Қайднома

Қидирув

Шоҳруз Норхонов: «Термамизга сунъий майдон панд берди»

Шоҳруз Норхонов: «Термамизга сунъий майдон панд берди»

  28.09.2019 01:57
  0
  702
Шоҳруз Норхонов: «Термамизга сунъий майдон панд берди»

Шу вақтгача кўп бора Суперлига клубларини хусусийлаштириш, уларни давлат бюджетидан озод қилиш бўйича бир қатор таклифлар билдирилди. Ҳозирги кунда фақат «Пахтакор» хусусий мақомга эга. Ҳали ёдингиздан чиқиб улгурмаган бўлса керак, чамаси икки-уч йил олдин элитада «Обод» деган жамоа пайдо бўлганди. Илк мавсумда ёмон иштирок этмади, аммо кейинги йил клубни молиявий муаммолар қийнай бошлади. 2017 йил сўнгига ҳам бормай жамоа ўз фаолиятини батамом тугатди. Шу ўринда «Обод»нинг собиқ раҳбари Комил Исломовга миннатдорчилик билдирсак арзийди, чунки у киши тадбиркор бўлгани учун топган пулларини футболга эмас, бошқа соҳага сарфлаши мумкин эди. Аммо ўзбек футболи ривожига мен ҳам ҳисса қўшай, деган мақсадда «Обод» жамоасини тузиб, клуб шунчалик фаолият юритишида бош-қош бўлди. Ушбу клуб мухлисларга Шоҳруз Норхоновдек ҳужумчини кашф қилиб берди. Яқинда ушбу футболчи билан суҳбатлашиб, унга ўзимизни қизиқтирган саволларни бердик.

 

- Шоҳруз, сизни оммага танитган «Обод»нинг тақдири нима учун хунук тус олди?

- «Обод» профессионал фаолиятимдаги илк жамоа саналади. Футболчилар билан барчамиз бир-биримизни жуда яхши тушунардик. Ички муҳитда муаммо бўлмаган, ҳар қандай ҳолатда ҳам майдонга тушишга тайёр бўлиб турганмиз. Аммо шундай жамоанинг нима учун тарқатиб юборилганига очиғи, ўзим ҳам ҳануз жавоб тополмайман.

- Собиқ клубингизни ўша вақт «келишилган ўйинларда иштирок этгани учун четлатилди» қабилида хабарлар тарқалганди. Умуман, келишилган ўйинларга муносабатингиз қандай?

- Бундан хабарим йўқ, мен ўша пайт Тошкентнинг бошқа бир жамоаси - «Бунёдкор» билан шартнома имзоладим. Ким қандай келишган, нима бўлган, билмадим. Аммо мен тўп сурган маҳалда ҳеч қандай учрашувлар келишилмаган, биз ҳалол меҳнат билан пул топишга интилганмиз.

- «Машъал» каби жамоаларнинг академиялари ёпилиши ўзбек футболининг мавқеи пасайишидан далолатми?

- Ушбу хабарни эшитиб кайфиятим бироз тушди. «Машъал» нафақат ажойиб жамоа, балки ўзининг академиясига эга камсонли клублардан бири эди. Элдор Суюнов, Санжар Қувватов, Отабек Шукуров, Элдор Шомуродов каби таниқли футболчиларни етиштириб берди. Қайта тикланса, эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

- Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳозир энг актуал мавзу бўлиб турибди...

- Футболчи ва уларни тушунган инсон сифатида айтишим мумкинки, бу ҳали бошланиши. Эсингиздами, жаҳон чемпионати-2018 саралаш босқичини кетма-кет ғалаба билан бошлагандик, тўрт ўйинда тўққиз очко билан гуруҳда пешқадамлик қилганмиз. Аммо якунда нима бўлди? Биз яна мундиалдан айрилдик. Агар баҳонага йўймасангиз, мағлубиятимизга сунъий қопламали майдонда тўп сурганимиз ҳам сабаб бўлди. Мунтазам табиий чимда ўйнаган футболчи бундай шароитга мослаша олмайди. Эътибор берсангиз, тўп шу куни ердан ўйнашга имкон бермади. Жамоадагилардан ҳеч бири ўз клуби билан сунъий майдонда тўп сурмайди. Шундай экан, дастлабки турданоқ бу каби танқидларнинг янграши яхши эмас.

- «Обод»дан сўнг «Бунёдкор»га ўтдингиз, аммо бу жамоага мослашиб кета олмадингиз. Тошкент клубини нима сабабдан тарк этдингиз? Балки молиявий томондан келишмовчилик бўлгандир?

- Иккинчи даврада олдимда бир қатор жамоалардан таклифлар турганди. Улар орасидан «қалдирғочлар»ни танладим. Афсуски, бари ўзим ўйлагандек бўлмади. Ўйин амалиётисиз қолдим, бор-йўғи икки марта гол урдим. Устига-устак, ўша пайт жамоада мендан ташқари яна уч нафар ҳужумчи бор эди - Вадим Чемиртан, Воҳид Шодиев, Шаҳзод Нурматов. Қишки йиғинлар вақтида клуб легионер Филип Райевац билан шартнома имзолади. Менга ўйин амалиёти зарур эди, кўпроқ гол уришни хоҳладим. Раҳбарият қароримни тўғри тушунди ва мени «Сўғдиёна»га ижарага берди. Бу ерда пул ва молиявий жиҳатлар муҳим роль ўйнамади.

- «Сўғдиёна»да иккинчи мавсум тўп суряпсиз. Орада мураббийлар ўзгарди: Мочинов, Лушан, энди эса Бақоев. Аввалги мураббийлардан нима ўргандингиз?

- Александр Мочинов билан «Обод»да ҳам бирга ишлаганман. У ўз жамоасига «Барселона» услубини сингдиришга алоҳида эътибор беради. Тактик жиҳатдан кучли мутахассис. Бироқ унга ишлаган жойида доим кам вақт беришади. Агар етарлича фурсат тақдим этилса, у яхши жамоа тузади. Сергей Лушан эса қарши ҳужумлардан унумли фойдаланишни, олдинги чизиқ вакилларига тезкор бўлишни ўргатди. Бақоев билан қандай натижалар қайд этаётганимизни айтишнинг ҳожати йўқ.

- Сизга «Неймар» лақабини ким берган?

- Биринчи лигада ўйнаб юрган кезларимда жамоадагилар дриблингларим ва амалга оширадиган финтларимга қараб Неймар дейишарди. Чунки қуйи лигада бу каби финтларни ишлатиш осон. Элитада эса жамоаларда тажрибали ҳимоячилар бўлгани учун бироз қийинроқ. Ўзим ҳам ўшандан кейин Неймарнинг ўйинларини диққат билан кузатадиган бўлдим.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz