Қайднома

Қидирув

«ПАС» АТИГИ 77?! ЙЎҚ, 90 БЎЛИШИ КЕРАК!»

«ПАС» АТИГИ 77?! ЙЎҚ, 90 БЎЛИШИ КЕРАК!»

  30.09.2019 09:22
  0
  444
«ПАС» АТИГИ 77?! ЙЎҚ, 90 БЎЛИШИ КЕРАК!»

ФУТБОЛ ЮЛДУЗЛАРИ FIFA 20 РЕЙТИНГИДАН НОРОЗИЛАР. Мутлақо кутилмаган ҳолат. EA Sports ҳар йили ўз талқинидаги янги илова — FIFA рейтингини эълон қилади. Шу билан мухлислар қолиб, футболчилар ҳам ўйинчилар рейтинги реалликка нақадар мослиги хусусида баҳслашишга тушадилар. Айниқса, юлдузлар. FIFA 20га қарасак, Лионель Месси асосий рақиби - Криштиану Роналдудан устун, Килиан Мбаппе ҳаттоки, кучли ўнликка ҳам киритилмаган, Алиссон эса Марк-Андре тер Штегендан заифроқ...

Тушунарлики, рейтинг юзасидан баҳс-мунозаралар тўхтамайди. Мана, FIFA 20да топ-100 рўйхатига кирган футболчилардан айримлари ўз эътирозларини ошкора баён эта бошлашди. Хусусан, «Боруссия» Д. клубининг янги юлдузчаси Жейдон Санчо ўзини қўярга жой тополмаяпти. Англиялик вундеркинднинг айтишича, у узатма бобида карточкада кўрсатилганидан анча яхши ўйнайди. Ташкилотчилар Санчога «пас» йўналишида 77 қўйишган. Ваҳоланки, у ўтган мавсум  «Боруссия»да нақ 14та голга ҳаммуаллифлик қилди. Бу Европадаги энг юқори кўрсаткич, бироқ Санчога белгиланган «пас» атиги 77... Лекин бу ерда 2та жиҳатни ҳисобга олиш керак:

1. Санчо суперкартага муносиб кўрилди. У FIFA 19ни 72 рейтинг очкоси билан бошлаганди. Энди эса бу миқдор 84га етди. Демакки, ЕА англиялик футболчига чакки баҳо бермаяпти.

2. Карточкада кўпсатилган «пас» - бу кўплаб кўрсаткичларнинг ўртача арифметик инъикоси. Дейлик, узун узатмалар ҳам инобатга олинган. Агар фақат қисқа «пас»ларга қаралганида, Санчонинг кўрсаткичи 80дан ошарди. Хуллас, Жейдон бекорга эътироз билдиряпти.

 

Санчо ва EA Sportsнинг

«Твиттер»даги ўзаро диалоги

Санчо: — «Пас» атиги 77?!

EA Sports:— Ҳа, лекин сенга «пас»нинг нима кераги бор, ахир дриблингинг 90ку?

Санчо: — Менимча, ҳар икки кўрсаткич 90 бўлиши керак. 

«Боруссия» вакиллари ҳам Жейдонни ҳимоялаб, унинг ўтган мавсумдаги энг яхши ҳаракатларидан тайёрланган роликни ижтимоий тармоқларга жойлаштиришди.

«Арсенал» ҳужумчиси Пьер-Эмерик Обамеянг ҳам ўзининг янги карточкасидан мамнун эмас. Ваҳоланки, габонликнинг рейтинги шунчаки, зўр - 88. Бироқ у «Твиттер»да эътироз билдирди, барибир: «88? Бунга қаршилигим йўқ, аммо ЕА йигитлари, бир нарсани сира тушунмаяпман, илтимос, тушунтириб беринглар! Менинг рейтингим ҳақида нима дея оласизлар, йигитлар?!» Обамеянг бу масала юзасидан «Твиттер»даги обуначиларига ҳам юзланди ва улар футболчи кўпроғига муносиб эканлигини таъкидлашди. Ҳа, ЕА АПЛ-2018|2019да 22та гол урган ҳужумчи рейтингини бироз кўтарса бўларди. Лекин Обамеянг­нинг карточкаси шундоқ ҳам яхши эди. Габонлик FIFA 20да жаҳоннинг 20 нафар энг кучли ҳужумчисидан бири. «Арсенал» вакилининг рейтинги дейлик, Александр Лаказетт, Сон Хюн Мин, Дрис Мертенс, Роберто Фирмино, Ромелу Лукаку, Карим Бензема ва Мауро Икарди каби амплуадошлариникидан баланд. Обамеянг шунга қарамай, ЕАдан норози. Чунончи, мухлислар унга таъсир ўтказишмоқда: «Сен 91га ҳақлисан!», «Олтин бутса» соҳиби зарба бобида атиги 85га кўнмаслиги керак» ва ҳоказо...

БИР ЎРИНГА ИККИ ДАЪВОГАР

Терма жамоаларнинг ўзаро учрашувлари туфайли юзага келган танаффус ниҳоясига етгач, футбол жамоатчилигининг бутун эътибори клуб мусобақаларига қаратилди. Лекин Германия бундан мустасно. Кутилмаганда бу ўлка терма жамоасининг асосий дарвозабони борасида жиддий можаро юзага келди. Унга даъвогарлик қилаётган Марк-Андре тер Штеген анчадан бери расмий учрашувларда майдонга туша олмаётганидан норози. Ваҳоланки, у барча рейтингларда дунёнинг моҳир дарвозабонлари қаторида бормоқда, трансфер қиймати бўйича Ян Облакдан кейин иккинчи ўринда бормоқда. Нойер эса жароҳатдан қутулиб, сафга қайтган бўлсада, аввалги савиясига кўтарила олмаяпти.

«Ҳозир мен мураккаб вазиятни бошдан кечиряпман. Қўлимдан келганича ҳаракат қилиб, бор куч-маҳоратимни сарфлашимга қарамасдан, ҳанузгача ўзим истаганда майдонга туша олмаяпман, - деди тер Штеген. - Ўз олдимга муайян мақсадни қўйганман: терма жамоада биринчи рақамли дарвозабон мақомига эришиш. Лекин ҳар қандай қинғир-қийшиқ йўллар эвазига эмас. Футбол ўз йўлига, мен учун инсонийлик муҳимроқ. Кўзгуга қараган ҳолда «Сен ҳаммасига ҳалол меҳнатинг билан эришдинг», дея олишим лозим. Буни фақат ўз натижаларимни яхшилаш орқали исботлай оламан. Дунёнинг энг яхши дарвозабонлари учлигидан жой олиш - энг ишончли исбот. Мен ҳаракат қиляпман, аммо терма жамоа­га охирги сафарим мен учун оғир зарба бўлди».

Нойер бир кундан кейин жавоб қайтарди. У ҳам матбуот орқали фикр билдирди: «Тер Штегенни моҳир дарвозабон, деб ҳисоблайман. У «Барселона»да юксак савияни намойиш этмоқда. Лекин айтган гаплари бизга наф келтиришига ишончим комил эмас. Биз - жамоамиз ва амалда ҳам буни исботлашимиз керак. Таркибимизда ажойиб посбонларимиз бор. Кевин Трапп, Берндт Лено каби касбдошларимиз ҳам майдонга тушишни истайдилар, захира ўриндиғида дам олишни эмас. Бироқ барчамиз яхлит жамоа эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Айниқса, дарвозабонлар».

Бир қарашда, ибора самимийдек. Бироқ тер Штегеннинг ғазаби қайнаб, бир неча кундан кейин ҳам тилини жиловлай олмади: «Сўнгги йилларда ўзимни қандай тутаётганимга барчангиз гувоҳсиз. Нойер ёки бошқа кимдир ҳиссиётларимни муҳокама қилиш ва баҳо беришга ҳақли, деб ўйламайман. Унинг танбеҳларини ноўрин деб ҳисобласамда, бу ҳақда гапиришни истамайман. Беҳуда тортишувга чек қўймоқчиман».

Ўша кун оқшомида Марк-Андре Марко Ройснинг «нуқта»дан йўллаган зарбасини йўққа чиқарди, бир қатор ажойиб «сэйв»ларни намойиш этиб, Дортмундда «Барса»ни мағлубиятдан қутқариб қолди. «Нималарга қодирлигимни мухлислар яхши биладилар. Мен бутун эътиборимни ўйинга қаратаман ва бор маҳоратимни кўрсатишга уринаман. Бугун рисоладагидек ўйнадим, деб ўйлайман», - деди у учрашувдан кейин.

Можарога аралашишга мажбур бўлган Йоахим Лёв «ёнғин»ни ўчиришга уринди: «Жаҳон миқёсидаги икки нафар дарвозабонга эга эканлигимиз бизни фақат қувонтиради. Шундай рақобатга муҳтожмиз. Марк, албатта, ўз имкониятини олади. Ундаги умидсизлик кайфиятини тушуниб турибмиз. Бироқ ҳозирги вазият шундайки, фақат бир дарвозабон ўйнай олади. Июнда унга имконият бермоқчи эдик. Афсуски, ўшанда унинг енгил жароҳати бор эди, Но-йер эса яқинда ишончли ўйинларни намойиш этди. У - бизнинг сардоримиз».

Эртасига ОАВда Евро-2020 турниридан кейин Нойер терма жамоадаги фаолиятини якунлаши хусусида гап-сўзлар пайдо бўлди. Бунга тер Штегеннинг сўзлари алоқадорми, йўқми - ҳозирча номаълум.

«Бавария» президенти Ули Хёнесс анчайин таъсирчан фикр билдирди: «Ўйлашимча, ҳозир шунақа вазият юзага келган. Тер Штегеннинг терма жамоада ўйнашга ҳаққи йўқ. Дарвозабон позицияси майдон ўйинчилариникидан фарқ қилади. Нойер узоқ йиллардан бери жаҳоннинг биринчи рақамли дарвозабони бўлиб келмоқда. У терма жамоанинг асосий пос­бони бўлмаслигини ҳеч ким тасдиқлай олмайди. Ўйинчиларимизни камситишларига йўл қўя олмаймиз. Тер Штеген - жуда яхши дарвозабон, аммо Нойер ундан афзалроқ ва тажрибалироқ. Спорт формаси жойида бўлган пайтда у ўйнай олади ва доимо энг яхши бўлади».

Лёвнинг Тер Штегенга имкон бериши кераклиги хусусидаги гап-сўзлар тахминан бир йил аввал, Марк-Андре «Барселона» сафидан нафақат муқим ўрин олган, балки сайёрамизнинг энг сара дарвозабонлари қаторига кўтарила бошлаганида юзага келганди. Бу пайтда Мануэль шикастланишлар сериясидан кейин сафга қайтиш тадоригини кўраётганди. Тер Штегенннинг энг яхши посбон эканлиги ҳақида Хави ҳамда Жорди Альбалар гапиришган. Германиядагилар эса ўзгача фикр билдиришган. Жумладан, Йоахим Лёв доимо Но-йерни 1-ўринга, Тер Штегенни ке-йинги ўринга қўярди. «Нойернинг тер Штегендан маҳоратлироқ эканига шубҳа қилмайман. У барча фазилатларга эга бўлган мукаммал дарвозабон. Агар мен ЕЧЛда «Барселона»дан 0:4 ҳисобида енгилганимда, ҳеч қанақа эътироз билдирмаган бўлардим. Ўзим терма жамоа сафидан жой олишга 27 ёшда муваффақ бўлганман. Шундай экан, Марк-Андре ҳали бунга улгуради, деб ўйлайман», - деди Йенс Леманн.

Бундай масалаларда Леманн етарли тажрибага эга - ўз вақтида у билан Оливер Кан ўртасида айнан шунга ўхшаш келишмовчилик юзага келганди. ЖЧ-2006 бошланиши арафасида Йенс ҳаётда уч нарсага тоқат қила олмаслигини таъкидлаганди: автотиқинлар, захира ўриндиғи ва Оливер Канга. «Бавария» посбони эса бунга жавобан шундай деганди: «Йенс нима деганлигининг умуман аҳамияти йўқ, унинг фикри ҳеч кимни қизиқтирмайди».

Мундиалда асосий дарвозабон вазифасини Леманнга топширишганди. Лекин Оливер ўртадаги ўзаро хусуматларни бир четга суриб, Аргентинага қарши беллашув пенальтилар сериясига етиб келганида ашаддий рақобатчисига рақиб ўйинчиларининг қай бири қайси бурчакка зарба йўллашига оид «шпаргалка»ни тақдим этган ва шу тариқа ғалабага сезиларли улуш қўшганди: Леманн «нуқта»дан йўлланган зарбаларнинг иккитасини бартараф этган ва Бундестимни ярим финалга олиб чиққанди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz