Қайднома

Қидирув

Нотаниш йигитча – янги етакчи Тэмми Абрахам ҳақида...

Нотаниш йигитча – янги етакчи Тэмми Абрахам ҳақида...

  15.09.2019 09:58
  0
  566
Нотаниш йигитча – янги етакчи Тэмми Абрахам ҳақида...

Афсонавий Фрэнк Лэмпард раҳбарлигида «Челси» анчайин қувноқ ўйин намойиш этаётган бўлсада, ўз мухлисларини хушнуд эта олмаяпти: стартда «МЮ»дан 4та гол ўтказиб юборди, Суперкубокни «Ливерпул»га бой берди, ўз уйида на «Лестер», на «Шеффилд»ни енга олди. «Кўклар» ўйинидаги ягона ижобий хусусият сифатида Тэмми Абрахамни эътироф этиш мумкин. Ўтган мавсумда Чемпионшипда самарали тўп сурган 21 ёшли ҳужумчи элитада ҳам эмин-эркин фаолият юритиб, сермаҳсул ўйин кўрсатмоқда.

Ортда қолган 4 учрашувда «Челси» 6та гол урган бўлса, бунинг 4таси дебютант тўпурарга тегишли. Боз устига, ҳар бир гол ўзига хос услуб маҳсули:

«Норвич» дарвозасига урилган дастлабки гол - Аспиликуэтанинг узатмасини моҳирлик билан голга айлантирди;

«Норвич»га урилган иккинчи гол - ҳимоячилар хатосидан унумли фойдаланиб, дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқди ва ортиқча яқинлашиб ўтирмай, кучли зарба билан олис бурчакни нишонга олди;

Фақат УЕФА Суперкубоги учун кечган беллашувни эслаш Абрахамга ёқмайди - ўйин пайтида пенальти ишлади, аммо кейин пенальтилар сериясида ҳал қилувчи зарбада хатога йўл қўйди. Оқибатда гол ура олмагани учун кучли танқид ва ҳақоратлар остида қолди.

Лекин Тэмми яқинда бўлиб ўтган «лотерея»ни мамнуният билан хотирлайди - Чемпионшип ярим финалидаги пенальтилар сериясида у «Вест Бромвич» дарвозасига мукаммал зарбани йўллаганди.

«Вилла»да ҳужумчи умуман фантастик ўйин намойиш этди - мавсумни 25та гол билан якунлади. Бундай сермаҳсулликка клуб 70-йиллардан бери эриша олмаётганди.

Англия ёшлар терма жамоасида майдонга тушганига қарамасдан, Абрахам Нигерия термасида ўйнаш имкониятига эга бўлганди. Бу борада қизиқ бир ҳангома ҳам бўлиб ўтган: Нигерия футбол федерацияси ҳужумчининг терма жамоадан жой олиши ижобий ҳал бўлганини маълум қилганди. Қолаверса, Тэммининг отаси федерация президентининг яқин дўсти эди. Бироқ Абрахам ўша куниёқ Нигерия термасида ўйнамаслигини билдирди. Орадан 1,5 ой ўтгач, ҳужумчи Англия терма жамоасидан таклиф олди. Тўғри, 2017 йилдаги икки учрашувдан кейин майдонга тушган эмас. Балки энди ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлармиз.

Роман Абрамович «Челси» соҳибига айланганидан тахминан бир йил ўтгач, 7 ёшли Тэмми клуб академиясига қабул қилинди. 2014|2015 йиллар мавсумида УЕФА ўсмирлар лигасида ғолиб чиққан футболчи кейинги мавсумда Гус Хиддинк раҳбарлигидаги асосий жамоада дебютини нишонлади. Кейин «Бристоль Сити», «Суонси» ва «Астон Вилла»да ижарада юрди. Ниҳоят, 2019|2020 йиллар мавсумида «кўклар» уни Лондонга қайтариб, 9-рақамли футболка билан сийлашди. Ҳозирча ҳужумчининг натижаси чакки эмас: 4 ўйин, 4та гол.

Абрахам юксак қадрланадиган зарбалар, дриблинг, самарали узатмалар ва «иккинчи қават»даги устунлик каби кўрсаткичлар борасида мақтана олмайди. Аммо ҳужумчи учун муҳим аҳамиятга эга бўлган асосий фазилат соҳиби - моҳир финишчи эканига шубҳа йўқ. У амалга оширган голларда бирорта ортиқча ҳаракатни кўрмайсиз.

Абрахамдаги голни олдиндан ҳис этиш қобилиятига афсонавий Жон Терри ҳам юксак баҳо беради. Суперкубок беллашувининг пенальтилар сериясида юз берган омадсизлик чоғида Терри Тэммига далда бўлди. Умуман, улар анчадан бери доимий алоқадалар.

«Ҳатто Бристолда юрганда ҳам ўзимни «Челси»нинг бир бўлаги сифатида ҳис этиш жуда ёқимли. Жон мен билан тез-тез боғланиб, ҳол-аҳвол сўрайди, керакли маслаҳатларини беради», - деганди Тэмми.

«Тэмми «Челси» академиясидан кейин бош жамоага келганида Кэхилл иккимизнинг кўнглимиздан бир хил фикр ўтганди: «Йўғ-е, наҳотки яна шунақа ўйинчига эга бўлдик?», - дея эслайди Терри. - Унинг менга ёқадиган ажойиб одати бор - ўйинда қандай гол урган бўлса, машғулотларда ҳам такрорлайди. Бундай иқтидорни ўргатиш ва ўрганиш мумкин эмас, уни футболчининг ички эҳтиёжи талаб этади. Бизга шундай шижоатли, доимо ҳамма ерда ғолиб чиқишга интиладиган ўйинчилар керак».

Қизиғи шундаки, тақдир тақозосига кўра Терри ва Абрахам йўллари «Астон Вилла»да яна туташди. 2018 йилнинг августида ёш ҳужумчи ижарага таклиф этилган, бир ҳафта муқаддам «Спартак»ка ўтиш тадоригини кўраётган Жон эса фаолиятини якунлашга қарор қилиб, бирмингемликлар бош мураббийига ассистентликни афзал кўрганди.

«Мунтазам мулоқотлар чоғида Терри «Астон Вилла»нинг ажойиб жамоа эканлиги, менга мақбул бўлишини кўп таъкидларди. У 100 фоиз ҳақ эди. Умуман, Жон менинг позициямда ўйнаган бўлмасада, доимо қўллаб-қувватлаб турар ва мен учун намуна эди», - деганди ҳужумчи ўтган йилдаги фаолиятини хотирлаганида.

Террининг Абрахам билан навбатдаги учрашувини бироз кутишимизга тўғри келади - «Челси»нинг «Вилла»га қарши тўқнашуви декабрь ойида бўлади. Бунгача «кўклар»нинг янги етакчисини қизиқарли учрашувлар кутиб турибди - ЕЧЛдаги дебют ва «Ливерпул»га қарши баҳс, Суперкубокдаги мағлубият аламини олиш учун ажойиб имконият!

А.АҲМЕДОВ тайёрлади 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz