, ўшандаёқ назаримга тушганди. Олимпиячиларнинг кенгайтирилган таркибига ундан ташқари Ҳожимат Эркинов, Иброҳим Ҳалил ҳам киритилган. Яна тўрт-беш футболчи Друлович ва Равшан Ҳайдаровнинг кузатуви остида. Чунки уларнинг талаби билан бизники бир хил. Тўғри, мақсад - Осиё чемпионати, сўнг кичик мундиалга чиқиш. Лекин биринчи ўринда биз бу футболчиларнинг соғлом ва кучли ҳолда олимпия терма жамоаси ихтиёрига қўшилишларини хоҳлаймиз. Асосийси, ўртадаги занжир узилмаслиги керак.

- Осиё чемпионати саралаш босқичида асосий рақобат Саудия Арабистони билан кечса керак...

- Мухлислар ҳозир Саудиядан чўчишмоқда. Аммо биз эмас. Доим қилиб юрган ишимиз. Агар рақибдан ҳайиққанимда, тўғриси, бошқа касбни танлардим. Ҳеч қайси рақибдан қўрқмаймиз, фақат ҳурмат ва тўғри муносабатда бўламиз. Ҳамма мезбонларни гуруҳ фаворити деб ҳисобламоқда. Рақибларни ўрганиш жараёнида шунга амин бўлдимки, Ҳиндистонни ҳам жиддий қабул қилиш керак экан, бу жамоадан ҳам ҳамма нарсани кутиш мумкин.

А.ИСКАНДАРОВ ёзиб олди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz