Қайднома

Қидирув

Винисиус Жуниор: «Мадриддаги муваффақият термага йўл очади»

Винисиус Жуниор: «Мадриддаги муваффақият термага йўл очади»

  02.10.2019 04:41
  0
  385
Винисиус Жуниор: «Мадриддаги муваффақият термага йўл очади»

«Реал»нинг бразилиялик ёш ҳужумчиси Винисиус Жуниор AS нашри мухбири билан суҳбат чоғи Бразилия миллий жамоасидаги дебюти таассуротлари билан ўртоқлашди. Ёш футболчининг тушунчасига қаранг: «Мен учун Бразилия термасига элтадиган йўл - бу «Реал Мадрид»даги мазмунли ўйинлар».

- Бош мураббий Тите қўнғироқ қилиб, терма жамоа сафида майдонга тушишга тайёргарлик кўришингизни маълум қилганида, аввало, нималарни ҳис этганингизни айтиб бера оласизми?

- Узоқ йиллик кураш, меҳнат ва интилишлардан сўнг орзунинг ушалиши бетакрор ҳиссиётларни уйғотиши турган гап. Шунингдек, мақсадга етишим йўлида оила аъзоларим қандай қурбонликларга кўнишгани дарҳол хаёлимдан ўтди. Зеро, ота-онам ўз умрларини менинг камолотимга бағишладилар, ҳамиша тўғри йўл кўрсатиб турдилар. Уларнинг ёнимда эканликлари - улкан бахт.

- Майдонга тушишингиздан олдин мураббий айнан қандай кўрсатмалар берди?

- Одатдагидек завқ билан тўп суришимни тайинлади. У жуда ажойиб педагог ва меҳрибон инсон. Айнан Тите туфайли терма жамоада қисқа вақт ичида кўп нарсалардан хабардор бўлдим. Мураббий жумладан, эътиборимни фақат ўйинга қаратишим, зиммамдаги вазифани яхши адо этишда нимадандир чўчимаслигимни қайта-қайта уқтирди. Афсуски, дебют ўйиним натижасидан кўнглим тўлмади. Шундай бўлсада, ниҳоят мамлакатим бош жамоаси учун ўйнай бошлаганимдан мамнунман.

- Орзунгиз амалга ошганини таъкидладингиз. Ваҳоланки, бу фақат дебют, холос...

- Барча босқичларни босиб ўтиб, мақсадга етдим - Бразилия миллий жамоаси либосида майдонга тушдим. Мана, Мадридга кучли, жисмонан ва руҳий жиҳатдан жанговар ҳолатда қайтдим. Мақсадим - сермазмун ўйинлар кўрсатиб, мухлислар ишончини қозониш. Агар «Реал»да муваффақиятли тўп сурсам, терма жамоага яна чақиришлари тайин. Умаман, «пентакампеонлар» сафида узоқ вақт ўйнашни режалаштирганман.

- Тите жумладан, сизни кимсан Неймар вориси сифатида таърифлади. Қизиғи, мураббий сизни чап қанотда кўришни истарди, аммо якунда ҳаммани лол қолдириб, иккингизни ёнма-ён қўйди. Неймар олдида ўйнаш, у билан ҳамкорлик қилиш қандай экан?

- Дебют оқшоми бир умр хотирамга муҳрланди - кумир билан ёнма-ён тўп суриш ҳам навбатдаги орзунинг рўёбга чиқишидир. Уни таърифлашга тил ожиз. Ўзи Неймар билан бирга ўйнаш ҳақиқий «сюрприз» бўлди. Тўғриси, иккимиз бир вақтда майдонга тушишимиз мумкинлигини тасаввур ҳам қилмагандим. Вазият шуни тақозо этди.

- Майдонда 15 дақиқа ҳаракатландингиз. Ўз ўйинингизни таҳлил қилиб чиқдингизми?

- Топшириқни имкон қадар талаб даражасида бажаришга уриндим - майдонда охирги машғулотлар самарасини кўрсатишим лозим эди. Афсуски, ҳаммаси ўзим истагандек чиқмади. Лекин такрор айтаман, дебют олам-олам қувонч бағишлади ва Мадридга янада яхшироқ ўйнашни ният қилган ҳолда, кўтаринки кайфиятда қайтдим. Эндиги мақсадим - терма жамоадан тезроқ муқим жой олиш.

- Вазиятларнинг бирида дарвозага зарба йўллаш имкониятига эга бўлдингиз, аммо ўхшамади. Нима, ҳаяжон босдими?

- Менимча, зарбани қандай амалга ошириш борасида керагидан ортиқ ўйланиб қолдим ва жўяли тўхтамга келолмадим.

- Терма жамоа ихтиёридаги 10 кун давомида яна нималарни ўргандингиз?

- Кийиниш хонасида Неймар, Дани Алвеш, Тьяго Сильва, Каземиро, Коутиньо ва Артурдек афсоналар билан ҳамнафас бўлишнинг ўзи -  унутилмас сабоқ. Титедек ажойиб мураббий раҳбарлигида ишлаш ҳам - бебаҳо тажриба. У бутун йиғин давомида менга алоҳида ёндашди, меҳрибонларча йўл-йўриқ кўрсатиб турди. Бунинг учун миннатдорман, албатта. Хуллас, АҚШ йиғинида ўзимни худди Бразилияда юргандек ҳис этдим. Зеро, болаликдаги кумирларим қуршовида бўлдим.

- 2000 йилдан кейин таваллуд топган футболчилар орасида биринчи бўлиб терма жамоа таркибида майдонга тушдингиз. Бу нимани англатишини тушуниб етдингизми?

- Очиғини айтсам, бу воқеа мени жуда қувонтирди: 19 ёшда Бразилия термасидек қудратли жамоа таркибидан жой олиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бу чексиз қувонч ва юксак масъулиятдир. Ўйлайманки, ўзимга ўхшаган ёш касбдошларимга терма жамоа эшикларини очдим. Энди ўзим навбатдаги чўққи сари интиламан: футболчи сифатида улкан зафарларга эришиб, терма жамоам ва клубимга кўпроқ манфаат келтиришни истайман.

- Ўйиндан кейин футболкангизни алмаштирмадингиз. Демак, уни асраб қўймоқчимисиз...

- Албатта! Формани меҳмонхонамга илиб қўяман. Мен учун бу либоснинг баҳоси йўқ - терма жамоадаги дебютимдан эсдалик. Уни ҳеч кимга бермайман, доимо ўзим билан қолади - уйга борсам, бирга ухлайди (кулади).


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz