Қайднома

Қидирув

Ўз ишининг устаси

Ўз ишининг устаси

  23.09.2019 03:33
  0
  523
Ўз ишининг устаси

Бу мутахассис ўзининг таваккалчилиги ва қалтис қарорлари билан танилган. Ундан дастхат олиш ёки ёнма-ён суратга тушиш орзусида юрганларнинг сон-саноғи йўқ. Европанинг энг сара клублари у билан ҳамкорлик қилиш илинжидалар. Ваҳоланки, қаҳрамонимиз на футболчи ва на мураббий. Лекин ўз соҳасини мукаммал биладиган мутахассис. «Севилья» спорт директори лавозимидаги 17 йиллик фаолияти давомида Рамон Мончи кашф этган бир қатор футболчилар юлдузларга айланишди, клуб эса мўмай даромадга эга бўлди. Ишлар бинойидек юриб турган паллада Мончи истеъфо сўраб ариза берди - функционер ўз салоҳиятини янги муҳитда синаб кўришга қарор қилганди. Бироқ «Рома»да мусаффо ҳавога эмас, мухлису мутасаддиларнинг кучли босимига дуч келди. Тез орада у Севильяни тарк этиб хатога йўл қўйганига амин бўлди. Бу ёқда жамоа ҳам Мончисиз кадрлар масаласида анча қийналиб қолганди. Шу боис, афсона март ойида Андалусияга қайтгач, «Рамон Санчес Писхуан» аҳлида ёзги трансфер мавсумига бўлган қизиқиш кучайди. Кутилганидек, жамоа уни ўта фаол ўтказди.

Рекордларга бой харидлар

Йиллар бўйича оладиган бўлсак, «Севилья» 2010 йилдан бу ёғига иккинчи марта трансфер мавсумида сотувдан кўра харидга кўпроқ маблағ сарфлади. Натижада клуб ғазнаси 91 млн. еврога «ориқлади». Шунингдек, битта мавсумдаги умумий (144 млн.) ва бир футболчи учун сарф­ланган харажатлар (25) бўйича рекорд ўрнатди. Тўғри, таркибда бошқа жамоалар эътиборини торта оладиган ва дурустроқ даромад келтириши мумкин бўлган ўйинчилар деярли қолмаганди. Лекин факт шуки, Мончи яна бозорга йўл олди...

ЙўҚотишлар

Жамоадаги асосий йўқотиш сифатида Пабло Сарабияни кўрсатиш мумкин. Уч йил аввал «Хетафе»дан ўтган ярим ҳимоячи айниқса, сўнгги мавсумида сермаҳсул ўйин намойиш этди. У Ла Лига доирасида 12та, ЕЛда 8та гол урди. Шунингдек, чемпионатдаги 13та самарали узатмаси билан мавсумнинг энг яхши ассистенти бўлди Тўғри, бу борада Месси ҳам шундай натижага эришганди.

Бироқ «ПСЖ»дек бадавлат жамоа шундай футболчи учун 18 млн.дан кўпроқ беришни, «Севилья» эса айни «очилган» ўйинчисини «қафас»да сақлашни истамади. Қолаверса, андалусияликлар Паблони нақ 18 баравар арзонроқ баҳода харид қилишганди. Мавсум старти арафасида жамоа Бен Йеддерни «Монако»га 40 млн.га пуллади. 29 ёшли футболчини кейинроқ шундай баҳода сотиб бўлмаслигини Мончи аввалдан ҳис этган бўлса, ажабмас.

Ўтган мавсумни чемпионатдаги 9та гол билан якунлаган Андре Силва ортиқчалик қилмасди. Боз устига, «Севилья» португалиялик футболчини 30 млн. эвазига тўлиқ харид қилиш ниятида, Силва ҳам бунга рози эди. Бироқ Мончи-Лопетеги тандеми етакчилигидаги мутахассислар ўзгача қарорга келишди.

Квинси Промесга оид вазиятни ҳам тушуниш қийин. 24 млн. эвазига келган футболчи мавсумни беқарор ўтказаётган жамоада рисоладагидек ўйнай олмади, жамоа эса унга ўз позициясида тўп суриш имкониятини бермади. Охир-оқибат, Квинсини 15 млн.га «Аякс»га сотиб юборишди. Икки йил аввал 20 млн.га харид қилинган Муриэль ҳам 5 млн. зарар келтирди. Шунинг­дек, жамоа Алейш Видаль, Гансо ва Габриэль Меркадолардан воз кечди. Тўғри, Видаль ижарага бериб юборилди.

Янги харидлар

Улар 11та. Сўл қанот ҳимоячиси Серхио Регилонни «Реал»дан ижарага олишди. Ёдингизда бўлса, Сантьяго Солари даврида 22 ёшли бу футболчи Марселонинг асосий таркибдаги ўрнини тортиб олганди. Жамоалар ўртасидаги келишувда ҳимоячининг кейинчалик харид қилиниши хусусида ёзилмаган. Очиғи, Эскюдеро ва Аранлар бор жойда «Севилья» бу футболчига эҳтиёж сезмаслиги ҳақиқатга яқинроқ. Лекин Лопетеги уни тавсия этди. Энди 12 млн. эвазига келган Араннинг шартномаси бекор қилиниши ҳам мумкин.

Кьяер-Каррисо дуэти банд этган ҳимоя маркази анча эскириб қолди. Ўтган мавсумда «Барселона» тарбияланувчиси Серхи Гомес бу чизиқда рисоладагидек ўйин кўрсатди.

Севильяга қайтиши билан Рамон Мончи ўз эътиборини Франция бозорига қаратди. Унинг фикрича, Лига 1да рақобатбардош футболчилар етарли, баҳолари эса қиммат эмас. Андалусияликлар 26 ёшли Диего Карлосни «Нант»дан 15 млн.га харид қилишди «Канарейкалар» сафида у асосий таркиб аъзоси эди. Лекин Испанияда ҳам шундай бўлишига кафолат йўқ. «Бордо»га 25 млн. даромад келтирган Жуль Кундени эса келажаги бор трансфер дейиш мумкин. Келиб чиқиши бенинлик бўлган 20 ёшли иқтидор соҳибидан аввалига «Рамон Санчес Писхуан»да ёрқин фаолият, кейинчалик мўмай даромад кутилмоқда. «Севилья»нинг рекорд харидига айланган Кунде Лига1да ишончли ўйин кўрсатди. Жумладан, ўтган мавсумда у 51 марта майдонга тушди.

Такидлаш жоизки, мазкур хариддан кейин марказий ҳимоя чизиғи вакиллари сони кўпайиб кетди. Шу сабабли Жорис Ньянон бошқа жамоага йўл олса, ажабланмаймиз. Шу позицияда тўп сурган австриялик Вебер ярим йиллик ижарадан сўнг «Аякс»дан 10,5 млн.га харид қилинганди ва «Зальцбург»га 12 млн.га сотиб юборилди. Хуллас, икки позицияга 6 нафар янги футболчи. Демак, Лопетеги бу чизиқларда жиддий ислоҳотларни мўлжалламоқда, кимдир ортиқча бўлиб қолиши аниқ.

Марказий чизиқдаги ўзгаришлар ҳам сезиларли. Таянч ярим ҳимоячилари - Рог ва Гоналонлар ишончни оқлай олишмади ва ўз жамоаларига қайтишди. Амаду «Норвич»га йўл олди, Роке Месага янги жамоа қидиришмоқда. Эскилардан фақат Банега қолди. У таянч ҳудудида ҳам ўйнаши мумкин, аммо олдинроқда ишончли тўп суради. Шу боис, жамоа 32 ёшли Фернандони «Галатасарой»дан 4,5 млн.га сотиб олди.

Шунингдек, сербиялик ярим ҳимоячи Неманья Гудель Хитой сафаридан эркин агент мақомида қайтиб келди. У «Спортинг»даги ижара муддатини рисоладагидек ўтказди. Лекин Мончи бу йўналишдаги ишларини давом эттиради. Чунки Лопетеги 4-1-4-1 схемасини танлаган.

Марказда тезкорликни таъминлаш мақсадида жамоа «Эйбар» вакили Жоан Жордан учун 14 млн.дан воз кечди. Бу футболчи ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам талаб даражасида тўп суради. Ла Лига доирасидаги 83 учрашувда у 11та гол ва 8та самарали узатмани амалга оширган. Ишончли ҳаракатлари 67,8 фоиз, узатмалар аниқлиги эса 86,1 фоизга тенг.

Диего Симеоне тарбиясини олган Оливер Торреснинг кўрсаткичлари янада юқорироқ. Бу футболчи охирги тўрт мавсумни «Порту»да ўтказиб, 99 ўйинда 12та гол ва 14та ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Торреснинг ягона камчилиги - озғинлиги. Шунга қарамасдан, «Севилья» бу футболчи учун 12 млн. сарфлади. Мураббий эса Жордан-Банега-Васкес-Торрес тўртлигидан самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.

Ҳужумкор ярим ҳимоячи ролини ўнг қанотда Лукас Окампос адо этмоқда. У 15 млн. эвазига жамоа сафидан жой олди. Аслида Лукас сўл қанотда кўпроқ тўп сурарди. Лопетеги уни қарама-қарши қанотда кўриш ниятида.

«Монако»нинг португалиялик вакили Рони Лопеш мавсум бошланиши арафасида Севильяга келди. Уни сафга қўшиш учун жамоа Бен Йеддер ва 15 «лимон»дан воз кечди. 23 ёшли ўйинчидан ёрқин иштирок кутилмоқда.

Бевосита ҳужум чизиғига икки нафар анчайин тажрибали футболчилар - 28 ёшли Люк де Йонг (12,5 млн.) ҳамда ундан бир ёшга кичикроқ «Зальцбург» вакили Мунас Даббур (15 млн.) таклиф этилди. Люк Голландия чемпионатининг сўнгги мавсумида, Мунас эса Австрияда охирги икки мавсумда энг яхши тўпурар бўлишган.

Қизиғи шундаки, мураббий Мунасни кўпроқ чап қанотга туширмоқда. У ерда Нолито ва Мунирлар рақобатини енгиш талаб этилади.

Кўриниб турибдики, «Севилья» ёзги трансфер мавсумини жуда фаол ўтказди. Бу - улкан таваккал. Андалусия клуби ЕЧЛдан четда қолган. Демак, даромадга кафолат йўқ. Аввалги нуфузни қайтариб олиш учун астойдил тер тўкиш талаб этилади. Амалга оширилган ислоҳотларга расман Рамон Мончи жавобгар. Лекин Хулен Лопетеги ҳам асосий ташаббускор сифатида боши билан жавоб беради. Жамоа эса янги мавсумни муваффақиятли бошлади - Барселонада «Эспаньол» дарвозасига 2та (Регилон, 44; Нолито, 86) жавобсиз гол уриб, дастлабки 3 очкони қўлга киритди. Бошланиши чакки эмас!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz