Қайднома

Қидирув

Бунда фиғон, у томонда футбол чароғон...

Бунда фиғон, у томонда футбол чароғон...

  18.09.2019 02:30
  0
  596
Бунда фиғон, у томонда футбол чароғон...

Ардоқли адибимиз Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романида Кумушнинг қабрига қуйидаги тўртлик ёзилганини кўпчилик билади:

Аё чарх этдинг ортуқ жабр бунёд,

Кўзум ёшлиғ, тилимда қолди фарёд,

Ҳаётим лолазоридин аюрдинг,

Ёқиб жоним, кулим кўкка совурдинг.

 

Отабек тилидан битилган бу ёниқ мисралар аслида тошкентлик ошиқ эмас, балки халқ ва Ватан фиғонидир! «Бунинг футболга нима алоқаси бор?» деб ажабланманг. Алоқаси бор! Ҳа, жуда жиддий алоқаси бор! Отабек ва футболимиз мухлислари фиғони шундай муштаракки, беихтиёр онгу шууримизни «Футбол халқимиз учун шунчаки, спорт эмас, шон-шараф ва орзулар рўёби тимсолидир!» - деган муҳташам ўй-хаёллар қоплайверади. Зеро, романда Кумуш Туркистон тимсоли сифатида тасвирланган бўлса, футбол бизни тараққиётнинг янги босқичи сари етакловчи йўлчи юлдуздир.

 

Ёдингизда бўлса, иккинчи жаҳон урушидан кейин Германия иқтисодиё­тини тиклаш ва ривожлантиришда футбол беқиёс таъсир кўрсатгани хусусида аввалроқ ёзгандик. Футболимиз муҳитида ҳам ҳозир шунга ўхшаш тўлғоқ кайфияти кузатилмоқда. «Аё чарх, нечун футболимизда бундай мавҳумот?!» дея нола чекишмоқда аксарият мухлислар. Уларнинг «оҳ-зор»лари тарқатаётган «ток»ни кўтаролмай, ижтимоий тармоқлар инграб юбормоқда...

... Эмишки, Неймар «Барселона»га ўтолмагач, тўлиб-тошиб йиғлабди. Йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолибди ва туш кўрибди. Тушига Бартомеу кирибди. Неймар ундан сўрабди: «Нимага мени қабул қилмадинглар?» Бартомеу жавоб берибди: «Тушимда «Страсбур» дарвозасига «қайчи» усулида гол урдинг! Шунинг таъсирида трансферни тўхтатдим!» Чўчиб уй­ғонган Неймар ҳам туши таъсирида тўнғиллабди: «Ўйнамайман ҳам! Гол ҳам урмайман!» Эҳ, ўйнамайсан-а, гол урмайсан-а... Ўйнамай, гол урмай кўр-чи?! Тақдир ҳукмидан қочиб қаерга борардинг?! Сен футбол ўйнаш, гол уриш ва мухлисларни ҳайратлантириш учун туғилгансан-ку, Неймар! Қайси жамоада бўлса ҳам ўзингни намоён қил ва асло тўхтаб қолма! Ахир «Барселона»сиз ҳам буюк футболчисан! Буни унутма! «Барселона» сенсиз ҳам буюк жамоа ҳисобланаверади. Сен бўлмасанг, ана, Ансуман Фати юлдуз бўлиб порлайди. Бартомеу буни билмайдими? Билади ва билгани учун сенинг трансферинг амалга ошмагани уни чўчитмайди. Шундай экан, орзуларинг қанотини қайчилайвермай, «қайчи» усулидаги голларни кўпроқ ур! Шунда «ПСЖ» мухлислари айбингдан ўтишса, ажабмас. Ахир жиловлаб бўлмас инглиз фанатлари ЖЧ-86 чоғи Англия терма жамоаси дарвозасига урган унутилмас голи учун Марадонани аллақачон кечиришган!

Отабек Кумуш фожеасини тушида кўради. Неймар трагикомедияси ҳам энди тушдек туюлмоқда. «Манчестер Сити»нинг сафардаги мағлубияти ҳам бир туш кабидир. Хосеп Гвардиола роса уйғонишга уринди. Серхио Агуэ­ро ва Раҳим Стерлинг ёнига Габриэль Жезус ва Кевин де Брюйнени туширди. Барибир, бўлмади. Туш тушлигича қолди. Гвардиола ҳам, жамоаси ҳам уйғонолмади. Бироқ бу ҳол узоқ чўзилмаслиги аниқ. Аксинча, сенсацион ғалаба «Норвич» учун бир туш каби туюлиши мумкин. Кейинчалик эрта-индин бошланажак ЕЧЛ гуруҳ босқичи ўйинларида супержамоадаги борки имконлар баралла кўзга ташланади ва бундан дил яйрайди. Шароит ўз йўлига. «Норвич» «шаҳарликлар»ни шароит эвазига ютмади. Халқимиз «Жон чиқарга ўйнади!» дейди бу каби жамоалар ҳаракатини кўриб ва  миллий термамиз, клубларимиз шундай тўп суришини орзу қилади ҳавасланиб. Ҳавас билан умри ўтаётган мухлислар кўзларига боқиб, уларга қандай тасалли беришни ҳам билмайсан киши. Чунки «Ҳали ҳаммаси яхши бўлади!» қабилидаги сўзларнинг умри тугади. Бундай тасалли учун мухлислар сизни алдоқчиликда айблашади.

Суперлиганинг ўтган туридан ўрин олган ва биз томоша қилган ўйин­лардан кейин ҳам юқоридаги хулоса ўзгармади. Очиғи, Вадим Абрамовни ажаблантирган «Қўқон-1912» - «Бунёдкор» учрашувини кўролмадик. Аниқроғи, «Спорт» телеканали бунга имкон бермади. «Пахтакор» мухлислари Наманганга соат 16:00да етиб келишди ва Қўқондаги учрашувни «Спорт» телеканали олиб бериши мумкинлигини айтишди. Меҳмонлар истагини дарҳол бажардик ва телевизор ҳозирладик. Ҳақиқатан ҳам, соат 16:30да «Спорт» телеканали футбол намойиш қила бошлади ва Ғуломжон ака Ҳамидов бирдан «РБ Лейпциг» - «Бавария» учрашуви-ку!» деди ҳафсаласи пир бўлиб. «Ҳунармандлар фестивали халақит бергандир!» дея «Спорт»даги ҳамкасбларимизни ўзимизча оқладик. Ҳолбуки, кучли истак бўлса, шу учрашувни жонли эфирда олиб бериш мумкинлигини сезиб турардик. Хуллас, кайфиятсиз ҳолда «Навбаҳор» - «Пахтакор» учрашувини томоша қилиш учун стадионга йўл олдик. Ўйин кимгадир ёқди, бошқа бировнинг эса пешонасини тириштирди. Биз эса қисқа қилиб айтамиз: томошабин ҳурмати учун бундай ўйналмайди! Жонни ачитиб ўйнаш керак бундоқ. «Айтишга осон!» қабилидаги изоҳ ортиқча бу ўринда. Сўзларни кесиб-кесиб дангал гапларни айтадиган Миржалил аканинг фикрича, «Пахтакор» ҳам, «Навбаҳор» ҳам аслида бундан яхшироқ ўйнайди. Шунча танаффусдан кейин ҳам ўйинда олов йўқлигининг сабаби нима? Бизнингча, жавоб барчага аён...

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz