Қайднома

Қидирув

Яна рекорд, яна сенсация

Яна рекорд, яна сенсация

  20.09.2019 01:43
  0
  415
Яна рекорд, яна сенсация

ФИФА кунлари туфайли юзага келган танаффусдан сўнг топ-чемпионатлар вакиллари яна қизғин баҳсларини давом эттиришди. Натижада мухлислар қизиқарли беллашувларда қайд этилган тарихий натижалар ва ҳаяжонли дақиқаларга гувоҳ бўлишди.

Англия. Жадвал изига тушмоҚда

Мазкур тур натижалари АПЛ вакилларининг турнир жадвалидаги ўринларини нисбатан тартибга келтириб қўйди. Жумладан, «Тоттенхэм» ўз майдонида «Кристал Пэлас»ни йирик ҳисобда (4:0) маҳв этиб, 3-поғонага кўтарилиб олди. «Борнмут» «Эвертон»ни енгиш эвазига (3:1) ўртамиёналар сафига чиқди, рақиби ҳам ўзига таниш бўлмаган етакчилар даврасини тарк этди.

Турнинг асосий сенсацияси Норижда қайд этилди - элита дебютанти ўз майдонида амалдаги чемпион устидан зафар қучиб (3:2), ўз мухлисларини хушнуд этди. Шу тариқа Гвардиола жамоасининг дебютантларга қарши беллашувлардаги 25 учрашувдан иборат ғалабали сериясига нуқта қўйилди. 2015 йилнинг мартида «Сити» элитага қайтган «Бёрнли»га кичик ҳисобда (0:1) имкониятни бой берганди.

Бу гал «Норвич»нинг фаворитга жиддий баҳс таклиф этиши дастлабки дақиқалардаёқ аён бўлди - учрашувни ўта фаол бошлаган мезбонлар 18 ва 28-дақиқаларда Эдерсонни доғда қолдиришди. Натижада Гвардиола АПЛдаги энг омадсиз стартини қабул қилишга мажбур бўлди. Бунгача «Сити» дарвозасини дастлабки ярим соат ичида забт этиш 2016 йилнинг декабрида «Лестер»га насиб этганди. Норижда меҳмонлар вазиятни ўзгартира олмадилар, фақат Серхио Агуэронинг 45-дақиқадаги аниқ зарбаси ҳисобдаги фарқни қисқартириб, испаниялик мутахассисга хайрли якун умидини совға қилди.

Бироқ 2-бўлим ҳам майдон эгаларининг фаоллиги билан бошланди ва мавсум кашфиёти унвонига даъвогарлардан бири - Пукки меҳмонлар дарвозасига мавсумдаги 6-голини урди. Чемпион эса ўйин тугаши арафасида битта гол уришдан нарига ўтолмади.

Чемпионнинг асосий рақобатчилари турни муваффақиятли ўтказишди. Жумладан, Садио Маненинг «дубл»и ва Муҳаммад Салоҳнинг голи эвазига «Ливерпуль» навбатдаги ғалабасини расмийлаштирди. Ваҳоланки, «Энфилд»даги беллашув ҳисоби «Ньюкасл» вакилининг тезкор (Виллемс, 7) голи билан очилганди. Аммо кейинчалик Клопп шогирдлари ишончли ҳаракатлари билан меҳмонларга ҳеч қандай имконият қолдиришмади.

«МЮ» ҳам «Олд Траффорд»даги баҳснинг 8-дақиқасида пенальти эвазига олдинга чиқиб олди. Бироқ Рэшфорднинг ягона голидан бошқа самарали ҳужумни амалга оширолмади.

«Челси» эса аксинча, Вулверхемптонда ўта тажовузкор ўйин кўрсатиб, сафардан йирик (5:2) ғалаба билан қайтди. Ўйин тақдири дастлабки 45 дақиқа ичида ҳал бўлганди - Томоррининг голи ва Абрахамнинг «дубл»и эвазига «аристократлар» танаффусга кўтаринки кайфиятда йўл олишди. Иккинчи бўлимда томонлар мухлисларга яна 4та гол тақдим этишди.

Бирмингемга сафар уюштирган «Вест Хэм» «Астон Вилла» билан нурсиз дурангга (0:0) имзо чекишга мажбур бўлди ва 3-ўринга кўтарилиб олиш имкониятидан фойдалана олмади.

Шунингдек, «Арсенал» Уотфордда нақд ғалабани қўлдан чиқариб (2:2),

қимматли 2 очкони бой берди. Ваҳоланки, Унаи Эмери жамоаси учрашувни уюшқоқлик билан бошлаб, Обамеянгнинг «дубл»и эвазига яққол устунликни ҳисобда акс эттира олганди. Аммо танаффусдан кейин вазият тамоман ўзгача тус олди. Аввалига Папастатопулос Клеверлини самарали узатма билан таъминлаб, мезбонларга ҳисобни қисқартириш имконини яратди. Кейин Давид Луис жарима майдончаси ичида Перейрага нисбатан қўполлик ишлатиб, пенальтини совға қилди. Жабрланувчи зарба йўллашда хатога йўл қўймади. Шу тариқа Обамеянгнинг «дубл»и қиймати 3 очкодан 1 очкога айланди.

Испания. Икки бўлим, икки хил ўйин

Испан грандлари бу турда сермаҳсул ўйинлари билан мухлисларини мамнун этишди. Лекин шу билан бирга, ўйинни таҳликада кузатишга ҳам мажбур қилишди. Масалан, Зидан қайтганидан кейин ҳам барқарорликка эриша олмаётган «Реал» «Сантьяго Бернабеу»даги «Леванте»га қарши беллашувнинг дастлабки бўлимида 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олганди. Лекин танаффусдан кейин ташаббусни меҳмонларга бериб қўйди. Майоралнинг тезкор голидан (49) илҳомланган «Леванте» ҳужумга зўр берди ва 75-дақиқада ҳисобдаги фарқни янада қисқартирди. Қолган 15 ва қўшимча дақиқаларда мухлислар «игна» устида ўтирган ҳолда иккинчи ғалабага гувоҳ бўлишди.

«Атлетико»нинг Сан-Себастьяндаги мағлубияти ғалабали серияга нуқта қўйди. Аввалги 3 учрашувда 2та гол ўтказиб юборган Ян Облак мазкур баҳсда омадсизликка учраб, 3 дақиқа (58, 61) ичида 2 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди ва тез орада ўз ўрнини Аданга бўшатиб берди.

«Алавес» майдонида меҳмон бўлган «Севилья» етакчининг мағлубиятидан унумли фойдаланиш учун бор имкониятини ишга солди ва сафардан қийин, лекин муҳим зафар билан қайтди - 1:0. Кичик ҳисобдаги ғалаба Андалусия клубига карвонбоши унвонини тақдим этди.

Мессисиз майдонга тушаётган «Барселона» «Камп-Ноу»да «Валенсия» устидан йирик (5:2) ғалабага эришди ва етакчиларга яқинлашиб олди. Эътиборли жиҳати, аввалига ёшлар фаоллик кўрсатишди, танаффусдан кейин катта саҳна Пике ва Суаресдек улкан тажриба соҳиблари ихтиёрида бўлди.

Футболда кам кузатиладиган воқеа Вигода қайд этилди - «Сельта» - «Гранада» учрашувининг дастлабки 29 дақиқасида мезбонлар Саенс (11) ва Белтран (29)дан жудо бўлишди. Меҳмонлар сон устунлигидан фойдаланиб, 2та гол уришди.

«Мальорка» - «Атлетик» баҳсида юз берган ҳодиса ҳам футболчилар учун ўзига хос сабоқ бўлиши аниқ. Аввалига дебютант (Пратс, 82), кейин меҳмон жамоа (Адурис, 90}4) пенальтидан унумли фойдалана олмади. Хуллас, томонлар деярли нақд ғалабани қўлдан чиқаришди. Агар Ариснинг зарбаси голга айланганида, «Атлетик» камида бир ҳафтага турнирда етакчи бўларди. Бироқ «Барса» дарвозасини ҳайратомуз тарзда забт этган ҳужумчи буни уддалай олмади.

Германия. Баракалла, «Фрайбург»!

Бундеслига фаворитлари аста-секин ўз ўйинларини топиб боришмоқда. Турнинг марказий учрашувида «РБ Лейпциг» «Бавария»ни қабул қилди. Мезбонларнинг бу турга 100 фоизли кўрсаткич билан етиб келишгани, чемпион эса ҳар қандай вазиятда фақат ғалаба илинжида тўп суриши ўйинга бўлган қизиқишни оширгани аниқ. Кутилганидек, учрашув илк дақиқалардан бошлаб шиддатли тус олди. Мезбонлар ҳимоя чизиғидаги тушунмовчиликдан унумли фойдаланган Роберт Левандовски 3-дақиқада ҳисобни очди. «Новвослар» ўтказиб юборилган голдан кейин фаолликни оширишди, Нойер ўз маҳоратини намойиш этишга мажбур бўлди. Ниҳоят, қўшимча вақтнинг 3-дақиқасида пенальтидан урилган гол мувозанатни тиклади ва томонлар танаффусга йўл олишди. Танаффусдан кейин ташаббус чемпион томонида бўлди, энди сэйвларни амалга ошириш навбати Гулачига келганди. Шу тариқа «Лейпциг» жанговар дуранг эвазига етакчиликни сақлаб қолди.

Муҳимлиги жиҳатидан 2-ўринга лойиқ топилган баҳсда «Боруссия Д» «Байер» дарвозасини 4 марта ишғол этиб, ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлади ва 2-поғонага кўтарилди. Жамоа тўпурари Пако Алькасер бу гал ҳисобни очиш билан кифояланди, Марко Ройс «дубл»га эришди, Геррейру эса зафарли ўйинга нуқта қўйди.

Зинсхаймдаги «Хоффенхайм» - «Фрайбург» қарама-қаршилиги меҳмонларнинг яққол устунлигида ўтди. Эҳтимол, ким учундир 3:0 ҳисобидаги ғалаба тасодифий натижадек туюлар. Бироқ камтарин «Фрайбург» жорий мавсумда ишончли ўйин намойиш этмоқда. Жамоа танаффусга қадар 2та гол урди, иккинчи бўлимда эса ғалабани мустаҳкамлаб, мезбонларга имконият қолдирмади.

Италия. Туриндаги сенсация

Ҳа, ҳисобот турига қадар 100 фоизли кўрсаткич билан «Ювентус» ва «Интер» каби етакчи бўлиб турган «Торино» «Лечче»дан енгилишини ҳатто дебютант жамоанинг мухлислари ҳам кутишмаганига шубҳа йўқ. Боз устига, Туринда. Лекин бу факт - «Ювентус»дек азалий рақибидан ўзиб, етакчи «Интер»га тенглашиб олиш имкониятига эга бўлиб турган «Торино» ўз майдонида 1:2 ҳисобидаги мағлубиятини тан олди. Элитанинг янги аъзоси эса дастлабки ғалабасини расмийлаштириб, аутсайдерлар гуруҳини тарк этди.

Амалдаги чемпион мавсумни омадсиз бошлаган «Фиорентина» билан нурсиз дурангга (0:0) имзо чекди. Ҳа, Игуаин ва Роналдудек мерганлар ҳам Дронговски дарвозасига йўл топа олишмади.

Дрис Мертенснинг «дубл»и Неаполда «Наполи»га «Сампдория» устидан муҳим ғалабани тортиқ этди, ҳужумчи эса тўпурарлар учлигидан жой олди.

Тан олайлик, ҳатто пешқадамлик қилаётган «Интер»га ҳам осон бўлмаяпти - жамоа «Жузеппе Меацца»да кичик устунлик билан «Удинезе»дан 3 очкони тортиб олди. Боз устига, меҳмонлар 35-дақиқада де Пауль майдондан четлатилгач озчилик бўлиб қолишганди. Шунга қарамасдан, Сенсининг 44-дақиқадаги голи ўйин охиригача ягоналигича қолди.

Шунингдек, «Милан» ҳам «Верона» майдонидаги беллашувнинг катта қисмини бир футболчи устунлигида ўтказган бўлсада, атиги бир марта дебютант дарвозасини забт этди. Голни Пентек пенальти ёрдамида амалга оширгани боис, польшалик тўпурарни ўйин қаҳрамони мақомига лойиқ топмадик. Умуман, «россонери» ортда қолган 3 учрашувда бир хил - 1:0 ҳисобини қайд этди: 2та ғалаба, битта мағлубият. Ишонгинг келмайди...

Римнинг номдор жамоалари ҳам дастлабки босқични оғир ўтказишмоқда. Тўғри, «Рома» «Сассуоло»ни 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Лекин... Танаффусгача 4та гол урган «бўрилар» 2-бўлимда пинакка кетишдими?

«Лацио» эса Феррарадан 1:2 ҳисобидаги мағлубият билан қайтди. Аниқроғи, Иммобиленинг пенальти эвазига тортиқ этган устунлигини сақлаб қола олмади. Мезбонлар 63-дақиқада мувозанатни тиклаган бўлсалар, финал ҳуштаги чалиниши арафасида дастлабки ғалабани таъминлаган голни амалга оширишди.

Турдаги кайфиятни кўтарувчи беллашув Брешияда бўлиб ўтди. Деярли бир хил савиядаги жамоалар учрашувида мухлислар 7та гол гувоҳи бўлишди. Лекин маҳаллий ишқибозлар бахтига қарши, баҳс меҳмонлар фойдасига ҳал бўлди.

Франция. Шернинг ўлиги ҳам шер

Яқинда жароҳатдан фориғ бўлган Неймар ўтган ҳафта Бразилия - Перу ўртоқлик учрашувида (0:1) захирадан майдонга тушган, лекин жамоани мағлубиятдан қутқариб қололмаганди. Париждаги илк беллашувда эса ҳужумчи «ПСЖ»ни чемпионга хос пешқадамлик мақомига олиб чиқди. Узоқ муддатли муолажа туфайли футболни соғиниб қолган бразилиялик ҳужумчи тинмай ҳаракат қилган бўлсада, ҳал қилувчи паллада ўйин амалиётининг йўқлиги дарвозани забт этишга халал берди. Аксига олиб, бошқа ўйинчилар ҳам бу ишни уддалай олишмади.

Танаффусдан кейин ҳам вазият ўзгармади. Ҳатто Шупо-Мотинг ўрнини эгаллаган Мауро Икарди ҳам норози ҳуштакбозликлар сабабчиси бўлишдан нарига ўтмади. Шу тариқа асосий вақт ниҳоясига етиб, мухлислар трибуналарни тарк этишга чоғланган паллада Неймар тўпни ўз устидан оширган ҳолда дарвозага йўллади. Мана шу аниқ зарба чемпионга 1-ўринга кўтарилиб олиш имконини берди. Неймар эса мавсумдаги илк учрашувини 38-ўйиндаги 35-голи билан нишонлади.

Очколар сони бўйича чемпионга тенглашиб олиш имкониятига эга бўлган «Ренн» Брестда элита дебютантини маҳв эта олмади ва 2-поғонадан жой олди.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz