Қайднома

Қидирув

Танаффус таъсири ёки Coca Cola Суперлиганинг 19-турина назар ташлаймиз...

Танаффус таъсири ёки Coca Cola Суперлиганинг 19-турина назар ташлаймиз...

  17.09.2019 09:06
  0
  378
Танаффус таъсири ёки Coca Cola Суперлиганинг 19-турина назар ташлаймиз...

Танаффус жамоаларга турлича таъсир қилиши ўз-ўзидан аён. Мана, Соса СolaСуперлигада юзага келган бу сафарги қисқа таътил турнир жадвалининг юқори қисмида бораётган аксарият жамоалар маромини бироз бузгани ойдинлашди. Дейлик, «бронза» учун бош даъвогар - «Бунёдкор» Қўқонда мажолсиз кўринди ва 0:3 ҳисобида ютқазди. «Қалдирғочлар»нинг энг яқин таъқибчилари - «Сўғдиёна» ва «Насаф» меҳмонда голсиз дурангга кўнди... «Локомотив» эса ўз уйида «Металлург»ни енголмади. 

1-2-КУНЛАР: 2та НУРСИЗ ДУРАНГ

3-ўринга интилаётан «Сўғдиёна» элитада қолиш учун кураш олиб бораётган «Андижон» меҳмони бўлиб, таблодаги рақамларни ўзгартиролмади. Зеро, Александр Хомяков шогирдлари ҳам бўш келишгани йўқ. Учрашувнинг охирги дақиқаларида Улуғбек Бақоев жамоаси сон жиҳатидан устунликка эришди, аммо бундан фойдаланолмади. Айтиш жоиз, «Андижон» бунга қадар кетма-кет 2та ўйинда енгилганди. «Сўғдиёна» эса мағлубиятсиз сериясини 6та ўйинга етказди - 4та ғалаба, 2та дуранг. 

13 сентябрга белгиланган яна бир учрашувда турнир жадвали аутсайдери - «Бухоро» ўз майдонида «Сурхон»­га бас келолмади - 0:2. Владимир Андреев жамоаси иккинчи бўлим боши ва охирида тегишлича Шоҳназар Норбеков ва Абдуллазиз Юсупов томонидан урилган голлар эвазига Суперлигада қаторасига иккинчи марта 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Эътиборли томони, 18-тур доирасида «Қизилқум»га қарши кечган баҳсда ҳам айнан шу икки футболчи гол муаллифига айланган эди. Битта фарқли томони шуки, ўшанда Юсупов ҳисобни очганди, бу сафар эса у Норбеков голидан кейин охирида - 90}6-дақиқада якуний нуқтани қўйди. «Бухоро»га келсак, Муҳсин Муҳаммадиев жамоаси Суперлига-2019 ҳисобидан 10та мағлубият маррасига етган 2-жамоа бўлди (биринчиси - АГМК).

АГМК 2та мағлубиятдан сўнг яна ғалаба кўчасига кирди. Олмалиқликлар «Динамо»га қарши уй учрашувини шиддат билан бошлашди ва 6-дақиқадаёқ Ботирали Эргашев дарвозасини нишонга олишди. Гол муаллифи - Элгужа Григалашвили. Иккинчи бўлим ярмига яқинлашган паллада грузиялик футболчининг ўзи устунликни мустаҳкамлади. Шундан кўп ўтмай, захирадан ўйинга қўшилган Жасур Ҳакимов ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Амиржон Сафаровнинг сўнгги дақиқаларда урган голи эса самарқандликларга ожиз тасалли вазифасини ўтади, холос. Айтиш ўринли, шу билан «Динамо»нинг мағлубиятли серияси нақ 7та ўйинга етди. Даврон Файзиев жамоаси охирги марта 12-турда «Локомотив»дан 3 очко олганди - 2:1.

«Бронза»дан умидвор яна бир клуб - «Насаф» худди «Сўғдиёна» каби сафарда 0:0 ҳисобига рози бўлди. «Қизилқум» турнир жадвалидаги ҳолатидан келиб чиқиб, дастлабки дақиқаларда ташаббусни ўз томонига оғдиришга ҳаракат қилди. Лекин бўлим ўрталарига келиб, қаршиликлар тўп назоратига эътиборни оширишди. 39-дақиқада навоийликлар ҳисобни очишга яқин келишди - Стивен Лустица зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсинига тегди. Танаффусга чиқиш олдидан эса Азиз Усмонов дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб бораётган Бобур Абдухолиқовни қоидага зид равишда тўхтатиб қолиб, қизил карточка олди. Оқибатда Ҳамиджон Актамов жамоаси иккинчи 45 дақиқаликда ҳимояга кўпроқ эътибор қаратишга мажбур бўлди. «Насаф»нинг худди «Сўғдиёна» каби сон устунлигини ҳисобда акс эттиролмаганида, «Қизилқум» кипери - Евгений Черемисиннинг хизмати катта бўлди. Шунинг­дек, Абдувоҳид Неъматов ҳам якунда сиройли «сейв» кўрсатиб, ҳисоб очилишига йўл қўймади. «Насаф»нинг 3та ўйиндан буён ғалаба қозонолмаётганини асосий факт сифатида келтириш мумкин.

 

3-КУН: «ҚЎҚОН-1912» шижоати

Якшанба кунига белгиланган илк баҳс кутилмаган натижа тақдим этди - «Қўқон-1912» - «Бунёдкор» - 3:0. Қўқонликларга Аваз Маматхўжаевнинг тезкор голи қўл келгани тайин. Вадим Абрамов жамоаси эса ўзига сира ўхшамади. Дейлик, «қалдирғочлар» иккинчи бўлимнинг илк 15 дақиқасида яна 2та гол қўйиб юборишди. Аввалига Шаҳбоз Эркинов мезбонлар устунлигини мустаҳкамлади, кейин Мурод Холмуҳаммедов пенальтидан фойдаланиб, барчасига узил-кесил нуқта қўйди. Дарвоқе, бу ёш «Бунёдкор»нинг жорий чемпионатдаги илк йирик ҳисобли мағлубиятидир, «Қўқон-1912» аксинча, Суперлигада илк марта жимжимадор ғалабани тантана қилди. Умуман, водийликлар охирги 4та турда 12 очко олишди - ажойиб «уйғониш».

Тур доирасидаги энг эътиборли ўйин Наманганда бўлиб ўтди. Кўпчилик «Навбаҳор» Андрей Канчель­скис қайтиши шарафига ғалаба тортиқ этиши, лоақал «Пахтакор»нинг ғолибона юришини тўхтатиб қолишини кутганди. Бироқ паст маромда кечган учрашувда Шота Арвеладзе жамоаси Достон Ҳамдамовнинг ягона голи эвазига 3 очко олиб, чемпионликка янада яқинлашди. «Шерлар» 11та ўйиндан буён 100 фоизли натижа қайд этишмоқда. Пешқадам бу орада нақ 44та (!) гол урди - «олтин»га арзийдиган самарадорлик.

«Локомотив» ўз майдонида «Металлург»ни енголмади - 1:1. «Темирйўлчилар» бу ўйинда бемалол 3 очко олишлари мумкин эди. Зеро, улар биринчи бўлимда бекободликлардан устунроқ кўринишди ва буни ҳисобда ҳам акс эттиришди. Аммо Ислом Тўхтахўжаевнинг танаффус олдидан урган голи Самвел Бабаян шогирдларига салбий таъсир қилгандек таассурот уйғонди. Ҳар ҳолда, «Локо» вакиллари иккинчи бўлимда ташаббусни рақибга бериб қўйишди, натижада Ислом Исоқжонов 66-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Энди «темирйўлчилар» ва «шерлар» очколари ўртасидаги фарқ 17та (!)ни ташкил қилмоқда. Бу нимани англатади? Жавоб ўзингиздан...

 

 «АНДИЖОН» - «СЎҒДИЁНА» - 0:0

«БУХОРО» - «СУРХОН» - 0:2 (0:0)

АГМК - «ДИНАМО» - 3:1 (1:0)

«ҚИЗИЛҚУМ» - «НАСАФ» -  0:0

«ҚЎҚОН-1912» - «БУНЁДКОР» - 3:0 (1:0)

 «НАВБАҲОР» - «ПАХТАКОР» - 0:1 (0:1)

 «ЛОКОМОТИВ» - «МЕТАЛЛУРГ» - 1:1 (1:0)

 

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Ўйин ва натижадан қониқдимми? Бунга икки хил жавоб берсам бўлади. Айтайлик, ғалаба қозонишимиз ҳам, ютқазишимиз ҳам мумкин эди. Улуғбек Бақоев («Сўғдиёна» бош мураббийи).

- Ҳакамлик хусусида гапирмоқчи эмасман. Пенальти бормиди ёки йўқ - буни биз ҳал қилолмаймиз. Александр Хомяков («Андижон» бош мураббийи).

- Бугун бизнинг кунимиз эмас экан. Яна нима дердим, курашишда давом этамиз... Муҳсин Муҳаммадиев («Бухоро» бош мураббийи).

-  Иккинчи даврани кетма-кет 6та мағлубият билан бошладик. Айни пайт ҳеч ким менинг ўрнимда бўлишни хоҳламаса керак... Даврон Файзиев («Динамо» бош мураббийи).

- Одатда ўз майдонимизда қарши ҳужум тактикаси бўйича ўйнамаймиз. Лекин бугун тезкор гол таъсиридами, йигитлар бироз бўшашишди ва жамоамиз қарши ҳужум услубига ўтгандек туюлди. Ҳикмат Эргашев(АГМК мураббийи).

- Мезбонлар дарвозаси олдида чамаси 20та хавфли вазият яратдик, зарбалар бердик, аммо самара йўқ. Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).

- Эҳ, якунда Достон Иброҳимов ғалаба голини нишонлаши мумкин эди-я... Бироқ «Насаф» дарвозабони деярли имкони йўқ ҳолатда тўпни қайтарди. Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи).

- Шогирдларим негадир ўйинга тайёр эмасдек туюлишди. Уларни таниёлмай қолдим. Вадим Абрамов («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Тўп назорати, умуман, барча жиҳатлар бўйича яққол устунликка эришяпмиз. Шундай экан, мухлислардан ўзларини яхшироқ тутишларини сўрардим. Улар чиройли ўйнаган, ҳужумкор футбол кўрсатган жамоани олқишлашлари керак, менимча. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- Учрашув давомида мухлислар футболчи алмаштиришни сўрашди. Аммо кимни алмаштираман? Захира ўриндиғимиз «тор»... Андрей Канчельскис («Нав­баҳор» бош мураббийи).

- Ўйин пайти футболчи нотўғри «пас» бериши ёки дарвозага тўпни хато йўллаши мумкин. Ҳаммасини тушунса бўлади, фақат курашларда ютқазмаслик керак. Самвел Бабаян («Локомотив» бош мураббийи).

 

 

Тур Статистикаси

Ўйин: 7

Гол: 12  (ўртача: 1,71...)

Мезбонлар ғалабаси: 2

Меҳмонлар ғалабаси: 2

Дуранг: 3

Йирик ҳисобли ғалаба: 1 («Қўқон-1912» - 3:0)

Энг сермаҳсул ўйин: АГМК - «Динамо» (4та гол)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Навбаҳор» - «Пахтакор» (17530)

Огоҳлантириш: 30 (ўртача: 4,28...)

Четлатиш: 1 (0,14...)

Энг «қўпол» ўйинлар: «Қўқон-1912» - «Бунёдкор», «Навбаҳор» - «Пахтакор» (7тадан «сариқ»)

Пенальти: 1 (самарали)

«Дубль»: 1 (Элгужа Григалашвили, АГМК)

«Хет-трик»: -

«Покер»: -

Автогол: -

 

 

1          ПАХТАКОР      19        17        2          0          59-11    53

2          ЛОКОМОТИВ   19        10        6          3          30-14    36

3          БУНЁДКОР      19        9          4          6          26-23    31

4          СЎҒДИЁНА      19        9          4          6          22-22    31

5          НАСАФ                        19        8          4          7          25-17    28

6          СУРХОН          19        8          4          7          21-24    28

7          НАВБАҲОР     19        6          7          6          22-18    25

8          МЕТАЛЛУРГ    19        6          6          7          21-20    24

9          ҚЎҚОН-1912     19        5          5          9          23-34    20

10        АГМК               19        5          4          10        23-30    19

11        ДИНАМО         19        4          6          9          20-31    18

12        ҚИЗИЛҚУМ      19        4          6          9          17-37    18

13        АНДИЖОН       19        3          8          8          17-27    17

14        БУХОРО          19        3          6          10        12-30    15

 

Тўпурарлар

Драган Черан («Пахтакор») - 22та (5та - пен.)

Зафар Полвонов (АГМК) - 11та

Ҳумоюн Муртазоев («Насаф») - 11та

Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив») - 10та (1та - пен.)

Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор») - 10та (6та - пен.)

Игорь Сергеев («Пахтакор») - 9та

Александр Касьян («Навбаҳор») - 9та (2та - пен.)...

 

20-тур

20 сентябрь (жума)

ДИНАМО - АНДИЖОН

ҚЎҚОН-1912 - ЛОКОМОТИВ

СУРХОН - АГМК

21 сентябрь (шанба)

МЕТАЛЛУРГ - ПАХТАКОР

СЎҒДИЁНА - НАВБАҲОР

22 сентябрь (якшанба)

БУНЁДКОР - ҚИЗИЛҚУМ

НАСАФ - БУХОРО

Давоми бор. Мазкур таҳлилий мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" газетасининг 17 сентябрдаги сешанба (741697) сонида ўқишингиз мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz