Қайднома

Қидирув

Ҳожимат Эркинов: «Қўқонга келиб, адашмадим»

Ҳожимат Эркинов: «Қўқонга келиб, адашмадим»

  22.09.2019 01:32
  0
  489
Ҳожимат Эркинов: «Қўқонга келиб, адашмадим»

«Қўқон-1912» жамоаси Суперлиганинг охирги турларида томошабоп ўйинлар намойиш этиб, турнир жадвалида хавфли ҳудуддан бироз узоқлашди. Мурод Холмуҳаммедов етакчиларга хос хатти-ҳаракати билан ажралиб турган бўлса, ёзги трансферлар пайти «Пахтакор» ўринбосарлар жамоасидан жалб этилган Собит Синдаров ва Ҳожимат Эркинов тажрибали футболчилар олдида ўзларини йўқотиб қўйишаётгани йўқ. Азиз Тўхтабоевнинг ёшларга кўпроқ ишонч билдираётгани ҳали ўз мевасини беришига ишонч катта. Биз Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Иордания сафари олдидан иқтидорли ҳужумкор футболчи Ҳожимат Эркиновни суҳбатга тортиб, унга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

 

- Ҳожимат, аввалига одатий савол: футболга қандай меҳр қўйгансиз, профессионал даражада қачон  шуғуллана бошлагансиз?

- Барчаси мен учун Дўрмондаги футбол тўгарагида бошланган. Ке­йинчалик ТТЗ даҳасида жойлашган махсус футбол мактабида таҳсил олдим.  «Пахтакор» сафига қўшилгач, охирги 2 мавсум ўринбосарлар таркибида тўп сурдим. Қўқон жамоа­сига эса кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида ўтдим.

- Сизга «Пахтакор»нинг асосий таркибида майдонга тушиш насиб этмаган бўлсада, «Қўқон-1912»да чакки ўйнамаяпсиз...

- Нима дердим, Собит Синдаров каби Суперлига ҳавосидан ҳали чинакамига нафас олмагандим. Умумий вазиятдан келиб чиқиб, иккимиз бир-биримизга мотивация бердик. Яъни фақат олға қадам ташлашга келишиб, «Қўқон-1912»да ижара шартномаси асосида тўп суришга рози бўлдик. Ўйлайманки, бу борада тўғри қарорга келдик.

- Янги жамоангиз охирги тур­­ларда рақибларга анча қийинчилик туғдирмоқда. Очиғи, биринчи давра якунида «Қўқон-1912» натижаларига ҳавас қилиб бўлмасди.

- Табиийки, ҳозирги ўйинларимиз ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Барчаси замирида катта меҳнат бор. Зеро, ҳеч нарсага осонлик билан эришилмайди. Ютуғимиз - муҳим паллада хавотир ва ваҳимага тушмай, бирлашганимиз. Шунинг эвазига турнир жадвалидаги ҳолатимизни ҳам анча яхшилаб олдик. Лекин шу билан тўхтамоқчи эмасмиз. Жамоамиз Лига кубогида ғалаба қозонишни мақсад қилган. Дейлик, гуруҳ босқичида пойтахт грандларидан очко тортиб олинди. Қолаверса, Суперлигада ҳам имкон борича юқорироққа кўтарилишимиз керак. Менимча, клубнинг оғир кунлари ортда қолди.

- Жамоа етакчилари - Мурод Холмуҳаммедов, Суҳроб Бердиев ва Шаҳбоз Эркинов сизга қандай тавсия-маслаҳатлар беришмоқда?

- Биринчи навбатда, майдонда ҳая­жонни енгиб, эркин тўп суришим, ҳеч нарсадан, дейлик, хато қилиб қўйишдан чўчимаслигим кераклигини уқтиришади. Бордию, хатога йўл қўйсам, ортиқча койимайдилар. Бундай муносабат жуда муҳим.

- Умуман, футболчи сифатида қандай муаммо ва қийинчиларга учраяпсиз?

- 8 йил давомида пойтахт жамоаси тизимида шуғулландим. Табиийки, катта муддатдан кейин бошқа муҳитга тезда мослашиш осон эмас. Асосийси, ҳозир ҳаммаси жойида, Қўқонда аҳил жамоа шакллангани  боис, айтарли мушкулот сезмаяпман.

- Бош мураббий Азиз Тўхтабоев сиздан нималарни талаб қилмоқда?

- Ўз салоҳиятим ва кучимга ишонишимни. Мураббий майдонга тушишимдан олдин доимо алоҳида руҳлантиради: «Нималарга қодирлигингни яхши биламан, бор иқтидорингни кўрсат. Сенга ишонаман».

- Мана, ёшлар терма жамоаси билан навбатдаги йиғинга киришдинглар. Машғулотлар қандай олиб бориляпти?

- Отабек ака бошқарувида Иордания сафарига қувноқ ҳолатда тайёргарлик кўрдик. Бизни олдинда Саудия мезбонлик қиладиган масъу­лиятли мусобақа кутмоқда. Жамоамизга бутун Ўзбекистон қараб турибди. Демак, бўлажак баҳсларда ишончни оқлашимиз шарт.

- Билишимизча, Темур  Кападзе Қўқон клубида норасмий тарзда фаолият юритмоқда...

- Ҳа, Капедзе ўз тавсиялари билан ёрдамини аямаяпти. Темур ака футболчилик даври бой тажриба тўплагани шундоқ билиниб турибди.

 А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz