Қайднома

Қидирув

Стевица Ристич: «Ўзбекистонда узоқроқ қолишни истагандим, аммо...»

Стевица Ристич: «Ўзбекистонда узоқроқ қолишни истагандим, аммо...»

  27.09.2019 09:16
  0
  791
Стевица Ристич: «Ўзбекистонда узоқроқ қолишни истагандим, аммо...»

Бир пайтлари Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоасида фаолият олиб борган македониялик Стевица Ристичнинг футболчилик фаолиятини якунлаганидан кўпчиликнинг хабари бўлмаса керак. У гарчи Ўзбекистонда қисқа муддат истиқомат қилган бўлсада, мухлисларга завқли онларни улашди. Ристич бутсаларини михга илганига 3 йилдан ошди. Кўпчиликнинг талаб ва таклифига биноан, «қалдирғочлар»нинг собиқ футболчиси билан боғланиб, унинг «Бунёдкор» билан боғлиқ хотиралари бўйича саволлар бердик. Стевица биз билан суҳбатлашиш чоғида юртимиздаги ўзгаришлардан ҳайратда эканини яширмади.

- «Бунёдкор»да кўп вақт фаолият юритмагансиз. Ушбу жамоани ҳозир ҳам эслаб турасизми?

- Мазкур клубда 9 ой мобайнида тўп сурганман. Бу ҳаётимдаги энг яхши давр бўлган. «Бунёдкор» фантастик жамоа эди, содиқ дўстлар, мураббийлар штаби ва мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари ажойиб - таърифга тил ожиз. Биз чиройли ўйинлар кўрсатардик. «Бунёдкор» таркибида кўплаб голлар урганман. Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлганмиз. Жуда ҳам чиройли дамлар бўлган.

- Эшитишимизча, ҳозир оилангиз билан Македонияда яшаётган экансиз. Фарзандларингиз ҳам сизнинг йўлингиздан кетишяптими?

- Тўғри, уч йил олдин фаолиятимни якунладим. Футболчи бутсаларини ўз вақтида михга илишни билиши лозим. Юртимга қайтиб, оилам бағрида ҳордиқ чиқармоқдаман. Фарзандларим тарбияси билан шуғулланяпман, уларни футбол, гандбол каби спорт турларига жалб қилганман. Болалар ҳам менинг йўлимдан кетишса, хурсанд бўламан, аммо уларнинг қизиқишларини ҳурмат қиламан.

- Осиёда кўплаб жамоаларда тўп сургансиз. Япония, Жанубий Корея ва Ўзбекистон... Шарқ мамлакатларидаги биринчиликлар билан Ўзбекистон миллий чемпионатини солиштириб кўрдингизми?

- Жанубий Корея ва ўзбек футболи орасида ер билан осмончалик фарқ бор. Япон ва корейсларнинг биринчи лигалари ҳам кучли. Майдонлари анча сифатли, айниқса, Seul World Cup стадиони Осиёдаги энг яхшиларидан, ҳар томонлама. Жанубий Кореяда жамоаларнинг даражаси деярли тенг. У ерда исталган клубнинг чемпионликка эришиши оддий ҳол сифатида баҳоланади. Мен ўйнаган пайтлари Ўзбекистонда фақат «Бунёдкор» ва «Пахтакор»нинг даражаси тенг эди. Билишимча, улар қаторига ҳозир «Локомотив» ҳам қўшилган. Умуман олганда, Ўзбекистон элитасида уч-тўрт жамоанинг савияси бир-бирига яқин.

- Жасур Ҳасанов Ривалдо, Денилсон ва Ристичлар билан бирга тўп суриб, янги босқичга кўтарилди. Сиз билан жамоадош бўлган яна қайси маҳаллий футболчининг маҳоратини юқори баҳолайсиз?

- Ўзбекистонда жуда кўп қадрдонлар орттирдим. Муайян бир футболчини ажратиб кўрсатиш нотўғри. Ҳар бири маълум бир маънода кучга эга. Масалан, Виктор Карпенко билан ҳамон алоқам бор. Жорий йилнинг бошида Тошкентга бориб, у билан учрашдим. Қосимов билан ҳам гаплашиб турамиз. Азиз Ҳайдаров ҳурматга сазовор инсон, шунингдек, Анзур Исмоилов бор. Барчаси ўзининг услубига эга.

- Агарда мамлакатимиз клубларидан таклиф тушса, қайтармидингиз?

- Футболчи сифатида эмас, балки агент ёки мураббийлик бўйича таклиф бўлса, ўйлаб кўраман.

- Ҳозирги Тошкент ва «Бунёдкор» сизда қандай таассурот қолдирди?

- Рости, ҳайратландим. Барчасини ўз кўзим билан кўрдим. Ҳамма нарса ўзгарган. Қилинаётган ишлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар бари халқ учун хизмат қилиши керак. Айниқса, ҳашаматли стадион ва академиянинг ишлаётгани таҳсинга сазовордир.

- Фаолиятингиздаги энг муҳим гол қайси?

- Фаолиятим давомида жуда кўп голлар урдим. Биласиз, ҳужумчининг биринчи галдаги вазифаси - рақиб дарвозасини ишғол қилиш. Шахсан мен учун 2009 йили «Поханг Стилерз» таркибида «Бунёдкор» дарвозасига урган голим қадрлироқ. Ўша учрашувнинг сўнгги сонияларида Виктор Карпенко жамоамиз дарвозасини аниқ нишонга олиб, ҳисобни тенглаштирганди. «Овертайм»ларда эса мен гол уриб, жамоамга муҳим ғалабани тақдим этгандим. Ўша мавсум биз Осиё Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлгандик. Тўғри, Тошкент жамоасида ҳам сермаҳсуллик кўрсата олдим: 17та ўйинда 12та гол. Бевосита Ўзбекистондаги фаолиятимни назарда тутсам, мамлакат кубоги финалида «Шўртан»га урган голим мен учун қадрлироқ.

- Юқорида қайд этдингиз, юртимизга ташриф буюрганингизга ҳали кўп бўлмабди. Хўш, аввалги «Бунёдкор» билан ҳозиргисининг фарқини ҳис қилдингизми?

- Ҳа, ҳозир таркиб нисбатан ёшарган, клуб ўз академиясига таянган ҳолда юқори ўринлар учун курашмоқда. Бу, албатта, яхши. Чунки академия - улкан захира, шунинг учун ҳам бундай жамоаларда таркиб билан боғлиқ муаммолар юзага келмайди. Мени қувонтиргани, футбол билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилган.

- Жамоани тарк этишингиз ўша вақтдаги молиявий ҳолат билан боғлиқмиди? Мавсум охирида таркибдаги деярли ҳамма ўзига бошқа жамоа топганди...

- Ҳа, ўша пайт молиявий муаммолар қийнай бошлади жамоани. Иккинчи даврадаёқ кўплаб кучли футболчилар клубни тарк этишганди. Кўриб турибманки, ўша кетганлар, дейлик, Анзур Исмоилов, Жасур Ҳасанов кабилар бошқа жамоаларда ўз ўринларини топишди. Сир эмаски, футболда пулингиз бўлса, кучли таркиб, маҳоратли футболчилар ва албатта, яхши натижалар ҳамроҳингиз бўлади. Жаҳон футболида бундай ҳолатлар кўп кузатилган.

- Мураббийлик лицензиясига ўқиганмисиз?

- Ўқиганман, ҳозирча менда «Про» лицензияси йўқ. Тез орада уни ҳам қўлга киритаман.

- Стевица, мазмунли суҳбат учун раҳмат. Фурсатдан фойдаланиб, Сизга оилавий бахт ва омад тилаб қоламиз. Ўзбекистонлик мухлислар ўйинларингиз ва голларингизни асло ёдларидан чиқаришмайди.

- Сизга ҳам раҳмат, жуда хурсанд бўлдим. Гарчи Ўзбекистон чемпионатида қисқа муддат ўйнаган бўлсамда, у бир умр қалбимда қолади. Узоқ вақт қолишни истаган эдим, аммо бу футбол.

 

маълумот учун

СТЕВИЦА РИСТИЧ

Туғилган санаси: 1982 йил 23 май

Туғилган жойи: Вршац, Сербия

Фуқаролиги: Сербия, Македония

Бўйи: 189 см.

Позицияси: ҳужумчи

Футболчилик фаолияти

2003-2006 - «Силекс» 82та ўйин (57та гол)

2007-2009 - «Чонбук Хёндэ Моторс» 35 ( 14)

2008-2009 - «Поханг Стилерз» 31 (13)

2010 - «Бунёдкор» 17 (11)

2010-2011 - «Амкар» 23 (6)

2011-2013 - «Сувонг Блювингс» 61 ( 23)

2013 - «Сёнан Бельмаре» 8(1)

2014-2016 - «Чоннам Дрегонс» 84 ( 27)

2007-2012 йиллар мобайнида Македония терма жамоаси сафида 17та ўйин ўтказиб, 1та гол урган.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz