Қайднома

Қидирув

Нега Вирж эмас, Яна Лео?

Нега Вирж эмас, Яна Лео?

  02.10.2019 09:49
  0
  581
Нега Вирж эмас, Яна Лео?

ФИФА томонидан йилнинг энг яхши футболчиси учун таъсис этилган The Best соврини яна Лионель Месси мулкига айланди. Аргентиналик шоввоз бу сафарги сўровда Виржиль ван Дейк ва Криштиану Роналдуни ортда қолдирди. Хўш, ниманинг ҳисобига? Қуйида айнан ФИФА сўровининг энг қизиқарли жиҳатлари ҳақида сўз боради.

Аввало, сўровнинг финал босқичида баллар тақсимоти қандай кўриниш олганини акс эттирган диаграммага кўз ташлаш керак (юқоридаги тасвирга қаранг). Унда Лео Месси катта устунликка эришгандек туюлади. Лекин аслида бу тасвир шунчаки, статистик кўриниш, холос.

Энди очколар қандай ҳисоблангани хусусида озгина маълумот берамиз.

  ФИФА сўрови жами 4та қисмдан иборат. Унда миллий терма жамоалар сардорлари, бош мураббийлари, ҳар бир мамлакат номидан журналистлар ва ФИФА расмий сайтининг махсус секциясида рўйхатдан ўтган мухлислар овоз беришади. Барча бўлимлар ҳуқуқи тенг. Оддий айтганда, мураббийлар, сардорлар, журналистлар ва мухлисларнинг жами овози 25 фоиздан.

  The Best совринига даъвогар 10 нафар футболчини махсус ҳакамлар ҳайъати аниқлаган. Ҳайъат таркибида дейлик, «Барселона»нинг собиқ сардори Хави ҳам бор эди.

  Ҳар бир бюллетендаги 1-ўрин учун 5 очко ёзилади. 2-ўрин - 3 очко, 3-ўрин - 1 очко.

  Якунда 1-ўрин учун берилган очколар жамланади ва бу борада пешқадам бўлган футболчи (мураббийлар|сардорлар|журналистлар|мухлислар тоифасида алоҳида) номига 12 балл ёзилади. 1-ўрин рейтингида 2-ўринни эгаллаган даъвогар эса 10 балл олади. Қолгани ҳам шу формула асосида ҳисоблаб чиқилади. Оддий айтганда, даъвогар футболчи 4та тоифада ҳам ғолиб чиқса, 48 очкога эга бўлади. Қисқаси, бу максимум баллдир. Энди якунига етган сўровга қарасак, Лионель Месси 3та тоифада ғалаба қозонди: сардорлар, мухлислар ва мураббийлар айнан аргентиналикни кўпроқ 1-ўринга лойиқ кўришди. Фақат журналистлар сўровида Виржиль ван Дейк устун кўринди.

Энг қизиғи, аслида Лео ва ван Дейк ўртасидаги фарқ унча катта бўлгани йўқ. Ҳар ҳолда, агар соврин соҳибини эски тизим бўйича аниқлашганида, барчаси мутлақо бошқача кўриниш ҳосил қиларди. Дейлик, ФИФА ва France Football сўров бўйича ажралишига қадар 1-ўрин учун берилган очколар тўлиқ ҳисобланарди (ҳеч қандай якуний ҳисоб-китоб йўқ эди, қолаверса, мухлисларнинг интернет орқали юборган овози инобатга олинмасди). Хуллас, бу йил ўша тизимга амал қилинганида, бошқача якунни кўрардик.

Қаранг, бунда голландиялик ҳимоячи 1-ўрин рейтингида Мессидан олдинда (бу борадаги 90 баллга тенг фарқ медиа вакиллари сўровида тотал устунликка эришгани самарасидир). Умуман, ван Дейкнинг жами баллар миқдори бўйича бироз ортда қолгани 2-ўрин рейтинги натижасига ҳам боғлиқ. Айниқса, мураббийлар Мессини кўпроқ 2-ўринга қўйишди (медиа вакиллари эса голландни асосан 1-поғонада зикр этган бўлсалар, сардорлар сўрови статистикаси деярли тенг). Хуллас, Месси 2-ўрин рейтингида ван Дейкдан 27 балл кўп олди - бу атиги ортиқча 9та бюллетен самарасидир.

Сўровнинг яна бир қизиқарли томони диққатга сазовор: бир қатор миллий терма жамоалар бош мураббийлари Мессини 2-қаторга қўйган ҳолда, ван Дейкка умуман очко раво кўришмади. Аниқроқ айтсак, Албания, Самоа, Ангола, Озарбайжон, Колумбия, Конго, Коста-Рика, Чехия, Габон, Гана, Гвинея-Бисау, Эрон, Италия, КХДР, Руанда, Сенегал, Словакия, Сент-Винсент ва Гренадина, Таити, Туркия, Вануату, Венесуэла, Вьетнам терма жамоалари устозлари ўз анкеталарида голландиялик ҳимоячига жой беришмади. Умуман олганда, агар очколар эски тизим асосида ҳисобланганида, Месси голландиялик рақибидан атиги 29 балл кўп жамғарарди - бу фоиз бўйича жуда кичик фарқ. Оддий айтганда, янги тизимда баллар йиғиндиси олдингидек муҳим эмас. Асосийси, даъвогар ҳар бир алоҳида тоифада ғалаба қозонса, кўпроқ манфаат кўради. Тан олайлик, очко бўйича фарқ 1117-1088 ва 46-38 бўлгани орасида унча фарқ йўқ.

Энди сўровнинг баъзи қизиқарли жиҳатларига эътибор қаратамиз. Ҳар ҳолда, машҳурлар қайси номзодга овоз беришгани кўпчиликни бирдек қизиқтириши табиий.

  Криштиану Роналду, Лионель Месси ва Виржиль ван Дейк сўровда терма жамоа сардори сифатида иштирок этишди. Энг эътиборли томони, Португалия миллий жамоаси етакчиси футбол дунёсидаги бош рақобатчисига овоз бергани йўқ. У 1-ўринга янги клубдоши Маттейс де Лигтни қўйди, кейинги поғоналарда эса тегишлича Френки де Йонг ҳамда Килиан Мбаппени кўрсатди. Лео эса аксинча, ўз бюллетинида Роналдуни 2-ўринга қўйди. Месси наздидаги йилнинг энг яхши футболчиси эса - Садио Мане. Аргентиналик даҳо 3-поғонага Френки де Йонгни муносиб кўрди. Ван Дейк эса ўз анкетасида Роналдуга жой бермади: 1-ўрин - Лионель Месси, 2-ўрин - Муҳаммад Салоҳ, 3-ўрин - Садио Мане.

  Топ-терма жамоалар мураббийлари анкеталарига қарасак, Мессига ҳам, Роналдуга ҳам овоз бермаган ягона мутахассис - бу Йоахим Лёв. Бундесмураббийнинг танлови: 1. Эден Азар, 2. Килиан Мбаппе, 3. Садио Мане. Энг қизиғи, Германия терма жамоаси сардори Мануэль Нойер ҳам на Лео ва на Кришга овоз берди. Унинг кучли учлигига Виржиль ван Дейк, Садио Мане ва Эден Азар киришди.

 

  Криштиану Роналду ўз талқинидаги кучли учликка атиги 1 марта «Барселона» вакили (Хави)ни қўшган. Тўғри, Криш бу йил Френки де Йонгни 2-ўринга лойиқ кўрди. Эҳтимолки, у голландияликнинг ЧЛ 1|4 финалида «Аякс» сафида «Ювентус»га қарши қандай ўйнаганидан таъсирлангандир.

  Лионель Месси кучли учликка «Реал»дан 2 нафар футболчи қўшган - у 2018 йили Криштиану Роналдудан ташқари, Лука Модрични қўллаганди. Лео шунингдек, 2014 йилги сўровда Анхель ди Марияга ҳам овоз берган, аммо бу вақтда у «МЮ» аъзосига айланиб улгурганди.

  Криштиану Роналду «Ювентус» сафига қўшилишига қадар атиги 3та ҳолатда «Реал»да ўйнамайдиган футболчиларни танлаган. Булар - Радамель Фалькао, Хави ва Уэсли Снейдер. Португалиялик юлдуз мадридликлар билан хайрлашгач, бу борада мутлақо ўзгарди. Ҳар ҳолда, охирги 2та сўровда 4 нафар «бегона» (Антуан Гризманн, Маттейс де Лигт, Френки де Йонг ва Килиан Мбаппе) футболчига овоз берди.

  Лионель Месси сўров тарихида нақ 10 марта «Барселона»га дахли йўқ ўйинчиларни ёқлаган: Серхио Агуэро ва Криштиану Роналдуни 2 мартадан, Анхель ди Мария, Френки де Йонг, Садио Мане, Неймар (бразилиялик юлдуз айнан ўша йили «ПСЖ»га ўтганди), Килиан Мбаппе ва Лука Модрични эса 1 мартадан.

  Криштиану Роналду бирор марта португалиялик футболчини танламаган.

  Лионель Месси ҳамюртларига 4 бора ҳиммат кўрсатган: Серхио Агуэрога 2 бора, Анхель ди Мария ва Маскеранога 1 бора.

Айримлар «Ливерпуль» клуби ва Голландия терма жамоаси етакчиларидан бири Виржиль ван Дейк бош даъвогар бўла туриб, якунда совринсиз қолганидан ҳайратланишмоқда. Бу йилги соврин 2018 йил июль - 2019 йил июль оралиғидаги натижаларга асосан берилганини ҳам эътиборга олиш керак. Ван Дейк бу орада бир қатор юксак марраларга кўтарилди:

- «Ливерпуль» сафида ЕЧЛ ғолибига айланди.

- ЕЧЛ финалининг энг яхши футболчиси бўлди.

- Голландия терма жамоаси билан Европа Миллатлар лигаси финалига чиқди.

- Охирги 6 йил бадалига АПЛда ой лауреатига айланган биринчи ҳимоячи бўлди.

- Футболчилар талқинига кўра, АПЛ мавсумининг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди.

- Расман АПЛ мавсумининг бош лауреати бўлди.

- Қаторасига 64та ўйин давомида бирор рақибга алданмади.

- УЕФА талқинига мувофиқ, евромавсум-2018|2019нинг энг яхши футболчиси мақомини олди.

Виржиль ван Дейкнинг энг кучли футболчи эканлиги хусусидаги айрим фикрлар

- АПЛ тарихидаги энг кучли ҳимоячиларни тасаввур қилинг: Жон Терри, Рио Фердинанд, Неманья Видич. Ван Дейк мисолида уларнинг барчаси мужассам (Харри Реднапп).

- Менга ван Дейкдан кучлироқ туюлган бирор ҳимоячини эслай олмайман (Жейми Каррагер).

- Виржилнинг нималарга қодирлиги, кучи, менга нақадар ёқиши ва қойилмақом йигит эканлиги ҳақида бемалол китоб ёзишим мумкин (Юрген Клопп).

- Ван Дейк - буюк марказий ҳимоячи, у ажойиб мавсум ўтказди. Ҳозирги даражага чиқиш йўлида қандай тер тўкканини жуда яхши биламан (Серхио Рамос).

- Гап жаҳоннинг энг кучли марказий ҳимоячиларидан бири ҳақида кетмоқда. У мутлақо ҳурматга лойиқ футболчи (Иван Ракитич).

- У биз учун тенгсиз ҳимоячи. Агар мавсум давомидаги ишларига қарасак, Виржиль «Олтин тўп»га ҳар томонлама муносиб (Жоржиньо Вейналдум).

- Ван Дейк билан ва унингсиз «Ливерпуль» - мутлақо бошқа-бошқа жамоалар. Шунинг учун АПЛ тарихидаги энг кучли ҳимоячи сифатида айнан уни таърифлайман (Венсан Компани).

 

 

Лионель Месси бу йил кетма-кет 2-марта асосий рақиби - Криштиану Роналдуга кучли учликдан жой берди. Португалиялик юлдуз эса Леога ҳеч қачон овоз бермаган. 2018 йилга қадар икки юлдуз ҳам ФИФА сўровида бир-бирини бирор марта қўллаган эмасди. Ўтган йили эса Лео португалияликка илк марта овоз берди (уни ўз анкетасида 3-ўринга қўйди).

Дарвоқе...

ФИФА президенти Жанни Инфантино бош лауреатни эълон қилишидан олдин камералар аввало, Виржиль ван Дейк томон бурилди, чунки кўпчилик айнан уни фаворит сифатида кўрганди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz