Қайднома

Қидирув

Футбол ва бизнес: Тежамкорлик ортидаги ҳийла

Футбол ва бизнес: Тежамкорлик ортидаги ҳийла

  16.09.2019 03:26
  0
  466
Футбол ва бизнес: Тежамкорлик ортидаги ҳийла

2010 йили «Малага» жарлик ёқасига келиб қолди. Клубнинг қиммат харидларга пули қолмаган, ходимлар ва футболчилар маошидан қарздорлик вужудга келганди. Испаниялик бизнесменлар эса «Малага» акцияларининг назорат пакетини сотиб олишни хоҳлашмади. Шу паллада шайх Абдулла бин Носир бин Абдулла ал Аҳмад ал Тани, оддий айтганда, шайх Абдулла (ёки ал Тани) пайдо бўлиб, «Малага»ни атиги 36 миллион еврога харид қилди.

Клубни сотиб олиш - найранг. Шунчаки, испан бозорига чиқди

Малага - Испаниянинг ярим миллион аҳолига эга порт шаҳри. Бу ҳудуддагилар асосан савдо-сотиқ, меҳмонхона бизнес, кемасозлик билан шуғулланишади. Шайх Абдулла аста-секин шу бозорни эгаллади - маҳаллий бизнесменлар билан алоқин йўлга қўйди. Аммо шаҳар раҳбарияти ва кенгаши порт ёнида меҳмонхона қуришга ижозат бериши учун уларнинг эътиборини тортадиган қандайдир иш қилишга тўғри келарди. «Малага»ни сотиб олиш режаси бу борада айни муддао эди.

Дастлабки матбуот анжумани: шайх Абдулла глобал мавзу бўйича гапирди. У «Реал», «Барселона» ҳамда Европанинг бошқа грандлари анъаналаридан сўзлади. «Яқин келажакда «Малага» қандай кўринишда бўлади?» қабилидаги саволга Абдулла шундай жавоб қайтарди: «Ла Лига топ-клубларига яқинлашишга ҳаракат қиламиз. Кўрамиз, буни эплай олармиканмиз».

Гарчи шайх «Малага» ривожи йўлида кўплаб ишларни амалга оширишга ваъда берган бўлсада, клубга унчалик кўп пул сарфламади. Асосий инвестициялар 2011 йилнинг ёзига тўғри келиб, ўшанда жамоага Касорла, Тулалан, Монреаль ва Иско олиб келинганди. Мавсум-2011|2012да «Малага» тарихидаги энг юксак натижа қайд этилди - клуб Ла Лигада 4-ўринни эгаллаб, Чемпионлар Лигасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бироқ 2012 йилнинг ёзида Абдулла трансферларга бир евро ҳам ажратмади ва мазкур ҳолат ишқибозлар кўнглига шубҳа солди.

Кейинчалик Дортмунд «Боруссия»сидан ўша шов-шувли мағлубият қабул қилиб олинди (жавоб учрашуви якунланишига уч дақиқа қолганда «Малага» 2:1 ҳисобида олдинда бораётганди, аммо дортмундликлар кейинги дақиқаларда иккита гол уриб, кейинги босқичга чиқишган - 2:3), Абдулла эса «Малага» учун катта пул сарфламаслигини билдирди. 2014 йили шайх шундай деди: «Катта инвестиция олиш - бу яхши. Аммо «Малага» фаолиятини давом эттириш учун мустақил пул топишни ўрганиши керак».

Албатта, «Малага» буни эплай олмади. Академиядан иқтидорли тарбияланувчилар чиқиши тўхтаб қолди. Иско, Рондон, Касорла ва Монреаль тез орада жамоани тарк этишди (клуб уларнинг сотувидан катта пул ҳам ишлай олмади). «Малага» унчалик йирик бўлмаган маблағ билан қолди, арзонроқ фахрийлар, Ла Лига ва Сегунда жамоаларидан ўйинчилар сотиб олишга қодир эди, холос.

Шунга қарамай, шайх Абдулла 2016 йили Малагада иккита меҳмонхона очди: бири - ўзи хоҳлаганидек, порт ёнида, иккинчиси эса - марказда. Бунга қўшимча равишда унга тегишли учта ресторан ва тўртта хусусий пляж бор эди. «Малага»га қизиқиши борлигини кўрсатиш учун клубдаги нуфузли лавозимларга қариндошларини тайинлади. Ваҳоланки, пулсиз бу ҳеч қандай натижа бермасди.

«Малага» мавсум-2011|2012дан кейин атиги бир марта, аниқроғи, мавсум-2016|2017да бир йилда 12 миллион евродан кўпроқ сарфлади. Ўшанда клубга Кеко, Михаэль Сантос, Луис Эрнандес (қисқаси, кўпчилик учун нотаниш ўйинчилар) келишди ва жамоани мўъжиза туфайлигина турнир жадвали ўрталарига олиб чиқишди.

Шайх «Малага» акциялари тушаётганидан хабардор эди, даромадлар рўйхатида эса йиллик «минус» фақат ошаётганди. Шайх жамоадан кетгач (2014 йили - бу ҳақда кейинроқ гаплашамиз), Қатарда BluBay инвестиция фондига асос солди (ўзи унинг раҳбарига айланди) ва «Малага» бош­қарувини унга топширди.

Дастлаб ArabNews ўз хабарларида BluBay фондининг жалб этилишини «Малага» молиялаштирувини изга солиш орқали фойда кўришни йўлга қўйишга уриниш деб баҳолади. Кўп ўтмай портал журналистлари шайхнинг «Малага»даги муаммолари билан бир қаторда Испаниядаги кўчмас мулк қурилиши бўйича муаммоларга ҳам йўлиққани ҳақида катта сарлавҳа чиқаришди.

Абдулла Марбельяда меҳмонхона қуриш учун 400 миллион евро сарф­лаганди - қурилиш ишлари пайтидаги бюрократик қоидабузарликлар сабаб лойиҳа тўхтатиб қўйилди. 2017 йилнинг ноябрида Андалусия суди шайхнинг Малагадан 60 километр узоқликда қураётган меҳмонхонаси лойиҳасини тўхтатди - барчасига клубни молиявий томондан қўллаб-қувватлашдан воз кечиш сабаб бўлган.

Унинг қонунлар бўйича ҳам муаммолари бўлган - Қатар суди шайхни молиявий фирибгарликда айблаб, уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилганди. Абдулла товон пулини тўлади. Кўп ўтмай судлар ўз вақтида тўланмаган солиқлар учун унинг бир нечта қимматбаҳо автомобилларини мусодара қилишди - шайх буларнинг барига кўз юмди.

Фанатлар билан уришди. Маош олишига қарамай, клубни йўқ қилмоқда

Ал Тани Испанияда тенгҳуқуқлилик йўқлигидан нолиди. У «Малага» стадионини реконструкция қилиш учун уни сотиб олишга уринди - ҳудуд раҳбарлари кўнмадилар. Шайх шаҳар маъмуриятига янги академия қуриш бўйича «заявка» топширди - ҳеч ким уни қўллаб-қувватламади.

«Биз шунчаки ҳурмат, эҳтиром, тенгҳуқуқлилик ва ишончни талаб қилдик. Ўзимиз эмас, ишқибозлар учун. Кечирасизлар, энди кетаман», - деб ёзган шайх 2014 йили «Твиттер»­даги саҳифасига. Шундан буён клубдаги барча ишлар билан унинг ўғиллари ва қариндошлари шуғулланишмоқда (ўзи барчасини четдан кузатмоқда).

Малагадаги кўчмас мулк қурилиши шайхнинг футбол жамоасига бўлган қизиқишини тобора сўндирарди. Мавсум-2017|2018да, «Малага»нинг ҳолати бутунлай танг бўлганида (Ла Лигадаги илк ғалабасини октябрь ойи охирида қўлга киритди, ўша мавсум Испания чемпионатида атиги 5та ютуққа эришди), вазиятга Лига мутасаддилари ҳам эътибор қаратишди. Улар «Малага» раҳбарларига санкция­лар қўллаш бўйича бир неча марта таҳдид қилишди - реакция нолга тенг, уларда қарзлардан қутулиш учун пул йўқ эди.

Бир йилдан сўнг «Малага» Сегундага тушиб кетди ва ишқибозлар норозилиги авж олди. 2018 йили улар президент ва унинг ўғилларидан жамоани сотишни сўрашди. Шайх эса бунга жавобан улардан «Малага»ни қўллаб-қувватлашни сўради, оқибатда норозилик акциялари бошланди. Улар ҳозир ҳам давом этмоқда. Мухлислар кўпинча шаҳарнинг марказий майдонида тўпланиб, ал Танига қарши намойишлар ўтказишади.

Айни пайт шайх «Малага»ни сотишга қарши эмас. Муаммо шундаки, клуб учун аввал тўлаган пулларини қайтармоқчи (эслатиб ўтамиз - 36 миллион). Ушбу харидни амалга оширишга иштиёқмандлар деярли йўқ. Marca маълумотларига кўра, «Малага»нинг қарзи 20 миллион еврони ташкил этмоқда. Демак, потенциал харидор 50 миллиондан ортиқроқ пул сарфлаб, Сегунда ўртамиёнасини қўлга киритишига тўғри келади.

Вазият шайх ва ўғилларининг жамоадаги бошқа ходимлар билан алоқаларини ёмонлаштирмоқда. Ҳозирча раҳбарлар ҳам бир неча ойдан буён маош олишмаётган бир паллада, Абдулла ва унинг ўғилларига тегишли банк ҳисобларига тегишли маблағ тушмоқда.

Айни пайт клуб «жон» сақлаш учун энг кўп маош миқдорини белгилаб қўйган (бунақасини Европа футболида бошқа учратмайсиз, термин асосан МБА ва МХЛда урфга кирган). «Малага» қандайдир мўъжизавий тарзда июль ойи охирида Шинжи Оказаки билан келишувга эришганди. Аммо клуб трансфер ойнасининг сўнгги кунида шартнома бекор қилинди: япониялик футболчининг маоши бюджет белгилаган суммадан ошиб кетган.

«2010 йили ал Тани «Малага»ни Испания топ-клублари қаторига қўшишга ваъда берганди, - деганди «Малага» фанатлар гуруҳи раиси ўтган йили. - Ҳозир эса биз «жон» сақлаш учун курашяпмиз. Клубдаги ҳолатни ҳазм қилиш биз учун оғир. Пул йўқ, бор имиджимизни йўқотдик. Шундай паллада ал Тани ва унинг оиласи, раҳбарликни эгаллагани ҳолда, «Малага»дан 1,44 миллион еврога яқин пул олмоқда. Ушбу лойиҳа клубнинг янги даражага чиқишини таъминлаш эмас, балки жамоамизни «соғиш» учун мўлжалланган».

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz