Қайднома

Қидирув

ОФК раҳбари ЎФА билан ўзаро ҳамкорликка тайёрлигини билдирди

ОФК раҳбари ЎФА билан ўзаро ҳамкорликка тайёрлигини билдирди

  16.09.2019 23:02
  0
  237

Кеча Осиё футбол конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.  Бугун мартабали меҳмон Ўзбекистон футбол федерациясида қабул қилинди. ОФК раҳбарини Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, вазирнинг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов ҳамда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматовлар кутиб олишди.   Дастлаб, ЎФА қошидаги майдонда ёш футболчилар билан учрашув бўлиб ўтди ва уларга меҳмонлар томонидан футбол тўплари совға қилинди. Шундан сўнг ОФК ва ЎФА раҳбариятининг ўзаро мулоқоти бўлиб ўтди.   Унда ЎФА президенти А.Азизов сўз олиб, меҳмонларнинг юртимизга ташрифидан мамнун эканлигини билдирди.   “Жаноб Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа, Ўзбекистонга хуш келибсиз! Сизни гўзал диёримизда кўриб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Энг аввало сизга Осиё футболи ривожи йўлида амалга ошираётган муваффақиятли фаолиятингиз учун миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. Ҳозирги кунга келиб ОФК дунёнинг энг катта ва салмоқли спорт ташкилотларидан бирига айланган. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ОФКнинг ҳар қандай ташаббуслари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди ва ҳамкорлик қилиш истагини билдиради. Ўзбекистонда футболни жуда яхши кўришади. Ана шу мухлислар учун ҳам биз футболимизни янги босқичга олиб чиқишимиз, ғалабаларни қайтаришимиз керак.   Бундан ташқари, мамлакатимиз Осиё футболидаги йирик турнирларни ҳам қабул қилиш учун ҳаракатларни бошлаб юборган. Биз 2020 йилдаги ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ва 2022 йилги аёллар ўртасидаги Осиё кубоги мезбонлигига ўз номзодимизни қўйганмиз. Агар мусобақалар бизга ишониб топширилса, уларни энг юқори савияда ўтказиш учун бор салоҳиятимизни ишга соламиз”, дея таъкидлади ЎФА раҳбари.   photo5188305199645699159.jpg   Ўз навбатида Шайх Салмон ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик ОФК учун қанчалик муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди: “Бизга кўрсатилаётган эътибор учун сизга ва меҳмондўст ўзбек халқига миннатдорлик билдираман. ОФК Ўзбекистонни ўзининг энг ишончли ҳамкорларидан бири деб билади. Юртингизда футболга давлат раҳбарияти даражасида эътибор қаратилиши ва ўзбек халқи футболни қанчалик яхши кўришини жуда яхши биламиз ва бундан хурсандмиз. Бундай мамлакатлар Осиё қитъасида футболнинг оммалашиши ва ривожланишида катта ўрин тутади. Гўзал юртингизга тўртинчи бор келишим. Ҳар сафар ушбу мамлакатнинг салоҳияти ва футболдаги имкониятлари қанчалик юқори эканлигини ўзим учун қайд этиб бораман. Бу сафарги ташрифим алоҳида аҳамият касб этади. Биринчи навбатда сиз билан танишиш имконияти пайдо бўлди. Кўриб турибманки, бу ерда хақиқий профессионаллар ва ўз ишининг фидойилари йиғилган. Таклифим муносабатларни самимий, дўстона ва тўлиқ ишонч асосида йўлга қўйишдан иборат. Чунки айнан дўстлик ва ишонч ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг муваффақият калити ҳисобланади. Ёшлар ўртасида қитъа биринчилиги ва аёллар ўртасида Осиё кубоги бўйича тез фурсат ичида ОФК делегациясини юборамиз ва ўз тавсияларимизни берамиз. Шунингдек, ташкилотимизда Ўзбекистоннинг кадрлар салоҳиятидан ҳам фойдаланиш ниятидамиз. Шу сабабли ҳам сизнинг тавсиянгизга асосланган ҳолда ўзбекистонлик мутахассисларни турли қўмита аъзолигига бажонидил қабул қилишга тайёрмиз. Осиё футболининг энг таниқли шахсларидан бири Равшан Эрматов ушбу жамоа аъзоси эканлиги бизни алоҳида қувонтиради. Эрматовнинг тажрибаси нафақат ўзбек футболига, балки Осиё футболига жуда керак. У жаҳон футболида бизнинг қитъамиз юзи ҳисобланади ва Осиё футболининг ҳалол ўйин борасидаги элчиси, деб бемалол айта оламан. Ижозатингиз билан ОФК ва ЎФА ўртасидаги бевосита мулоқотни йўлга қўйсак ва футбол ривожи йўлида бамаслаҳат иш тутсак. Менинг ташрифимдан асосий мақсад ҳам шу”, дея таъкидлади Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа.   ЎФА терма жамоалар учун база бўлиши мўлжалланаётган футбол маркази лойиҳасини режалаштирмоқда. Учрашув давомида ОФК раҳбарига ушбу лойиҳа намойиш этилди. Шайх Салмон лойиҳага юқори баҳо берди ва ФИФАнинг футболни ривожлантириш қўмитаси масъулларидан бири сифатида дунё футболидаги бош ташкилотни ҳам лойиҳани қўллаб-қувватлашга чақиришини айтиб ўтди.   Мулоқот давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик доирасида яна кўплаб долзарб масалаларни муҳокама қилди ҳамда юртимиз ва қитъа футболи манфаатларига хизмат қилишга қаратилган келишувларга эришилди.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz