Қайднома

Қидирув

БЎШСИЗ, ЖАНОБ ХИДДИНК!

БЎШСИЗ, ЖАНОБ ХИДДИНК!

  28.09.2019 05:01
  0
  536
БЎШСИЗ, ЖАНОБ ХИДДИНК!

Гус Хиддинк бир йиллик фаолиятидан кейин Хитой олимпия термасини тарк этди. 72 ёшли голландияликнинг ушбу истеъфосига 8 сентябрь куни ўтказилган Вьетнам жамоасига қарши кечган ўртоқлик баҳсидаги мағлубият (0:2) сабаб бўлган. Аввалроқ хитойликлар КХДР билан дуранг (1:1) ўйнашганди.

Titan Sports Plus нашрининг хабар беришича, Хитой футбол ассоциациясининг Хиддинк билан келишувни бекор қилиши фақат натижалар билан боғлиқ эмас. ХФАга ушбу мутахассиснинг ишга ёндашуви ёқмаган: айтишларича, у маҳаллий чемпионатдаги камсонли ўйинларнигина кузатган, асосий вақтини ўз юртида ўтказган, матбуотчилар билан суҳбатлашишга ошиқмаган. Боз устига, Хитой ОАВнинг хабарига кўра, Хиддинкнинг қўл остида терма жамоа ўсишга эришмаган, ваҳоланки, тайинловдан ке-йин бир йил ўтди. ХФАнинг расмий баёнотида жараён қуйидагича изоҳланган: «Олимпия термасининг тайёргарлиги қониқарсиз эканлиги, келгусида ишларни яхшироқ йўлга қўйиш, жамоани шакллантириш ва бошқариш даражасини ошириш учун раҳбарият ўзгаришларга қўл уришга мажбур бўлди».

Хиддинк Хитойда Қандай ишлади?

Голландиялик мутахассис Хитой олимпия термасини 2018 йилнинг 18 сентябрида қабул қилиб олганди. Март­да у жамоани финал босқичи 2020 йилнинг январида ўтказиладиган ёшлар (U-23) ўртасидаги Осиё чемпионатига олиб чиқди. Саралаш гуруҳида хитойликлар Лаос (5:0) ҳамда Филиппин (8:0) термаларини мағлубиятга учратишди, Малайзия билан дуранг (2:2) ўйнашди. Шу тариқа фақатгина урилган ва ўтказиб юборилган голлар фарқига кўра малайзиялик рақибларини ортда қолдирган ҳолда гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритишди.

Хитой термасининг бош мақсади - Токиода ўтадиган Олимпиада-2020 йўлланмасига эга чиқиш. Бунинг учун ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида кучли учликка кириш талаб этилади. Аммо муҳим турнирга Чин юрти жамоа­сини энди бошқа мураббий тайёрлайди. Маълумотларга кўра, Хао Вей вақтинчалик мазкур вазифани бажариб туради. Ушбу мутахассис аввал аёллар термасини бошқараётганди.

Хитой ОАВнинг хабарларида таъкидланишича, Хиддинк бир йил ичида Чин ўлкасида 4 миллион евро топган. «Мен менежер сифатида ишлайман, Англия тизимини қўллаймиз. Фаолиятимни якунлашни ўйлаётгандим, бироқ бу яхши иш», - деганди Хиддинк Хитой олимпия термаси бошқарувини қўлга олаётганда.

 

Хиддинк сўнгги  йилларда нима Қилди?

Бу охирги пайтларда голландиялик мутахассис йўлиққан дастлабки муваффақиятсизлик эмас. 2013 йили «Анжи»ни тарк этганидан кейин, Гус ўз мамлакати термасини қабул қилиб, ушбу лавозимда голландларни ЖЧ-2014да бронзага олиб борган Луи ван Галнинг ўрнини эгаллади. Бунга қадар жамоада Роналд Куман ишлаши кутилган, аммо маҳаллий федерация сўнгги паллада Хиддинк номзодини маъқул кўрганди. Мутахассисдан икки йил ишлаб, сўнгра ўз жойини ёрдамчиси Данни Блиндга қолдириши кутилганди.

Хиддинк бошқарувида голландлар термаси Евро-2016 саралаш бос­қичини омадсиз бошлади: Чехия ва Исландияга имконият бой берилди, Туркия билан дуранг ўйнаб, фақат Қозоғистон мағлубиятга учратилди. Голландия термаси ўртоқлик ўйинларида ҳам анча суст кўринди. Хиддинк пайтида жамоа 1 ғалаба, 1 дуранг ва 3та мағлубият қайд этди. 2015 йилнинг июнида Гус Голландия термасини тарк этди, жамоа эса якунда 2016 йилги Европа чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолди.

2015 йилнинг декабрида голландиялик мутахассис «Челси»да истеъфога чиққан Жозе Моуриньонинг ўрнини эгаллади - вазифа фақат «кўклар»ни мавсум охиригача бош-қаришдан иборат эди. Хиддинк жамоани қабул қилганида лондонликлар 16-поғонада кетишаётганди, финишга эса 10-ўринда етиб боришди. Ўз навбатида, Гус АПЛда янги та-йинланган мураббийлар орасида мағлубиятсиз ўйинлар борасида янги рекорд ўрнатди - унинг қўл остидаги «Челси» дастлабки 12та ўйинда ютқазмади.

«Аристократлар» сафини тарк этгач, Хиддинк астойдил ҳордиқ чиқарди. Кейин эса Хитойдан таклиф келиб тушди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz